Уч болакай


Сақлаш
16:11 / 08.11.2023 0 539

Соҳилда

 

Бир одам соҳилда сайр қилаётганида денгизга шошилганча бир нарсалар отаётган одамни кўриб қолибди. Бироз яқинлашгач, унинг соҳилга чиқиб қолган юлдузчаларни денгизга қайтариб улоқтираётганини кўради ва

– Нега уларни денгизга отяпсиз? – дея сўрайди.

Ҳалиги одамнинг “Яшашлари учун”, деган гапидан ҳайратланиб:

– Майли-куя, аммо бу ерда минглаб юлдузчалар бор. Ҳаммасини уйига қайтаришнинг иложи йўқ. Бир нечтасини денгизга қайтаришингиз ниманиям ўзгартирарди? – дейди.

Ердан яна бир юлдузни олиб, денгизга отаркан, киши:

– Қаранг, у учун ҳеч бўлмаганда кўп нарса ўзгарди, – дея сўзини якунлайди.

 

Она ва аёл

 

Қадим замонларда бир вазир подшоҳ олдига келиб, бир нарсада иккиланаётганини айтади ва ёрдам беришини сўраб, шундай дейди:

– Султоним, менинг икки аёлим, ҳар биридан учтадан фарзандим бор. Рафиқаларимнинг қай бири менга содиқлигини билиб, бутун мол-мулкимни унга васият қилмоқчиман. Шуларни синашда ёрдам берсангиз, сиздан ўла-ўлгунимча миннатдор бўлардим.

Подшоҳ вазирини жуда яхши кўргани учун ёрдам беришга аҳд қилади ва унинг биринчи хотинини ҳузурига чақириб:

– Эй хотин, менинг вазирим, сенинг эринг, ҳарамимдаги бир аёлни йўлдан урибди. Бунинг жазоси аслида ўлим. Бироқ сен уни кечирсанг қатлдан воз кечаман ҳамда уни маъшуқаси билан мамлакатдан ташқарига сургун қиламан, – дейди.

Аёлнинг кўзларида интиқом олови ёнади ва:

– Кечирмайман, менга ёр бўлмаган бошқасига ҳам ёр бўлмасин. Дорга осинг, арқонни ўзим соламан бўйнига! – дейди.

Подшоҳ қошига вазирнинг иккинчи аёлини чорлайди. Унга ҳам худди шу гапларни айтади. Аёл эса кутилмаган, умуман бошқа бир гап айтади:

– Омонлик султоним, менку эримсиз қолишга розиман, бироқ болаларим отасиз қолмасин, қатл қилманг, яхшиси сургун қилинг, токи фарзандларим отаси билан бир кун учрашиш умидини йўқотишмасин...

 

Тўғри йўлдан оғмаслик

 

Бефойдаликдан, бекорчиликдан зериккан, тўғри йўлга киришга қарор қилган бир бой одам султоннинг олдига бориб, ҳалол яшаш учун бирор йўл кўрсатишини сўрабди. Подшоҳ унга қошиқда оғзигача тўла зайтун ёғи берибди. Ундан бир томчи тўкмасдан шаҳарнинг бу бошидан у бошигача олиб боришини, агар бир томчи тўкиб қўйгудай бўлса, ўша ернинг ўзидаёқ қатл этилишини айтибди ва ёнига икки аскар қўшиб жўнатибди. У қиролининг амрига мувофиқ бутун кучини, диққат ва закосини шунга қаратиб, бир томчи ҳам тўкмай айтилган жойга олиб борибди. Кейин орқасига қайтиб, султоннинг ҳузурига кирибди. Сўнгра вазифани беками-кўст адо этганини таъкидлабди. Подшоҳ ундан сўрабди:

– Хўш, шаҳарда нималарни кўрдинг, нималарга шоҳид бўлдинг?

Ўша кун шаҳарда бозор куни, игна отилса ерга тушмайдиган қадар гавжум кун эди. Шунга қарамай, у шундай жавоб қайтарибди:

– Ҳазратим, жон ширинда, қошиқдаги ёғни тўкиб қўймаслик учун бутун эътиборим шунда бўлди, кўзимни бир сония бўлсада узиб, атрофга қарай олмадим. Шу сабабли на бирор кимсани кўрдим, на бирор ҳолатга шоҳид бўлдим...

