1837–1858 йиллар Ҳиндистон ҳукмдори бўлган Баҳодиршоҳ II Бобурийлар сулоласининг ўн тўққизинчи авлоди эди. У 1775 йили дунёга келиб, 62 ёшида тахтга чиқади. Бу вақтга келиб инглиз мустамлакачилари Деҳлини ҳам эгаллаб бўлганди. Шу боис сулола расман давом этса-да, шоҳнинг амру фармонлари пойтахтдаги “Қизил қалъа”дан бир қадам нарига ўтмас, Баҳодиршоҳ Зафар ва оиласи амалда тутқунда сақланарди. Хонадон аҳли Британиянинг “Ост Индия” компанияси нафақаси ҳисобига яшар, ҳукмдор вақтини намозу ибодат (у сўфийлик тариқати пири эди), шеър ёзиш, адабиёт ва санъат аҳли билан суҳбатга бағишларди. Замондошлари уни юксак фасоҳат ва ўткир ақл соҳиби дея қайд этишган. 1857 йил май ойида Ҳиндистон ҳудудига яшин тезлигида тарқалган сипоҳийлар исёни подшоҳнинг осойишта ва хилватнишин ҳаётини бутунлай ағдар-тўнтар қилиб юборди.
Сигир ва чўчқа ёғи сабаб бошланган исён
Бир неча ўн йиллардан буён инглизларнинг талаши, оғир солиқлар, ирқий ва диний камситилишлар ҳинд халқининг сабр косасини тўлдирган эди. Сипоҳий (инглизларга ёлланган маҳаллий аскар)ларга янгича милтиқ тарқатилиши эса чўғланиб турган оловга мой сепгандек таъсир этади. Боиси, милтиқни ўқлаш учун патронни ўраб турган картон тиш билан олиб ташланарди. Қоғозга эса қорамол ва чўчқа ёғи шимдирилгани ҳақида миш-мишлар тарқайди. Сигир ҳиндларда муқаддас ҳайвон бўлгани, чўчқа муслумонлар учун ҳаром саналгани боис бу диний эътиқодларни очиқдан-очиқ таҳқирлаш эди. Натижада 1857 йил 10 майда Мирут (Мератх)даги учта сипоҳийлар полки қўзғолон кўтаради ва Деҳлига қараб юриш бошлайди. Раъиятда турли диний эътиқод ва дунёқарашдаги Ҳиндистон аҳолисини фақат подшоҳгина бирлаштириши мумкин деган, тушунча бор эди. Исёнчилар номигагина Ҳиндистон ҳукмдори, амалда эса тожу тахтдан буткул мосуво этилган Баҳодиршоҳни ўзларига раҳнамоликка даъват этади. 82 яшар қария бошига фавқулодда жиддий синов тушади.
Деҳлини эгаллаган сипоҳийлар бой-заминдорларнинг ғалла ва мол-мулкини тортиб ола бошлайди. Шаҳарга ин қурган инглиз жосуслари эса бошбошдоқлик ва ваҳимани авж олдиради. Тарихчилар қўзғолончиларнинг энг мудҳиш хатоси инглизларга қарши кенг кўламда ҳужумга ўтилмай, мудофаа тактикаси қўлланилганида, дея таъкидлашади. Сипоҳийларнинг суст ва тарқоқ ҳаракати инглизларга Панжоб ва Бенгалияни қўл остида сақлаб қолиш, Декандаги исённи бостириш, Мадорас ва Бомбайдаги қўшинларни ўз итоатида ушлаб туришга имкон берди. Калкуттадаги исённи бостириш учун Мадорас, Бомбай ва Бирмадаги кучлар ташланди. Шундай пайтда Гвалиор рожаси Индура, мусулмонларга душман кўзи билан қаровчи сикҳ рожалари – Патиал ва Жҳинда ҳам мустамлакачилар тарафига ўтиб кетади, афсуски. Ҳамма замонларда бўлгани каби инглизлар “Бўлиб ташла ва ҳукмронлик қил” деган ақидага таяниб иш кўради.
Баҳодиршоҳга қилинган даҳшатли ваҳшийликлар
1857 йил 19 сентябрда, тўрт ойлик қамалдан кейин Деҳли инглизларга дарвозаларини очишга мажбур бўлади. Душман шаҳарда кўз кўриб, қулоқ эшитмаган қирғин, ваҳшийлик ва талон-тарожни уюштиради. Қўзғолоннинг иккинчи ўчоғи Лакҳнау маркази Ауди шаҳрига инглизлар 100 минг қишилик қўшинни сафарбар этди. Бу ерда уруш 1858 йил феврал охирида бошланиб, 19 мартда инглизлар ғалабаси билан тугади. Бу ерда ҳам оммавий қирғин ва талон-торож амалга оширилди. Мустамлакачилар билан курашда 650 000 ҳиндистонлик мусулмон сипоҳийнинг шаҳид бўлгани қўзғолоннинг миқёси ва даҳшатини яққол кўрсатади. Мағлубиятдан сўнг Баҳодиршоҳ Зафар улар ҳақида “Бизнинг ғозийларимиз кўксида имон ифори уфуриб турар экан, Ҳиндистон қиличи Лондон тахти устида ярқираб тураверади”, дейди.
