Бир куни...
Тарихий хотира – аждодлар яратган моддий ва маънавий бойликларни кишилар онги ва кундалик амалий фаолиятида қайта намоён бўлиши, эсланиши, қадрланишини ифодаловчи тушунча. Инсон ўзининг тарихий хотирасига эга бўлмасдан туриб, ҳаётида содир бўлаётган ижтимоий ўзгаришларнинг моҳиятини тушуниб етолмайди, ўз келажагини тасаввур қила олмайди. Шу сабабдан ҳам «Тарихий хотирасиз келажак йўқ». Тарихий хотира юксак маънавият тамойилларининг шаклланиши ва ривожланиши учун асосий манба вазифасини бажаради. Худди шунинг учун ҳам, ҳамма замонларда халқнинг, миллатнинг тарихий хотирасини мустаҳкамлаш юртнинг буюк алломалари, давлат арбоблари диққат-эътиборида бўлган. Инсоният авлодларининг ўзаро алоқадорлиги натижасида вужудга келган қадриятлар, яъни аждодлар ва авлодларнинг маънавий мероси умуминсоний маданий мерос хазинасига қўшилади ва аста-секин тарихий хотирага айланиб боради. Бошқача айтганда, тарихий хотира инсониятнинг барча аждодларининг фикрлари, ғоя ва эътиқодлари, орзу-истакларини ўзида мужассамлаштиради. Шунинг учун ҳам, инсоннинг маънавий етуклиги унинг тарихий хотираси билан белгиланади, яъни тарих инсон учун буюк хотира вазифасини бажаради. Ўзлигини билишга интилган, келажакка умид билан қараган одам, албатта, ўз тарихини ва ўзининг кимларнинг насли ва авлодлари эканини билишга қизиқади. Тарихий илдизини излаган одам, албатта, бир кун мана шундай саволларга дуч келади ва, аминманки, тўғри хулосалар чиқаради. Тарихий хотираси бор инсон иродали инсондир. Ким бўлишидан қатъи назар, жамиятнинг ҳар бир аъзоси ўз ўтмишини яхши билса, бундай одамларни йўлдан уриш, ҳар хил ақидалар таъсирига олиш мумкин эмас. Тарих сабоқлари инсонни ҳушёрликка ўргатади, иродасини мустаҳкамлайди. Тарихий хотиранинг муҳим вазифаси кишиларда ўзликни англаш туйғусини тарбиялаш натижасида миллий ғурур ва ифтихорни вужудга келтиришдир. Миллий ғурур ва ифтихор тарихий хотира асосида шаклланар экан, у аждодлардан қолган моддий ва маънавий мероснинг бошқалар олдида нечоғлик улкан аҳамият касб этишини англашдан келиб чиқади ва кишида фахр туйғусини пайдо қилади, аждодларидан, уларнинг инсоният тарихидаги хизматидан ғурурланади.
Ҳақиқатан ҳам, тарихни билиш ва ундан ибрат олиб яшаш кишини ҳаёт қийинчиликлари ва турмуш машаққатларига чидамли қилади, унинг келажакка бўлган ишончини мустаҳкамлайди, матонатини оширади ҳамда орзу-умидлар рўёби сари муҳим маънавий далда бўлиб хизмат қилади. Ўзликни англаш тарихни билишдан бошланади ва ўзлигини чуқур англаган миллатдагина тарихий хотира устувор бўлади. Бизнинг юртимиз дунёдаги энг қадимги тамаддунлар қарор топган ҳудудлардан бири ҳисобланади, халқимиз ҳам қадимги Миср, Месопотамия маданияти каби қадимий маданият ўчоқларидан бирига эга. Бухоро, Самарқанд, Хива, Термиз, Шаҳрисабз, Қўқон, Марғилон каби бир қатор шаҳарларга хос узоқ ўтмиш ва тарихий осори-атиқалар буни исботлаб турибди. Буларнинг ҳаммаси халқимиз нечоғлик қадимий тарихий хотирага эга эканидан дарак беради. Халқимизнинг бебаҳо ёдгорлиги бўлмиш «Авесто»нинг 2700 йиллиги республикамиз миқёсида кенг нишонланди. Унда битилган «эзгу фикр», «эзгу сўз» ва «эзгу амал» ғоялари ёшларимизни Ватанга садоқат, халқига