
1893 йилда Бухоро шаҳрида қоракўл савдогари Йўлдош Саиджонов оиласида туғилган, аввал ўз маҳалласидаги бошланғич мактабда беш йил ўқиб, хат-савод чиқарган, ўн бир ёшида отасидан айрилиб, 1905–1908-йилларда укаси Мухторжон Саиджонов билан Когондаги рус-тузем мактабида ўқиган, ёшлигиданоқ илму маърифатга қизиқиб, араб, форс, туркий тиллар, адабиёт, тарих ва география билан жиддий шуғулланган ҳолда Россия, Туркия каби хорижий мамлакатлар матбуоти ва адабиёти билан танишган тараққийпарвар, “Ёш бухороликлар” ҳаракатининг етук намоёндаларидан бири, давлат ва жамоат арбоби, олим ва илк ўзбек профессори Мусо Саиджоннинг (1893–1938) таваллуд топганига бу йил 130 йил тўлмоқда. Бутун умрини Туркистон халқининг миллий манфаати ва маданияти йўлида сарфлаган юрт фарзандининг илмий меросини тадқиқ этиш, архив ва нодир фондларда сақланаётган асарларини ўқувчиларга етказиш бугуннинг аҳамиятли масалаларидан бири. Шу боисдан ҳам биз Мусо Саиджоннинг Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқ қўлёзмалари институтида 2601-инвентар рақами остида сақланаётган “Гўри Амир – Амир Темур мақбараси” рисоласини сиз азиз ўқувчиларга тақдим қилишни лозим топдик.
Мусо Саиджон (1893–1938).
Мусо Саиджоннинг ушбу рисоласи 1929 йилда араб ёзуви асосидаги эски ўзбек тилида Самарқандда чоп этилган бўлиб, унда Амир Темур шахсияти, сиёсий ва ижтимоий портрети, темурий шаҳзодалар ҳамда Соҳибқироннинг вафоти, у дафн этилган мақбара – Гўри Амирнинг юзага келиш тарихи олимларга хос тарзда очиб берилган. Асарнинг 1929 йил 9 апрелда якунлангани эса муаллифнинг Соҳибқирон шахсиятига чуқур ҳурмати ва қолаверса унинг таваллуд кунига ҳам мўтабар ҳадяси эди.
Мусо Саиджон ушбу асарида “Гўри Амир”, яъни Амир Темур мақбарасининг қурилиши, ундаги қабр ва қабртошларнинг тарихи хусусида шундай қизиқарли ва чуқур таҳлилланган мулоҳазалар келтирганки, улар сиз азиз ўқувчиларни асло бефарқ қолдирмайди.
Ушбу асарнинг яна бир ўзига хос жиҳати шундаги, унда Туркистон мустамлакага айлантирилгандан кейинги мазкур маҳобатли мақбаранинг ҳолати тўғрисида ҳам муҳим маълумотлар берилган. Биз бугун ушбу далиллар орқали “Гўри Амир” мақбарасининг ХХ аср бошларидаги ҳолати хусусида муфассал маълумотга эга бўламиз. Бу эса мақбаранинг мустамлака тузуми шароитидаги шакл ва ҳолатига доир тарихий маълумотларни тўлдиришда муҳим аҳамият касб этади.
Мусо Саиджоннинг “Гўри амир” рисоласи муқоваси
Бундан ташқари Мусо Саиджон Амир Темур шахсиятига турли хил бўҳтон ва ҳақоратлар айтиб турилган ва шу билан бирга ўлка бўйлаб Туркистон тараққийпарварлари устида “Миллий Иттиҳод” иши доирасида қатағон машинаси ишга туширилаётган бир пайтда ўзининг маънавий жасоратини кўрсатиб, Соҳибқирон тўғрисидаги ушбу рисоласини нашр қилиб, туркистонликларни миллий тарих билан ғурурланишга даъват этди. Бироқ бутун ҳаётини Ватан равнақи, Туркистон халқининг илм-маърифат тараққиёти учун бағишлаган фидойи олим жисмоний қийноқлар, маънавий таҳқирлар ва қип-қизил бўҳтонлар асосида 1938 йил 14 октябрда отиб ташланди.
