Азизлар, тарихимиз не-не азиз олиму уламолар, одил қозию доно давлат арбоблари номлари билан безанган. Ана шундай улуғ зотлардан бири, шубҳасиз, Муҳаммад Салим охунд бин Муҳаммад Саъид махзум бин Абдуқодир махзум бин Оллоҳшукур охунд бин Мусулмонқулидир.
Муҳаммад Салим махзум тахминан 1820 йилнинг бошларида Гурлан беклиги Полвон Мушриф масжид қавми Хизирэли ёп (анҳор)нинг қибла тарафида зиёли оилада дунёга келган. Муҳаммад Салим охунднинг ота томонидан боболари найман уруғидан бўлиб, Қўнғирот қалъасидан эди. Она томонидан бобоси Адҳам махзум бин Омонқули охунд бин Дўст Муҳаммад махзум ҳам Қўнғиротдан эди. Агар охунд унвонининг йирик диний олим, мударрис эканлигини инобатга олсак, Муҳаммад Салим махзум ҳар икки томондан олимлар авлодидан экани англашилади.
Муҳаммад Салим аввал Полвон Мушриф қавми масжиди қошидаги мактабда ўқиди. Сўнг пойтахт Хивадаги машҳур Оллоқулихон мадрасасида таҳсил олади. Мадраса таълимини аъло даражада ўзлаштириб, Муҳаммад Салим охунд номи билан эл оғзига тушади. Бироқ, кўп ўтмай баъзи ғараз ниятли кимсаларнинг ғайирлиги ортидан ватанидан ҳижрат қилишга мажбур бўлади. Муҳаммад Салим охунд ёнига бир йўлдош топиб, Бухорои шарифга кетади.
Бухорога кўп қийинчилик билан етиб келган мусофирлар бир қабристоннинг шайх хонақоҳида қўним топадилар. Бегона юртда муносиб иш топа олмай бор бисотини сарфлайдилар. Кундалик таомга ҳам пуллари тугагач, Муҳаммад Салим охунд шериги билан мардикорликка чиқади. Шериги ҳамма қатори қўлига кетмон, бел ушлаб турса, Муҳаммад Салим охунд қўлига қалам ва довот тутиб туради. Мардикор излаб келган бой унинг қўлидаги қалам ва довотни кўриб, қўлингдан нима иш келади, деб сўрайди. Муҳаммад Салим охунд ҳуснихат ва саводли эканлигини айтади. Шундан сўнг ўша давлатманд киши Муҳаммад Салим охундни уйига олиб бориб, фарзандларига таълим беришга ёллайди.
Муҳаммад Салим охунд бир миқдор пул жамғаргач, Кўкалдош мадрасасидан ҳужра олади ва шу мадрасада ўқий бошлайди. У қисқа муддатда мударрислар назарига тушиб, мадрасанинг бошланғич талабаларига дарс ҳам бера бошлайди. Муҳаммад Салим охунд Кўкалдош мадрасаси мударрислари ҳайъатига таҳсил имтиҳонини аъло даражада топширади ва бу гал унинг таърифи бутун Бухорои шарифга тарқалади. Кейинчалик Кўкалдош мадрасасининг мударриси сифатида фаолият бошлайди.
