“Буюк ипак йўли” адабий фестивали атрофидаги баҳслар – Ўзбекистон унга мезбонлик қиладими?


Сақлаш
05:06 / 15.07.2022 1156 0

Мамлакатимизда “Буюк ипак йўли” адабий фестивали ўтказилиши ҳақидаги хабар жамоатчилик томонидан илиқ қарши олинган эди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг халқаро алоқалар ва бадиий таржима бўлими бошлиғи Рустам Мусурмон Буюк Британиядаги туризм бренди элчиси Софи Ибботсон ушбу фестивални ўтказиш таклифи билан мурожаат қилгани, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар, Туризм ва спорт вазирликлари, мамлакатимизнинг Буюк Британиядаги элчихонаси иштирокида фестиваль ташаббускорлари билан онлайн мулоқот уюштирилиб, тадбирларнинг ташкилий жиҳатлари ва ўтказиш тартиби муҳокама қилинганини билдирган эди.

 

Куни кеча эса Софи Ибботсон ҳамда таржимон Аъзам Обид ижтимоий тармоқда эълон қилган мурожаатлар кўплаб баҳсларга сабаб бўлмоқда. Аъзам Обид очиқ баёнотида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси қарийб 32 йиллик мустақиллик йиллари давомида халқаро адабий алоқалар соҳасида сезиларли ва жиддий қадам ташлай олмагани, ўзбек ижодкорларининг аксари хорижий тилларни умуман билмаслиги, уларга дунёга чиқиш йўллари, чет элларда танилиш, асарларини нашр этиш, халқаро фестивалларда қатнашиш, халқаро ёзувчи ва рассомлар резиденцияларида иштирок этиш, халқаро ижодий муносабатлар ўрнатиш, чет элларга ўқишга, малака оширишга юбориш учун йўл-йўриқ кўрсатувчи ташкилот ё механизм етишмаслигини танқид қилган.

 

“Шу йил сентябрь ойида ўтказилиши кўзланган “Буюк ипак йўли” адабий фестивали ташаббускорлари катта оғриқли муаммоларни сал бўлса-да ечиш йўлларини кўрсатиш, Ўзбекистон адабий муҳитига бироз илғор ташаббусларни олиб кириш, чет эллик ижодкорлар билан ўзбек ижодкорларини дўстлаштириш ва адабий ҳамкорликни йўлга қўйишни мақсад қилган эди. Бу очиқ мулоқот қилиниб, дўстона фикрлар алмашинадиган интерактив, чинакам адабиёт фестивали бўлиши керак эди. Ёзувчилар уюшмаси таклиф қилаётганидай узун ва зерикарли маърузалар ўқиладиган анжуман эмас!

 

Агар бу кўзланган фестиваль Ёзувчилар уюшмаси айтганидек туризм тарафга оғиб кетаётган бўлса, бунинг нимаси ёмон? Адабиётни туризм орқали, туризмни адабиёт орқали тарғиб қилиш ҳозир дунёдаги энг илғор усуллардан бири-ку! Фестиваль якуний дастурида Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги туризм элчиси, фестиваль директори Софи Ибботсон Ёзувчилар уюшмаси киритган таклифларнинг аксарини инобатга олган, дастурга киритилмаган ўринларда бўлса, билишимча, кўпроқ тадбирнинг халқаро даражаси ва халқаро тажрибани ҳисобга олган”, дейди у.

 

Ёзувчилар уюшмасининг расмий баёнотида ташаббускорлар томонидан асосан фестивалнинг туристик жиҳатларига аҳамият қаратилиб, адабиётимиз тарғиботи эътибордан четда қолаётгани айтилган:

 

“Ўзбек адабиётини хорижда танитишга қизиқиш билдирган, бундан манфаатдор ношир ва таржимонларнинг фестивалда иштирок этишини тасдиқловчи ҳужжатлар ҳамда шу йилнинг май ойида бошланиши режалаштирилган халқаро адабий танлов концепцияси лойиҳаси келишиш учун Ёзувчилар уюшмасига тақдим этилмади. Бизга юборилган дастлабки дастур лойиҳасидан ўзбек адабиётига алоқаси бўлмаган масалалар анчагина эди. Масалан, “Маданий репатриация ва ўтмишни ҳисобга олиш”, “Ўрта Осиёда археологияни нима кутмоқда”, “Саёҳатлар ҳақида мактуб”, “Ботаник санъат”, “Никита Макаренко билан учрашув” ва шу каби бошқа мавзулар ўрин олган.

