
Биласизми?
Ижтимоийлашув – бирон-бир воқеа-ҳодиса, шахс ёки ҳаракатнинг ижтимоий моҳият касб этиб, кўпчиликка дахлдор бўлиб, ижтимоий муносабатлар мужассамига айланиб боришини англатадиган тушунча. Ижтимоийлашув жараёни ва унинг ўзига хос хусусиятлари фалсафа, социология, ижтимоий психология, педагогика, тарих ва этнография фанлари томонидан ўрганилади. Ижтимоийлашувнинг фалсафий талқинига ижтимоий психология асосчиси Г.Тард пойдевор яратган. Шунингдек, ижтимоийлашув муаммолари З.Фрейднинг классик психоанализида, интеракционизмда, марксизм вакиллари Л.Виготский ва А.Леонтьев ижодида, Т.Парсонснинг таркибий-функционал таҳлилида тадқиқ этилган. Ҳозирги кунда ижтимоийлашув жараёнининг ўзига хос хусусиятлари Чикаго ва Айова даги символик интеракционизм мактаблари ва «психодрама» йўналиши намояндалари томонидан ўрганилмоқда. Ижтимоийлашув кишилик маданияти, хусусан, миллий маданият анъаналарини ўзлаштириб бориш жараёни сифатида ҳам талқин этилиши мумкин. Маданий муҳитга мослашиш жараёни сифатида ижтимоийлашув инсоннинг бутун умри бўйи давом этади, бироқ бу жараён боланинг 2 ёшдан 6 ёшгача бўлган даврида бошланади. Мазкур даврда бола маданий қадриятларни ўрганиш жараёнидан узиб қўйилса, ижтимоийлашув жараёни тўхтаб қолади.
Инсоннинг маданий анъаналарни ўзлаштириш жараёни унинг индивидуаллигининг шаклланиши билан ҳамоҳангдир. Шу боис, ижтимоийлашув жараёнининг интиҳосида шахс тарихий типининг индивидуал вариантлари юзага келади. Ушбу жараён давомида шахс томонидан ижтимоий ролларнинг ўзлаштирилиши «лаззатланиш – азобланиш» (Фрейд таъбири) тамойили ёрдамида мувофиқлаштириб борилади. Ижтимоийлашув жараёни мураккаб механизмга эга. Бу механизмнинг руҳий ва ижтимоий-маданий жиҳатлари мавжуд. Ижтимоийлашув механизмининг руҳий жиҳати индивид томонидан маълум ижтимоий ролларнинг қабул қилиниши (ёки қабул қилинмаслиги)да намоён бўлади. Унинг ижтимоий-маданий жиҳати эса инсоннинг тил, санъат, дин ва шу кабилар орқали маданий қадриятларни ўзлаштириш жараёнини қамраб олади. Ижтимоийлашув жараёни ўз босқичларига эга. Бу босқичларни аниқлашда турли ёндашувлар асос қилиб олинади. Масалан, Ж.Миднинг онтогенетик ёндашуви индивидуал ижтимоийлашув босқичларини белгилаб беради. Унинг фикрига кўра, бу босқичлар қуйидагилардан иборат: 1) психогенетик босқичда индивид ўз эҳтиёжларини қондириш йўлларини ўрганади; 2) символик босқичда индивиднинг символлари (образлар, идеаллар ва бошқалар) шаклланади; 3) ақлий-концептуал босқичда индивид символлари тизими унинг фаолиятини бошқарувчи механизмга айланади.
Онтогенетик ёндашувдан фарқли ўлароқ, филогенетик ёндашувда (М.Петров) ижтимоийлашувнинг тарихий эволюциясига эътибор қаратилади. У қуйидаги босқичларга бўлинади: 1) номинация босқичида исмларнинг аҳамияти катта бўлади; ҳар бир исм ўз мазмунига эга ва маълум фаолият тури билан боғлиқ бўлади; 2) касбий-қабилавий босқичда маълум мазмунга эга бўлган номлар алоҳида индивидларга эмас, балки бирор фаолият тури билан машғул бўлган оила, уруғ ва қабилаларга берила бошлайди (масалан, қадимги Юнонистонда табиблик қилувчилар ўзларини асклепидлар, темирчилик қилувчилар эса гефестидлар деб атаганлар); 3) универсал-мантиқий босқичда ижтимоий фаолиятнинг ҳар хил турлари шаклланиб, ўзлаштирила бошлайди, махсус таълим институтлари вужудга келади. Ижтимоийлашув жараёнини тадқиқ этишда ҳам онтогенетик, ҳам филогенетик ёндашувларни инобатга олиш зарур.
Ижтимоийлашувнинг ижтимоий функциялари қуйидагилардан иборат: 1) ижтимоий-тарихий жараён субъектини шакллантиради; 2) маданият ва цивилизация тараққиётида ворисийликни таъминлайди; 3) индивидни ижтимоий муҳитга мослаштириш орқали жамиятнинг тўқнашувларсиз тараққий этишига замин яратади. Бугунги кунда ижтимоийлашув муаммоларини ўрганишда фалсафий, социологик, ижтимоий-психологик ва тарихий-этнографик таҳлил натижасида яратилган услуб ва ёндашувлардан комплекс фойдаланиш тенденцияси юзага келмоқда.
Ижтимоий муносабатлар – жамият ҳаётида моддий ва маънавий фаолиятлар натижасида турли субъектлар ўртасида қарор топадиган ўзаро муносабат ва ҳаракат мезонлари. Ижтимоий муносабатлар моддий ва маънавий муносабатларга бўлинади. Моддий неъматлар ишлаб чиқариш жамиятнинг яшаши ва ривожланишининг асосини ташкил этади. Шу сабаб ижтимоий муносабатлардан энг муҳими ишлаб чиқариш ва иқтисодий муносабатлардир. Ишлаб чиқариш муносабатлари бошқа ҳамма ижтимоий муносабатлар – сиёсий, ҳуқуқий, ахлоқий, диний ва ҳоказо муносабатларнинг характерини белгилайди. Барча ижтимоий муносабатларнинг ишлаб чиқариш муносабатларига боғлиқ эканини тушуниш жамият тарихий тараққиётининг қонуниятларини илмий равишда изоҳлашга имкон берди.
Ижтимоий муҳит – инсоннинг ижтимоий мавжудот сифатидаги асосий билим, тажриба ва кўникмаларини, хусусиятларини шакллантирадиган моддий ва маънавий шарт-шароитлар мажмуаси. Ижтимоий муҳит, кенг маънода, ижтимоий-иқтисодий тизимни, ишлаб чиқариш муносабатлари, ижтимоий институтлар мажмуи, ижтимоий онг шакллари ва жамият маданиятини қамраб олади (макромуҳит). Тор маънода, инсон бевосита яшайдиган, меҳнат қиладиган оила ва жамоа, ўқув даргоҳи, маданият масканларини ўз ичига олади (микромуҳит). Ижтимоий муҳит шахс маънавиятининг шаклланиши ва ривожланишига ҳал қилувчи таъсир кўрсатади. Халқимизнинг «Қуш уясида кўрганини қилади», «Қарисан-қартасан – ўз наслингга тортасан» каби мақолларида ана шундай таъсирнинг моҳияти ўз ифодасини топган.
Биласизми?
Биласизми?
Биласизми?
Биласизми?
Биласизми?
Биласизми?
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қомус
Қатра
Бир куни...
//
Изоҳ йўқ