Ўткир Ҳошимов. Қатралар


Сақлаш
21:11 / 27.11.2021 0 1170

ОТАЛАР ВА БОЛАЛАР

У оддий одам эди. Ҳаммолчилик қиларди. Тўрт қиз, уч ўғилни оёққа турғазди. Ўғилларини уйлантирди. Қизларини чиқарди.

Ҳаммасини уйли-жойли қилди.

Кўз юмаётганида «ҳаммаларингдан мингдан-минг розиман», деди...

Қарашса, кафанлиги йўқ экан...

 

ГУМРОҲ БАНДАЛАР

Одамларга ҳайронсан. Ота-онаси тириклигида икки оғиз ширин сўзни текинга айтмайди-да, улар ўлганидан кейин минг-минг пул сарфлаб, ўша сўзларни қабртошга ёздириб қўяди...

 

«ТУТИНГАН» ЎҒИЛ

Амал курсисида ўтирганингда ким энг кўп товонингни яласа, курсидан тушганингда ўша биринчи бўлиб сендан юз ўгиради, деганлари қанчалик тўғри эканига ўзим ишонч ҳосил қилдим.

Бир қадрдоним бор эди. Кунора қўнғироқ қилиб, ҳафтада келиб турар, шифохонага тушиб қолсам, «овора бўлманг», дейишимга

қарамай ҳаммадан аввал етиб борар, таътил пайтида Ўзбекистоннинг қайси бурчагига дам олмай, топиб борар, «бир чўқимгина» ош қилмаса, кўнгли жойига тушмас эди... Буниси ҳам майли, икки гапнинг бирида «мен сизни отам деганман, сиз менинг отамсиз», деб, Худони ўртага солиб қасам ичарди...

Мансабим жиндай ўзгарган эди, «болам»ни йўқотиб қўйдим. Суриштирсам бошқа ота излаб юрган экан...

 

«ОТЧОПАР»ДА

«Отчопар» бозорида эски дўстимни учратиб қолдим. Математик... Олим... Сигарет сотиб ўтирган экан... Мени кўриб кўзини яширди. Мен ҳам бурилиб кетдим...

Иккаламиз бир-биримиздан нега уялганимизни билмайман. Негадир... йиғлагим келди...

 

УМР

Танишдилар... Севишдилар... Турмуш қурдилар... Фарзанд кўрдилар...

Тўнғичи нимжонроқ эди. Касал бўлиб, кўп куйдирди... Ўртанчаси ўйинқароқ эди... Қамалиб чиқди...

Кенжаси қиз эди... Эркароқ ўсди. Турмуши бузилди...

Бир куни эркак кечаси уйғониб кетди. Узоқ ўйлаб ётди. Қараса, аёли ҳам уйғоқ экан.

– Онаси, – деди. – Дунёга келиб нима кўрдик ўзи?

– Билмасам, – деди аёли хўрсиниб...

...Боботоққа борганимда қуриб қолган иккита дарахтни кўргандим. Иккаласи бир-бирига суяни-и-иб турарди...

 

 СУРАТ

Дунёнинг ишлари доим шошилинч. Одатдагидек тик турганча нонушта қилаётган эдим. Онам одатдагидек қистарди:

– Ўтирсанг-чи, болам. Бирпас ўтиргин.

– Бўлди, кетдим.

– Шошма, болам. – Онам кўзимга одатдагидан бошқача, қандайдир мунг билан термилди. – Гап бор.

Типирчилаб соатга қарадим: ҳали бензин олиш керак, ишга бориш керак, кейин нашриётга ўтиш...

– Нима эди?

Онам кўзимга ҳамон маъюс термилиб ўтирарди.

– Суратга тушайлик, – деди тўсатдан.

Ажабландим.

– Нега?

– Яқинда мен ўламан.

Онам бу гапни худди: «Қўшниникига чиқиб келаман», дегандек оҳангда айтди. Кулиб юбордим.

– Қўйсангиз-чи, ойи.

Шундай дедим-да, чиқдим кетдим.

Орадан икки ҳафта ўтди-ю... Кечалари уйғониб кетаман, ўйлайман. Ўйлайман: сен номард, сен аҳмоқ нимага, нимага ўшанда кулдинг? Суратга тушишга вақтинг йўқмиди? Керак бўлса топасан-ку! Китоб учун, журнал учун, иш устида, боғда, кўчада... Нима, сен киноюлдузмисан?

Жаҳоншумул шахсмисан? Ана, бир даста суратинг ётибди. Ҳар хил. Ҳар ерда... Фақат... Онанг билан тушган суратинг йўқ!

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Биласизми?

10:03 / 03.03.2025 0 61
“Қозонди” феълидаги “қозон” ҳақида

Биласизми?

10:03 / 03.03.2025 0 111
Маржумакдан шўрва қилиб бўладими?

Биласизми?

15:02 / 28.02.2025 0 81
Маймунжон, парманчак ва болдирғон

Биласизми?

14:02 / 28.02.2025 0 79
Хўжайин бўлолмаган хўжағат

Биласизми?

12:02 / 27.02.2025 0 99
Етти ва ҳафта



Кўп ўқилган

Барчаси

Қомус

15:04 / 19.04.2023 0 8904
Жадидчилик

Қатра

20:08 / 18.08.2022 15 5233
Илк ватан

Қатра

01:01 / 10.01.2022 7 4843
Бир қоп ун

Қатра

17:08 / 21.08.2022 6 4277
Тинчлик

Қомус

22:08 / 04.08.2023 0 3622
Миллий урф-одатлар

Қатра

01:01 / 18.01.2022 2 3537
Ўқиш пули

Бир куни...

03:12 / 09.12.2021 3 3118
Ҳар нарса ҳам кўринганидек эмас

//