1860 йилларнинг охири. Чор империяси Туркистон заминига ўзининг қуюқ пардасини тортган онлар. Шундай кунлардан бирида Хива хони Муҳаммад Раҳимхон Феруз Бухорои шарифга меҳмонга боради. Амир Музаффар зиёфатида Муҳаммад Раҳимхон Феруз Бухорода танилиб улгурган хоразмлик Муҳаммад Салим охунднинг таърифини эшитади. Хон индамайди. Эртаси куни вазир ҳам ўз хонадонида хонга зиёфат беради. Бу суҳбатда ҳам Муҳаммад Салим охунд ҳақида яхши гаплар айтилади. Бироқ, хон яна индамайди. Кейинги зиёфатда ҳам яна шу гап айланади. Хон ватанга қайтиш арафасида Муҳаммад Салим охундни ҳузурига олиб келишларини буюради. Суҳбат асносида хонга унинг ўзини тутиши, қатъияти ва айни пайтда илму одоби маъқул бўлади. Муҳаммад Раҳимхон Салим охундни юртга олиб кетишини айтади. Шунда Муҳаммад Салим охунд хондан шунча йилдан бери орттирган дўстларим, талабаларим билан хайрлашай, деб бироз муҳлат сўрайди. Хон 10 нафар навкар қолдириб, уларга Муҳаммад Салим охундни Хивага олиб боришни тайинлайди. Муҳаммад Салим охунд навкарлар билан дарё орқали кемада Хива сари йўлга чиқади.
Муҳаммад Салим охунд уйига келганида ота-онаси аллақачон оламдан ўтиб кетганди. Яқинлари ундан узоқ йиллар хат-хабар бўлмагач, вафот этган деб ўйлашган экан. Муҳаммад Салим охундни ота ҳовлисида аммаси ва жияни Юсуфбой кутиб олади. Кейинчалик Юсуфбой Муҳаммад Салим охунднинг Гурлан беклигидаги ерларининг иш бошқарувчиси бўлади.
Муҳаммад Салим охунд Хивага қайтиб келгач хон уни 1870 йилнинг сўнггида пойтахт Хива шаҳри раиси лавозимига тайинлайди. У ижарада туриб, шаҳарда шариат қонун-қоидалари, диний ибодатлар, расм-русумлар ижросини одиллик билан назорат қилди. Шунингдек, болаларнинг ўз вақтида мактабга қатнаши, талабалар турмуши, бозорда савдогарларнинг харидорларни алдамаслиги учун тош-тарозини муттасил текшириб боради. Муҳаммад Салим охунд ушбу масъулиятли вазифада икки йилга яқин ишлаганидан сўнг хондан ижозат сўраб Гурланга келади. Гурландан Юмиртоғдаги Эшонёппойга, машҳур Жуманиёз эшонникига зиёратга боради. Жуманиёз эшон жуда ёш вақтидан тариқат йўлига кирган, сўнг Хива мадрасаларида таҳсил олиб, эшон рутбасини олган эди. Муҳаммад Салим охунд бир неча кун бу хонадонда меҳмон бўлгач, кетишга ижозат сўрайди. Эшонбобо меҳмонга рухсат бермай яна бир муддат олиб қолади ва илму урфондан, турли шаръий масалалардан суҳбатлар қуради. Муҳаммад Салим охунд Гурланга қайтар экан Жуманиёз эшон унга қизини турмушга бериш мақсадида изидан совчи юборади.
Муҳаммад Салим охунд шу тариқа уйланиб Хивага ишга қайтади. Хон эса уни мамлакатнинг бош қозиси – қозикалон лавозимига тайинлайди. Муҳаммад Салим охунд хонга биз икки киши бўлиб келдик, деб айтади. Муҳаммад Раҳимхон II Феруз уни табриклаб, Хива шаҳридан уй-жой беради. Албатта, дастлаб сарой аҳли ва Хива аъёнлари зайхонадан чиққан одамдан қозикалон бўладими, деган гапларни ҳам тарқатишади. (Гурлан беклиги хонлик ҳудудининг анча чекка қисмида – дарё бўйида жойлашган бўлиб, кўллар кўп, пастқам ерлар бўлганлиги учун пойтахтликлар уни зайхона (заххона) деб аташган.) Бироқ, Муҳаммад Салим охунд ўзининг адолати, илму заковати билан қисқа муддатда элнинг эътиборини қозонди. Унинг таърифи ҳатто хонликнинг узоқ чўлларида яшаган туркман сардорларининг ҳам қулоғига бориб етди. Шу тариқа Муҳаммад Салим охунд умрининг охрига қадар қисқа танаффуслар билан бўлса-да, хонликнинг қозикалони вазифасида иш олиб боради.
