Табу


Сақлаш
16:10 / 20.10.2023 0 617

Табу (полинезча tapu – тақиқлаш) – диний эътиқод, ирим, қўрқиш ва шу кабилар таъсирида маълум сўз, хатти-ҳаракатлардан тийилиш, уларни чекланган, ман этилган сўз, нарса, ҳаракат деб қарашни англатувчи тушунча. Бу сўз аслида Полинезияда пайдо бўлиб, дастлаб машҳур инглиз денгиз сайёҳи Ж.Кук (1828–1879) томонидан Европага маълум қилинган. Полинезия халқлари диний эътиқодига кўра, ҳар бир инсон туғилиши билан қудратли ғайритабиий ёвуз куч – «мана»га эга бўлади. У табақага мансубликка кўра, ҳар хил даражада намоён бўлади, деб ҳисобланади. Масалан, қулларда «мана» йўқ, аксинча, буюк сардорлар қудратли «мана» эгаси деб қаралади. «Мана» тушунчаси «Табу» сўзи билан бевосита боғлиқ. Нимаики «мана» эгаси бўлса, ўша нарса хавфли, яъни унга тегиш ман қилинган – табу қўйилган. Полинезия халқларида жуда кенг тарқалган табу тизимини ким бузса, риоя қилмаса, қабила бошлиқлари, зодагонлар томонидан қаттиқ жазоланган. Шунингдек, ўша давр тасаввурларига кўра, табуни бузган одамнинг ғайритабиий кучлар, руҳлар, худолар касаллик ёки ўлим билан жазолайди, деб тушунилган. Оролликларда худо ва руҳга, коҳин ва қабила бошлиқларига алоқадор бўлган ҳамма нарса табулаштирилган. Табу одамларнинг дунёқараши ва айниқса, маънавиятини бошқаришда катта роль ўйнаган. Айни вақтда табу тизими жамиятда табақаланишни ифодалаган. Табу объектлари буюмлар, сўзлар, ҳайвонлар ва бошқа бўлиши мумкин. Аксарият табулар моддий буюмлар ва маънавий тушунчаларга тааллуқли бўлади. Табу инсоният жамияти шаклланаётган даврда индивид хатти-ҳаракати, дунёқарашини жамоа манфаатларига бўйсундириш эҳтиёжи билан боғлиқ равишда келиб чиққан бўлиши мумкин. Табу уруғчилик жамиятида инсон ҳаётининг муҳим томонларини, аввало, экзогамия никоҳи меъёрларига риоя қилиниши (масалан, уруғ ичида жинсий алоқаларнинг тарқалиши)ни тартибга солган. Жамият маънавий жиҳатдан тараққий этгани сари табунинг баъзи қисмлари одатий ҳуқуқий меъёрга айланган, кўпчилиги эса диний ва дунёвий маънавиятга тақиқ сифатида киритилиб, уни бузиш гуноҳ ҳисобланган. Табунинг бугунги кунда ҳам барча халқларда учрайдиган ўзига хос турлари мавжуд. Унинг, масалан, оилавий, наслий, миллий, ҳудудий, минтақавий ва бошқа турларини санаш мумкин. Эътиборлиси шундаки, бугунги табу на давлат қонунларида, на диний қонунларда акс этган, одамлар ўз ихтиёрларига кўра амал қиладиган маънавий дунёқарашга айланган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Бир куни...

17:11 / 10.11.2025 0 209
Кўрпача

Ҳикмат

12:11 / 07.11.2025 0 192
Қаҳрамон

Қатра

11:09 / 17.09.2025 0 328
Қаҳрамон



Кўп ўқилган

Барчаси

Қомус

15:04 / 19.04.2023 0 15158
Жадидчилик

Қатра

20:08 / 18.08.2022 15 6375
Илк ватан

Қомус

22:08 / 04.08.2023 0 6166
Миллий урф-одатлар

Қатра

01:01 / 10.01.2022 7 5675
Бир қоп ун

Қатра

17:08 / 21.08.2022 6 5119
Тинчлик

Қомус

15:04 / 18.04.2023 0 4825
Радикализм

Қомус

16:12 / 25.12.2023 0 4228
Ўзбекистон тарихи

//