меҳроқибатли қилиб тарбиялашда маънавий асос бўлиб хизмат қилмоқда. Шубҳасиз, юртимизда яшаётган ҳар бир инсон ўзини шу миллат фарзанди деб ҳисоблар экан, аждодларим кимлар бўлган, халқимнинг ибтидоси қаерда, унинг тикланиши, миллат бўлиб шаклланиш жараёни қандай кечган, деган саволларни ўзига бериши табиий. Нега жаҳонга Аҳмад Фарғоний, Муҳаммад Хоразмий, Ибн Сино, Абу Райҳон Беруний, Имом Бухорий, Нақшбанд, Амир Темур, Улуғбек, Алишер Навоий, Бобур каби буюк сиймоларни берган бу миллатнинг ҳаёти доим ҳам бир маромда кечмади? Бу халқ нега XVII асрдан бошлаб эришган юксалишда ражасидан тушиб кетди? Нега сўнгги уч аср мобайнида бошимиз қолоқликдан чиқмай қолди? Нима учун яна Амир Темур, Улуғбек, Навоий каби зотларни бу даврлар кўрмади. Аждодларимизнинг қаттиқ қаршилигига қарамай, чор Россиясининг ўлкамизни нисбатан осон забт этишида ана шу қолоқликнинг ҳам ўрни бўлмаганмикан? Бу қолоқлигимизнинг сабаблари баъзиларнинг Ватан, халқ манфаатидан кўра шахсий манфаатларини, ўз оилаларининг тинчлигини, ҳузур-халоватларини ўйлашлари сабаб бўлмадими, каби саволлар ҳам табиий. Буларнинг оқибатида эса халқимиздан мерос бўлиб қолган барча маънавий меросимизни унутаёздик ва унга эътиборсиз бўлдикки, оқибатда эркимиздан, еру сувимиздан, барча бойликларимиздан ва бора-бора эса ўзлигимиздан маҳрум бўлдик. Мана шу каби саволлар қаршисида инсон хотирага, тарихий хотирага мурожаат қилади ва ундан керакли хулосаларни чиқариб олади. Агар хотира бўлмаса, ота-боболаримиз тўплаган керакли билим ва тажрибаларни билмасдан, ҳар куни, ҳар қадамда янги-янги муаммо ва ғов-тўсиқларга дучор бўлар эдик. Жумладан, даҳшатли урушларга бошқа қайтмаслик, умуман, бундай қирғинбаротларни одамзод тарихидан ўчириб ташлаш учун нима қилиш керак, деган мақсадни ўз олдимизга асосий масала қилиб қўядиган бўлсак, уни ҳал этишда бизга аввало хотира ёрдам беради. Шу сабаб ҳам Мустақилликнинг илк кунлари даноқ маънавият соҳасига алоҳида эътибор қаратилди ва кишиларимизни ҳақиқий тарихимиздан бохабар қилиш куннинг долзарб масаласига айлантирилди.
Тарихни яхши билмасдан туриб, юксак маънавиятга эришиш мумкинми? Албатта, мумкин эмас! Ўз маънавиятини тиклаши, туғилиб ўсган юртида ўзини бошқалардан кам сезмай, бошини баланд кўтариб юриши учун инсонга, албатта, тарихий хотира керак. Демак тарихий хотира бу – аввало, ўз халқи ва юрти тарихини чуқур билиш, уни тинимсиз ўрганиш натижаси, ўзидан илгари ўтган аждодларини хотирлаш, уларнинг савобли ишларини унутмаслик, бой меросини асраб-авайлаш туйғуси, ўтмишдан сабоқ чиқариш, тарихда рўй берган воқеа-ҳодисаларни холисона баҳолаш, уларнинг оқибатини тўғри тушунтиришга асосланган маънавий тушунчадир. Тарихий хотира келажак олдидаги қарздорлик, кейинги авлодлар қаршисида ўз бурчини бажариш масъулиятини шакллантирадиган тарбия омили бўлиб, ҳар бир киши учун яшаш мезони, яъни ўз фаолияти ва ижтимоий жараёнлар натижаларини ўтмиш билан қиёслаш, маънавий дунёси, ҳис-туйғулари, мақсад ва интилишларини холисона баҳолаш учун асос бўладиган ҳаёт тамойиллари мажмуидир. Ҳар бир халқнинг ўз тарихи, ўтмиши бор. Истиқлол йилларида халқимизнинг тарихий хотирасини тиклаш мақсадида улуғ аждодларимизнинг тўйларини