1873 йил. Узоқ тайёргарликдан сўнг Чор Россияси қўшини Фон Кауфман раҳбарлигида катта замонавий қўшин билан хонлик ерларига ҳужум уюштиради. Хориждан ҳеч бир ёрдамни ололмаган, аксинча хонликнинг азалий мудофаа қўрғони бўлган қондош туркман сардорларининг ҳам хиёнатидан хабар топган Муҳаммад Раҳимхон мудофаани ташкил эта олмади. У тушкунликка тушиб пойтахтни тарк этади. Шундай бир вақтда Муҳаммад Салим охунд қозикалон бир гуруҳ оқсоқоллар билан Фон Кауфман ёнига йўл олади. Музокаралар олдида Муҳаммад Салим охунд қозикалонга душман орасида юрган бир кишининг юзи таниш кўринади. Яхшилаб разм солиб, унинг Бухоро мадрасасида ўзи ўқитган татар миллатига мансуб талабаларидан бири эканлигини эслайди. Сўнг уни ёнига чақириб, “Тақсир, сизни илм учун ўқиган деб ўйласам, сиз душманнинг бир айғочиси экансиз” деб дакки беради. Орага иймон ва исломни қўйиб унинг тилмочлигида Фон Кауфман билан 3-4 соатлик суҳбат-музокара олиб боради. Суҳбат асосан хонликнинг башқаруви, қарам давлатнинг иқтисодий, ҳуқуқий аҳволи, мусулмонларнинг диний эрки ҳақида бўлди. Мазкур суҳбатдан кейин у хонга учраб, унга тасалли бериб, чор генерали билан музокарага кўндиради. Шу тариқа Гандимиён шартномаси имзоланди...
Муҳаммад Салим охунд қозикалонлик вақтида хоннинг вакили бир мерос мулкни хоннинг ҳисобига ўтказиш учун муҳр бостириб тасдиқлатиш мақсадида унинг қабулига келади. Муҳаммад Салим охунд ҳужжатлар билан танишиб, асло муҳр босмаслигини айтади. Шунда хон вакили хоннинг ўзи тайинлаганини шаъма қилади. Қозикалон шундай бўлганда ҳам муҳр босмаслигини айтиб қайтариб юборади. Вакил хоннинг олдига бориб, илтимоси рад этилганини маълум қилади. Хон қаттиқ тайинлаб яна Муҳаммад Салим охунд қозикалон олдига вакилини юборади. Муҳаммад Салим охунд қозикалон хоннинг вакилини яна қуруқ қайтариб юборади. Шундан сўнг Муҳаммад Раҳимхон Муҳаммад Салим охунд қозикалонни олдига чақириб, “гашир гўттини бунга бос!” (сабзининг таг қисми, яъни қозикалон муҳрини назарда тутиб) деб ҳукм қилади. Шунда Муҳаммад Салим охунд “агар мени гашир гўтти учун сақлаб қўйган бўлсанг, ол”, деб муҳрни хоннинг олдига ташлаб чиқиб кетади. Қозикалоннинг бу масалада жуда қаттиқ турганининг сабаби, биринчидан, кейинги вақтларда ким хоннинг фойдасига мулк қўшса, унга ҳам маълум фоиз ажратилиши қоидаси киритилган, айрим очкўз қози ва мирзолар фойда илинжида меросхўри аниқланмаган мулкларни чуқур текширмасдан ҳам хон ҳисобига ўтказишга ҳаракат қила бошлаган эди. Иккинчидан, қозикалон бу ҳужжатларда кўрсатилган кампирнинг бир қизи бўлиб, эрга тегиб, тинчиб кетган бўлса-да, мулкка эгалик даъво қилиш ҳуқуқи борлигини билар эди. Гурлан беклигидаги мирза ва қозилар буни билмасдан чол-кампирдан қолган мол-мулкни хоннинг фойдасига киритиш учун ҳужжат тўғрилаб, хоннинг олдига олиб боришган эди.
