Эътиқодсиз одам пайғамбарлар тушган вазиятларда нима қилади? – Кафка қаҳрамонлари таҳлили


Сақлаш
17:58 / 02.06.2025 37 0

Адабиётшунос ва таржимон Шаҳноза Раҳмон мутолаа қилади.

 

Менда адабиётга мойиллик йўқ. Адабиёт –

 ўзимман, адабиётдан бошқа ҳеч нарса

 эмасман ва бошқача бўлолмайман ҳам...

Франц Кафка

 

“О, орзу ғоят сероб, беқиёс даражада кўп, лекин биз шўрпешоналарга ким қўйибди уни...” Франц Кафка асарларини мутолаа қилар экансиз, ёзувчи оламининг кириш дарвозасида айни шу сўзлар муҳрлаб қўйилгандай таассурот уйғонади. Ўқиш жараёнида нурга интиқ, сўнг илҳақ бўласиз. Кафка романлари марказида турган К. нажот топса эди деб ўйлайсиз. Бироқ сўнгги саҳифани ёпганда бундай хаёлларга беҳуда берилганингиз аёнлашади ва ўргимчак уясида тузоққа тушиб, эркдан умиди узилган ўлжанинг ҳорғин кайфияти сизга кўчади. Бу табиий ҳол, чунки Кафканинг қидирувлари моҳиятида топиш эмас, йўқотиш ётади. Адиб фикрича, “Бизнинг дунё – худонинг бўлмағур истагини деб омадсиз бир кунда яратилган макон...” Унингча, кишилик жамияти бошқарувидаги адолат тизгини Фемида эмас, овчи Артемида қўлига ўтган. Шундай экан, Кафка ижодида қафаслар қуш излашига таажжубланмаса ҳам бўлади. Ёзувчи асарларидан ечим топиш иложсиз. Улар китобхонни сўнгсиз саволлар гирдобига ғарқ қилади. Бу жараён осон бошланади, лекин тўхтатиш имконсиз. Чунки Кафка – тафаккур тўлғоқларини санъатга айлантирган адиб. Унинг сирли оламига элтувчи йўл бор, албатта. У қасрга олиб борувчи йўл каби оддий, одатийга ўхшаса-да, машаққатли, махфий ва мураккабдир. Назаримда, “Америка”, “Қалъа” ва “Жараён” романлари – ана шу лабиринтга кириш йўлини кўрсатувчи харита. Ҳар бирига моҳиятидан келиб чиқиб муносиб ном бердик: “Қувғин”, “Бегона” ва “Маҳкум”.

 

Қувғин

 

Кафка шундай моҳир рассомки, асар яратаётиб унга мафтун бўлганидан ичига қандай шўнғиганини билмайди. Мутолаа жараёнида адиб ўз тасаввуридаги “Америка” суратига сингиб, матнга айланади. Уни инсон онгига кириб, идрокини бошқариш устида илк тажрибаларни ўтказишга уринаётган руҳшуносга ҳам қиёслаш мумкин. Кафка ўн олти яшар Карл Россманнинг бегона юртдаги тақдирига оид тасвирлар билан ўқувчини тасаввурнинг энг абсурд пучмоқларига етаклайди.

 

Ғарб адабиётшунослари фикрича, роман – ғайриоддий саёҳат (агар буни саёҳат деб аташ мумкин бўлса), Кафканинг ўзига хос “Одиссея”сидир. Бироқ моҳиятга чуқурроқ назар ташланса, у қаҳрамонлик достонларию саёҳатномалардан анча йироқ экани ойдинлашади. Чунки Карл Россман нафақат миграцион ўзгаришни, балки маънавий ва руҳий улғайиш жараёнларини бошдан кечиради.

 

Россман оиласининг ўттиз беш ёшли оқсочи кутилмаганда ҳомиладор бўлиб қолади. Карлнинг бегона юртдаги тақдиридан кўра, оила шаънини устун қўйган ота бу “оғир гуноҳ” учун осий ўғилни Америкадаги укаси сенатор Эдвард Якоб олдига юборишга қарор қилади. Шундай экан, Карл бу хавфли саёҳатга ўзининг саркаш истаги туфайли отлангани йўқ. Аксинча, маккор аёл тузоғида фарзандининг болалик дунёси тажовузга учраганию ўша жирканч лаҳзаларда нималар бўлаётганига ақли етмай, руҳий дунёси бундан қанчалар шикаст еганини тасаввур қилишга қодир бўлмаган дарғазаб ота томонидан қувғин этилди. Бу Одам Атонинг жаннатдан қувилишини ёдга солади. Демак, кўплар тасаввурида “имкониятлар юрти, чин демократик давлат, ҳуррияту адолат ҳукмрон мамлакат” – Америка ушбу асарда гуноҳга ботган Ер тимсолидир.

