Мўъжаз қуёшча


Сақлаш
18:10 / 28.10.2021 0 1105

      Эрталаб ажойиб воқеа, ажойиб ҳолат бўлди, шундан кайфиятим ҳам ажойиб! Буни бажону дил шарҳлаб бермоқчиман.

      Майдалаб ёғаётган ёмғир, совуқ... ишга бориш учун Юнусободнинг 17-мавзесидан автобусга  чиқиб орқароқдаги бўш жойга ўтирдим. Ўринга жойлашарканман, кўзим автобуснинг пештоқига ўхшаган жойга ёзилган, ичидан чироқ билан ёритилган чиройли S ҳарфига тушди. У жуда чиройли эди! Яхшилаб қарасам, давомида яна ҳарфлар бор, лекин нимқоронғиликда уларни ўқишим қийин бўлди. Тикилиб кетяпман, бошқа ҳеч нарса хаёлимни тортмайди. Ниҳоят, S га ёндаш ҳарфларни ҳам англадим: Sabr!

      Назаримда, автобус ичида бу ботинию зоҳири гўзал сўз мўъжаз қуёшча бўлиб чарақлай бошлади. Тикилганим сайин қалбимга осойишта, ораста нурлар таралаётгандек. Ногоҳ бир новча йигит рўпарамда туриб қолди-ю, сўз тўсилиб қолди. Аста ўнг, чапга оғаман – шуълаланган сўзга интиламан. Ниҳоят, йигит ёнга сурилди – қуёшли сўз яна кўзимга тўлди.

      Тасаввуримда бу катта автобусда кетаётганлар ҳаёт карвонининг рамзий бир йўловчиларига айланди. Ҳамма қандайдир ният билан йўлга чиққан. Уларнинг орасида кимдир хотиржаму кимдир шошилган, ким борликдан кўкси баланду ким йўқчиликдан ташвишли, ким соғу ким дардманд, ким шукронадаю ким афсусда... Аммо уларнинг ҳаммасига – барчамизга, ҳар қандай ҳолатда, ҳар доим яхшилик, саодат, савоблар йўлини очадиган Аллоҳнинг марҳаматли неъматларидан бири – сабр! Бизга керак ва нокерак турли буюмлар, шифобахшлиги нечоғли тасдиқлангани номаълум дори-дармонлар, бир-икки ойда ҳорижий тилни ўргатиб қўйишга кафолат бераётган ўқув курслари ҳақидаги эълонлар, майли, ўз йўлига. Уларга ҳамма бирдек эҳтиёжманд эмаслиги – табиий. Лекин шундай даъват, тарбия, насиҳат, йўл-йўриқлар борки, уларни туғилгандан умрингнинг охиригача қанча тингласанг, қалбингга жойласанг, уларга амал қилиб яшасанг – шунча жоиз, шунча афзал, шунча хайрли ва шунчалар оз... Улар қаторида бўлган сабр сўзини мана бу автобусда мурувватли, муҳаббатли, талабчан устоз каби  кўз ўнгимизга ёзиб қўйишгани қандай хайрли иш бўлибди!

      Мен ўзим сабр-тоқатда ноқислигим сабабли кўп панд еганман. Лекин чиройли сабр-тоқат эгаси бўлишни жуда хоҳлайман. Ҳозир шу умид яна қалбимни орзиқтираркан, рўпарамдаги ёзув – қуёшча кўзларимга жимир-жимир юлдузчалар каби сочила бошлади. Уни кўраверсанг, уни севиб қолсанг, қалбингга мустаҳкам жо бўлиб борса, сабр бизни мурувватли паноҳига олса, иншааллоҳ.

      Бирдан бу қувончни бўлишгим келди – ён-атрофимдагиларга бир-бир қараб чиқдим. Ёнимдаги ҳамроҳ менинг – ўзига етти ёт бегона аёлнинг бунақа ҳаяжонланиб, жилмайиб нимадир демоқчи эканидан ҳайронлиги нигоҳида акс этиб турарди. Ёзувга ишора қилдим: “Қаранг, қандай чиройли, қандай ибратли, қандай яхши!”

     Манзилимга етиб, ҳар доимгидан бошқача кайфият билан бекатга тушдим. Назаримда, автобус эмас, ичи нурга тўлган бир маъво аста жойидан қўзғалди.

Муҳтарама УЛУҒОВА

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Бир куни...

17:11 / 10.11.2025 0 88
Кўрпача

Ҳикмат

12:11 / 07.11.2025 0 85
Қаҳрамон

Қатра

11:09 / 17.09.2025 0 184
Қаҳрамон



Кўп ўқилган

Барчаси

Қомус

15:04 / 19.04.2023 0 13367
Жадидчилик

Қатра

20:08 / 18.08.2022 15 6164
Илк ватан

Қомус

22:08 / 04.08.2023 0 5913
Миллий урф-одатлар

Қатра

01:01 / 10.01.2022 7 5488
Бир қоп ун

Қатра

17:08 / 21.08.2022 6 4939
Тинчлик

Қомус

15:04 / 18.04.2023 0 4578
Радикализм

Қатра

01:01 / 18.01.2022 2 3826
Ўқиш пули

//