“Ўлик денгизни мен ўлдирганман”, “Сирғалига сирға таққан ўзим” – постфольклор пайров ёки мумтоз санъатларнинг ижтимоий тармоққа кўчган шакли


Сақлаш
21:06 / 12.06.2023 0 768

Шу кунларда "Facebook" ижтимоий тармоғида "Мен уни қилганман, буни қилганман" деган пайров трендга чиқди. Ахборот тасмасини айлантиришнинг иложи бўлмай қолди. Қаерга қарасангиз географик, тарихий, илм-фанга оид номлар – бари аллакимнинг қўли билан нимадир бўлган.

 

Кишиларнинг тобора ижтимоий тармоққа ўрганиши, у билан нафас олиши, дўст орттириши, ўзини ифода этиши жуда кўп кўзга чалинмоқда ва бу замонавий жамиятнинг инжа белгиларидан бирига айланди. Кўп бўлмади, ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг “Таксичилик баҳона эди...” пайрови орқасидан касб ва уларнинг жамиятдаги тутган ўрни, нозик жиҳатлари зукколик билан кишиларга тушунтирилган, унинг атрофида самимий ва аччиқ кулги қилинганди. Албатта, бу тренд “кайфиятга баҳона эди” – икки-уч кундан кейин уни биров эслагани ҳам йўқ, аммо бошқа тарафдан шу баҳонада касблар ҳақида қанотли иборалар эсда қолди.

 

Янги пайровнинг бош масаласи ҳам худди аввалгиси каби – севги. Буни челленжнинг илк кўринишларида кузатиш мумкин. Масалан, Васила Эрматова шундай ёзади:

“– Қизил денгизни биласанми?

– ...
– Юрак қонимдан қизариб кетган...”

 

 

Эътибор қилсангиз, диалог тарзидаги матнда муҳаббатга далил бериляпти – ошиқ севгилисига севгисини исбот қилмоқчи, юрагининг қони бутун бошли денгиз сувини қизартирган! Бу ҳолатни мумтоз адабиётда ҳам учратиш мумкин – Алишер Навоий, Лутфий каби шоирларимизнинг ҳусни таълил (бир воқеани унга дахли бўлмаган бошқа нарса билан изоҳлаш) санъатида битган ғазаллари кўп. Кейинчалик эса пайров ўзининг диалог сифатини йўқотди ва ихчамлашди. Урғу асосан географик номлар ва уларнинг номи таркибидаги сўзни ажратиб, худди шундай талаффуз ва бошқа англамдаги нарса билан боғлаш бошланиб кетди. Бир-биридан олинган скринлар эса унинг илдизини, асосини топишга кўмак беради, яъни изчиллигини кўрсатади.  

 

 

Суратдаги биринчи пайров Люис Ҳемилтон тахаллусли фойдаланувчига тегишли. Самолёт ва кемалар сирли тарзда ғойиб бўладиган, ҳали тагига тўла-тўкис етилмаган жумбоқ – машҳур Бермуд учбурчагини чизганини даъво қилмоқда. Иброҳим Ока ўзининг физикадан хабари борлигини билдиради: тортишиш қонунини кашф этишга илҳомланган Ньютоннинг бошига тушган олмани аслида у отган эмиш. Кейинги фойдаланувчи сайёрани ўзбекча кийинтиради: яшил-кўк тарамли чопондаги, белига белбоғ боғланган Ерни тасаввур қилиб кўринг. Абдуллоҳ Абдуқодиров эса дарёга сир айтган. Буларнинг бари ҳозиржавоблик ва зукколик билан, муболаға ҳамда мутойиба билан ўз ўрнида топиб айтилгани кишида кайфият уйғотади.

 

Элёр Алимов:

Болқон яриморолининг қолган ярмини мен йўқ қилганман.

 

Улуғбек Рашидов:

Ўлик денгизни мен ўлдирганман.

 

Ўролжон Камол ўғли:
Қашқадарёни ўзим қашқа қилганман.

 

Камол Қодир ўғли:

Ниагара шаршарасини мен шариллатганман.

 

Акрам Ҳамроқулов:

Самарқанднинг қандини мен еганман.

 

Географик номлар пайровининг мазмуни кўпроқ муболағага асосланган. Топқирлик ва шиширилган сўз ўйини билан бошқаларни лол қолдириш мақсади кўзланган. Агар челленж шу билан тўхтаб қолмаса, аста-секин ижтимоий муаммоларга – кўпам тил теккизилмайдиган, маддалаб ётган камчиликларимиз томон бурилиб кетиши ҳам ҳеч гап эмас. Бу аввал ўз-ўзини танқид қилиш билан бошланиб, кейинроқ танқид доираси кенгайса керак.

 

Хумора Бўрибоева:

Ойнинг юзидаги доғлар аслида меники эди...

 

Ҳулкар Муртазоева:

Телеграм ва Инстаграмнинг граммларини мен тортиб берганман.

 

Жозиба Сафо:

Фейсбукни постларим билан мен расво қилганман.

 

Замонавий дунёда халқ оғзаки ижоди тўхтаб қолгани ҳақидаги таъкидлар қулоққа чалинади, аммо юқоридаги пайровлар аслида постфольклорнинг намоён бўлишидир. Ахборот асри фуқаролари матндаги қочиримни, образли тафаккур маҳсулини англашдан мазза қилиши, роҳатланиши – яхши белги. Интернетнинг айнан ўзбек сигментида пайдо бўлган мазкур челленж одамларимиз кўнглида шеърга, сўз санъатига меҳр яшаётгани, сўз ўйинларидан завқланиш эҳтиёжи ўлмаганини кўрсатиши билан қимматлидир. 

 

Хўш, сизнинг хаёлингиздан нима ўтяпти? Дарров “Мен нимани дўндирган эканман”, деб ўйлай бошладингизми? Эҳтимол, Тинч океанини тинчитган чиқарсиз? Қора денгизга тонировкани сиз тортган бўлсангиз-чи? “Сирғалининг қулоғига мен сирға таққан”, дерсиз балки?..  

 

Алишер ФАЙЗУЛЛАЕВ,
Oyina.uz

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Биласизми?

17:11 / 21.11.2024 0 81
“Тариф”нинг таърифи ва тарихи

Биласизми?

10:11 / 20.11.2024 0 63
“Ўдаға”нинг ўдағайлагани

Қатра

21:11 / 11.11.2024 0 126
Мўъжизанинг баҳоси

Қатра

15:11 / 08.11.2024 0 160
Ота ва етти ўғил ҳикояси

Биласизми?

23:11 / 01.11.2024 0 238
“Бирпас”ми, “иккипас”?..



Кўп ўқилган

Барчаси

Қомус

15:04 / 19.04.2023 0 6121
Жадидчилик

Қатра

20:08 / 18.08.2022 15 4922
Илк ватан

Қатра

01:01 / 10.01.2022 7 4562
Бир қоп ун

Қатра

17:08 / 21.08.2022 6 3991
Тинчлик

Қатра

01:01 / 18.01.2022 2 3412
Ўқиш пули

Бир куни...

03:12 / 09.12.2021 3 2981
Ҳар нарса ҳам кўринганидек эмас

Қатра

03:12 / 28.12.2021 1 2896
Туғилган кун

//