 

Кафка Инжилга тез-тез мурожаат қилади, ундаги қисса ва ривоятларга таянади, ҳатто кундаликларида “Нега исён кўтарасиз? Агар ҳикоятларга амал қилганингизда, ўзингиз ҳам ҳикоятга айланардингиз ва шу орқали ҳурриятга эришардингиз”, деб ёзади. Таслимият орқали ҳурриятга етиш ғояси – тасаввуфий қарашларга ҳам муштарак келади. Романда Карл “Нега мен? Нега бундай бўлди?” дея тинимсиз хотираларини тафтиш қилаверади, хаёлида қисмати билан олишади, лекин ҳар сафар унга енгилади. Мана шу курашлар орқали исён одамзодни фожиаларга гирифтор этиши – романда илгари сурилган ғоядир. Акс ҳолда Америка тасвирлари ўқувчи қалбига бу қадар қўрқув солмаган ва уни рутубатга ботирмаган бўлар эди.

 

Кема соҳилга яқинлашаркан, осмонни қоплаган қуюқ қоп-қора булутлар орасидан баҳайбат ҳайкал кўриниш беради. Озодлик ҳайкалининг ҳавода муаллақ турган қўлида – машъала эмас, қилич. Бу – романдаги ҳақиқату мантиққа бўйсунмас энг ажабтовур деталлардан бири десак янглишмаймиз. Американинг ғайритабиий равишдаги бадқовоқ қиёфаси Карлга ҳеч жаннатни ваъда қилмасди. Йигитча бошидан кечирган воқеалар худди тушга ўхшаб кетади – воқелик ва хаёлот чегаралари йўқола боради. Амаки ҳам, дафъатан, ўн олти яшар йигитга “энагалик” қилишдан бош тортади. Инглизчани тузук-қуруқ ўрганмаган жиянига Америкадай улкан давлатда тўрт томони қибла эканини кўрсатиб қўяди. Шундан сўнг муҳожирликдаги уқубатлар бошланади, манфаатпараст, шафқатсиз, шайтонсифат одамлар билан танишувлар рўй беради. Бу нафақат сон-саноқсиз саволлар туғдиради, балки ҳақиқату ҳаловат топиш йўлининг нақадар мураккаб эканини ҳам акс эттиради.

 

Асар моҳияти зўр бўлгани билан унда ойдинлашмай қолган жумбоқлар бисёр. Масалан, Карлдай ёш йигитни амакисидан сўроқсиз, шаҳар ташқарисидаги уйига олиб боришдан Полландер қандай мақсадни кўзлаган эди? Эҳтимол, сенаторнинг ўзи жиянидан қутулиш учун буни атай уюштиргандир? Карлнинг онаси ҳам романда очилмай қолган муҳим персонажлардан бири. Вояга етмаган боласини олис юртларга жўнатади-ю, она бўлиб наҳот изтироб чекмайди? Боланинг онасига муносабати ҳам аниқ эмас, у асарнинг атиги икки жойида қисқа жумла билан эслаб ўтилган, холос. Қолаверса, фақат онаси эмас, балки бутун оиланинг Карл учун қайғургани ё куюнганига оид бирорта тасвир учрамайди.

 