 

Биз эса уларга “Шеърият ва макон” (ўзбек шеъриятининг бугунги куни ҳақида суҳбат. Модератор: Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим), “Абдулла Қодирий уй-музейида ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммад билан суҳбат”, “Адабиёт ва кино: бадиий асарнинг экранга кўчирилиши. Эркин Аъзам ва британиялик маърузачи иштирокида адабий суҳбат”, “Тасвирий санъат ва сўз санъати – таниқли рассом ва ёзувчи Алишер Мирзо устахонасида адабий суҳбат”, “XXI аср Британия ва ўзбек насри: авангард ва анъанавийлик” (модератор: Ўзбекистон халқ ёзувчиси Исажон Султон)”, “Бобурнома” асарининг инглизча таржималари ҳақида Тошкент давлат шарқшунослик университети профессори, бобуршунос Зиёда Тешабоева маърузаси, “Орол денгизи мавзуси – бадиий адабиётда” юзасидан Ўзбекистон халқ ёзувчиси Кенгесбой Каримов маърузаси, “Тарихни тадқиқ этиш” мавзусида Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али билан суҳбат ва бошқа мавзуларни таклиф қилдик.

 

Лекин ҳамкорларимиз ушбу таклифларнинг айримлари қабул қилиниши, дастур учун фақат улар масъуллигини билдиришди. Хуллас, Ёзувчилар уюшмаси зиммасига фестиваль дирекцияси белгилаган тадбирларни ташкил қилиш, қатнашчиларни меҳмонхона билан таъминлаш, уларнинг овқатланиши, Бухоро шаҳрига саёҳатини таъминлаш, тадбирлар бўлиб ўтадиган жойларни банд этиш ва бу ишларни молиялаштириш сингари вазифалар юклатилиши белгиланган. Агар бу тадбирлар миллий адабиётимиз тарғиботига хизмат қилганида биз шунисига ҳам рози эдик...”

 

Ёзувчилар уюшмаси “Буюк ипак йўли” адабий фестивали ўтказишни бутунлай рад этмаганини, фестиваль ташаббускорлари билан бу борада бир тўхтамга келиб, бирга ишлашга тайёрлигини маълум қилди.

 

Фестивали директори Софи Ибботсон эса ҳали тадбирлар ва маърузачилар тасдиқланмаганини айтди.

 

“Ёзувчилар уюшмасидан таклиф қилинган маърузачилар биз билан боғланишларини сўрадик, шунда уларнинг иштироки тасдиқланган бўларди. Ҳозиргача бирортаси боғланмади. Тадбирлар доирасида Қодирий уй-музейида мусиқа ва шеърхонлик байрами; “Илҳом” театрида янги спектакл премьераси; фестивалнинг иккита адабий мукофоти ғолибларини тақдирлаш маросими; Амир Темурнинг биографиясини ёзган британиялик тарихчи Жастин Мароззининг маърузаси; Осиё адабий агентлиги асосчиси Келли Фалконер билан семинар; тожик таржимон Усмонали Латифийнинг Жорж Оруэлл романларини таржима қилиш бўйича маърузасини тинглаш кўзда тутилганди.

 

Фестивал қўмитаси, унинг ҳамкорлари ва маърузачилари ўз вазифамизга содиқ қоламиз: Марказий Осиё ва унинг адабиётини тарғиб қилиш ҳамда минтақадаги нашриёт секторининг ижодий ва тижорий ривожланишини қўллаб-қувватлаймиз. Биз яна йиғилиб, тадбирнинг қай шакл ва қачон ўтказилиши мумкинлигини муҳокама қиламиз, ўз вақтида бу янгиликни сиз билан баҳам кўришни интиқлик билан кутамиз”.

