Онлайн бозорда ўзбекистонликларнинг алданишига нима сабаб бўляпти?

Сақлаш
11:37 / 27.04.2026 7 0

Онлайн харидлар аҳоли ҳаётининг ажралмас қисмига айланган бир даврда истеъмолчилар ва тадбиркорлар ўртасидаги муносабатларда айрим муаммолар ва низолар юзага келмоқда. 

 

Жумладан, 2026-йилнинг I чораги якунига кўра, электрон тижорат платформалари фаолияти юзасидан жами 111 та субъектга нисбатан 1 657 та мурожаат келиб тушган. Ушбу мурожаатлар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, уларнинг асосий қисми товар сифати (602 та, 36,3 фоиз), тўлов муносабатлари (278 та, 16,8 фоиз) ҳамда товарларни етказиб бериш жараёни (188 та, 11,3 фоиз) билан боғлиқ масалаларга тааллуқлидир.  

 

Статистикага кўра, шикоятларнинг энг катта қисми бозор етакчилари ҳиссасига тўғри келмоқда. Масалан:
▪️ Uzum Market (490 та мурожаат): Энг йирик маркетплейс сифатида асосий шикоятлар товар сифати ва етказиб бериш билан боғлиқ.


▪️ Uzum Nasiya (391 та мурожаат) ва Алиф (Насия/Молия - 52 та): Бу ерда асосий масалалар молиявий мажбуриятлар, тўловларни ҳисоблаш ва қарздорлик билан боғлиқ муаммолардир.


▪️ Ижтимоий тармоқлар (Instagram, Telegram): Гарчи мурожаатлар сони камроқ кўринса-да (масалан, Instagram бўйича 13 та расмий шикоят), бу соҳада фирибгарлик ва қайтариб бўлмайдиган тўловлар хавфи юқорилигича қолмоқда.

 

«Бу табиий ҳол – транзакциялар сони қанча кўп бўлса, хатоликлар эҳтимоли шунча юқори», дейилади хабарда.

 

Рақобат қўмитаси электрон тижорат бозорида истеъмолчиларни қийнаётган муаммоларни санади:
▪️ Товар сифати ва мослиги: Мижозлар олган маҳсулот сайтдаги тавсифга мос келмаслиги ёки нуқсонли экани энг кўп учрайдиган ҳолат (36% мурожаат).


▪️ Тўлов ва қайта ҳисоб-китоб: Мурожаатларнинг салмоқли қисми ижобий ҳал этилиб, 142 млн сўмдан ортиқ маблағ қайта ҳисоб-китоб қилингани ва 201 млн сўмлик товарлар алмаштириб берилгани тизимда ҳали ҳам молиявий шаффофлик борасида бўшлиқлар борлигини кўрсатади.


▪️ Етказиб бериш муддатлари: Логистика занжиридаги узилишлар, айниқса чекка ҳудудларда ҳамон долзарб.

 

Таъкидланишича, соҳада кузатилаётган муаммоларни ҳал қилиш учун қуйидаги чора-тадбирлар амалга оширилиши лозим:
▪️ Қонунчиликни такомиллаштириш: «Масофавий савдо» тушунчасини сотувчининг мажбуриятлари нуқтаи назаридан янада аниқлаштириш.


▪️ Рақамли саводхонлик: Истеъмолчиларга онлайн шартнома ва оферта шартларини ўқиш маданиятини сингдириш.


▪️ Логистика марказларини сертификатлаш: Товар сақланиш ва етказиб бериш шароитларини давлат стандарти даражасига кўтариш.

 

Шунингдек, дунё тажрибасини ўрганганиш ҳам мазкур соҳадаги муаммоларга бир қатор ечимлар бериш мумкин. Хусусан, айрим давлатларда йўлга қўйилган «Escrow» тўлов тизими орқали. Бунда харидор товарни олиб, уни тасдиқламагунча пул сотувчининг ҳисобига ўтмайди. Бу эса Инстаграм ва Telegram'даги фирибгарликка чек қўяди. Шунингдек, сотувчилар рейтинги ва жавобгарлигига оид тизим орқали сифациз товар сотган тадбиркорларни платформадан четлатишнинг қатъий талаблари ишлаб чиқиш зарур.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//