Қаҳрамон ҳаётига кучли таъсир ўтказган икки қаллоб – ирландиялик Робинсон ва Деламарш уни қулликда яшашга мажбурлайди. Бола кучли тазйиқ остида бир қанча муддат Брунельда исмли бой хоним қўлида малайлик қилади. У золимлар қўлидан қочишга кўп уринади, лекин чиранишлари ўргимчак тўрига тушган ўлжанинг халос бўлишга уринишларидай бесамар кетади. Оқибатда икки гумашта Карлни аёвсиз калтаклаб, совуқ кунда балконда қолдиради. Шунда у Брунельданинг қўшниси – талаба йигит билан танишиб қолади. Борар ери бўлмаса, қулай фурсат келгунча қулликда яшаш афзалроқ эканини талаба унга тушунтиради: “Баъзан кишанда бўлиш эркинликдан хавфсизроқдир...” дейди. Карл қўшнининг маслаҳатига амал қилади. У кўп ҳолларда мустақил бир қарорга келолмайди, бунга ёшлик ҳам қилади. Бола бўлгани учун ташқи таъсирларга берилиб, оқибатларга мослашади. Романнинг айнан шу жойида яна бир ойдинлашмай қолган ҳолат кўзга ташланади: Карл қулликдан қандай озод бўлди? Оклахома театри эълони қаршисида қаердан пайдо бўлиб қолди? Буниси ҳам мавҳум...

 

Ёзувчи иккинчи бобни “Бедарак” (ғойиб бўлган одам) деб номлаган. Театр юзлаб одамни ишга олади, улар қаторида Карлни ҳам. Шунда китобхонда йигитнинг Америка жамиятида ўрин топиб, яшаб кетишига бир илинж уйғонади, бироқ ўғрайган тоғлар оша Оклахомага йўл олган поезд ногоҳ ғойиб бўлади. Унда ишга олиб кетилаётган минглаб одамлар ҳам, Карл ҳам... Бу йўловчилар ростдан ҳам театрга ишга қабул қилинганмиди ўзи? Ё бу бир тузоқмиди? Уларни Оклахоманинг зулмат конларида қулдай ишлатгани алдаб олиб кетишганмикан ё бўлмаса? Карл тирикми ё ўлган? Бундай оғриқли саволларга жавоб фақат адибнинг ўзи ва Яратганга аён... Афсуски, Кафка кундаликларида ҳам “Америка” хотимасига доир ҳеч қандай изоҳ қолдирмаган.

 

Бегона

 

“Америка”да ғойиб бўлган Карл дафъатан “Қалъа”да ер ўлчовчи К. қиёфасида қишлоқ меҳмонхонасига кириб келгандай туюлади. Карлдан фарқли ўлароқ, К. ёлғон гапиришни эплай оларди. Қалъадан рухсатнома бўлмаса, бегоналарга қишлоқда тунаб қолишга ижозат берилмас эди. Қаҳратоннинг зулмат тунида, зим-зиё қоронғилик ичра К.нинг кўзи улкан қалъани илғамаган эди. Шунга қарамай, у ўйлаб ўтирмай ўзини Қалъа томонидан расман тайинланган ер ўлчовчи дея таништиради. Одамлар унинг ёлғон сўзлаётганини билади, бироқ ҳеч ким ўзига сездирмайди. Қишлоқда К. бегоналигини ҳар лаҳзада, ҳар даврада ҳис қилиб туради. Унинг бу ғайритабиий жамиятга сингиб кетиши ниҳоятда мушкул кечади. “...сиз на қалъадансиз, на қишлоқдан. Сиз ҳеч нарсасиз. Афсуски, кимдирсиз-у, бир ёт киши, ҳамма жойда ортиқча, ҳаммага халал берасиз, сиз сабаб ҳамманинг тинчи йўқолган... ниятингиз эса бизга қоронғи...” дейишади унга тап тортмай. Файласуф Михаил Бахтинга кўра, кишилик жамиятининг шундай ёзилмаган қонунлари борки, улар ҳар жойда, ҳар даврда бир хилда ишлайди. Масалан, ўзиникига меҳр кўрсатилса, ўзгага ёвқараш қилинади. Бу ҳар бир жамият одамлари ҳаётида савқи табиийдек рўй беради.

 

Макс Брод К.ни қишлоққа махсус миссия билан келган деб ҳисоблайди. Роман охирига қадар кимлиги, бу гадойтопмас қишлоққа не мақсадда келгани ойдинлашмайди. Томас Манн эса К.нинг ҳаракатларидан ҳеч қандай махфий миссия топмайди. У қаҳрамоннинг қишлоқда муқим жойлашишга қайсарларча уриниши бахт топиш истагидан бошқа нарса эмас деб ишонади. К. ёлғизликдан қутулиб, жамиятга қўшилишни ва ўша кичкина жойда обрўли шахс бўлиб қолишни истайди, холос. Бироқ К. қишлоқ оламига сингигани сари қонунларининг абсурдлиги янада аниқроқ намоён бўлади. Бу шундай дунё эдики, унда ҳеч қачон ҳеч нарсага эришиб бўлмасди. Қишлоқ жамиятини ботқоққа қиёслаш мумкин, одам ундан чиқишга қанча кўп уринса, шунча чуқурроқ ботади. Бу жамият шахсни мантиқсиз қонунлари билан ҳисоблашишга мажбур этади ва охир-оқибат йўқ қилади.

