Биласизми?
Улар уйғоқ ҳолда менга дерларки, “Сен ва сен ичида яшаётганинг дунё улкан денгизнинг улкан қирғоғидаги қум заррасидан бўлак ҳеч нарса эмас”. Мен эса ухлоқ ҳолда уларга дейманки, “Улкан денгиз менман, бутун олам қирғоғимдаги қум заррасидан бўлак ҳеч нарса эмас”.
***
Фақатгина бир бор жавоб тополмай қолганман – “Сен кимсан?” деб сўрашганида.
***
Тангрининг биринчи ўйлагани малак бўлди.
Тангрининг биринчи сўйлагани одам бўлди.
***
Эсламоқ – висолнинг бир кўринишидир.
Кечиримли бўлмоқ эса – эркнинг.
***
Пар тўшакда ухлайдиганларнинг тушлари ерда ухлайдиганларнинг тушларидан гўзалроқ бўлмаслигини билган ҳолда, ҳаёт адолатига қандай шубҳа қилишим мумкин?
***
Инсоннинг тасаввури ва эришганлари ўртасида масофа мавжудки, уни ёлғизгина иштиёқ билан босиб ўтса бўлади.
***
Инсоннинг қадри нималарга эришгани билан эмас, нималарга эришишга бел боғлагани билан ўлчанади.
***
Қачонки ўзинг исмини билмайдиган бахтга интизор экансан ва қачонки ўзинг боисини билмайдиган ғуссага гирифтор экансан, демак барча ўсадиган нарсалар сингари сен ҳам ўсаётган, улуғворроқ ўзлигинг сари юксалаётган бўласан.
***
Ҳақиқат ҳар доим англанади, гоҳ-гоҳидагина тилга олинади.
***
Кўплаб таълимотлар худдики дераза ойнасига ўхшайди: улар орқали ҳақиқатни кўришимиз мумкин, аммо айни вақтда улар бизни ҳақиқатдан ажратиб ҳам туради.
***
Дарахтлар — заминнинг осмонга бағишлаган шеърлари. Биз эса уларни йиқитамиз, қоғозга айлантирамиз ҳамда ўз валдирашларимиз билан тўлдирамиз.
***
Сўзнинг умри боқий. Сўзласанг ҳам, ёзсанг ҳам сўзнинг умри боқийлигини англаб сўзла ва ёз.
***
Куйлаётганинг гўзаллик қўшиғи бўлса, кимсасиз саҳро ўртасида эсангда тинглагувчи топилади.
***
Аёлнинг кичик хатоларига кўз юма олмайдиган эркак унинг буюк фазилатларидан ҳам ҳеч қачон роҳатлана олмайди.
***
Фақат девоналар ва даҳоларгина одамзод яратган қоидаларни буза оладилар ва шу иккисигина худога яқинроқдир.
***
Қароқларидаги нафрат ўтини дудоқларидаги кулимса билан хаспўшлашга уринадиган кишидан аҳмоғи бўлмаса керак.
***
Ҳаётнинг мағзига ета олсанг, на бир каззобдан юқори ва на бирор авлиёдан қуйи ўринда эмаслигингни англайсан.
***
Тафаккури оқсоққа эмас, оёғи оқсоқ кишига; қалби сўқирга эмас, кўзи сўқир одамга ачинишинг нақадар ғалати?
***
Қўлтиқтаёғини ғанимининг бошига уриб синдирмагани чўлоқнинг оқиллигидан далолат.
***
Барчамиз маҳбуслармиз, фақатгина баъзиларимизнинг бўлмаларимизда дераза бор, баъзиларимизникида эса йўқ.
***
Биров устингдан кулса, унга ачинишинг мумкин; аммо сен бировнинг устидан кулсанг, ўзингни ҳеч қачон кечира олмайсан. Биров сенга озор еткизса, уни эсдан чиқаришинг мумкин; аммо сен бировга озор еткизсанг, ҳеч қачон эсингдан чиқара олмайсан. Аслида сендан кулган ҳам, сени инжитган ҳам бировнинг танасидаги ҳассос ўзлигингдир.
***
Инжу – қум заррасининг сиртида дард отлиғ меъмор бино этган ибодатхонадир. Хўш, бизнинг танимизми қайси туйғу, қайси зарранинг сиртида бунёд этган экан?
***
Жаннат мана шу ерда, анави эшикнинг ортида, кейинги хонада; фақатгина мен хона калитини йўқотиб қўйдим. Эҳтимол, мен йўқотган ягона нарса шу бўлса керак.
“Қум ва кўпик” китобидан,
Шоҳрух Усмонов таржимаси
Биласизми?
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Бир куни...
Қатра
//
Изоҳ йўқ