 

Ижтимоий тармоқ кузатувчиларининг аксарияти икки тараф келишган ҳолда фестивални ўтказиш тарафдори эканини билдирмоқда. Баъзилар фестивал қўмитаси ўзбек адабиёти тарғиботига эмас, туризмга урғу берганини танқид остига олса, айримлар Ёзувчилар уюшмаси таклиф қилган тадбирлар эскича ва зерикарли эканини айтяпти.

 

Блогер Элдор Асанов вазиятга шундай баҳо бермоқда: “Нариги томон” бўлмиш Софи Ибботсон, Аъзам Обидов ва Никита Макаренколарни ўқисак, ҳаммасига уюшма айбдор деган таассурот уйғонади; уюшманинг расмий баёнотини ўқисак, унинг ҳам асосли эътирозлари борлиги кўзга ташланади. Фестиваль директори Софи Ибботсон Ёзувчилар уюшмаси таклиф қилган мавзу ва форматларнинг аксариятини қабул қилмаган, уюшма бундан ранжиган. Баҳсларда баъзилар уюшмани эскича услубда айбламоқда. Менимча эса, масалага чуқурроқ қараш керак: гап фақат нимадир эскирганида эмас, гап дунёқараш ва ёндашувлар тўқнашувида. Ёзувчилар уюшмаси томони адабиётни маълум анъанавий шаклда тушуняпти, “нариги томон” эса адабиётни кенгроқ контекстга жойлаш, пировардида фестивални адабиётдан кўра маданият ва туризм тадбирига айлантиришни хоҳлаяпти. Бу ғарбона ва постсоветча қарашларнинг ўзаро тушунмовчилигидир.

 

Шахсан мен уюшманинг ёндашувини, таклиф қилган мавзуларини қоралай олмайман: булар кўпроқ профессионал танқидчи ва ёзувчилар тушунадиган мавзулардир; қолаверса, уюшма ўзи молиялаштираётган тадбирда ўзбек адабиётига ўрин берилишини исташи табиий ҳолдир. Шунинг учун ҳам “Уюшманинг мавзулари эскича, қолоқ”, деган гапларга қўшилмайман. Шунчаки ҳар қандай соҳанинг чуқур профессионал ва популяр қатламлари бор. Тушунишимча, Софи Ибботсон ва унинг Ўзбекистондаги ҳамкорлари тадбирни тор профессионал эмас, кенг оммабоп уюштиришни ўйлашган, тушунмовчилик мана шу ерда бошланган. Шу билан бирга, уюшма рад этган айрим мавзулар ҳам бевосита адабиёт ва санъатга алоқадорки, бу ўринда уюшма замонавий трендлардан бироз четда қолгани кўринади.

 

Шоира Гўзал Бегим Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоларининг асосий мақсади, Аъзам Обид таъкидлаганидек, имтиёзлардан фойдаланиш эмаслигини ёзади:

 

“Кечириб қўйибсиз, ким айтди буларни асосий мақсад деб? Сиз ёзувчи ёки шоирнинг юрагимисиз, қаламимисиз, изтиробимисиз? Қаердан бу даража чуқур кетдингиз?! Имтиёзли квартира дегани 30 йил деганда ёзувчи-шоирларга би-и-ир берилди. Қанчадан-қанча уйсиз юрган ёш ва ёш бўлмаган шоирлар уйли бўлишди. Халқаро миқёсда қилиниши зарур бўлган таклиф ва режаларга қўшилиш мумкин.