 

Маълумки, Кафка романларида макон муҳим роль ўйнайди. Ғайритабиий қонунлар устувор бўлган бу қишлоқ Содом ва Гоморрага ўхшайди. Тажовузкору золим ҳокимият у ерда ўз “ахлоқий меъёрлари”ни жорий қилган. Масалан, романнинг муҳим бобларидан бири “Амалиянинг жазоси”да қалъа ўрнатган бошқарув тизимининг абсурд илдизлари кўринади. Бу чириган хаста жамиятда фаҳш меъёр даражасига олиб чиқилган. Амалияни жазолаган қалъа эмас, балки қишлоқ одамлари эди. Бўйи етган, кўзга яқин дилбар қизлар – оиланинг истиқболи. Қишлоқ одамлари қизига қасрдан бирон бир амалдорнинг ишқи тушиб, ўзига маъшуқа қилиб олишидан умидвор бўлиб яшайди. Бу ҳамма оиланинг орзуси. Шундагина оиланинг елкасига офтоб тегади, ака-укаси юқори лавозимларга ишга олинади. Ўша оиланинг моддий аҳволи ўнгланади. Не тонгки, қишлоқдаги ҳамма ўша оилага ҳавас қилади. Мабодо амалдор қиздан зерикиб ташлаб кетса ҳам унинг совчилари сочидан кўп бўлади. Бундай “куёвтўра”нинг ошиғи олчи, у ҳам улуғ мартабаларга муносиб кўрилади ва амалдор ўша қизга каттагина сеп ҳадя қилади. Омади келса, ёш оилага қишлоқдан алоҳида мулк ҳам насиб этиши мумкин. Шунинг учун бундай “куёвтўралар” амалдорларнинг собиқ маъшуқасига уйлангани билан қишлоқда бошини баланд тутиб, керилиб юради.

 

Амалия эса бундай бахтдан негадир сархуш бўлмай, амалдорни рад этади. Ўша кундан бошлаб қишлоқда бу оилага нисбатан нафрат ва ғазаб кучаяди. Амалиянинг отаси ишидан айрилади, мавқеини қайта тиклашга уриниши самарасиз кетади. Мавҳумлигу ночорликдан эс-ҳушини йўқотаёзган чол не сабаб ишдан бўшатилганини билиш учун қалъага интилади. Ишга қайтиш илинжида унга-бунга рангини сарғайтириб юради, баъзан йўлда кунларини тунга улайди. Амалиянинг укаси – хат ташувчи Варнава ҳам одамларнинг беписандлигию тазйиқлардан ғоят толиқади. У қишлоқ жамиятида оиласининг обрўсини тиклаш мақсадида ўзини ўққа-чўққа уради.

 

Амалиянинг ўзига келсак, қизнинг ёши ўтиб борарди. Қишлоқда бирорта мард йўқки, юрак ютиб унга уйланишни истаса. Одамлар ўзи яратган мантиқсиз қонунлардан ўзи азият чекади, айтиш жоизки, улар абсурдликда Содому Гоморрада ўрнатилган қонунлардан қолишмайди. Шундай экан, Камю ҳам, Манн ҳам К. борасида ҳақ гапни айтган эди, яъни унинг қишлоққа келишдан ўзига хос миссияси бўлган, шу билан бирга бу жамиятда бахтини топиб, обрўли инсонга айланишни кўзлаган бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Бироқ у – ҳурфикрли шахс. Бундайлар қишлоқ жамияти учун хавфли. Шу хислати К.нинг ниятига етишига тўсқинлик қилади. Қишлоқ одамлари бу устунликни кўнгилдан туйсалар-да, жон-жаҳд билан уни камситишга уринарди.

 

Афсуски, Кафка қаҳрамони Лут алайҳиссаломдай иймони бутун, иродаси мустаҳкам шахс эмас. Мақсадига эришиш йўлида ўзи абсурд деб ҳисоблаган ҳамма қонунларга бўйсунишга тайёр, ҳатто қалъадаги кўзга кўринган мансабдорлардан бири Кламмнинг собиқ маъшуқаси Фридага уйланишга шайланади.