ўтказиш, кўҳна ва навқирон шаҳарларимизни обод қилиш, юртимизни дунёга танитиш учун турли йўналишда улкан бунёдкорлик тадбирлари амалга оширилмоқда. Бу каби тадбирлардан кўзланган мақсадлар, аждодларимизнинг қанчалар буюк шахслар бўлгани, жаҳон илм-фани тараққиётига беқиёс ҳисса қўшгани, минтақамиз жаҳон цивилизациясининг йирик қадимий ўчоқларидан бири эканини олам аҳлига билдиришдан иборат. Шунингдек, бу боболаримизнинг ғайрат-шижоати, юксак ақл-заковати, тадбиркорлик ва элпарварликлари билан халқимизга, айниқса, ўсиб келаётган ёш авлодга ҳамиша ибрат намунаси бўлиб қолади. Шўролар даврида Амир Темурнинг буюк саркардалигини тан олган ҳолда уни ёвузликда айблашган эди. Узоқ йиллар мобайнида мустамлака исканжасида кун кечирган халқимиз ўз ватандошини қадрлаш, унинг тарихий мавқеини муносиб ўринга қўйиш имконидан маҳрум бўлиб келди. Амир Темур номи тарихимиз саҳифаларидан қора бўёқ билан ўчирилди, унутишга маҳкум этилди. Мақсад халқимизнинг юрагидан миллий онг, миллий ғурур туйғусини йўқотиш, уни қарамликка, тобеликка кўндириш эди. Лекин ўзбек халқи ўз аждодларини, ўз баҳодирларини, асл фарзандларини унутмади, ҳамиша юрагида, қалб тўрида сақлади. Бугунги кунда бу улуғ аждодимизнинг улкан хизматлари эътироф этилмоқда.
1994 йилда Мирзо Улуғбекнинг 600 йиллиги, 2000 йилда ислом оламининг фиқҳ илми даҳолари ҳисобланган аждодларимиз Абу Мансур Мотуридийнинг 1130 йиллиги ва Бурҳониддин Марғинонийнинг 910 йиллиги кенг нишонланди. 1999 йилда халқимизнинг мард ва жасур ўғлони, миллатнинг жасорат тимсоли Жалолиддин Мангубердининг 800 йиллиги нишонланиб, Ургенч шаҳрида унга монументал хайкал ўрнатилди. 2000 йилда қадимий Бухоро ва Хива шаҳарларининг 2700 йилликлари нишонланди. ЮНЕСКО томонидан юртимизда туғилиб ўсган, ўз ижоди билан жаҳон илм-фани, маданияти ва санъати равнақига улкан ҳисса қўшган ўнлаб даҳоларимиз эътироф этилган, 4000 дан ортиқ тарихий обидаларимиз рўйхатга олинган. Жаҳон аҳлининг мамлакатимизга, қадимий Самарқанд, Бухоро, Тошкент, Хива, Шаҳрисабз, Қўқон каби шаҳарларига бўлган қизиқишлари бежиз эмас. Улуғ аждодларимизнинг илмий ютуқлари ва кашфиётларини тан олиш билан бирга халқимизнинг бунёдкорлик намуналари бўлган обидалари билан бирга мустақиллик йилларида барпо этилган замонавий бинолар қаторида Имом Бухорий мажмуаси, Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлиги, Ҳазрати Имом мажмуаси яратилди. Хуллас, истиқлол йилларида халқимизнинг тарихий хотирасини тиклаш ва такомиллаштириш борасида кўплаб ишлар амалга оширилди. Бу борада ҳозирги даврда юртимиз келажагини ўйлаб заҳмат чеккан, Ватанимиз озодлиги йўлида курашган, миллатимиз равнақи учун умрини бағишлаган, ўзидан обод шаҳару воҳалар, бетакрор гўзал ёдгорликлар қолдирган аждодларимиз меҳнатини юзага чиқариш, уларни қадрлаш, руҳи покларини шод қилиш, эзгу ишларини давом эттириш биз учун, бугунги авлоднинг зиммасидаги энг катта вазифасидир. Зеро, тарихий хотира ҳар биримизга куч-қудрат бағишлайди, ҳаётнинг оғир синовларини муносиб енгиб ўтишга, тараққиётга эришишга ёрдам беради.
Бир куни...
Биласизми?
Ҳикмат
Биласизми?
Бир куни...
Биласизми?
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Бир куни...
Қатра
//
Изоҳ йўқ