Бир куни...
Чақимчилик – барча даврларда қораланиб келинган, бирор ғаразли мақсадни кўзлаб, биров ҳақида бошқа бировга хабар беришдек иллатни ифодаловчи тушунча. Чақимчилик ёлғон, фисқу фасод, кўролмаслик, ғийбатчилик, аламзадалик каби иллатларнинг шох томиридир. У ёлғон маълумот билан дўстни душманга, фисқу фасод билан обод уйни вайронага айлантиради, ғийбат ёрдамида хиёнатни амалга оширади. Чақимчилик, моҳиятан, бирор-бир инсонни маънан ёки жисмонан бадном этишга қаратилган разилликдир. Чунки чақимчи ҳар қандай ҳолатда ўз фойдаси ва манфаатини кўзлаб иш тутади. Шунинг учун азалдан чақимчи ва чақимчилик исломда кескин қораланиб, бу хусусда Расулуллоҳ (с.а.в.) «Чақимчилар жаннатга кирмайдилар», деб узил-кесил ҳукм чиқарганлар. Чунки чақимчилик ҳар доим ўз қилмиши билан ака-ука, ёру биродар, қўни-қўшни, эру хотин, фарзандлар ва ҳатто маҳаллалар, мамлакатлар, миллатлар орасини бузади. Аксинча, хафалашиб қолган кишиларни яраштириш, хушмуомалалик билан узилган ришталарни боғлаш ислом динида катта савоб саналади. Чақимчилик жамиятда кишилар орасида рўй бериб турадиган салбий хулқ-атвор, хусусиятлар ичида инсон шаънига энг кўп иснод ва нуқсон етказадиган манфий кўринишдаги иллатлардан бири. Чақим, чақув, чақимчилик, чақмачақарлик (гап ташувчилик иллати), юмалоқ хат ёзиш, шикоятбозлик, аризабозлик каби ёмон таассурот қолдирадиган бундай иллатлар турли шарт-шароит, кўринишларда содир бўлиб, киши кайфиятида ҳамиша нохуш из қолдиради. Чақимчи одам (чақмачақар) ўз кирдикорларини билмасдан, тасодиф туфайли эмас, балки онгли равишда амалга оширади. Шунингдек, бундай тубан ишга у бошқаларга ҳасад қилиш, кўролмаслик, ғаламислик, ўч олиш, попугини пасайтириш, ўзгаларга ёмонликни раво кўриш ва шу каби ғаразли ниятларда киришади.
Баъзан эса чақимчи одам шундай йўл тутажаги ҳақида рақиб томонга шипшитиб ҳам қўяди ёки ўртага ультиматум (ғаразли шартларни) қўйиб, ҳукмини ўтказмоқчи бўлади. Халқимиз шунинг учун ҳам гап ташийдиган, чақимчи, айғоқчи, ғийбатчи, туҳматчию чақмачақар одамларни ёппасига ёмон кўради, уларнинг қилиқ ва ножўя ишларидан ҳазар қилади, уларни қоралайди, ҳатто баъзи ҳолларда маҳалладан кўчириб юбориш каби ҳукмлар билан жазолайди. Чақимчиликнинг энг мудҳиш оқибатларини халқимиз яқин олтм иш-етмиш йиллар ичида мустабид шўролар ҳокимияти даврида бошдан кечирган эди. Ўтган асрнинг 30-йилларида собиқ Иттифоқда рўй берган сталинча қатағон сиёсатининг машъум оқибатлари натижасида халқимиз ўзининг қанчаданқанча улуғ ва миллатпарвар, зиёли ва аллома фарзандларидан айрилди. Улар «тройка» деб аталмиш қўмиталарда ўйлаб топилган куракда турмас чақимчилик туфайли жаҳолат ва қатағон қурбонларига айланди. Афсуски, ҳозирги вақтда ҳам одамлар орасида, жамоада, иш жойида, маҳаллада чақмачақарлик, шикоятбозлик учраб туради. Бу иллатлар ўтмиш сарқити, таг-туги билан суғуриб ташланадиган ҳолатлар сифатида қораланади.
Бир куни...
Биласизми?
Ҳикмат
Биласизми?
Бир куни...
Биласизми?
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Бир куни...
Қатра
//
Изоҳ йўқ