 

Кафка кундаликларида К.нинг қисматига алоқадор қайдлар бор. Уларга кўра, ниҳоят К. ер ўлчовчи этиб тайинлангани ҳақида ҳужжатни етказадилар, бироқ сўнгги нафаси чиқаётганда К.га бунинг асло аҳамияти қолмайди. Афсуски, Кафкага романни тугатиш насиб қилмаган, соғлиги ёмонлашгани учун ёзишни тўхтатиб қўйган. Бродга йўллаган мактубида бу ҳақда маълум қилган: “Бу ҳафта юракка офтоб тегмади, қувонтирадиган бирор нима юз бергани йўқ, аксинча, ичимга чироқ ёқса ёримай турибди. Чунки “Қалъа”ни тарк этишга мажбур бўлдим. Афтидан бу сафар бутунлай...”

 

Бу романда ҳам ўқувчига тушунарсиз бўлган жойлар учрайди. Масалан, унинг дастлабки икки боби биринчи шахс (“мен”) номидан ёзилган, кейинчалик “К.”га ўзгартирилган. Асар охирига қадар К. шахсиятига ойдинлик киритилмайди, ваҳоланки, қишлоқ муҳити уни шахс сифатида йўқ қилишга киришган эди. “Америка”даги каби бу романда ҳам вазиятлар нафақат К. атрофида юз бераётган воқеалар туфайли ўзгаради, балки уларга персонажларнинг қарашлари ҳам таъсир кўрсатади. К.нинг ёрдамчилари билан боғлиқ синоатлар кўпроқ эртакларга хос эканини кўрамиз: бир қарасанг, улар ёш йигитга, бир қарасанг кучга тўлган эркакка айланиб қолади. Ёзувчи бу ҳолатга ортиқча изоҳ ҳам бериб ўтирмаган. Уларнинг ҳаракатлари К.га ёрдам беришга эмас, балки уни ақлдан оздиришга қаратилгандай туюлади. Муаллиф романдаги бу икки нусхага алоҳида тўхталиб ўтирмаган.

 

Кафка қаҳрамонидай одамлар жамиятига бегона. У руҳиятидаги улкан ёлғизлик туйғусини асарга кўчира олган. “Кўпгина китоблар – қалъасимон инсон қалбининг номаълум хоналарига олиб кирувчи калитдир” дейди адиб. “Қалъа”, шубҳасиз, шундай асар.

 

Маҳкум

 

Кафка вафотидан сўнг унинг дўсти, ёзувчи Макс Брод “Жараён”ни нашрга тайёрлаётиб бир қанча муаммога дуч келганига бироз тўхталишни лозим топдим. Биринчидан, асар Кафканинг бошқа романлари каби адоғига етмаган. Иккинчидан, унинг боблари рақамланмаган эди. Бродга кўра, романдаги ўн олти бобнинг еттитаси тугалланмаган. У ўз қарашларига таяниб, матнларни кетма-кет тўғрилаб, нашр қилишга эришган, бироқ баъзи сабабларга кўра, бир қанча бобни чиқариб ташлашни маъқул кўрган. Учинчидан, Брод баъзи бобларга қўшимчалар киритган ва романни таҳрир қилган. Бунинг учун у мутахассисларнинг аёвсиз танқидига ҳам учради. Кафканинг қўлёзмаси билан яхши таниш бўлган адабиётшунос олимлар романдаги “Йозеф К.нинг туши” муҳим боблардан бўлганини таъкидлайди, лекин у ҳам нашрга киритилмаган. Бу машҳур китобга фикр билдириб, таҳлил қилган олимлар ниҳоятда кўп.

