Машҳур ёзувчи ва шоирларнинг кўпчилиги нафақат ўзининг асарлари, балки юморга бой ҳаёти ва латифалари билан ўқирманларнинг ёдида қолган. Америкалик ёзувчи Марк Твен ҳақида ҳам ана шундай ҳаётий латифалар мавжуд. Улардан бир нечтасини эътиборингизга хавола этамиз.
* * *
Кунлардан бир кун таҳририятида Марк Твен аноним хат олади. Мактуб битта сўздан иборат эди: “Чўчқа”.
Эртаси кун Марк Твен ўз газетасида қуйидагича хабарни чоп қилади: “Мен вақти-вақти билан имзосиз мактублар оламан, кеча ҳаётимда биринчи марта мактубсиз имзо олдим”.
* * *
Марк Твен дўстлари орасида ўзининг паришонхотирлиги билан ном қозонганди. Одатий кунларнинг бирида поездда кетаётганида купега назоратчи кириб келади ва билетларни текшира бошлайди. Уни кўриб шошиб қолган Марк Твен йўл чиптасини қидира бошлайди, чўнтакларини қанча титкиламасин барибир топа олмайди.
Ёзувчини таниб қолган назоратчи унга қараб:
– Жаноб, асло ташвишланманг, қайтаётганимда кўрсатарсиз майли. – дейди. – Агар тополмасангиз ҳам ҳеч қиси йўқ, бу катта муаммо эмас...
Марк Твен унинг гапини чўрт кесиб, норозилик билдиради:
– Қанақасига муаммо эмас, ахир лаънати чиптани топмасам қаерга кетаётганимни қандай биламан.
* * *
Бир куни Марк Твендан:
– Ҳеч отангизнинг сўзини икки қилганингизни эслай оласизми? – дея сўрашади.
– Эслайман, эслайман... – дея жавоб беради зийрак ёзувчи. – Бир сафар отам ахлоқсиз жойларга қадам босмаслигим кераклигини қаттиқ тайинлади. Мен унинг гапига кирмадим, шундай жойга бордим ва унинг ўзини эшик олдида навбат кутаётганини кўрдим.
* * *
Бир сафар Марк Твен ўз газетасида бир ишбилармон ҳақида жуда қаттиқ танқидга олинган мақоласини нашр қилди. Мақола қуйидаги сўзлар билан якунланганди: “Жаноб Н. ҳатто юзига тупуришларига ҳам лойиқ эмас”.
Бу хабардан Жаноб Н. табиийки ғазаб отига минади ҳамда газетани судга бериб, муҳаррирдан раддия ва узр сўрашини талаб қилади. Суд қарорини яхши англаган Марк Твен можаролар тугагач қуйидагича раддия эълон қилади: “Ўтган сонимизда Жаноб Н.нинг ҳатто юзига тупуришларига ҳам лойиқ эмаслигини ёзган эдик. Хатомизни тан оламиз ва узр сўраймиз. Жаноб Н. юзига тупуришларига лойиқ”.
* * *
Кунлардан бир кун дўстларидан бири Марк Твендан пул қарз олиб, тўлаш вақти борасида: “Агар омон қолсам, кейинги ой шу вақтгача тўлайман”, дея ваъда беради. Бироқ айтилган вақтдан жуда кўп ўтиб кетса-да дўстидан, олинган пулдан сас-садо бўлмайди. Орадан бироз вақт ўтгач ёзувчи ўз газетасида жўраси ҳақида қуйидагича мақолани чоп этади:
“Қадрдон оғайним Гарри Дунканнинг вафоти муносабати билан унинг оила аъзо ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдираман. Ўшанда мендан 500 доллар қарз олганди. Кетар чоғида омон қолсам, бир ойдан кейин қайтараман, дея ваъда берганди. Менинг азиз дўстим Гарри ҳамиша ўз сўзига содиқ бўлган ва у вафот этгани учун пулни қайтариб беролмаганига шубҳа йўқ. Жойи жаннатда бўлсин!..”
Бутун шаҳар бу мақоладан бохабар бўлади ва “раҳматли” дўсти топилади, ёзувчи пулини қайтариб олади.
Рус тилидан
Раҳмат БОБОЖОН таржимаси.
Биласизми?
Биласизми?
Бир куни...
Биласизми?
Биласизми?
Қатра
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Бир куни...
Қатра
//
Изоҳ йўқ