Cевги


Сақлаш
17:10 / 16.10.2023 0 385

Cевги – маънавий жиҳатдан ижобий муносабатнинг юксак даражадаги кўриниши бўлиб, бир инсоннинг бошқа бировга кўнгил қўйиши, кучли ҳиссиётини англатадиган тушунча. Cевгида бир шахс бошқа инсоннинг ҳаётида ўзлигини бутунлай намоён қилиш ва бу орқали унда ўзига нисбатан худди шундай ҳисларни уйғотиш ниятида бўлади. Бу ҳислар ҳам ўзиники сингари турғун, кучли бўлишини хоҳлайди. Cевги ҳисси ўта интим мазмунга эга. У баъзида зарурий ёки тасодифан вужудга келадиган ва ўзгарувчан ҳиссиётларда ўзини намоён этади: мулойимлик, ҳайрат, рашк ва ҳоказо. Севги эҳтиросли ҳиссиёт сифатида ўзининг намоён бўлишига кўра шахснинг шахсий сифати ва хусусиятларига ҳам боғлиқ. Худди шунингдек, севгини юзага келтирувчи илк ҳиссиётлар ҳам турлича бўлади. Бу оддийгина ижобий мунтдан (симпатия) бошлаб, то кучли эҳтирос сифатида намоён бўлувчи турли-туман ҳиссиётларда ўз аксини топади. Севги ўз табиатига кўра, табиий майл ва юксак инсоний ҳисларда ўзини намоён этади. Мутахассислар севгининг асл моҳиятини гоҳида физиологик майл сифатида, гоҳида маънавий юксак туйғу сифатида таърифлайди. Шу муносабат билан, севги таърифида шахс жинсий майлларининг ижтимоий шаклланган сифатга эгалиги етакчи ўринга чиқади. Бу эса севги туйғусини илмий жиҳатдан тадқиқ этувчи ижтимоий фанлар олдига янги талабл арни қўядики, ушбу ҳиссиётни турли хусусиятлардан келиб чиқиб ўрганишда муҳим аҳамият касб этади. Шахснинг шаклланишида севгининг аҳамияти беқиёсдир. Инсон ўз севгиси йўлида дуч келган фрустрация (иккиланиш) ҳолатлари унинг ёдида бир умрга қолади, узоқ вақтгача уни тўлқинлантиради, турли жараёнларнинг юзага келишига сабаб бўлиши ҳам мумкин. Севги инсон ҳиссиётларининг энг кучли ва сирлиси, сержило ва сеҳрлиси сифатида «муҳаббат» тушунчасига яқин туради.

 

Инсоният бор эканки, севги-муҳаббат одамни сирли туйғулар оламига етаклаган, уни енгиб бўлмас ғовлардан ўтишга ва чўққиларни забт этишга ундаган, уни рағбатлантирган, унга бахтиёр онларни ҳадя этган. Ҳатто ўлим тўшагида ётган кишига ҳам умид бағишлаб ҳаёт нашъасини суришга, унинг атроф муҳитни ҳамда ўзлигини идрок этишга туртки бўлган. Севги туфайли инсон руҳиятида ҳатто ўзига ҳам номаълум бўлган қудрат кашф этилган. Кўҳна ва ҳамиша навқирон ҳисобланган бу туйғу азиз ва муқаддасдир. Шуниси таассуфлики, шу кунга қадар «муҳаббат» тушунчасига ягона илмий таъриф-тавсиф берилмаган, бевосита унга бағишланган илмий асарлар ниҳоятда танқис. Кишилар онгида бўлгани сингари бадиий асарларда ҳам муҳаббат ҳақидаги турлича, кўпинча бир-бирига зид фикр ва таърифларни учратиш мумкин. Баъзи муаллифлар муҳаббат ҳисларини соф руҳият ҳодисаси сифатида баён этиб, ундаги табиий-физиологик жиҳатни инкор этади. Физиологик компонент ҳайвонларга хос бўлган органик эҳтиёжларни қондиришдан иборат инстинктнинг ифодаланиши сифатида идрок этилади. Шу сабаб ҳам одам ҳайвоний ҳирсдан, жинсий интилишлардан озод бўлиши керак, деб ҳисоблашади ва муҳаббат ҳисларига бир ёқлама ёндашишади. Мумтоз асарларда, жумладан, қадимги ҳинд трактатида муҳаббатга бирмунча тўлиқ таъриф берилади: «Ақл майли ҳурматни туғдирса, қалб майли дўстликни, тана майли хоҳишни туғдиради. Ақл, қалб ва тана бир бўлиб, севги–муҳаббатни яратади». Вольтер «Севги–муҳаббат – бу ҳам қалб, ҳам ақл ва танага бир вақтнинг ўзида ҳужум қиладиган энг кучли, завқли ҳис-туйғулардан биридир», деб таъриф беради. Бу таърифларни ўзаро таққослаш ва таҳлил қилиш севги – муҳаббатда зарурий руҳий жиҳат билан бирга физиологик хусусият ҳам мавжудлигини кўрсатади.

 

Севги – инсон маънавий ва жисмоний интилиши эҳтиёжлари ўзаро узвий бирикиб кетган юксак ахлоқий эстетик туйғудир. У инсон ҳаётида энг катта ва қувончли воқеа бўлиб, кишига олам-олам қувонч бағишлайди, у меҳнат ва ижтимоий фаолиятига ижобий таъсир қилади. Севги инсонга бахт ато қилади, бахт эса инсонда мавжуд бўлган ҳиссиётларнинг бутун бойлигини уйғотади; сахийлик, садоқат, фидойилик, жасорат пайдо бўлади. Ҳақиқий севгида худбинлик бўлмайди. Кимнидир севган ва унинг севгисига сазовор бўлган инсон бой маънавий ҳаёт билан яшайди, у ўзидаги нуқсон ва камчиликлардан халос бўлишга интилади, ўз-ўзига талабчан бўлади, унда олижаноб, яхши хусусиятлар намоён бўлади, ижодий куч-қуввати ортади. Севги инсонни юксак даражадаги маънавий камолотга ундайди, ўз хатти-ҳаракатлари ва хулқ-атвори учун масъулиятини оширади. Инсон бор экан, у ҳар доим севги-муҳаббатни улуғлайди, энг мўътабар туйғу сифатида юксакларга кўтаради.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Бир куни...

18:12 / 04.12.2024 0 11
Бунинни жиддий рақиб деб бўладими?

Биласизми?

10:12 / 03.12.2024 0 30
Пул ва минора – улар “қариндаш”ми?

Биласизми?

17:11 / 21.11.2024 0 164
“Тариф”нинг таърифи ва тарихи



Кўп ўқилган

Барчаси

Қомус

15:04 / 19.04.2023 0 6380
Жадидчилик

Қатра

20:08 / 18.08.2022 15 4942
Илк ватан

Қатра

01:01 / 10.01.2022 7 4587
Бир қоп ун

Қатра

17:08 / 21.08.2022 6 4014
Тинчлик

Қатра

01:01 / 18.01.2022 2 3422
Ўқиш пули

Бир куни...

03:12 / 09.12.2021 3 2988
Ҳар нарса ҳам кўринганидек эмас

Қатра

03:12 / 28.12.2021 1 2907
Туғилган кун

//