Қозикалон хон билан тескари бўлиб қолди, деган гап Хивада жуда тез тарқалади. Воқеадан оддий Хива халқи қаттиқ ташвишга тушган бўлса, кечагина ўзини унга яқин тутган айрим кимсалар ҳатто кўчасига ҳам кирмай қўяди. Муҳаммад Салим охунд бу кимсалар уйи олдидан ўтаётганида бирови чиқиб қолса, қозикалонга салом берсам, буни айғоқчилар хонга етказса, менинг ҳам бошим кетади, деб қўрқар эди. Муҳаммад Салим охунд Хивадан Гурланга, ундан Тахтакўпирга боради. Қорақум ҳазратга қўл бериб, эшонлик рутбасини қабул қилади. Қорақум ҳазрат эшон Муҳаммад Салим охунд қозикалонга ўз ўғлини ўқитишни топшириб, иккинчи қаватдаги чордоқда дарс беришини тайинлайди. Орадан бир ойлар ўтганидан кейин, ҳазрат тонгда уларнинг олдига чиқиб бугун бир хушхабар келишини айтади. Муҳаммад Раҳимхон Феруз ўғли Асфандиёрхон тўрага “Бор, устозингни олиб кел!” деб буюрган экан. Устоз дейишига сабаб, Асфандиёрхонга диний таълимни Муҳаммад Салим охунд қозикалон берган эди.
Муҳаммад Салим охунд Хивага қайтиб бормаслигини айтади. Шунда ҳазрат эшон “Сиз хонга эмас, халққа, хонликка кераксиз”, деб дуойи фотиҳа билан уни Хивага отлантиради. Муҳаммад Салим охунд Хивага бораркан, Кўшкўпирнинг қумидан ўтганда бутун Хива аҳли уни кутиб олишга чиққанини кўради. Ҳатто Дишанқалъа дарвозаси олдида хон ҳам пешвоз чиқиб турган эди. Хон қозикалондан ҳол-аҳвол сўраб, эшонлик рутбасини муборакбод этади ва қозикалонликда ишни давом эттиришини сўрайди. Дарҳақиқат, Муҳаммад Салим охунд қозикалон вазифасидан кетказилганидан кейин тайинланган қозикалон кўп ўтмай бир зиёфатдан қайтиб, кечаси вафот этади. Кейингиси ҳам мансабга тайинланганидан сўнг бир ҳафта ўтмасдан руҳий хасталикка чалинади. Бир томондан халқ норозилиги ортиб бориши, иккинчи томондан танланган инсонларнинг ишни эплаёлмаётгани Муҳаммад Раҳимхонни Муҳаммад Салим охундни ўз лавозимига қайтаришга мажбур қилган эди. Шундан сўнг Муҳаммад Раҳимхон Феруз қозикалонга ортиқча буйруқ бермасликка, унинг ишларига аралашмасликка ҳаракат қилди.
Муҳаммад Салим охунд 1900–1905 йилларда Хивада 16 та ҳужра, бир дарсхона, ҳовлисида битта қудуқ ва бир намозхонадан иборат мадраса қурдириб ишга туширади. Мазкур мадрасанинг бошқалардан фарқи ислом ҳуқуқи бўйича мутахассис фақиҳларни етиштиришга ихтисослашгани эди. Боиси, чор империясининг ярим мустамлакасига айланиб қолган хонликда турли мулкий даъволар ва динимизга зид бидъат-хурофотлар ҳам авж ола бошлаганди. Шундай шароитда жамиятнинг ислом ҳуқуқи бўйича илмларини ошириш янада долзарблашади. Мадрасадан кўплаб одил қозилар, раислар, билимдон мирзолар етишиб чиқди. Қозикалон қанчалик банд бўлмасин мударрисликни қўймади, талабалар таълимидан узоқлашмади. Унинг мамлакатда мингдан зиёд шогирдлари бор эди.