 

“Жараён”га Инжилдаги Айюб алайҳиссалом қиссаси асос бўлиб хизмат қилган. Роман шаклан ўша қиссага яқин, бош қаҳрамонларнинг иккиси ҳам қандайдир гуноҳда айбланади, аммо иккови ҳам айби нима эканини билмайди. Инжилдаги ҳикоятда пайғамбар атрофида юрган дўстларидан иборат издиҳом Айюб алайҳиссаломни мантиқсиз гуноҳларда айблайди ва қоралайди. Улар даъвосича, Айюб Яратганнинг олдида қандайдир кечирилмас гуноҳ иш қилиб қўйгану шунинг учун жазо тариқасида чексиз азоблар тортаётир. Айбловлар шу қадар кескин эдики, Айюб алайҳиссалом тинимсиз шу ҳақда ўйлашга мажбур бўлади. Бу издиҳомнинг асоссиз айбловлари Айюбнинг жамиятдан айрилиб қолишига, сўнг бегоналашувига олиб келади. Одамлар муносабати пайғамбар руҳини шафқатсиз равишда парчалайди, касали оғирлашиб, вужуди баттар оғриқдан азоб чекади. Ниҳоят, у нажот истаб Оллоҳга юзланади. Маълумки, Айюб алайҳиссалом – адабиётда сабр тимсоли. Айни шу хислати учун Парвардигор унинг дардига шифо ато этиб, ҳамма нарсасини қайтарди.

 

Йозеф К. ҳам номаълум жиноят учун суд қилинади, бироқ у айби нима эканини билмай тоқатсизланаверади. Кафканинг бошқа қаҳрамонлари сингари унинг ҳам иймони заиф, эътиқодсиз, иродасиз, кутишга сабри чидамайди. Бу жараённинг тагига етмоқчи бўлиб, тинимсиз сабаб излайди, лекин ўз уринишлари билан аҳволини баттар оғирлаштираверади. Қонунларнинг мантиқсизлиги аёнлашгани сайин боши берк кўчага кириб қолаверади.

 

Роман инсон ҳаёти синовлардан иборатлигини кўрсатади. Йозеф К. ҳибсга олинганда, ҳеч ким айбини эълон қилмайди ёки ҳеч қандай жазо тайинланмайди, кунлари одатдагидай кечаверади. Буларнинг бари синов, ҳатто оддий кундалик ҳаёт синовларидир. Фақат баъзан ҳаёт (асарда суд – ҳаёт тимсоли) васваса қилиб инсонни чиғириқдан ўтказади, шу билан унинг нималарга қодирлигини аниқлайди, инсонда айбдорлик, виждон туйғусини уйғотади. Бу ҳар бир одамнинг бошида бор. К. ҳаётини мавҳум суд жараёни эмас, балки ўзи чигаллаштириб юборади. Шу ҳақда тинимсиз ўйлайверганидан бу аввал бутун руҳини қамраб олади, сўнг номаълум касалликдай тириклигини емириб, осонгина маҳв этади. Бошга келгани ҳамиша ҳам жазо бўлавермайди, балки одамзод пешонасига битилган синов экани ҳақида ўйламайди. Бу ё камолотга элтади, ё ҳалокатга. Иккинчисига йўлиқмаслик учун инсондан талаб қилингани – сабр! Йозеф К.га руҳонийнинг ривояти шунга ишора эди, бироқ унинг заиф эътиқоди буни англашига йўл бермайди. Ниҳоят, у Исо алайҳиссаломдай ўттиз уч ёшида қатл қилинди. Фақат бу ўлим пайғамбарларга хос улуғвор эмас эди. Ўлими олдидан Йозеф К. юқорига қарайди ва очиқ турган деразадан ўзи томон чўзилган икки қўлни кўради, бироқ улар нажот топишга ишора бўлганда ҳам, энди қисматини ўзгартиришга Фиръавндай кеч қолганди. У бу вазиятдан чиқиб кетиши мумкин бўлса-да, унда Айюб алайҳиссаломдаги Яратганга таваккул ҳисси йўқ эди.

 

Фаҳмимча, Кафка бутун инсоният тарихини қамраб оладиган қандайдир муҳташам асар яратишни кўзлаган, шунинг учун романларини эълон қилишга шошмаган. Эҳтимол, шу уч асарни бирлаштириб, мукаммал бир китобга айлантиришни кўнглига туккандир. Балки шундай қиларди ҳам, Парвардигор умр берганда...