 

...Бироқ деган жойи бор. Бизнинг Ўзбекистон ҳали халқаро фестивал ёки конкурслар ўтказишга тайёр эмас. Қачон тайёр бўлишини Худо билади.  Аввало, ўзимбўлайлигимиз, ҳаддан ортиқ дабдабали дастурхон ва совға-салом улашишни кульминацион нуқтага олиб чиқишимиз, халқаро фестивал деганини бир шахснинг тарғибот медиа-анжуманига айлантиришимиз, қўйиб берса, “Мениям четга олиб кетинг”лаб чет элликнинг жомадонига тушиб олгудай мўлтираб туришларимиз... Буларнинг ҳаммаси яқингинада рўй берди-ку.

 

Мен ҳеч ким томон эмасман. На аъзолигимни расмий тан оладиган уюшма, на халқаро фестиваллар уюштириш режасида хайрли ниятлар билан юрганлар томонида. Ҳақиқат томонидаман. Ҳақ томонидаман. Тил билиш, чет элларга чиқиб, адабий алоқаларни кучайтириш, таржима мактабини профессионал даражада оёққа қўйиш... буларнинг ҳаммаси ажойиб истаклар... Фақат айтилганидай рўй берса эди?! Иддаоларсиз, писандаларсиз амалга оширилса эди...”

 

Олима Гулноз Одилова эса Ёзувчилар уюшмасининг халқаро бўлими фаолияти сустлигини, ўзбек адабиётини дунёга олиб чиқиш бўйича шахсан берган таклифлари амалга ошмаётганини айтади:

 

Кимнинг ижодини чет тилига ўгириб, дунёга танитишни истасангиз, Аъзам Обидов куйиб айтганидек, “Ёзувчи резиденцияси” дастурини қилайлик, давлатнинг пулига қурилиб, энди эса меҳмонхона сифатида пуллик хизмат қилиб турган уюшманинг замонавий дам олиш масканига хорижлик зўр ёзувчи-таржимонларни танлов асосида чақириб, уларга ўзимиздан инглиз тилини биладиган қобилиятли ёш таржимон, Навоий, Қодирий ижодини мукаммал биладиган мутахассисни бириктириб, ҳаммасининг гонорарию яшаш харажатини ижод фондидан қоплайлик!

 

Энди фестивал масаласига келсак! Берган расмий муносабатингизни ўқиб икки оғиз маслаҳатим бор. Эскича қолиплардан воз кечинг;Фестивал сўзи сизнинг онг ости тасаввурингизда ҳосил бўлган стереотипи жуда эски, ўзингизга билинмаяпти; фестивалнинг хорижий ташкилотчилари билан мулоқотга киришадиган халқаро бўлимингиз ходимларини яхши таниганим учун кадрларни алиштиринг, дейман.  

 

Фестиваль ташкилотчиларининг дастури менга жуда ёқди. Сиз жуда субъектив фикрлагансиз. Расмий муносабатдаги таклифингизни ўқиб кулишни ҳам, йиғлашни ҳам билмай қолдим. Фестиваль ташкилий қўмитасида волонтёр бўлиб хизмат қилишга тайёрман!

 

Хўш, “Буюк ипак йўли” адабий фестивали Ўзбекистонда ўтказиладими? Бу савол билан Ёзувчилар уюшмаси матбуот хизматига мурожаат қилганимизда масала ҳозирча узил-кесил ҳал бўлмаганини билдиришди. Софи Ибботсон эса 18 июл куни йиғилиб, масалани муҳокама қилишларини ёзган.

 

Аслида Ёзувчилар уюшмаси ташаббуси билан халқаро адабий фестиваллар аллақачон ўтказилиши керак эди. Хорижлик ижодкор, таржимон, муҳаррир ва ноширлар билан алоқа ўрнатиш, фестивалга таклиф қилиш, ўзбек адабиётини уларга таништириш, таржима учун ўзаро китоблар алмашиш каби жараёнлар бугунги интернет замонида мураккаб эмас. “Буюк ипак йўли” адабий фестивалини ташкил этишда ҳам мана шу тажриба етишмаслиги панд бермоқда ва бунинг ортидан машмашалар урчимоқда. Жараённи кузатишда давом этамиз.

 

 

Oyina.uz

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

16:11 / 22.11.2024 0 53
Мактаб амма





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10440
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//