Уят


Сақлаш
16:11 / 10.11.2023 0 503

Уят – инсоннинг умумэътироф этилган талаблар ва одатларга зид хатти-ҳаракати натижасида юзага келадиган, ўзаро муносабатларда бирор киши ёки кўпчилик олдида ўз қилмишидан ўнғайсизланиши, унинг ахлоққа, умуман, маънавиятга зид эканидан афсус чекишини англатадиган тушунча. Уят, одатда, ҳаёнинг маънодоши тарзида қўллансада, лекин аслида бу икки маънавий тушунча бир-биридан фарқ қилади: ҳаё фақат бировларнинг ёки ташқи воқеа-ҳодисалар олдида ўнғайсизлик ҳолатини англатса, уят кишининг қилиб қўйган хатти-ҳаракатидан нафақат бошқалар, балки ўз олдида ҳам ноқулай сезиши билан ажралиб туради. Шу сабаб уятни маълум маънода виждон азоби билан боғлиқ маънавий-ахлоқий ҳодиса деб айтиш мумкин. Фарқи шундаки, уят ҳисси маълум бир вақт мобайнида воқе бўлиб, кейинчалик сустлашади ва аста-секин йўқолиб боради, виждон азоби эса инсонни то умрининг охиригача тарк этмайди. Масалан, киши ўзи билмасдан қўпол муомала қилган одам билан бир неча бор қайта учрашганидан кейин уни изтиробга солган уят ҳисси аста-секин йўқолади. Лекин ўткинчи ҳисларга берилиб, дўсти, яқин кишиси, Ватани, севгилисига хиёнат қилган кишини виждон азоби бутун умр қийнайди. Шу маънода, уят виждон азобининг бир кўриниши сифатида намоён бўлади. Уят фақат инсонга хос ҳодиса: «Уят фақат инсонга хос туйғудир. Ҳайвон уят пайдо қилолмагани учун инсонга яқинлаша олмайди, лекин инсон уятини йўқотиб, ҳайвонга яқинлашиб қолиши мумкин» (А.Қаҳҳор). Бир донишманд уятни «виждоннинг сиртқи кўриниши» деб таърифлаган эди. Уят энг шафқатсиз қонундан ҳам кучлироқ, қудратлироқдир. Ҳар қандай қонунга ҳам чап бериш мумкин, лекин уятга чап бериб бўлмайди, чунки қонун одамдан ташқарида, уят эса одамнинг қалбида бўлади. Бинобарин, уяладиган одамга ҳалол яшаш хосдир. Дунёдаги ҳар қайси халқ ёки миллатга хос туйғулар йиллар, асрлар давомида шаклланади, гоҳ сайқал топади. «Уят ўлимдан қаттиқ», «Эр кишининг уялгани ўлгани» каби ўзбек мақоллари ҳам қадимдан бу туйғунинг халқимиз ҳаётида нечоғлиқ юксак маънавий қадрият эканини кўрсатади. Ушбу қадриятни авайлаб-асраш, баркамол авлодни тарбиялашга ёрдам беради, жамиятнинг маънавий баркамоллигини таъминлайди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Биласизми?

16:07 / 02.07.2025 0 4
Елиб келди

Биласизми?

10:05 / 20.05.2025 0 127
Фарзанд нега тирноққа ўхшатилади?

Қатра

12:05 / 19.05.2025 0 148
Ҳаммани йиғлатган васиятнома

Қатра

15:04 / 17.04.2025 0 175
Марҳамат ая соғинчи



Кўп ўқилган

Барчаси

Қомус

15:04 / 19.04.2023 0 10562
Жадидчилик

Қатра

20:08 / 18.08.2022 15 5563
Илк ватан

Қатра

01:01 / 10.01.2022 7 5114
Бир қоп ун

Қомус

22:08 / 04.08.2023 0 4976
Миллий урф-одатлар

Қатра

17:08 / 21.08.2022 6 4546
Тинчлик

Қатра

01:01 / 18.01.2022 2 3651
Ўқиш пули

Қомус

15:04 / 18.04.2023 0 3642
Радикализм

//