Мусо Саиджоннинг ушбу асари бугунги кун ўқувчиларига илк маротаба тақдим этилмоқда.
Гўри Амир – Амир Темур мақбараси
I қисм
Темур Тарағай ўғли Кешнинг [1] (Шаҳрисабз) Ҳўжа Илғор [2] қишлоғида 736 ҳижрийда (милодий 1336 йил) туғилди. Унинг ёшлиқ чоғида, манғулларнинг (мўғуллар – М.Алижонов) чиғатойлар ўлкаси саналғон Туркистон, кўпдан бери ўзаро низолар, урушлар билан кучсизланган, ўлканинг сиёсий ва иқтисодий аҳволи бузуқ, Чингизнинг маҳкам ясоқидан асар ҳам қолмағон эди. Худди шунинг каби, Эрон чингизийлари ва Эрон ҳам бузуқ, хароба ҳолға айланган эди.
Эрон ва Туронда аҳвол шундай экан, исми билан сифати Темур бўлғон, иродаси кучли бу шахс, ўзининг кучини синашга киришди. Темурнинг бу ҳаракати Мовароуннаҳрнинг [3] бойлар ва улар билан манфаатдор бўлғонлар тарафидан хурсандлиқ билан қарши олинғон. Мазкур табақа Темур кучайиб олгунига қадар уни ҳимоя қилиб, ёрдам этганлари маълумдир.
Темур Туркистонни мустаҳкам бир ҳукумат қўл остидағи давлат ҳолиға келтиришни ўзига мақсад қилган турк жаҳонгиридир [4]. Ул бу мақсадға эришишда, бошлаб кўп муваффақиятсизлиқларға учради. Бироқ, у сира ўзининг иродасидан қайтмади. Майда-чуйда қабила бошлиқларидан куч йиғиб олиб, “Туғлуқ Темур”, “Амир Ҳусайн” каби кучли ҳукмдорларни енгди ва ҳижрий 771 йилда (милодий 1370 йил) Чингизийлар сулоласига мансуб бўлғон ва ўзининг кичик қўмондонларидан Сурғутмишни хон эълон этди ва унинг номидан жаҳонгирлик этишга киришди.
Ўрта Осиё, Эрон, Дашти Қипчоқ (Олтин Ўрда), Ҳиндистон, Кичик Осиё ва Шомни фатҳ этган бу жаҳонгир, эгаллаган мамлакатларнинг ҳунармандлари, санъаткорларини ўзининг пойтахти Самарқанд ва Шаҳрисабзга кўчирди. Ерли (маҳаллий – М.Алижонов) усталар ва мазкурларнинг йўллови ва уларнинг мамлакатларидан тўпланиб келтирилган бойлиқлар билан Туркистонни обод этишга киришди. Ҳар бир музаффариятнинг (ғалабанинг – М.Алижонов) кетидан 2-3 ой давом этган хурсандчилик ва тўйлар билан бир қаторда, айниқса Самарқанд ва Шаҳрисабзда катта-катта бинолар (тўғрироғи зафар тоқлари) солдирди.
Тарих ва таърифини ёзмоқчи бўлғонимиз “Гўри Амир” унинг тарафидан хурсандлиқ билан солдирилғон зафар тоқлари қаторида эмас, балки бахтга қарши вафот этғон бир шаҳзоданинг кўмиш ўрни учун эди. Бу шаҳзода Темурнинг набираси ва Ғиёсиддини Жаҳонгирнинг (Ғиёсиддин Жаҳонгир) ўғли Муҳаммад Султондир. Бу мақбара бошлаб мазкур шаҳзода учун солдирилғон бўлса ҳам, кейинчалик Темур ва темурийларнинг мақбарасига айланди.
Темур бошлаб ўзининг кўмилиш жойиға Шаҳрисабзни интихоб (танлаган – М.Алижонов) этган, шунинг учун Шаҳрисабзда Шайх Шамсиддин Кулол ва отасининг қабрлари устида мақбара бино этдирган. Мазкур мақбаранинг соғ (ўнг) ва сўлида (чап) авлоди ҳам ўзи учун махсус бинолар солдирғон эди. Унинг риояти учун, катта қўмондонлар ҳам, ўзлари учун мақбаралар бино этдирганлар. Шу боисдан ҳам қаерда ўлсалар ҳам уларнинг жасадлари Шаҳрисабзга кўчирилиб, махсус мақбараларга кўмилган.
