
Биласизми?
8-ноябрь Франциянинг машҳур Лувр музейи дунё учун ўз эшикларини очган кун. Шу муносабат билан коронавирус таъсирини кўрсатган Лувр ва дунё музейлари фаолияти билан танишамиз.
Лувр
Бугун Парижнинг энг диққатга сазовор масканида санъат ва маданиятга оид 400 мингдан зиёд экспонат сақланади. Ҳар йили 10 миллионга яқин ташриф буюрувчини қабул қиладиган музей сўнгги йилларда кўплаб янгиликларни йўлга қўйди.
Пандемия таъсирида бир муддат ёпиқ турган музей дастлаб залларнинг 70 фоизини очди. Санъатсеварлар ташрифи муҳим бўлса-да, улар юқори санитар хавфсизлик шароитларида қабул қилинди. Аввало, сайт орқали ташрифнинг аниқ вақтини кўрсатган ҳолда талон олиш талаби қўйилди. Чипталарни музейнинг ўзида ҳам сотиб олиш мумкин, бироқ бунинг учун келувчилар оқими кам бўлиши керак, бу эса анча вақт олади. Саёҳат давомида одамлар қарама-қарши келиб қолмаслиги учун томоша фақат бир йўналишда ва бир томонга ҳаракат орқали амалга оширилди.
2021-йили 482 мингдан иборат барча санъат асарлари коллекцияси рақамлаштирилди ва очиқ сайтда оммага тақдим этилди. Эндиликда онлайн архив доимий равишда янгиланиб ва бойитиб борилади. Сайтда фақат Луврда тақдим этилган ишлар эмас, балки вақтинча фойдаланиш ёки сақлаш учун олинган санъат намуналари ҳам мавжуд. Бундан ташқари, энди уйдан чиқмаган ҳолда интерактив харита ёрдамида Лувр музейига саёҳат қилиш мумкин.
Дунё музейлари қандай қоидаларни йўлга қўйди?
Музейларнинг ойлаб очилмай туриши одамларнинг санъатга қизиқишини тўхтатмади. Секин-аста очилаётган бундай масканларга санъат ихлосмандлари, аксинча, янгича фикрлар, қарашлар билан ташриф буюра бошлади.
Пандемиянинг илк давридаёқ, яъни 2020-йилнинг май ойининг охирларига келиб, Римдаги Борхес галереяси муайян чекловлар билан очилганидан сўнг “The Italy” нашри асосчиси, санъатсевар Ливиа Ҳенгелнинг “Галерея очилишини эшитгач, йўлга тушдим. Авваллари у ерга бориш учун одамлар бир неча ой олдин жойни банд қиларди. Санъат асарларини қайта кўриш эса албатта ёқимли”, дея таъкидлаб ўтди. Кириш залида ҳарорати ўлчанганини, қоидаларга риоя қилиши кераклиги айтилганини қўшимча қилди. Ижтимоий масофани сақлаш учун галерея маъмурияти ҳар икки соатда 80 тагача одамни қабул қилишини билдирди. Чипталарни электрон тарзда харид қилиш бошланди. Пандемия даврида Италиядаги ҳар бир музейга чипталарни онлайн сотиш талаби қўйилди. Баъзи экспонатларни махсус кийимлар билан томоша қилиш жорий этилди.
Дунёдаги бошқа машҳур музейлар ҳам коронавирус тарқалишининг олдини олиш учун кўплаб усулларни ишлаб чиқди. Чиптахоналарда сотувчи ва харидор ўртасида тўсиқлар ўрнатилди, баъзи музейларда нақд кўринишида пуллар қабул қилинмади, томошабинлар ҳароратини ўлчаш ва ниқоб тақиш қоидалаштирилди.
Халқаро музейлар ва замонавий санъат коллекциялари қўмитасининг таъкидлашича, пандемия даврида барча қоидаларга амал қилиш ва хавфсизлик борасида самарали усуллардан фойдаланиш бўйича Сингапур галереяси ва Токиодаги Мори санъат музейи олдинги қаторларни эгаллади.
Молиявий муаммолар
Коронавирус даврида тўхтаб қолган музейларда ўз-ўзидан молиявий муаммолар келиб чиқиши табиий эди. Маълум муддат ёпиқ турган музейлар очилгандан кейин ҳам аввалгидек даромад топиши бироз ақлга сиғмайди. Чунки санъатсеварлар ҳам энди соғлиқ борасида ўйлай бошлади, маданий ҳордиққа хоҳиш чекланди. Ташриф буюрувчилар учун бепул ниқоблар, ҳарорат ўлчовчи мосламалар ва, энг муҳими, одамлар сонидаги чекловлар вазиятни мураккаблаштирди.
Йил ўртасида мутахассислар АҚШдаги музейлар кунига 33 миллион доллар йўқотаётганини тахмин қилди. Музейлар маъмурияти давлатдан ёрдам маблағи ажратилишини сўради. Аниқланишича, пандемиядан кейин Америкадаги баъзи кичик музейларнинг 30 фоизи ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлиши мумкин. Дунёда эса бу кўрсаткич 13 фоизни ташкил қилди.
Уйдан туриб музейларга саёҳат
Коронавирус тарқалишининг яна бир муҳим жиҳати борки, буни салбий баҳолай олмаймиз. Карантин даврини ҳисобга олиб кўп соҳалар ўз фаолиятини виртуал ҳаётга кўчира бошлади. Онлайн таълим, масофавий ишлар, ижтимоий тармоқдаги харидлар ва, ниҳоят, маданий ҳордиқ ҳам виртуал кўринишда фаолиятини олиб борди. Одамларда дунёнинг хоҳлаган нуқтасидан туриб Лувр музейига саёҳат қилиш имкони пайдо бўлди. Бундай таклифни бошқа мамлакатлардаги машҳур музейларда ҳам кўриш мумкин. Ҳар бири ўзининг креативлигидан келиб чиқиб фаолиятини янгилади. Қизиқарлиси, виртуал ҳаётда ҳам рақобат бошланди. Кимдир саёҳат давомида онлайн йўлбошловчи таклиф қилса, яна кимдир коктейлнинг рецептини тақдим этади. Бундай ташаббуслар санъатсеварларни музейларга қизиқишини янада оширди.
Ўтаётган йил кўплаб фаолиятлар учун синов даври бўлди. Аммо бу бутунлай инқирозни англатмайди, кўрилган зарарлар эса йилма-йил ўрнини тўлдириб бораверади. Муҳими, инсониятнинг санъатга эҳтиёжига бепарво бўлмаслик ва буни кичик инқирозлар сафига қўшиб унутиб юбормаслик лозим.
Зулхумор Орифжонова тайёрлади.
Биласизми?
Қатра
Қатра
Бир куни...
Бир куни...
Биласизми?
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қомус
Қатра
Қатра
Қомус
//
Изоҳ йўқ