Мафкура. Мафкура эволюцияси. Мафкура яккаҳокимлиги


Сақлаш
22:07 / 11.07.2023 0 638

Мафкура (арабча фикрлар мажмуи) – муайян ижтимоий гуруҳ, қатлам, миллат, жамият, давлат манфаатлари, орзу-истак ва мақсад-муддаолари ифодаланган ғоявий-назарий қарашлар ҳамда уларни амалга ошириш тизими. Унда манфаатлар ифодаланаётган куч ва қатламларнинг ўтмиши, бугунги куни ва истиқболи ўз ифодасини топади. Инсоният тарихида турли-туман мафкуралар бўлган. Турли халқлар ва ижтимоий кучларнинг ғоявий раҳнамолари, мутафаккир ва арбоблари, ўзларининг манфаат ва мақсадларидан келиб чиқиб, мафкуравий таълимот ва дастурлар ишлаб чиққанлар. Мафкура муайян диний, фалсафий таълимот асосида яратилади, маълум илмий қараш ва ахлоқий тамойилларга таянади. Мафкуралар ўз моҳияти ва таъсир кучига кўра, жамиятни бирлаштириши ёки уни бир-бирига қарама-қарши тарафларга бўлиб юбориши, давлатнинг жаҳондаги обрў ва мавқеини ошириши ёки тушириши, халқларни юксакликка кўтариши ёки таназзулга дучор этиши мумкин. Юксак мақсадлар, бунёдкор ғояларга асосланган мафкура ижтимоий-иқтисодий тараққиётга туртки бўлади, маънавиятни юксалтиради, инсонларни улуғвор ишларга сафарбар этади. Озодлик, эркинлик, мустақиллик, тинчлик, ҳамкорлик ғоялари асосида шаклланган, эзгу мақсадларга хизмат қиладиган мафкура бунёдкорлик хусусиятига эга бўлади. Вайронкор ғоялар асосида шакл ланган мафкуралар эса жамият тараққиётига ғов бўлади, миллат ва халқларни асоратга солади. Бундай мафкура ўз мазмун-моҳиятига кўра, ҳукмрон, мустабид, тажовузкор, босқинчилик, экстремистик, ақидапарастлик шаклларида намоён бўлади. Собиқ иттифоқ даврида мафкурага умуминсоний қараш шаклланмаган, бунга йўл қўйилмаган эди. Унга тўғри ва холисона баҳо бериш имкони мустақиллик туфайли очилди.

 

Мафкура эволюцияси – муайян мақсад ва манфаатларни ифода этувчи ғоявий-назарий қарашлар тизимининг вужудга келиши, ривожланиши ва интиҳога етиши жараёнини ифодаловчи тушунча. Ҳар қандай мафкура жамиятда янги пайдо бўлган ижтимоий-сиёсий кучларнинг талаб-эҳтиёжлари ва мақсад-муддаоларини ифода этувчи янги ғоявий тизим сифатида вужудга келади. Мафкура эволюцияси даврида миллат ёки ҳаракатнинг етакчи кучлари, сиёсий арбоблари, мафкурачилари ижтимоий онгда орзу-интилиш ва руҳиятда ҳис-туйғуларни бир тизимга соладиган таълимот ва дастурлар яратадилар. Ғоявий тарбия воситалари ва фаоллари орқали бу ғоялар онгга ва руҳиятга сингдирилади. Бу ғоялар кўпчилик онгини эгаллагач, уларни ҳаракатга келтириб, мақсад сари етаклайдиган кучга айланади. Мафкура, вақти келиб, ўз соҳиблари тарих майдонидан тушсалар ҳам, мафкуравий мерос сифатида янги даврда ҳам ўз таъсирини сақлаб қолиши мумкин. Бу нафақат эзгуликка хизмат қиладиган, балки ўз моҳиятига кўра ғайриинсоний бўлган мафкура шаклларига ҳам тегишлидир.

