Биласизми?
ИМТИҲОН
– Ғалвирни сувдан кўтарадиган вақт келди, – деди домла.
Маънавий заиф талабалар “кўтарма кран” учун пул йиғишга тушишди.
Аслиддин Мустафо
НАСИБА
Дераза ортидан лип этиб шарпа ўтди.
– Ашраф ота, - деди Ойжамол. – Нима қилдик?
Эр-хотин жигар қовуриб, энди емоқчи бўлиб туришган эди. Эгамқул афтини кескин буриштириб:
– Ошга пашша тушди. Яшир, – деди.
– Кўзимиз учиб турувди-я! Қоронғудаям тинмайди бу чол.
Ойжамол қовурдоқни яширди. Эшик очилди, рўмолга товоқ тугиб олган чол кўринди.
– Кампир ош қилувди, - деди чол. – Сизларгаям илиндик…
Шониёз Мелибоев
КЕЧИКИШ
– Ҳеч гул бермайсиз... – маъюс кулди аёли.
– Тўйимизда берганман-ку! – ҳазилга олди эркак.
– Шунгаям ўн йил бўлибди-я...
– Ҳали сенга кўп гул бераман. Ҳаётимиз олдинда...
Аммо ҳар куни гулбозордан ўтаркан, эркак ўйларди: “бирор кун албатта, гул оламан!”
...Ваъдасини бажариб ниҳоят гулдаста олди. Уни аёлининг қабрига қўйди.
Нодира Иброҳимова
АСКАР
Она жангга кузатаётган ўғлини “бошинг тошдан бўлсин”, деб дуо қилди.
Ҳайкалтарошлар қаҳрамоннинг ҳайкалини ноёб тошдан ишлашга келишиб олишди!
Нуриддин Зиё
ЭЪТИҚОД
Қизалоқ болалар уйида ота-онасининг юзини ерга қаратмасликка тиришарди. Улғайиб, мактабга боргач ҳам шуни ўйлади. Бир куни унга “ўғри” деб туҳмат қилишганида, энди ота-онаси ўзини ёмон кўриб қолишидан қўрқиб кетди. Йиғлади. Ота-онасига айбсиз эканини айтгиси, уларни жуда кўргиси келди...
Ахир қизалоқ уларни бирор марта кўрмаганди.
Байрам Али
ГОНОРАР
Унга газетадан қўнғироқ қилишди.
– Ҳикоянгиз учун гонорар чиқди. Лекин, уни олиш учун паспорт ва СТИР нусхаси, пластик карта рақами керак бўлади.
У паспортидан нусха кўчирди, солиқ инспекциясига бориб тўрт соат кутиб СТИР рақами олди, банкка бориб, пул тўлаб номига пластик карта расмийлаштирди. Кейин буларни газета электрон почтасига юборди. Эртасига пластик картасига гонорар тушди.
Ўттиз минг сўм.
Шерзод Ортиқов
БОЗОРДА
Оғир атлетика бўйича ўз кўчасида мутлақ биринчиликка даво қилаётган ёш йигит гўёки дунёдаги энг оғир буюмни – кўнгил қўйган қўшни қизининг бежиримгина сумкачасини кўтарганча у билан расталар оралаб бораркан, орқасига халта кўтариб ўтиб кетаётган қадди камон кампирни кўриб ўзича ғулдиради:
– Бозорда эркаклар қолмабди-да!
Бобур Нусратов
ЙЎЛОВЧИ
Мен ўзимни йўловчи деб ўйлагандим.
Узоқ сафарга отландим. Сўнгра ширин хаёллар оғушида жимгина ором олишга шўнғидим. Бирдан чақмоқ чаққандай бўлди. Даҳшатли чинқироқ товушлар ва одамнинг ўкирик овози, йиғиси аралаш фарёд қулоғим узра ваҳм солди. Танам қаттиқ чайқалди. Лоқайд ва жоҳил ҳайдовчига бақиргим келди. Кўзларимни очдим.
Нақадар даҳшат! Нақадар фожиа! Ҳайдовчи эканман.
Манзура АБДУЛЛАЕВА
ЎЗБЕК
Аравакаш. Йиғлаяпти. Ваҳимага тушган. Юкнинг эгасини йўқотиб қўйибди. Энди нима қилади?
Дилобар Аслиддин қизи
ДАҲШАТ
Доя аёл йиғларди:
– Бепушт эканман...
Муҳаммадхон Юсупов
МЕҲРИБОН
Дунёда фақат юраклилар қолсин, деганда мен навбат кутмай ўтиб кетаётганимда онамга кўзим тушди, онамнинг қўлида юраги бор эди...
Ёнига чақириб қулоғимга секин гапирди:
– Ўғлим, балки сен қоларсан-а...
Раҳмат Бобожон
ЭҲТИЁТСИЗЛИК
Яйловда чорвани ўтлатиб юрган вақтда ҳолдан тойган онани тўсатдан новвос сузиб олди.
– Кўзга қараш керак эди, ойи, - деди барзангидай ўғил тўшакка михланган онага...
Абдулазиз Аҳмад
МАДДОҲ
Ишга киргунча “Акажон” деб юрди, мансаби тенглашганда “Ака”га ўтди. Ким билсин мартабаси яна юксалганда бу сўзни қандай қисқартиришини?
Азим Ахтамов
Биласизми?
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Бир куни...
Қатра
//
Изоҳ йўқ