Инглизлар Баҳодиршоҳга ўз ихтиёри билан таслим бўлса, жони омон қолишини ваъда қилишади. Ўғиллари Мирзо Муғал, Мирзо Хизр Султон ҳамда невараси Мирзо Абу Бахт қўлга олиниб, кишанбанд ҳолда шаҳарга аравада келтирилади. Инглиз майори Уилям Хадсон Деҳли дарвозаси олдида уларга аравадан тушишни ва белигача яланғоч бўлишни буюради. Шундан сўнг шаҳзодаларни киприк қоқмай отиб ташлайди ва уларнинг кийимидаги қимматбаҳо тошу жавоҳирларни ўз қўллари билан ечиб олади. Учала шаҳзоданинг жасади полиция маҳкамаси олдига бир неча кун ташлаб қўйилади. Ваҳшиёна қотиллик рўй берган жой шу кундан бошлаб “Хуни (қонли) дарвоза” деб атала бошлаган. Ўғиллари ва невараси ҳалокатидан хабар топган кекса шоҳ ушбу сўзларни айтишга ўзида куч топа олди: “Аллоҳга беадад шукрлар бўлсинки, соҳибқирон Темурбек авлодлари ҳамиша оталаридан олдинда юрганлар”.
Айрим маълумотларга кўра, ваҳшийлар шаҳзодаларни ўлдириш билан кифояланмаган. Уларнинг кесиб олинган бошларидан шўрва қайнатиб, Баҳодиршоҳ ва рафиқасига беришган. Эр-хотин жуда оч бўлгани боис овқатдан татина бошлайди. Аммо бир луқмани оғизларига солиб, қайта қусиб ташлайдилар. Майор Хадсон бечора ота-онага: “Нега емаяпсизлар? Бу жуда антиқа шўрва, ўғилларингизнинг гўштидан пиширтирдим”, дейди.
Сулоланинг тугатилиши ва сургундаги ўлим
Қўзғолон бостирилгач, Қизил қалъада Баҳодиршоҳ 21 кун суд қилинади. 21 нафар гувоҳ ва юздан зиёд форс ва урду тилидаги ҳужжатлар инглизча таржимада тингланади. Ҳукмдорнинг энг яқин маҳрами, бош вазири ва шахсий доктори Ҳаким Аҳсануллохон ҳам ўз жонини сақлаш эвазига қарши кўрсатмалар беради. Шоҳ ўзига қўйилган айбловларни рад этган.
Британияликлар подшо мункиллаган ҳолида ҳам мустамлакачиларга қарши курашда бутун ҳинд халқини бирлаштирувчи қудратли куч бўла олишини тушуниб етганди. Шу боис Бобурийлар салтанати тугатилади. “Ост Индия” компанияси фаолияти ҳам тўхтатилиб, Ҳиндистон Британия қироллиги мулкига айлантирилади. Айрим мулоҳазалардан кейин Баҳодиршоҳга чиқарилган ўлим ҳукми умрбод сургунга алмаштирилиб, қаттиқ назорат остида ушлаб туришга қарор қилинади.
Сургун учун Британия Ҳиндистонининг чекка ҳудудида жойлашган Рангун (ҳозирги Янгон) шаҳри танланади. Баҳодиршоҳ билан рафиқаси Зинат Маҳал, ўғиллари Мирзо Жувон Бахт (хотини Шоҳ Замони билан) ва 13 ёшли Мирзо Шоҳ Аббос кетади. Уларга тўртта хона берилиб, тўртта хизматчи ҳам ажратилади. Бироқ уйдаги шарт-шароитлар қамоқхонадан деярли фарқ қилмас, қалам, довот ва қоғоз сақлаш қатъиян таъқиқланган эди. Энг ёмони, подшоҳ оиласи ташқи дунёдан бутунлай узиб қўйилади. Хонадонга хизматчилардан ташқари аҳён-аҳёнда инглиз назоратчилари кириб турарди. Бу хўрлик ва таҳқирлар оқибатида шоҳнинг келини Шоҳ Замон бутунлай кўр бўлиб қолади.
Сулоланинг сўнгги ҳукмдори Баҳодиршоҳ Зафар 1862 йил 7 ноябрда оламда ўтди. Майити ислом арконларига риоя қилинган ҳолда тупроққа қўйилган бўлса-да, охирги йўлга икки ўғлигина кузатади, холос. Инглизлар бу воқеани оммадан пинҳон тутишга ҳаракат қилишди. Рангун аҳли бир неча кун ўтибгина шоҳ вафотидан воқиф бўлади. Аммо бу хабар маҳаллий мусулмонларга деярли таъсир кўрсатмайди. Бироқ барибир кейинчалик зиёратгоҳга айланмаслиги учун Баҳодиршоҳ қабрини бутунлай йўқотишга ҳаракат қилинади. Йигирма йилдан кейин шоҳнинг беваси Зинат Маҳал дафн этилаётганда ҳам ҳукмдорнинг қабрини ҳеч ким топиб беролмайди. Икки йилдан кейин Мирзо Жувон Бахт онасининг ёнига қўйилади. Шоҳнинг невараси Равнақ Замоннинг ўлими билан бу ерда сўнгги қабр пайдо бўлади. Оила аъзоларидан фақат кенжа ўғил Мирзо Шоҳ Аббоснинг ҳаёти нисбатан хайрли бўлган. У маҳаллий тужжорнинг қизига уйланиб, 65 йил умр кўради. Унинг авлодлари ҳалигача Янгонда истиқомат қилади.