 

Мафкура яккаҳокимлиги – муайян давлат, жамият ёки бир гуруҳ давлатларда ягона мафкуранинг тўла ҳукмронлигини унга хос тамойилларнинг ўзгармас ақидалар тарзида жамият ҳаётида қатъий ва мутлақ тартибда ўрнатилишини ифодалайдиган тушунча. Мафкура эволюциясининг моҳияти шундаки, бунда бирон-бир мафкуравий тизим ягона илмий, энг адолатли, жамиятдаги барча қатламлар манфаатларини ифода этувчи мафкура деб эълон қилинади. Мафкура эволюцияси шундаки, ўзининг моҳияти ёки бирон-бир жиҳати билан ундан фарқ қилувчи ғоялар, қарашлар, мафкуралар ёт ва душман мафкуралари сифатида қаралади. Оқибатда миллионлаб кишиларда мутелик, лоқайдлик, боқимандалик, маҳдудлик, ўзга ғояларга ҳадиксираб қараш руҳияти шаклланади, жамиятнинг маънавий ривожига, илм-фан равнақига жиддий зарар етказилади. Тарихда мафкура эволюциясининг энг кўп тарқалган шакли ақида парастликдир. Бундай мафкуралар Осиё ва Европа давлатлари тарихида муайян даврларда ҳукмронлик қилган. Ўрта асрларда Ғарбдаги ақидапарастлик мафкураси (инквизиция) ҳурфикрлилик ривожига, жамият тараққиётига тўсқинлик қилиб келди. Юзлаб алломалар, ақл-заковат соҳиблари унинг қурбонига айланди. Бундай салбий анъана коммунистик мафкура ҳукмронлиги даврида ҳам давом эттирилди, кўплаб моддий ва маънавий йўқотишларга сабаб бўлди.

 

Ғарбда юзага келган фан ва техниканинг янги ютуқлари кўр-кўрона инкор этилди, генетика ва кибернетика, политология, конфликтология, аксиология каби фанлар «реакцион» ва «сохта» деб эълон қилинди. Психология, социология, культурология, семиотика, бионика, информатика назарияси, эргономика каби фан соҳалари етарли даражада ривожлана олмади. Аксарият миллий қадриятлар, урф-одат, анъаналар эскилик сарқити деб эълон қилинди. Натижада кўплаб маданият дурдоналари изсиз йўқолиб кетди. XX асрнинг 30-йилларида Италия ва Германияда фашизм ҳам ана шундай ҳукмрон мафкура даражасини эгаллаган эди. Унинг оқибатида дунёдаги миллионлаб инсонларнинг бошига чексиз кулфатлар ёғилди. Мамлакатимиз мустақилликка эришгач, миллий ғоямизнинг асосий тушунча ва тамойиллари, унинг мазмунини ифода этадиган йўналишларни ўз ичига олган ҳар томонлама асосланган таълимот яратилди. Бизнинг Асосий қонунимиз мамлакатимизда бирон-бир мафкуранинг мутлақлашуви, яккаҳоким ақидага айланишига йўл қўймайди. У фикрлар ранг-баранглигига асосланади, ижтимоий ҳаёт, сиёсий ташкилот, мафкураларнинг хилма-хиллигига таянган ҳолда жамият ривожини таъминлаш йўлида хизмат қилиб келмоқда.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Биласизми?

14:07 / 15.07.2025 0 74
“Кимсан” аслида ким?

Ҳикмат

10:07 / 03.07.2025 0 74
Армон бобо

Биласизми?

16:07 / 02.07.2025 0 67
Елиб келди



Кўп ўқилган

Барчаси

Қомус

15:04 / 19.04.2023 0 11086
Жадидчилик

Қатра

20:08 / 18.08.2022 15 5671
Илк ватан

Қатра

01:01 / 10.01.2022 7 5205
Бир қоп ун

Қомус

22:08 / 04.08.2023 0 5146
Миллий урф-одатлар

Қатра

17:08 / 21.08.2022 6 4648
Тинчлик

Қомус

15:04 / 18.04.2023 0 3910
Радикализм

Қатра

01:01 / 18.01.2022 2 3689
Ўқиш пули

//