Биласизми?
Орзунинг икки қутби
Шўро давридан ҳангома...
Бобом чўпон эди. Аввал отасининг, кейин колхознинг, сўнг совхознинг қўйларини боқди... Кам сўзларди. Гап ковласам... “Сенам давлатнинг одамисан-да, бу давлатинг бир дона қанд берди, энди қўй қилиб оляпти”, деганди. Момом: “Ҳисобини топмаган чол”, деб койиб қоларди. Бобом индамасди, ўзига-ўзи: “Бир қора чойгум бўлса, олсанг-да, ғорга кириб кетсанг”, деганини эслайман...
Анвар қори билан лаборантура[1]да бирга ишлаганмиз. Айтарди: “Кичкина ҳужранг бўлса, маҳси тикиб ўтирсанг, ҳеч ким тергамаса...”
Эшитганим...
Энштейн ўтин ёрувчига ҳавас қилган экан.
Ўқиганим...
Парчагина булут,
Чексиз осмон,
Адир ортидаги ёлғизоёқ йўл,
Барча ташвишларни унутиб, шодон
Қайтгим келаётир қошингга буткул.
Қисмат майин ичдим – аччиқ ва тахир,
Туйдим эҳтироснинг самовий кучин.
Дунёда одамзод яшамас, ахир,
Фақат иродасин синамоқ учун.
Парчагина булут,
Чексиз осмон,
Адир ортидаги ёлғизоёқ йўл,
Барча ташвишларни унутиб, шодон,
Қайта олсам эди қошингга буткул.
(Абдулла Орипов)
Сабоқ.
Орзусиз одам бўлмайди...
Орзу ҳамиша биз билан бирга, бизни яшашга ундайди...
Орзунинг қутблари бор. Бирига интиламиз, бошқасига қайта олмаймиз...
Киши интилувчи орзу ВАҚТда ундан олдинда, МАКОНда анча юқорида туради. Қайтабилмас иккинчи қутб хийла қуйида милтиллайди...
Орзу қутбларига етишнинг энг қулай, осон йўли ХАЁЛдир. Ҳар кимнинг кўнглида бир қўшлик ери бўлади. Киши бу ерга ОРЗУ уруғларини қадаб, ундириб, ҳосиллар йиғаверади...
Орзуга хаёлда етиш қанчалар лаззатли бўлса, шу қадар аламли ҳам. Ана шу маконда ОРЗУ қутбларининг чегараси аниқ бўй кўрсатади. Аниқлашади. Чегара чизиғи айнан киши орзу қилаётган дамда у эгаллаб турган мавқе ва имкон устидан ўтади.
Кишини толиқтириб, ҳатто янчиб ташлайдиган куч Орзу етиб жойлашган макону вақтнинг У эгаллаган имкониятдан узоқ-узоқларга кетиб, саробдай ўзига имлашидир.
Шунда кишига таянч бўлган ИШОНЧ ери қумга эврилади, тушкунлик изидан сув қуйиб, ишончга қўшиб кишини ҳам жойидан қулатади.
Шунда киши Энштейннинг ўтинчига ҳавасманд бўлганидай, ОРЗУси ва амали аниқ одамга интилиб: “Нега мен “ўтин” ёрмайман”, деб армонда нолийди.
Ана шунда кўнгилнинг туб-тубида ясаб олган “ғор”ига, “ҳужра”сига қайтишни истайверади. “Қайта олсам эди қошингга буткул”, деб изтиробда ўртанади.
Киши орзулар қутблари аро “БИР қўшлик ерида...” яшайди. АСЛ манзилга қайтгунча меҳмон...
Ўгит
Пирни кимдир Яссавий эди, деб нақл қилади. Бошқаси Нақшбанд, яна биров Хўжа Аҳрорга нисбат беради...
Пир жон таслим қилаётган дам муридлар йиғилиб сўради:
– Пирим энди ҲИКМАТларингизни қаердан топамиз?
Пир секин шивирлади:
– Ўзингиздан изланг...
Моҳият одами боқади, англайди, сўзлайди.
Эна гап барча ҳакимлар бисотида бўлади. “Яссавий, Нақшбанд, Хўжа Аҳрор эди”, деб турланиши шундан.
Эна гап қанотли тулпор. Ақл тулпорни жиловласам, дейди. Қанотли тулпор қозиққа келмайди. Ақлнинг қайчиси раҳмни билмайди. Қаноти кесилган тулпор – бу энди от. Ҳукмбардор ақл отни кўзи тушган қозиққа боғлаб, пойлоқчилик қилишни хуш кўради.
Ҳикмат кўнгиллардан кўнгилга оқади. Битик ўчмайди. Қўлёзма ёнмайди.
Шомирза ТУРДИМОВ
Биласизми?
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Бир куни...
Қатра
//
Изоҳ йўқ