Қирқ, оғайни, сочимни қирқ


Сақлаш
20:04 / 27.04.2023 0 728

Илоҳа Ҳажиева

 

 

ЖУРНАЛИСТНИНГ САВОЛИ

 

Қорабоғ уруши. 1993 йил.

 

Урушда асирликдан қутқарилган жаноб В. Бокуга келтирилганида бир журналист қиз унга яқинлашди ва:

 

– Кўрган-кечирганларингиз ҳақида айтиб бера оласизми? – дея сўради.

 

У бошини кўйлагининг енги билан артиб, оғриқдан ингради:

 

– Менинг ўнг қулоғимни кесиб олишди...

 

Журналист:

 

– Қулоғингизни кесишганида оғридими? – дея қизиқувчан кўзларини унга тикди.

 

Жаноб В. бироз жим тургач жавоб қайтарди:

 

– Сизнинг саволингизчалик эмас ҳар ҳолда...

 

Беҳруз Нифталиев

 

ЭЪТИРОФ

 

“Фақат сен билан бировнинг йўлини тўққиз ой кутишга сабрим етади”.

 

Шукур Аслонли

 

ШАҲИДНИНГ ЎҒЛИ

 

Унисининг ҳамма нарсаси бор эди. Отасидан унга кўп нарса мерос қолганди: уй, машина, пул ва қимматбаҳо ҳаёт.

 

Бунисига эса отасидан фақатгина бир ном қолганди: шаҳиднинг ўғли.

 

У ўлди. Тутун ва ичкилик ҳидига тўла бир қимор столида.

 

Бу ўлди. Изғирин бир қиш куни совуқ казармасида тепкиланганича...

 

Ҳабиб Каримов

 

АВТОБУСДАГИ СЕВГИ

 

Ҳар тонг бир автобусда узун ва келишган қизга ўрнимни бўшатаман. Уйдан чиқаётиб бугун унга жой бермасликка қарор қилдим. Қиз доимгидек бугун ҳам автобусга чиқди ва мен сари яқинлашди. Ўрнимдан турмадим. Қиз менга гўё ундан қарз олган одамдек, худди дугонаси билан севишиб хиёнат қилгандек термулди. Кейин орқароққа ўтди, унга бошқа йигит жой берди. Сочларини ҳинд киноларидаги қизлардек қўли бир силкитди. “Сенга ишонгандим, сен учун келгандим, энди кетаман, алвидо Жими” дегандек ўтирди. Назаримда, бу муҳаббат шу билан битди.

 

Юсуф Жаводзода

 

ЕТИМ

 

Йиғлаётган синглисини тинчлантиришга қийналаётган 9 яшар Ҳалил шундай ўйларди: “Отам келиб тезроқ овқат пиширсайди, тўйиб-тўйиб ердик...”

 

Ҳусайн Муҳаммадов

 

БЕЧОРА ОБУНАЧИ

 

Ёлғиз эди. На бирор одам қўнғироқ қиларди, на меҳмонга келарди. Яккаю ягона умиди бор эди. Умид нури ҳам тугаётган шамдек милтилларди. Ўзини осишга қарор қилди. Эҳтимол, шунда кимдир у учун йиғлар...

 

Хонасидаги ўзидек ёлғиз столчани оёғи остига қўйди. Сиртмоқни энди бўйнига ўтказганди, телефонига хабар келди.

 

Ҳаётидек қоронғу хонаси бир сонияга нурга тўлди. Севинди. Пастга тушиб столчани бир тарафга, cиртмоқни бошқа тарафга ирғитди. Телефонини қўлига олдию смсни ўқиб қотиб қолди: “Ҳурматли обуначи! Бугун сизга ажратилган дақиқалар тамом бўлди. Илтимос, ҳисобингизни тўлдиринг!”

 

Самит Нуриев

 

“СУРИЯДА ТУҒИЛИШ...”

 

Бола ўн биринчи синфда ўқир эди. Бу тонг ҳам бомбанинг портлаган овозидан уйғонди. Ўтирган жойида атрофни буркаб олган чанг-тўзонни кузатиб, ваҳимали қичқириқларга қулоқ солиб маҳзун хаёлга толди: “Қанчалик қийин-а, Сурияда туғилиш...”

 

Элнора Асқарова

 

ҚИРҚ

 

Москвага, болалик дўстининг ёнига келди. Ишлаш учун. Қишлоқда иши осон эмасди. Тикиш-бичиш, уни-буни оёқ кийимини ямарди. Бу ерга келишдан мақсад дўстининг “точкасида” сотувчи бўлиш эди. Икки биродар бекатга кетиб боришарди:

 

“Тил ҳам билмайман, шимнинг нарҳини сўрашса, қирқ манат дейман...” – хаёлига келган ўйни тилига келтирди:

 

– Қирқнинг русчаси нима эди?

 

– Сорок, нимайди?

 

– ...

 

Кўзи тўсатдан йўл четидаги сартарошхонага тушди.

 

Дўстига:

 

– Дўстим, кел шу ерга бирровга кирайлик, сочимни калталатай, – деди.

 

Сартарош савол тўла кўзини кўзгудан унга қадади. У нимани сўрамоқчилигини англади ва кўрсатгич бармоғини бошига йўналтириб:

 

– Давай, сорок, – деди.

 

Озар тилидан

Раҳмат БОБОЖОН таржимаси

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Биласизми?

17:11 / 21.11.2024 0 51
“Тариф”нинг таърифи ва тарихи

Биласизми?

10:11 / 20.11.2024 0 58
“Ўдаға”нинг ўдағайлагани

Қатра

21:11 / 11.11.2024 0 126
Мўъжизанинг баҳоси

Қатра

15:11 / 08.11.2024 0 160
Ота ва етти ўғил ҳикояси

Биласизми?

23:11 / 01.11.2024 0 237
“Бирпас”ми, “иккипас”?..



Кўп ўқилган

Барчаси

Қомус

15:04 / 19.04.2023 0 6109
Жадидчилик

Қатра

20:08 / 18.08.2022 15 4920
Илк ватан

Қатра

01:01 / 10.01.2022 7 4561
Бир қоп ун

Қатра

17:08 / 21.08.2022 6 3987
Тинчлик

Қатра

01:01 / 18.01.2022 2 3412
Ўқиш пули

Бир куни...

03:12 / 09.12.2021 3 2981
Ҳар нарса ҳам кўринганидек эмас

Қатра

03:12 / 28.12.2021 1 2896
Туғилган кун

//