Муҳаммадхон Юсупов. Драбллар


Сақлаш
14:12 / 01.12.2021 0 910

УМИД

«Биз бошқа ҳеч қачон учрашмаймиз! Ҳеч қачон тўқнаш келмаймиз! Бошқа ҳеч қачон кўзларимиз кўзларимизга тушмайди… Кўришгунча...»

 

БЕМОР

– Менинг исмим Ҳумоюн. Доктор, биласизми, кўзимга аслида йўқ нарсалар кўриняпти, йўқ одамлар менга рўбарў бўляпти. Улар билан гаплашмасликка уриняпман. Гаплашсам атрофдагилар мени жиннига чиқаришади... Мен қайси бири ҳақиқий, ким сароб эканини ажрата олмаяпман. Ёрдам беринг!..

Ташқаридан ҳамширанинг овози эшитилди:

– Доктор, Ҳумоюн яна ўзига-ўзи гапира бошлади...

 

СИМЁҒОЧДАГИ ЭЪЛОН

«Ойижонимни қидиряпман... Ойим – дунёдаги энг гўзал аёл! Алоҳида белгилари: «кўзим касал дердилар» – ёшланиб кетаверади. Шу сабаб ухлашга ҳам қийналардилар. Бир марта билакларидаги томирларини кесиб олганлар, шунинг изи бор. Ойимни кўрганлардан илтимос, у кишини соғинганимни, қидираётганимни айтинглар. Дадам ҳам қидиряптилар. Ҳар куни топиб келдим дейдилар, лекин у бошқа ойи бўлади... Ойижон, қайтинг! Энди ҳечам аравачамдан тушиб олмайман...”

 

СУНЪИЙ ОНГ

– Нечта тилни биласан?

– Учта.

– IQ даражанг неча?

– 116.

– Адашмасам, ижод қилишга ҳам қодирсан, шундайми?

– Албатта.

– Ҳа, мен ўйлаганимдан анча мукаммалроқ экансан, одамзод...

 

ОПТИМИСТ

– Янги пойабзал сотиб олганимда доим битта қўшимча боғичга эга бўлишимни ўйлаб, қувонаман. Умуман кийилмайдиган иккинчи пой ҳақида эса ўйламасликка уринаман…

 

ХАТО

– Бизнинг касбда хато қилишга ҳаққимиз йўқ. Бошқа ҳамма касбдагилар хато қила-қила ўрганади, тўғрими? – куйиниб сўради сапёр.

– Тўғри, – деб жавоб берди жарроҳ...

 

ДЎКОНДА

– Амаки, мана! Мана бу пулга нечта сигарета беришади?

– Ҳмм, олти қути. Аммо мен ёш болаларга сигарета сотмайман.

– Мен сотиб олмоқчи эмасман. Дадам сигарета сўраб кирсалар, олти марта ҳам йўқ деб айтинг! Илтимос...

 

РОБИЯ

– Эй, Худойим, яқинда туғиладиган чақалоқ ҳам қиз бўлишини хоҳлардим. Ўшанда биз бувижоним билан бирга яшардик...

 

ҲАВАС

– Биласизми, сизлар дунёдаги энг бахтли кишиларсиз! Одамлар нима дейишса ҳам, сиз ҳақингизда қандай ўйга боришса ҳам, эътибор берманг. Кўпчилик ўзининг бўғзигача етган муаммолари сизларда йўқлигини кўролмагани боис буни тан олмайди. Сизларга ҳатто менинг ҳам ҳавасим келади! Биз орзуларимиз ортида йилларни ўтказиб юборамиз. Сизларда эса орзу ва унинг рўёби – бир қадам. Нақадар бахтлисиз! Қанийди, буни мен билаётганчалик билсангиз... Майли, дори ичадиган вақтингиз бўлди. Фақат бу сафар тил тагига яширишлар бўлмасин!

 

ЙИҒИ

– Болам, бу қанақаси?! Тўрт мучанг соғ бўлса! Тенгдошларингдан ҳеч бир каминг йўқ... Емай едириб, киймай кийдирсак, топганимизни сеники десак... Шундоқ экан, яна нега йиғлайсан, етим қўзим?..

 

ҚАРЗ

– Дада, эсингиздами, бундан тўрт ярим ой бурун, синглимникидаги тўй олдидан мендан 350 минг олган эдингиз?

– Ҳа-я, албатта, ҳозир...

– Йўқ-йўқ, бу нима деганингиз? Отага берилган пул ҳам сўраларканми? Аммо бу фарзанднинг гарданида қолиб кетмаслиги керак! Ўтган ойда сиздан қанча олгандим?

– Қайдам! Эсимда йўқ...

 

ХАТ

«Хайрли тонг, азизим! Нонуштангиз тайёр. Шарбат музлаткичда. Тонгги газетани иш столингизга қўйганман. Ишга кеч қолманг-а! Тушликда қўнғироқ қилишни унутманг! Сизни ўпиб қоламан! Мен аэропортга кетдим. Бугун эрим келади...»

 

ҚОТИЛ

Сўнгги кўргани кўзгудаги қотили бўлди...

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Биласизми?

17:11 / 21.11.2024 0 50
“Тариф”нинг таърифи ва тарихи

Биласизми?

10:11 / 20.11.2024 0 58
“Ўдаға”нинг ўдағайлагани

Қатра

21:11 / 11.11.2024 0 126
Мўъжизанинг баҳоси

Қатра

15:11 / 08.11.2024 0 160
Ота ва етти ўғил ҳикояси

Биласизми?

23:11 / 01.11.2024 0 237
“Бирпас”ми, “иккипас”?..



Кўп ўқилган

Барчаси

Қомус

15:04 / 19.04.2023 0 6109
Жадидчилик

Қатра

20:08 / 18.08.2022 15 4920
Илк ватан

Қатра

01:01 / 10.01.2022 7 4561
Бир қоп ун

Қатра

17:08 / 21.08.2022 6 3987
Тинчлик

Қатра

01:01 / 18.01.2022 2 3412
Ўқиш пули

Бир куни...

03:12 / 09.12.2021 3 2981
Ҳар нарса ҳам кўринганидек эмас

Қатра

03:12 / 28.12.2021 1 2896
Туғилган кун

//