
Биласизми?
Аждодларимизни суриштирсак, ҳар биримиз маълум бир соҳа ёки ҳунар эгаларининг давомчилари бўлиб чиқамиз. Кимдир ҳунарманднинг, кимдир деҳқон ёки боғбоннинг авлоди, яна кимдир илм-фанда маълум бир соҳани авлоддан авлодга ўтиб давом эттиради.
Юртимизда ана шундай сулолавий давом эттириб келинаётган касб ва ҳунар турлари ҳақида маълумот бериб бориш мақсадида Oyina.uz порталида “Сиз қайси сулоладансиз?” номли рукн яратилди. Рукнимизнинг илк сонида Самарқанд холвачилиги ҳақида суҳбатлашамиз. Бунда бизга Ҳасановлар сулоласининг тўртинчи авлод вакили Гулруҳ Асомова берган маълумотларни эътиборингизга ҳавола этамиз.
Маълумки, Самарқанд қадимдан ҳунармандлар шаҳри бўлиб келган. Бугунги кунда ҳам ушбу маскан одамларнинг қўл меҳнати асосида яратган ишлари билан нафақат ҳамюртларимизни, балки хорижлик меҳмонларнинг ҳам эътиборини тортиб келади.
Қаҳрамонимизнинг маълумот беришича, Самарқанд нон ва холваси билан жаҳонга машхур. Ҳанузгача маҳаллий нонвой ва уста холвачилар сири бошқа ҳудуд ҳунармандларига тўла маълум эмас. Уларнинг айтишича, холваларнинг турлари юздан ошиқ бўлиб, тош холва, пашмак, оқ холва, кунжут холва, беҳили холва ва бошқа хил турлари бор. Шунингдек, Самарқанднинг энг машхур холваси бу тош холва бўлиб, унинг бешта тури бор. Осма ёнғоқли, бодомли, хомдом пистали, кунжутли ва аралаш ёнғоқли турлари мавжуд. Яна бир машхур ширинлик тури — пашмак ҳам энг қадимий холвалардан бири бўлиб, у ёғсиз ва ёғли турларга бўлинади.
“Қанча кўп одам биргаликда тайёрласа ишингиз шунча енгил бўлади, холва ҳам шунча қунт билан пиширилади. Биз 5-6 киши оилавий даврада мана шу ширинликни тайёрлаймиз,” дейди қаҳрамонимиз.
Унинг таъкидлашига кўра, савдоси тез ширинлик турларидан яна бири бу беҳили холва. Унинг таркибида беҳи, кунжут, шакар, жавҳар (лимон кислотаси), тухум оқи бўлади. Беҳи икки марта эрта тонгдан кечга қадар қайнатилиб, қозонда кўпиртирилади. 160 градусда қиём қилинади, қолган махсулотлар аста-кесин солиб аралаштирилади. Сўнг қолибларга солинади ва шу ҳол қотирилади. Тўйимлилиги, таркиби бойлиги билан ҳам ширинлик харидоргир.
Ширинлик савдосига қизиқиб, нахр-навосини суриштирар эканмиз, Самарқанд бозорларининг олди махсулотларидан бири бўлган холва донали сотилганда ўртача 2 мингдан 5 минггача, килолилари эса 30 мингдан 45 минггача сотилиши маълум бўлди.
Шифокорларнинг таъкидлашича, холва саломатлик учун ҳам кони фойда. Ушбу ширинликнинг барча тури углевод алмашинувида иштирок этади, бу эса хотирани кучайтиради, кишига кун мобайнида қувват бағишлайди, асаб тизимини, юрак фаолиятини яхшиланишига ёрдам беради. Қон босими пастлар учун эса айни муддао. Аммо кўп истеъмол қилинса аллергия ҳолати юзага келиши, қон босими юқори бўлган инсонлар кўпроқ истеъмол қилса қон босимининг янада ошишига олиб келиши мумкин. Демак асалнинг ҳам ози ширин, деган халқ мақоли бежиз эмаслиги шу ерда ҳам ўз исботини топмоқда.
Хулоса қилар эканмиз, оғриқли бир фикрни таъкидлаш жоиз. Тадбиркорларнинг сўзларига кўра, нафақат Самарқандда, балки юртимиз бўйлаб ҳам холва тайёрловчилар сафи камайиб бормоқда. Бунга эҳтимол ёшларнинг замонага мослашуви, илм-фанга, айниқса, техникага қизиқиб бориши сабабдир. Аммо аждоддан авлодга қадимий мерос бўлиб ўтиб келаётган ҳунар давомчиларини янада қўллаб-қувватлашга эътибор қаратилса ўз маданий бойлигимизга ҳам ҳисса қўшган бўлар эдик эҳтимол...
Юлдуз Ўрмонова,
Oyina.uz
Биласизми?
Биласизми?
Биласизми?
Биласизми?
Биласизми?
Биласизми?
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қомус
Қатра
Бир куни...
//
Изоҳ йўқ