Яхши дам – меҳнатга ҳамдам – таътил кунларини қандай ва қаерларда ўтказиш мумкин?


Сақлаш
02:07 / 18.07.2023 0 700

Йил бўйи бўзчининг мокисидек ишга-ўқишга қатнашдан олинган чарчоқ яхшигина ҳордиқ чиқарилмаса – тарқамайди. Хўш, ўша чарчоқни чиқариш учун нима қилиш, қандай дам олиш зарур?

 

Умуман, дам олишнинг фаол ва пассив турлари мавжуд. Ҳаракатчанлик билан боғлиқ – тоққа чиқиш, чўмилгани бориш, шаҳар ташқарисидаги дала ҳовлида терга ботиб ишлаш – фаол ҳордиқ чиқариш турлари бўлса, филм томошаси, китоб ўқиш, оғайнилар билан ўйналадиган видеоўйинлар – пассив дам олиш ҳисобланади.

 

Мутахассислар яна таътилларни уч турга бўладилар: социал, сенцор ва ижодий. Социал таътил кўпроқ коммуникацияни белгилайди ва сиз ўзингизга фикрдош, тез тил топишиб кетишингиз мумкин бўлган кишилар билан биргаликда ҳордиқ чиқарасиз, суҳбатлашасиз, рок концертига борасиз, чўмиласиз ва шунинг баробарида руҳий ҳолатингизни яхшилайсиз.

 

Сенцор таътил кўпроқ шаҳар аҳолисига татбиқ қилиниб, бундан мақсад ҳар хил гаджетларни четга суриб, кўз нурини нормал ҳолатга келтиришдан иборат. Ижодий таътил эса тушунарли – бу кўпроқ якка ёки жамоавий равишда маълум лойиҳа устида ишлашни, тинч ва ҳотиржам жойларни талаб қилади.

 

Хўп, таътилни, умуман дам олишни қандай амалга ошириш лозим? Нима қилганда ҳордиқдан сўнг ўзингизни қувватга тўла ва тетик ҳис қиласиз?

 

– агар танангизда жисмоний толиқишни ҳис қилаётган бўлсангиз, фаол ҳордиқ турларини четга суриб қўйганингиз маъқул. Масалан, дала ҳовлига бориб ота-онангизга ем-ҳашак йиғишда кўмаклашиш яхши вариант эмас, яна дўстларингиз билан бирга футбол ўйнашдан ҳам воз кечганингиз маъқул. Тинчгина бирон қизиқроқ филм томошасига борганингиз яхши: Тошкентнинг ўзида 20 дан ошиқ барча қулайликларга эга кинотеатрлар бор ва уларнинг кўпида оёғингизни бемалол узатиб кино оламига сингиб кетишингиз мумкин.

 

 

 

1. Compass Cinema – Қўйлиқ бозори рўпарасидаги улкан Компасс савдо маркази ичида жойлашган, олтита залдан иборат замонавий кинотеатр. 230 нафар томошабинни ўз ичига олиши мумкин бўлган битта катта ҳамда 77 томошабинга мўлжалланган 5 та кичик залга эга.

Манзил: Бектемир тумани, Фарғона йўли кўчаси, 17

 

 

2. Anhor Cinema – рақамли кинотеатр; тасвир сифати 3D форматида, DOLBY DIGITAL SURROUND 5.1 овозли кино томошаси истовчилар учун айни муддао.

Манзил: Шайхонтоҳур тумани, Лабзак кўчаси, 12/1

 

 

3. Next Cinema – Некст савдо марказида жойлашган. Энг яхши халқаро ва миллий фильмлар намойиши билан ном қозонган. Ушбу кинотеатрда ҳам 3D, ҳам оддий форматдаги бадиий фильмларни томоша қилиш имконияти мавжуд. Унинг замонавий ва қулай курсилар билан жиҳозланган 4 та кўриш зали мавжуд.