 

Одатда романларда изчил сюжет, экспозиция, воқеалар ривожи, кульминация, ечим, сабаб ва оқибат орасида боғлиқлик бўлади. Кафка романларида бундай адабий мезонлар санъат даражасига кўтарилмаган. Улардан эстетик завқ олиш қийин; эпитет, метафора ёки гўзал образлар йўқ. Услуби ҳам расмий, матнда романтик, гўзал тасвирлар етишмайди. Бироқ образлари тирик, улар барча замон ва маконларга тегишлидай туюлаверади. Шунингдек, ёзувчи романлари учун инсоният тарихидаги энг улуғвор қиссаларни асос қилиб олгани билан аҳамиятлидир. Фақат уларга ўзгача тарзда ёндашади, адиб ҳаммасида бир саволни кўндаланг қўяди: “Эътиқодсиз одам ҳақиқату адолат топиш йўлида пайғамбарлар тушган вазиятларга тушса нима қилади?” Шу тариқа қадимги ривоятларга модернистик услубда ёндашиб, қаҳрамонларининг хатоларию фожиаларини кўрсатиб беради. Карл Россманда бошланган ҳикоя “Жараён”нинг Йозеф К.сида адоғига етади. Карл маъсум, Одам Атодай пок эди. Гарчанд гуноҳкорга айланган бўлса-да, айбининг нечоғли оғир эканини тушунмайди. Жамиятнинг унга муносабати кескин ўзгарганида эса эсанкираб қолади.

 

Кафка кундалигида маълум қилганидай, “Қалъа”даги К.га ўлимни раво кўрган экан, демакки, асарнинг реал ҳаётда бундай якун топмаганида қандайдир илоҳий ва улуғвор моҳият бор. “Қалъа” “Жараён”дан кейин ёзилганига қарамай, К.нинг қисмати “Жараён”да ҳал бўлиб бўлган эди. Бу уч қаҳрамон мутолаа жараёнида ўқувчида битта одамдай таассурот қолдиради. Ҳаммасининг ҳаётдаги мақсадлари муштарак, характерлари ҳам деярли бир хил. Улар ўз макон ва замонларидан мантиғу ҳақиқат излайди, бироқ учовининг ҳам уринишлари мудом омадсизликка учрайверади ва мантиқсизлик билан рўпара келаверади. Атрофдагиларнинг муносабатидан азият чекади, тушкунликка тушиб, жамиятдан бегоналашади. Учовини ҳам эрксизлик туйғуси бирдай эзади. Шунга қарамай охир-оқибат тақдирга тан беришга мажбур бўладилар, лекин ҳеч бири худога ибодат қилмайди, тавба қилмайди, нажот келишига ҳам ишонмайди. Кафка қаҳрамонлари моддий дунёдан узилиб, ҳурриятга эришиш хаёлидан ўлгудай қўрқади. Шундай экан, уларнинг ёвуз душмани бу – ўзи эканига шубҳа йўқ.

 

Хўш, Кафка романларининг бош қаҳрамони ким? Одам. Инсоният. Афсуски, бу башар ҳеч бир замонда пайғамбарларининг кимлигини англамади. Уларга азоб берган, бироқ бундан фақат ўзи зиён кўрган, хиёнатларининг бадали сифатида муайян бир даврларда мантиқсизлик билан рўпара келди ва гоҳ Карл Россмандай номаълум макону замон ичра ғойиб бўлди; гоҳ ер ўлчовчидай ўз илдизларию қадриятларидан узоқлашиб, ўзига бегона бўлди; гоҳ Йозеф К.дай ҳалокатга юз тутди.

 

Кафка бу уч романда ҳурфикрли одамлар қисматига жаҳолатга юз тутган жамиятнинг шафқатсиз қонунлари қанчалар таъсир кўрсатиши мумкинлигини реал тасвирлашга эришган. У сон-саноқсиз тимсоллару маконлар орқали ўргимчак инидаги қийшиқ ҳаётга кўзгу тутди. Кафка адабиётининг ўргимчак тўри – дунё тимсолидир. Инсон унинг моддиятига маҳлиё бўлса, ҳеч қачон чангалидан қутулолмайди. Бу мантиқий ғоя инсоният ўзини англаганидан буён мавжуд. Шундай экан, Кафка асарларида кўпгина ёзувчилардай ҳурфикрли жамият яратиб, утопияга берилмаган. У чиндан ҳам орзу қилмайди, орзу қилишни ҳам билмайди.

 

О, орзу ғоят сероб, беқиёс даражада кўп, лекин биз шўрпешоналарга ким қўйибди уни...”

 

“Тафаккур” журнали, 2025 йил 2-сон.

Ўргимчак инига хуш келибсиз!” мақоласи

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 18500
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//