Подшоҳ бу сабоқдан сўнг кўнгли хотиржам бўлиб, хулоса қилади:

– Ана кўрдингми, сенга берилган ҳар бир вазифада шундай диққатли бўлсанг, ўзингни шу ишга бағишласанг, Аллоҳ ҳамиша сени назорат қилиб турганини ёдингдан чиқармайсан, ҳеч қачон тўғри йўлдан оғишмайсан...

 

Уч болакай

 

Уч нафар аёл булоқ бошида туриб, суҳбатлашишарди. Улардан сал нарида бир чол ўтирар, уларнинг ўз болаларини мақташларини тингларди.

Аёллардан бири:

– Менинг ўғлим шундай устаки, ҳеч ким бунда унга тенг келолмайди. Ясаган нарсаларини бир кўрсангиз эди... – дебди.

Нариги аёл баттар ҳаяжонланиб сўз бошлабди:

– Ўғлимнинг овозини бир эшитсангиз эди... Булбул ўзиям, булбул. Ер юзида ҳеч кимнинг бундай овози йўқ. Аллоҳ берган истеъдод бу...

Учинчи аёл жим турарди. Шунда қолган икки аёл сўрабди:

– Сен нега болангни мақтамаяпсан? Нима, ҳеч қандай ўзига хос жиҳати йўқми?

– Болажонимнинг бирор устун жиҳати, истеъдоди йўқ. Нима деб мақтай ахир...

Аёллар челакларини олиб йўлга тушишибди. Чол ҳам уларнинг ортидан юра бошлабди. Аёллар оғир челакларни кўтаришда қийналишаётгани учун ора-сирада тўхташар, дам олишарди. Оғир юкдан елкалари эзилиб кетганди. Шу маҳал болалари уларни кутиб олишга чиқибди.

Биринчи аёлнинг боласи қўлида турли ясалган идишлар билан чиқибди. Аёллар ҳайрат билан “Ё Худойим, нақадар гўзал, нақадар қобилиятли болакай!» дейишибди. Иккинчи болакай эса шундай қўшиқ куйлабдики, аёллар кўзига ёш олиб, уни мақтай-мақтай тинглашибди. Учинчи болакай эса югуриб келибди ва онасининг қўлидан челакларни олиб, уйигача кўтариб кетибди.

Аёллар қарияга ўгирилиб сўрашибди:

– Хўш, болаларимиз борасида нима дейсиз?

Чол ҳозиржавоблик билан шундай жавоб қайтарибди:

– Болаларингизми? Билмайман. Фақат биттаси бор, онасига ёрдам берди, дастёри бўлди. У менга жуда ёқди...

 

Тўпловчи ва таржимон:

Раҳмат БОБОЖОН

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Биласизми?

17:11 / 21.11.2024 0 68
“Тариф”нинг таърифи ва тарихи

Биласизми?

10:11 / 20.11.2024 0 63
“Ўдаға”нинг ўдағайлагани

Қатра

21:11 / 11.11.2024 0 126
Мўъжизанинг баҳоси

Қатра

15:11 / 08.11.2024 0 160
Ота ва етти ўғил ҳикояси

Биласизми?

23:11 / 01.11.2024 0 238
“Бирпас”ми, “иккипас”?..



Кўп ўқилган

Барчаси

Қомус

15:04 / 19.04.2023 0 6114
Жадидчилик

Қатра

20:08 / 18.08.2022 15 4921
Илк ватан

Қатра

01:01 / 10.01.2022 7 4562
Бир қоп ун

Қатра

17:08 / 21.08.2022 6 3990
Тинчлик

Қатра

01:01 / 18.01.2022 2 3412
Ўқиш пули

Бир куни...

03:12 / 09.12.2021 3 2981
Ҳар нарса ҳам кўринганидек эмас

Қатра

03:12 / 28.12.2021 1 2896
Туғилган кун

//