Манзил: Яккасарой тумани, Бобур кўчаси, 6

 

 

4. Open Air Cinema – Локомотив Шарқ боғида жойлашган очиқ осмон остидаги кинотеатр. Ушбу кинотеатрни Тошкентдаги энг сўлим кинотеатр деса бўлади: сиз ҳовуз атрофи ёғоч пол қилинган супа устида ёстиқсимон бинбегларга чўзилганча фильм томоша қилишингиз мумкин. Бунда бир кишилик 8 бинбег, икки кишилик 12 бинбег мавжуд, томоша ҳақи эса Локоматив боғига кириш ҳақидан ундириб қолинади. Кинотеатр савдо характеридан йироқ бўлгани туфайли ундаги фильмлар дунё киномотографиясининг классикаларидан иборат.

Манзил: Темур Малик кўчаси

 

– агар ўзингизда эмоционал толиқиш ҳис қилсангиз, шовқин-суронли дўстлар, ишхона жамоаси билан ўтадиган ҳордиқларни бир чеккага суриб қўя қолганингиз маъқул. Шаҳар ичи салқин ва кўкаламзор капсуларга тўла, имкони борича одамлар кам ерда ўзингиз ёки оилангиз билан пикник қилишингиз ва бир нафас ишни ҳамда бошқа муаммоларни унутиб, майса устида ётишингиз сизга анча қувватлантиради. Агар майсазор атрофидан оқар сувми ўтган бўлса, нур устига аъло нур. Оқар сувга тикилиб руҳингиздаги толиқиш ва исённи босиб олишингиз, бунинг устига кўзингиздаги ҳориқишни ҳам кетказишингиз мумкин.

 

 

1. Алишер Навоий музейи қаршисидаги ўтлоққа баланд чинорлар туфайли тангадек ҳам нур тушмайди. Кунига икки маҳал суғорув фаввораларидан қуйилган сув туфайли ҳаводаги намлик миқдори меъёрида, ўтлоққа кирган одам бу ернинг энг гавжум автолар қатнов қисмида эканига ишонмайди – ҳатто шовқин ҳам ўтмайдиган капсуладек таассурот уйғотади.

Манзил: Навоий кўчаси, 69

 

 

2. Тошкент ботаника боғи. Қуюқ дарахтлар, нилуфар гуллари ўсиб ётган кўл, ўрмон бўлиб ўсган бутоқлар кўзингизни қувнатиши, руҳингизни тинчлантириши аниқ. Яна олмахонларни печенье ёки ёнғоқ билан меҳмон қилишингиз мумкин.

Манзил: Боғишамол кўчаси, 232

 

 

3. Япон боғи – сунъий кўл ёқасидаги тинч кўкаламзор. Кириш пулли, ўрдак ва ғозлар, япон табиатига хос гуллар, буталар, ўсимликлар, балиқлар томошаси ичингиздаги ғуборни сидириб юборади. Сувда қайиқда сайр қилинг, сувга кафтингизни теккизинг, осмонга тикилинг, йўлаклардаги бирон ўриндиққа ўтириб яхши нарсалар ҳақида хаёл суринг.

Манзил: Амир Темур кўчаси, 107

 

 

4. Дўстлик боғини кўпчилик эски Бобур номи билан эсда сақлаган. Капалак шаклидаги сув ҳавзасига бир неча йилдан бери сув қуйилмайдию, аммо қуюқ дарахтлар ва майсалар салқини унча-мунчага кўтарилмаслигини ҳам тан олиш керак. Кечки очиқ осмон остидаги кинотеатр, тинчлик қўнғироғи, бўм-бўш ўриндиқлар – интровертларнинг жонини киргизиши тайин.

Манзил: Бобур кўчаси, 33

 

– мабодо интеллектуал толиқиш сезсангиз – кино кўриш, интеллектуал ўйинларга ташриф буюриш, китоб ўқишдан бирон наф бўлмаслигини билишингиз зарур. Мия бундай ҳолатда бирон ҳаракат қилмасангиз ҳам босим билан ишлашда давом этаётганини ҳис қилишингиз турган гап ва келаётган иш кунларида бошингизни кўтара олмайсиз. Бундай толиқишни жисмоний фаол дам олиш турлари кўтаради, шунда ҳам иш ва бошқа муаммоларни бир муддатга унутганингиз маъқул.