Темурнинг биринчи ўғли Ғиёсиддин Жаҳонгир Самарқандда 777 ҳижрийда (милодий 1375 йил), Умаршайх Эронда 797 ҳижрий йилда (милодий 1395 йил) вафот этган бўлсалар ҳам, Шаҳрисабзга олиб келиниб дафн этилганлар. Темур саройиға келган Испания элчиси Клавихо Шаҳрисабздаги Темур солдирғон биноларни таъриф этганда мазкур мақбаралар тўғрисида қуйидағиларни ёзадир: “Бу шаҳарда (Шаҳрисабзда – М.С) жуда кўп катта уйлар ва масжидлар бордир. Айниқса Темурбек солдирғон бир масжидким, ҳали битгани йўқ; унда Темурбекнинг отаси кўмилган катта мақбара бор. Бундан бошқа ўзи учун айрим мақбара бино этишни буюрган. Бу ҳам ҳозир битмаган эди. Ривоятга кўра ул (Темурбек) бундан бир ой бурун келиб ўзининг мақбарасини кўрган. Бироқ эшиги (пештоқини бўлса керак) паст бўлғони учун ёқтирмағон, бузиб қайтадан тузишни буюрғон. Ҳозир усталар ишламакдалар. Бундан бошқа бу масжид ва Темурбекнинг Жаҳонгир (Аслида – Янгир) отли биринчи ўғли кўмилгандир. Бу масжид ва мақбаралар жуда бой ва гўзал сувратда олтин ва ложувардлар билан кошинланган. Унинг олди катта саҳнли (боғча) бўлуб карб ёғочлари ва ҳовузлари бор. Шоҳнинг амри билан бу масжидга ҳар кун 20 қўйни пишириб юборарлар. Бу кўмилган отаси ва ўғлининг ёддошти (хотираси – М.Алижонов) ва руҳларининг истироҳатлари учундир” [5].
Зотан Темур жаҳонгирликнинг биринчи давридан бошлаб Шаҳрисабзга катта аҳамият берган, ободончилиқға, халқни кўпайтиришга тиришган, ватани бўлғон бу шаҳарни Туркистоннинг биринчи шаҳри қилмоқчи бўлғон. Бироқ Самарқанднинг жўғрофий мавқейи, унга (Шаҳрисабзга) рақобат этган, шунинг учун Темур Самарқандни пойтахт этган. Шундай бўлса ҳам Шаҳрисабзни эсдан чиқармағон. Умрининг охирғи йилиғача Шаҳрисабзда кўмилишни истаган. Нечундир истеъдодли набираси Муҳаммад Султонни Самарқандға кўмдиришга буюрган (Темурнинг бу шаҳзодаға эътимоди катта эди).
Агар мазкур шаҳзода ўлмаса эди, балки Темур уни ўзига валиаҳд тайин этар эди.
Темур ҳар вақт ўзининг тахт вориси ҳақида ўйлар, болаларини бу йўлда аскарий тарбия беришга, давлат ишларидан тўла хабардор бўлишлариға жиддий аҳамият берар эди. Шунинг учун болаларини ёшлиқдан ўзи билан баробар урушларга олиб борар, буюк қўмондонларнинг қўл остлариға аскар қилиб берар ҳам кенг мамлакатларни синалғон қўмондонларнинг раҳбарликлари остига – топширар эди. Шунинг билан баробар Темур турк-мўғул одатлариға, Чингиз ясоқиға содиқ, уларни тўла бажаришга ҳаракат этувчи эди. Қўмондонлари, фарзандларидан ҳам шуни кутар эди.