Чор маъмурларининг фитналари оқибатида Хива шаҳри XX аср бошида бир неча маротаба туркман сардорларининг босқинига учрайди. Жанг олдидан туркман сардорлари ўз навкарларига қозикалоннинг уйига, кўчасига кирмайсизлар, деб буюргани сабабли Хива халқи – аёл-қизлар, болалар Муҳаммад Салим охунд қозикалон яшайдиган кўчага кириб яширинишади. Туркманлар Хивага ҳужум қилганида кўплаб қимматли мол-мулкларни, бир қанча одамларни, Хивадаги катта тўпни, ҳаттоки, Хива хони Муҳаммад Раҳимхоннинг энг яқин одамларини ҳам гаров сифатида ўзлари билан олиб кетадилар. Уруш тинчигач, Муҳаммад Салим охунд қозикалон вазир билан туркманлар сардори Жунайидхон ёнига боради. Музокарада аввал оддий Хива халқини, сўнг хон аъёнларини, кейин ҳайит ва байрамларда тўп отиб халқни огоҳ этиш керак, деб ўша эски тўпни сўрайди. Жунайидхон Муҳаммад Салим охунд қозикалоннинг илтимосига кўра барча гаров олганларини Хивага безиён қайтаради.
Муҳаммад Салим охунд қозикалон қирқ йилга яқин хонликда адолат билан иш олиб борди. Ноҳақ биров-бировга зулм ўтказолмади, мулк талон этилмади. Бу масалада ҳатто хонни ҳам аямайдиган қозикалон даргоҳи Хива халқининг адолат қўрғони рамзига айланиб қолди. Муҳаммад Раҳимхон Баходирхон соний-Феруз 1910 йилда вафот этгач, Муҳаммад Салим охунд Асфандиёр тўранинг хон бўлиб кўтарилишида иштирок этди. Шундан сўнг у Асфандиёрхон ҳузурида ўз илтимоси билан қозикалон мансабидан истеъфо берди. Муҳаммад Салим охунд 1916 йилда, 90 ёшдан ўтиб вафот этади. Уни халқ юксак эҳтиром билан Хивадаги давлат аъёнлари, хўжалар қўйиладиган муборак Шоҳи Мардон қабристонига дафн этадилар.
Муҳаммад Салим охунддан олти нафар фарзанд қолган. Тўнғич ўғли “Ёш хиваликлар” партияси етакчиларидан бўлган Бобоохун (Муҳаммад Карим) Салимов алоҳида мавзудир. Иккинчи ўғли Имомаддин охунд, учинчи ўғли Низомаддин охунд, тўртинчи ўғли Иноятжон охундлар, қизлари Уллижон ая ва Саодатжон аялар эди. Албатта, ўғилларнинг барчаси мадраса таҳсилини кўрган олим, ориф инсонлар бўлиб етишган ва хон замонларида Муҳаммад Аминхон, Қозикалон мадрасаларида мударрис, охунд бўлиб ишлаганлар.
Шўро тузуми ўрнатилиши билан уларга нисбатан таъқиб ва тазйиқлар ортиб борди. Айниқса, 1924 йилдан советлар мадрасаларнинг вақф ерларини, бой, ўзига тўқ хонадонларнинг мол-мулкларини тортиб ола бошлади. Шу вақтдан Салим охун авлодларининг ҳам Хива, Қўшкўпир ва Гурландаги ерлари тортиб олинади. Фақатгина тирикчилик ўтказиш учун озгина ер қолдирилади. 1927 йилда Имомаддин охунд, Низомаддин охунд, Иноят охундлар устидан суд ташкил қилиниб, 60 таноб ерлари тортиб олинади ва 3 000 сўм жарима солинади. 1929 йилда Бобоохун Салимов ўлдирилгач, Имомаддин, Низомаддин, Иноят охундлар оғасининг йил ошига, Юмуртоғ этагидаги Эшонёп қишлоғига боришади. Авазхўжа уламо Бобоохун Салимовга йил оши берган куни Имомаддин охунд олиб кетилди ва қайтиб уйига келмади. Ундан Садраддин, Отамахсум, Зоҳид, Азизпошша каби фарзандлар қолади.
