Тинчлик ва барқарорлик


Сақлаш
16:11 / 03.11.2023 0 398

Тинчлик ва барқарорлик урушларга йўл қўймаслик, давлатлараро низо ва можароларни сиёсий воситалар билан ҳал этиш, мамлакат ичидаги келишмовчиликларни тинч йўл билан бартараф қилиш, инсон ҳуқуқи ва қонун устуворлигини таъминлаш тамойилларини ифодаловчи тушунчалар. Инсоният тарихида барча миллат ва элатлар ирқи, маданий бойликлари, урф-одатларига чексиз ҳурмат билан қараб келинган. Бугунги замонда маънавий бойликларни сақлаб қолиш учун, аввало, қонли можароларга барҳам бериш, тинчлик ва барқарорлик, тотувликни қарор топтириш, маданий мерос, осори-атиқалар, урф-одатларни асраб-авайлаш, дунё халқларининг илм-фан ютуқларидан бирдек баҳраманд бўлишига эришиш зарур. Тинчлик ва барқарорликда: 1) озодлик, адолат ва демократия тамойилларига асосланган дўстона ва иттифоқ маданияти; 2) зўравонликни қайтарувчи ва низолар пайдо бўлган заҳоти уни бартараф этишга чорлайдиган, муаммоларни мулоқот ва музокаралар йўли билан ҳал этувчи маданият; 3) ўз жамиятининг ички ривожида унинг барча ҳуқуқлари, ҳар бир кишининг ўз имкониятларини амалга оширишда тўлиқ иштирокини таъминловчи маданиятга эришиш ғояси асос қилиб олиниши керак. Тинчлик ва барқарорлик – бебаҳо неъмат, улуғ саодатдир. Башарият ўз тараққиётининг барча босқичларида, аввало, тинч-тотувликка интилиб келган, у – барқарор тараққиёт гаровидир.

 

 

Ўзбек халқи тинчлик ва барқарорликни юксак қадрлайди, уни ўз орзу-интилишлари, мақсад-муддаолари рўёбга чиқишининг кафолати деб билади. Шунинг учун доимо Яратгандан тинчлик ва барқарорлик ҳамда омонлик тилайди. Лекин, афсуски, ҳаётда бу эзгу тилакларнинг ижобат бўлишига доимо қаршилик қиладиган кучлар ҳам бор. Улар ўзларининг ғаразли мақсадлари, нафс балоси йўлида башариятни ҳамиша низо-адоват, уруш ва қирғинлар домига тортиб келади. Инсоният тарихига назар ташланса, кейинги беш минг йил мобайнида одамзод ўн беш мингдан зиёд катта-кичик урушларни бошидан кечирганини кўриш мумкин. Бу – уруш ва тинчлик, хавфсизликни таъминлаш масаласи ҳанузгача инсоният олдидаги энг оламшумул муаммо бўлиб қолаётганидан далолатдир. Ҳолбуки, башарият фақат тинчлик ва осойишталик барқарор бўлган тақдирдагина ўз олий мақсадларига эришади, моддий ва маънавий юксакликка кўтарилади. Соҳибқирон Амир Темур ва унинг набираси Мирзо Улуғбек Мовароуннаҳрга ҳукмронлик қилган 40 йил мобайнида мамлакатда тинчлик ва барқарорлик устувор бўлгани сабабли илмфан, маданият юксак тараққий этган, бунёдкорлик ишлари ривожланган, кўҳна заминимиз гуллаб-яшнаган. Аксинча, уруш ва низолар инсонни одамийлик қиёфасидан айиради, жамиятни буткул таназзул ботқоғига ботиради. Ўттиз йилдан буён ўзаро ҳарбий можаролар туфайли цивилизациядан батамом узилиб, дунёнинг энг қолоқ мамлакатларидан бирига айланиб қолган Афғонистон – бунинг яққол далилидир. Бу мамлакат ҳудудининг хавф-хатар ўчоғига айланиб қолгани юртимиздаги Тинчлик ва барқарорликка, тараққиёт йўлидаги эзгу мақсадларимизни амалга оширишга халақит бермоқда. Бу – дунёда ялпи тинчлик ва барқарорликка эришиш учун, аввало, ҳар бир мамлакат ва ҳар бир минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш зарур, деган қарашнинг бугунги кунда ғоятда долзарб аҳамият касб этиб бораётганидан далолат беради.

 

 

Мустақиллигимизнинг дастлабки кунлариданоқ биз юрт тинчлигини энг асосий бойлик сифатида асраб келмоқдамиз. Бугунги ва кейинги насллар ҳам кўп меҳнат ва машаққатлар эвазига қўлга киритилган мана шу бебаҳо неъматни асраб-авайлаши зарур. Шундагина улар халқимизнинг асл орзу-интилишларига, истиқлол йўлида жон фидо этган аждодларимиз руҳига муносиб ворис бўла олади. Тинчлик ва барқарорлик Ватан озодлиги ва мустақиллиги билан чамбарчас боғлиқ. Бировга қарам бўлган халқ ҳеч қачон эркин ва фаровон яшай олмайди. Шунинг учун ҳам мустақиллик ва тинчликни асраш, мамлакатимизни тажовузкор кучлардан ҳимоя қилишга доимо тайёр туришимиз лозим. Юксак маънавият, сиёсий маданият, миллатнинг ғоявий ва мафкуравий етуклиги тинчлик ва барқарорликни сақлашнинг муҳим омилидир. Халқимиз учун азал-азалдан муқаддас бўлган бу ғоя жамиятдаги турлича фикр ва қарашга эга бўлган барча куч ва ҳаракатларни бирлаштиришга ҳам да шу орқали миллий ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Фақат тинчлик-хотиржамлик, барқарорлик, ўзаро аҳиллик бизга муносиб ҳаёт бахшида этади, ўзимизни, фарзандларимизни барча мусибатлардан асрайди. Тинчлик, хотиржамлик ва тотувлик – булар ҳаётбахш чашмалар бўлиб, ҳозирги кунда ҳаёт кечираётганларнинг фарзандлари ва авлодларида эртанги кунга порлоқ келажакка умид ва ишонч уйғотади. Барқарорлик эса энг катта бойлигимиз ва муваффақиятли ривожланишимиз кафолатидир.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Бир куни...

18:12 / 04.12.2024 0 7
Бунинни жиддий рақиб деб бўладими?

Биласизми?

10:12 / 03.12.2024 0 29
Пул ва минора – улар “қариндаш”ми?

Биласизми?

17:11 / 21.11.2024 0 163
“Тариф”нинг таърифи ва тарихи



Кўп ўқилган

Барчаси

Қомус

15:04 / 19.04.2023 0 6378
Жадидчилик

Қатра

20:08 / 18.08.2022 15 4941
Илк ватан

Қатра

01:01 / 10.01.2022 7 4585
Бир қоп ун

Қатра

17:08 / 21.08.2022 6 4012
Тинчлик

Қатра

01:01 / 18.01.2022 2 3422
Ўқиш пули

Бир куни...

03:12 / 09.12.2021 3 2987
Ҳар нарса ҳам кўринганидек эмас

Қатра

03:12 / 28.12.2021 1 2906
Туғилган кун

//