 

Шу ўринда яна бир мулоҳазани қўшиб ўтиб кетишни маъқул деб билдик – менталитет хусусиятига кўра ўзбекнинг ҳар бир маросими овқатланиш билан бирга келади. Ҳеч эътибор қилганмисиз, дам олгани оиласи билан тоққа борган одамдан нималар қилганини сўрасангиз ё биринчи, ё иккинчи ўринда албатта нима овқат тайёрлашгани ҳақида сўзлайди. Ҳар бир тадбир, ҳар бир машварат дастурхон устида, энг камида икки пиёла чой билан ўтади – бу одат, биз яшаш учун овқатланамиз, буни рад қилиб бўлмайди. Аммо айнан шу сабабдан ҳам қанақадир таом учун вақт сарфлаб, шаҳарнинг (вилоятнинг, республиканинг) қайсидир қисмига бориб, дам олдим деган фикрни ўзингизга сингдиришга уринмаганингиз маъқул.

 

Бир нарсани унутмаслик керак: дам олиш худди иш каби режалаштирилсагина мия уни нормал қабул қилади.

 

Аввало, қачон ва қаерда дам олишингизни ёзиб қўйинг. Ҳордиқ чиқаришда нималарни исташингизни, кимлар билан вақт ўтказишингизни, нималар қилишингизни, аввалги таътилингиздан буниси нимаси билан фарқ қилишини ёзма равишда аниқлаштиринг.

 

Тана ва руҳингиз ҳолатини доимий назорат қилиб боринг, дам олишни режалаштиришда бу ўта зарур аспект ҳисобланади.

 

Ҳордиқ чиқаргани фақат дам олиш кунларининг ўзи етарли деб ҳисобласангиз, янглишасиз. Чунки ҳафта давомида сизнинг жисмоний қувватингизни тиклашга сарфланган якшанба фақат уйқу билан ўтиб кетиши ва сиз ҳали ҳам эмоционал ва интеллектуал жиҳатдан толиққан бўлишингиз мумкин.

 

Иш ва таътилни ҳеч қачон бир пайтда амалга ошириб бўлмаслигини тан олишингизга тўғри келади. Дам олиш мобайнида қиламан дея ўзингиз билан олинган ишларнинг кўпи ё қолиб кетади, ёки таътил сизга таътимайди. Мумкин қадар иш бўйича бўладиган қўнғироқларни қабул қилмаганингиз, иш телеграмингизга кирмаганингиз маъқул, бу таътил кайфиятидан чиқиб кетмаслигингизни кафолатлайди. Яъни у сизга ёқиши керак, оилангиз ёки дўстларингизга эмас. Шу сабабдан сизга мутлақо қизиғи бўлмаган давраларга боришни, кўришни истамаган филмингиз томошасини, сизга ёқимсиз барча ҳордиқ турларини рад қилишдан чўчиманг. Охир-оқибат, таътил сизнинг вақтингиз – уни ўзингизга маъқул, кўнглингиздагидек ўтказинг. Ўзингизни ўйланг, эмоционал, интеллектуал ва жисмоний қувватга тўлинг, имкони бўлса жисмоний тарбия билан шуғулланинг, китоб ўқинг, ёрқин таассуротларингизни кўпайтиринг, хуллас, мультфилмда айтилганидек, МАРОҚЛИ ДАМ ОЛИНГ!

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Биласизми?

17:11 / 21.11.2024 0 11
“Тариф”нинг таърифи ва тарихи

Биласизми?

10:11 / 20.11.2024 0 36
“Ўдаға”нинг ўдағайлагани

Қатра

21:11 / 11.11.2024 0 121
Мўъжизанинг баҳоси

Қатра

15:11 / 08.11.2024 0 156
Ота ва етти ўғил ҳикояси

Биласизми?

23:11 / 01.11.2024 0 237
“Бирпас”ми, “иккипас”?..



Кўп ўқилган

Барчаси

Қомус

15:04 / 19.04.2023 0 6083
Жадидчилик

Қатра

20:08 / 18.08.2022 15 4916
Илк ватан

Қатра

01:01 / 10.01.2022 7 4554
Бир қоп ун

Қатра

17:08 / 21.08.2022 6 3981
Тинчлик

Қатра

01:01 / 18.01.2022 2 3411
Ўқиш пули

Бир куни...

03:12 / 09.12.2021 3 2979
Ҳар нарса ҳам кўринганидек эмас

Қатра

03:12 / 28.12.2021 1 2894
Туғилган кун

//