Тасодифан топилган қабр
Капитан Нельсон Дэвис хотираларида шоҳ сағанасини тасвирлаб, бош ҳовлининг орқа қисмида жойлашгани, қабри ер сатҳи билан баробар текисликдалиги, атрофи бамбук тўсиғи билан ўралгани, кейинчалик ёввойи ўтлар қоплаб олганини айтади.
1903 йили ҳиндистонлик бир гуруҳ мусулмонлар Баҳодиршоҳ қабрини зиёрат қилишга келишади. Қабр номаълумлиги учун мўлжал сифатида ҳудуд четидаги дарахт кўрсатилади. Ўша пайтда Бирма мусулмонлари ҳиндистонлик диндошлари билан биргаликда Британия ҳукуматига хат ёзади. “Баҳодиршоҳ инсон ва ҳукмдор сифатида катта ҳурмат-эҳтиромга лойиқ эмасдир, аммо унинг хотираси ўчмаслиги керак”, дейилганди унда.
Кейинроқ Рангун мусулмонларининг сўнгги ҳукмдор шарафига ёдгорлик иншооти ўрнатиш учун ер сўраб қилган мурожаатига мустамлакачи ҳукуматнинг рад жавоби норозилик намойишларини келтириб чиқаради. Шундан сўнг британлар муроса йўлини тутиб, 1907 йили “Баҳодиршоҳ, Ҳиндистоннинг собиқ подшоси 1862 йил 7 ноябрда Рангунда вафот этган ва шу ерга дафн этилган” деган ёзувли қабртошни ўрнатишга ижозат берган. Орадан бирмунча вақт ўтиб Зинат Маҳал, Мирзо Жувон Бахт ҳамда Равнақ Замон сағанаси устида мақбара кўтарилади. Эркаклар ва аёллар учун алоҳида намозхоналар қурилади.
1991 йили ариқларни тозалаш пайтида усталар аёллар намозхонасига кираверишда узунлиги 3 метр, эни 2 метр ва чуқурлиги 2 метр бўлган ғиштин деворга дуч келишади. Шоҳнинг суяк қолдиқлари шу аснода топилди. Сўнг Зинат Маҳал мақбарасига кирверишда подшоҳ қабри устида очиқ ёдгорлик зали қурилган. Ҳиндистон ҳукумати кўмагида бунёд этилган иншоот 1994 йил 15 ноябрда очилган. Ҳозирда Баҳодиршоҳ Зафар сағанаси Шимолий Ҳиндистон ва Покистон мусулмонлари ҳамда давлат раҳбарларининг қутлуғ қадамжосига айланган.
Баҳодиршоҳдан салмоқли ижодий мерос қолган. Айрим ғазалларини ўқиркансиз, ўз қисматини ёзиб кетгандек тасаввур уйғонади кишида:
Ҳеч кимса ёқмайди, чироғим ўчган, Ватаним ва халқим мени унутган,
Баҳорда келмайди гуллар мен кутган, ғарибу нотавон, мискин, ғоратман.
Зафарман, севмайди ҳеч ким оламда, кесилган томиру илдизим чунки,
Эгасин йўқотиб қолган мотамда, хароба, чолдевор бир иморатман.
Абдумажид АЗИМОВ
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
5 Изоҳлар
Sarvar Tuliboyev
04:04 / 19.04.2024
Boburiylar haqidagi har qanday ma’lumot oʻquvchini hayajonga soladi. Qimmatli ma’lumotlar uchun muallifga tashakkur! Yanada yangi topilmalarni kutib qolamiz!
Gulchehra Xushboqova
19:04 / 18.04.2024
Boburiylar haqida har qanday maqola butun vujudimda qandaydir isyon uyg'otadi va ko'zimga yosh kelaveradi.
Nargiza
18:04 / 18.04.2024
Shohni farzandlarini go'shtidan sho'rva haqida qayerda yozilgan,qiziq ma'lumot,shohning kenja o'g'li Mirzo quyosh haqida hech narsa deyilmadi
Рустам Ҳамроқулович.
12:01 / 01.01.1970
Катта раҳмат.
Кодирова Угилхон Сотиболдиевна
12:01 / 01.01.1970
Ассалому алейкум,Бобурийлар хакида ёзилган хар бир макола ёки асар мени жуда кизиктиради.Боходиршох хакида или бор танишдим.Инсон кули билан яралиб,кули билан вайрон килиши.Демокчиман,хамма килмишлари учун аллох олдида жавобини беради.Рахмат.