
Биласизми?
Икки кундан буён пойтахтни қамраб олган чанг-ғуборли туман кўпчилик учун ноодатий туюлаётгани табиий. Бундай табиат ҳодисасини келтириб чиқарган сабаблар бир кунда ёки бир йилда пайдо бўлиб қолмаган, албатта. Йиллар давомида табиатга етказилган зарар натижаси тарихда ҳам кўплаб кузатилган. Бугун дунёдаги энг кучли чанг бўрони ҳақидаги маълумотлар билан танишамиз.
1935 йил 14 апрелда содир бўлган “Қора якшанба” номи билан машҳур бўрон Aмерика тарихида энг ҳалокатли воқеа сифатида баҳоланган. Кучли шамол натижасида қўзғалган 300 миллион тонна чанг иқтисодиётга ва қишлоқ хўжалигига катта зарар етказган эди.
Ўша куни текисликда жойлашган бир нечта штатларнинг аҳолиси атрофда чанг бўрони тарқалаётганини кўргач, яширинишга мажбур бўлди. Бўрон дастлаб Оклахома штатининг шимоли-ғарбий қисмини қоплади. Шундан сўнг Техас текисликлари томон тарқалди. Қурғоқчилик, эрозия ва кучли шамол чангнинг юқори тезликда тарқалишига олиб келди.
Aслида, воқеа 1930 йилларда Канада ва Aмерика Қўшма Штатлари даштларида бошланган эди. Йиллар давомида тўхтамаган “Қора бўронлар” шарқий штатлардан то Мейндан Aрканзасгача бўлган қишлоқ хўжалигига таъсир кўрсатди. 1934 йилга келиб улар Шимолий Дакотадан Техасгача ва Миссисипи дарёси водийсидан Рокки тоғларигача чўзилган ерларга етиб келди.
Aлбатта, ушбу даҳшатли ҳалокат ўз ўзидан бошланмади. 1930 йилга келиб, ҳудуднинг ўтлоқли текисликлари деҳқонлар томонидан ҳаддан ташқари ўзлаштирилиб, чорвачиликка катта эътибор қаратилди. Натижада, юзага келган тупроқ эрозияси 1931 йилда бошланган саккиз йиллик қурғоқчилик билан биргаликда деҳқонлар учун оғир вазият яратди. Экинлар ва корхоналар барбод бўлди, чанг бўронлари сонининг кўпайиши одамлардаги турли касалликларни олиб келди, ҳалок бўлган аҳоли сони ошди. Ўсимлик ва ҳайвонот дунёсида ҳам катта талафотлар кузатилди... Кўплаб аҳоли Калифорния каби бошқа штатларга иш излаб қочиб кетди.
1930 йилларнинг ўрталарида маъмурият деҳқончилик инқирозини юмшатишга ёрдам берадиган дастурларни жорий қилди. 1935 йилда қишлоқ хўжалиги департаментида Тупроқни муҳофаза қилиш хизмати ташкил этилгани ана шу ташаббуслар қаторида бўлди. 1939 йилда ёмғирлар ёғиб, қурғоқчилик тугагач, чанг бўронлари даври ҳам ўз ниҳоясига етди.
“...дунёдаги ҳеч қандай ёруғлик атрофимизда айланиб юрган хираликлар орасига кира олмади”, “...бир қарашда булутлар яқинлашиб келаётганга ўхшайди, аммо уларнинг ранги қора... Бўрон яқинлашгани сайин яшиллик ҳам кўринмай қолди. Ундан фақат қаноти кучлилар қочиб қутула олди, кучсиз қушлар эса ерга йиқилдилар...” каби қайдлар одамларнинг хотира дафтарларида қолиб кетди...
Ҳалокатли чанг бўрони ҳақида кўплаб китоблар ёзилди, филмлар суратга олинди, қўшиқлар куйланди. Бу санъат асарлари ҳозирда ҳам қийматини йўқотмаган, улар худдики инсониятга тарихидан сўзлаб бераётган табиатни ёдга солиб туради.
Биласизми?
Биласизми?
Биласизми?
Биласизми?
Биласизми?
Биласизми?
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қомус
Қатра
Бир куни...
//
Изоҳ йўқ