Ўзбек ижодкорларидан митти ҳикоялар


Сақлаш
16:11 / 25.11.2021 0 1216

 

ЁЛҒОН

Одатимизга кўра, чақалоқни кўтариб олган маҳал оғир дейилмайди.

Меҳмонимиз, мункиллаб қолган Тошбой ота бешикдаги гўдакни қўлига олдию, баайни оғир харсангтош кўтаргандай энкайиб қолди. Сўнг машаққат билан қаддини ростлаб, оғир нафас оларкан:

– Умрини берсин, енгилгина  экан, – деди.

Қария одатни бузмаслик учунгина ёлғон гапирди. Ва нақадар ёқимли эди бу ёлғон...

Абдуқаюм ЙЎЛДОШЕВ

 

ҲАДЯ

Қиз ҳаяжон билан стол устидаги жўнатма қутисини силаб-сийпаларди.

“Қандай яхши! Қандай ажойиб! Туғилган кунимни унутмабди! У мени севади! Нақадар бахтлиман! Қизиқ, ичида нима бор экан? Узукми? Гулларми? Балки мен ёқтирган атирдир? Мана, ҳозир кўзларимни юмиб, совғани очаман ва ичида нима борлигини билволаман... Қандай ёқимли дақиқалар...”

Эшик тақиллади.

– Кечирасиз, яхши қиз, марҳамат қилиб жўнатмани қайтарсангиз... Манзилни адаштиришибди...

Хуршида АБДУЛЛАЕВА

 

БАХТСИЗЛИК

– Бугун шифокорга боргандим. Биласизми, у менга нима деди? Кўзим хиралашган ва энди бир умр кўзойнак тақиб юришим керак эмиш. Бир умр-а? Тасаввур қиляпсизми? Ундан кўра кўр бўлиб қолганим яхшимасми? Уларга гапириш осон... Эҳҳ, шунақаям бахтсизлик бўладими?

– Ҳа, сизга қийин. Илтимос, яшил ёнганида огоҳлантириб қўйинг!..

Муҳаммадхон ЮСУПОВ

 

ВАЪДАГА ВАФО

Осмонга термулиб турган қизга йигит:

– Сенга осмондаги ойни олиб бераман, – деган ваъдани берди...

Орадан йиллар ўтиб, икки нафар қиз фарзанд кўришди, оиланинг катта бекаси:

– Отангиз ваъдани бериб устидан чиқмайди, бир замонлар осмондан ойни олиб бераман, деганди.

Сочларига оқ тушган киши:

– Икки қизимизни осмондаги ойдан қаери кам? -дея жавоб берди...

Дониёр ҚУРБОНХЎЖАЕВ

 

ОДАМЛАР

Қиз талаба бўлди.

«Ўқиб олим бўлармиди», қўл силтади одамлар.

Қизгина унга ошиқ йигитнинг изҳорини қабул қилди.

«Танлаганинг шуми», кулди одамлар.

Келинчак жуфтининг хизматида бўлди, бирор марта юзига тик қарамади.

«Мунча лаллаймасанг», деди одамлар.

Аёл кетма кет фарзандларни дунёга келтирди.

«Бунча кўп туғасан», ачинди одамлар.

Аёл ишга кирди, рўзғорга қарашди.

«Оилани унутма», ақл ўргатди одамлар.

Аёл ҳасталанди.

«Жони қирқта, ўлмайди», хукм қилди одамлар.

Аёл курашди, гулдек яшнади, кўзёшини бировга кўрсатмади.

«Бир балоси бор», шубҳаланди одамлар.

Кампир кексайди, ҳамманинг ризолигини олиб омонатини топширди.

Одамлар эса ҳамон гапирарди...

Нодирабегим ИБРОҲИМОВА

 

УЙҒОНИШ

У ишхонаси томон оҳиста отланаркан, боши узра жилоланаётган Қуёшга ташаккур дегиси келди. Ахир ана шу офтоб ўзининг илиқ нурлари билан уйғотади бутун борлиқни. Кейин ўйга чўмди:

«Аёл ҳам қуёшга ўхшайди-я!» Ўтмиши кўз ўнгида бирма-бир жонланди.

У гўдак эди. Бир меҳрибон аёл уни тонгда уйғотарди:

– Тур, болагинам, боғчангга кеч қоляпмиз!

У бола эди. Бир мунис аёл тонглари уни уйғотар эди:

– Тур, болам, мактабингга кечикасан!

У йигит эди. Бир муштипар аёл уни эрталаблари уйғотарди:

– Уйғон, ўғлим, ўқишингга кечикяпсан!

У эркак бўлди. Саҳар уни бир гўзал аёл уйғотди:

– Туринг, дадаси, ишингизга кеч қоляпсиз!

«Ҳа, – деди у шивирлаб, – эркакни уйғотгани учун ҳам Аёлга ташаккур!»

Мансур ЖУМАЕВ

 

СЎНГГИ ИФТОРЛИК

Шомга яқин немислар чекина бошлади. Жанггоҳни ғалаба овозалари тутиб кетди. У борган сари тўхтаб бораётган юрак дукурини тинглар, кўзини ботай-ботай деб турган қуёшдан узмасди. Ниҳоят қуёш ботди. Вақт бўлди, ўйлади у. Сўнгги кучини тўплаб бир сиқим тупроқни оғзига солди.

Аслиддин ТЎЛАНОВ

 

КАТТА ЮРАК

Унинг юраги шунчалик катта эдики, онасининг бевақт ўлимини, отасини қатағон қилишларини, севгилисининг яқин дўстига турмушга чиқиб кетишини ҳам сиғдира олди. Йиллар сочларига қўндирган қировларни дўпписи остига яшириб тинчгина яшади. Бироқ  кўчадан йиғлаб келган ўғилчасининг: «Мен ташландиқманми? Мени асраб олганмисиз?» деган саволининг залворини катта юраги ўзига сиғдиролмади. Йиллар давомида йиғилган «юклар» оғирлик қилгандир, ким билади. Биргина «дук» этди-ю, бошқа урмади.

Саида ИБОДИНОВА

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Биласизми?

10:03 / 03.03.2025 0 61
“Қозонди” феълидаги “қозон” ҳақида

Биласизми?

10:03 / 03.03.2025 0 111
Маржумакдан шўрва қилиб бўладими?

Биласизми?

15:02 / 28.02.2025 0 81
Маймунжон, парманчак ва болдирғон

Биласизми?

14:02 / 28.02.2025 0 79
Хўжайин бўлолмаган хўжағат

Биласизми?

12:02 / 27.02.2025 0 99
Етти ва ҳафта



Кўп ўқилган

Барчаси

Қомус

15:04 / 19.04.2023 0 8904
Жадидчилик

Қатра

20:08 / 18.08.2022 15 5233
Илк ватан

Қатра

01:01 / 10.01.2022 7 4843
Бир қоп ун

Қатра

17:08 / 21.08.2022 6 4277
Тинчлик

Қомус

22:08 / 04.08.2023 0 3622
Миллий урф-одатлар

Қатра

01:01 / 18.01.2022 2 3537
Ўқиш пули

Бир куни...

03:12 / 09.12.2021 3 3118
Ҳар нарса ҳам кўринганидек эмас

//