Низомаддин охунд хонлик даврида Муҳаммад Аминхон, Қозикалон мадрасаларида мударрис, охунд бўлиб ишлаган маърифатли уламо эди. Шўро даврида эса умр бўйи таъқиб-тазйиқлар остида яшади. Гурланда, Хивадаги мактабларда муаллимлик қилган, айни пайтда Урганч, Хива турмаларига тез-тез ташлаб ҳам турилган. 1938, 1942, 1948 йилларда асоссиз, ёлғон даъво-айбловлар билан “халқ душмани” дея қамоқда сақланади. Ҳатто 1942 йили уни Тошкентга ҳам олиб кетмоқчи бўлишади. Бироқ, исботсиз айбловлар билан суткалаб ушлаб туришгани боис “воҳада яшамаслик” шарти билан қамоқдан бўшатиб юборишга мажбур бўладилар. Низомаддин охунд 1957 йилгача Юмуртоғдаги Эшонёп қишлоғида яшаб, сўнг Гурланга кўчиб келади. Афсуски, яна тинч қўйишмади. 1962 йил уни “келиб чиқиши диндор” деган айблов билан таъқиб қилишади. Низомаддин охунд 1970 йил 81 ёшида вафот этади. Унинг турмуш ўртоғи Саодатжон онадан Қодирберган, Хуршидпошшо, Зайнаб, Хадича сингари фарзандлар қолган.
Салимохуннинг тўртинчи фарзанди Иноятжон охунд ҳам мадрасада таҳсилини олиб, Хива, Гурлан мактабларида ўқитувчилик қилади. Иноят охунд 1935 йил қамоққа олиниб, икки йил давомида Тошкентда, СазЛагнинг Чиноз бўлимида сақланади. Шундан сўнг Мурманскка юборилади. 1940 йиллар соғлиғи ёмонлашганлиги туфайли уйига қайтарилиб, 1941 йил вафот этади, Юмуртоғдаги Саломат бобо қабристонида дафн этилади. Иноят охунднинг аёли Адилпошша аядан Сирожиддин, Файзираҳмон исмли ўғиллар қолган. Қозикалоннинг Уллижон исмли қизи Муҳаммад Раҳимхон Ферузнинг ўғли Ибодулла тўрага турмушга чиққан. Тўлғоқ вақтида вафот этади. Саодатжон исмли қизи эса турмушга чиқмай, оға-инилари фарзанди тарбияси билан шуғулланиб, 1951 йилда вафот этган...
Хива хонлигининг машҳур қозикалони Муҳаммад Салим охунднинг шарафли умр йўли ва унинг авлодларининг суронли йиллардаги турмуши шу тарзда изтиробли кечган эди. Муҳаммад Салим охунд Қозикалон мадрасаси 1992 йилдан буён Давлат санъат музейи сифатида фаолият кўрсатмоқда.
Баҳром ИРЗОЕВ,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
2 Изоҳлар
Ozodboy
12:01 / 01.01.1970
Ushbu malumotni jamlab ommaga taqdim qilgan insonlarga chuqur minnatdorchilik bildiraman. Kattadan katta rahmat . Hozir ham ohundlar avlodlari xorazm viloyat gurlan tumanida umrguzoronlik qilib kelmoqda.
Muhammadyusuf
12:01 / 01.01.1970
Juda zòr, ibratli tarix