Темурнинг орзусиға мувофиқ бўлғон биринчи ўғли Ғиёсиддин Жаҳонгир 20 яшар экан вафот этди. Жалолиддин Эроншох эса, бир касаллик натижасида ғайри табиий ҳолға келди. Шоҳрух бўлса, мўғул одати, Чингиз ясоқидан кўра шариат ҳукмларини ортиқ кўрар эди… Шу сабабларга кўра Темур Муҳаммад Султоннинг тарбиясига айрича аҳамият берди, ул (Муҳаммад Султон) Темурнинг тилагига мувофиқ истеъдодли эди. Ҳатто, Хитой урушига ҳозирлиқ кўриш, Мўғулистон чегарасида мустаҳкам қалъа бино этиш, уруш вақтида аскарлар озуқасиз қолмаслиқларини таъмин қилиш, юртда экинзорлар барпо этиш каби муҳим ишга тайин этилган қирқ минг аскарнинг бошлиғи Муҳаммад Султон эди. Ул (Муҳаммад) Мўғулистон чегарасида уч йилча қолди. Темур туркларга қарши ҳозирлиқ кўриб Онадўли атрофидағи жойларни Шомғача олғоч, ҳижрий 804 йилда (милодий 1402 йил) Муҳаммад Султонни чақириб Эронға тайин этди.
Кичик Осиё – Онадўлида ҳукмронлиқ этган Йилдирим Боязид 805 ҳижрий йилда (милодий 1403 йил) мағлуб ва асир бўлғон, Темур шодлиққа ғарқ бўлғон эди. Шул аснода Муҳаммад Султон хасталаниб Қора Ҳисор яқинида ўлди [6]. Буюк (катта – М.Алижонов) таъзия маросими барпо этилди. Темур билан баробар, ўрдудаги (қўшин – М.Алижонов) бутун аскарлар таъзияда иштирок этдилар. Барча қора ва кўк кийим кийган, бўйниларига кигиз ва палос осилғон, аскар ва умаролар одати бўйича кўрпа-ёстуқда эмас, сомон устида ётар, ҳатто оқ от минмас эдилар. Ҳар кун тонг ва оқшом йиғи ва оҳу зор билан таъзияни янгилатар эдилар. Шаҳзоданинг жасади Авингага (Арзирум вилоятида) келтирилди. Тобутни янгилатиб султонға (Эронға) юбориб “Қайдар пайғамбар” мозорига муваққат кўмдилар.
Темур машҳур етти йиллиқ сафарини ҳали битиргани йўқ, янги урушиб олғони Ироқ, Кафказия, Онадўли ва Сурияда қиладурғон ишлари кўп эди. Ул ҳали қолғон-қутғон “осий”ларни бўйсундириш, у ерларда ҳокимиятни мустаҳкамлаши керак эди. Муҳаммад Султоннинг ўлимидан одатдан ташқари (қаттиқ – М.Алижонов) қайғурса ҳам, бошлағон ишини битиришга киришди. Бу ишлар учун тағин бир йил керак бўлди. 806 ҳижрий (милодий 1404 йил) йил рамазон ойида шаҳзоданинг йиллиқ таъзия маросими ўтказилди. Фуқароларға ош берилиб “Ҳатми Қуръон” адо этилди. Бу маросимдан кейин Хонзода (Муҳаммад Султоннинг онаси) Темурдан рухсат олиб, Шаҳзоданинг тобутини Султониядан Самарқандға кўчирди.
(Давоми бор)
Асарда келтирилган изоҳлар:
1) Кешни эски тарихчиларнинг кўпи “Киш” сувратида ёзарлар. Бизим исмлар билан “Кеш” бўладир.
2) Ибн Арабшоҳ. Ажойибул-мақдур фий ахбори Темур. 3-бет.
3) Мовароуннаҳр – Амударё ва Сирдарё ўртасидағи ерлар.
4) Бу тўғрида “Тузуки Темур”да муфассал маълумот бор.
5) Рюи Гонзалес де-Клавико. Путешествие ко двору Тимура. Санкт-Петербург.: 1881. Стр 233-4.
6) Муҳаммад Султон 29 яшар экан, ҳут ойининг охирида (Ҳут ойи 22-феврал – 21-март даврига тўғри келади) душанба куни 8 шаъбон, 805 ҳижрий йилда вафот этди. Шарафиддин ёзди. “Зафарнома” қўлимдағи ёзма нусха, варақ 361. Бу асарда Темурнинг бутун воқеалари, солдирғон бинолари… тўғрисида муфассал маълумот берилғон.
Нашрга тайёрловчи:
Муслимбек АЛИЖОНОВ,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори
Тарих
Тарих
Фалсафа
Мафкура
Адабиёт
Адабиёт
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