Сергелидаги ёнғинни ўчиришга 8 соатдан кўпроқ вақт кетди

Сақлаш
22:14 / 28.09.2023 2132 0

Тошкент шаҳрининг Сергели туманидаги “Қурувчи” даҳасида кучли портлаш содир бўлган омборхонадаги ёнғинни ўчириш ишлари 8 соат давом этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Вазирлик маълумотларига кўра, соат 02:43 да ёнғин содир бўлгани тўғрисида ФВБга хабар тушган. Ёнғин-қутқарув бўлинмалари соат 02:48 да ёнғинга етиб бориб, соат 05:02 да ёнғин қуршаб олинган ва соат 10:47 да батамом ўчирилган.

Ёнғинни ўчиришга Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва бошқа ташкилотлардан жами 210 та техника ва 2000 дан ортиқ шахсий таркиб (жумладан, Мудофаа вазирлигининг вертолёти) жалб қилинган. Дастлабки ўрганиш ишларига кўра, 15 минг кв.м омборхона майдонида ёнғин ўчирилиб, 30 минг кв.м майдони сақлаб қолинди, дейилади хабарда.

Президент топшириғига кўра, бош вазир ўринбосари Ачилбай Раматов бошчилигида ҳукумат комиссияси тузилди. Воқеа жойига бош вазир Абдулла Арипов, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Тошкент шаҳри ҳокимлиги, прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Божхона қўмитаси ва бошқа идоралар раҳбарлари етиб келган.

Ушбу вазият оқибатида жабрланганларнинг умумий сони 163 нафарни ташкил этмоқда. Жабрланганларнинг асосий қисми саломатлиги яхши бўлганлиги учун амбулатор тиббий ёрдам кўрсатилиб, уйига жавоб берилган.

Ҳодиса оқибатида ёнғин яқинидаги кўп квартирали уйларнинг бирида бўлган 2006 йилда туғилган 1 нафар фуқаро воқеа жойида ҳалок бўлган.

Портлаш натижасида Сергели туманидаги 26 та кўп қаватли уйдаги 592 та хонадон ҳамда 8 та хизмат кўрсатиш шохобчаси, битта мактаб ва 2 та боғча биноларининг фасад қисми ҳамда дераза-ромларига зарар етган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//