
Шўро империяси қулаши арафасида Литва миллий ўзлик учун кураш рамзи эди. Усмон Азимнинг қуйидаги сатрларини сиз ҳам ўқиган чиқарсиз:
Эркдан бошқа ахир худом йўқ.
Озодлик! Висолинг бунчалар қисқа...
Озодлик – кўзимда сўнаётган чўғ,
Эрк – Литва!
Илтимос... ўлмагин, Литва!
Аксар юртдошларимиз аллақачон унутган 1991 йил январь воқеалари ва бир гуруҳ ўзбек зиёлилари имзоси билан матбуотда эълон қилинган “Хавотирлик” бугун ҳам моҳиятан долзарб. Негаки, XX аср боши ва охиридаги курашлар тарих такрорланишини яққол кўрсатди.
Фидойи маърифатпарвар Турсунали Қўзиев саъй-ҳаракати билан Литва ва қадим Туркистон тарихининг номаълум саҳифаси очилди. Муҳтарам олимимиз бу ҳақда шундай ёзади: “Ёймада савдо қилаётган қари кампирдан очиқ хат (“открытка”) сотиб олгандим. У Литванинг Паланга шаҳридан L. Vayneykini деган киши томонидан юборилган экан. Олд томонида литвалик рассом Антанас Жмуйдзинавичюс мўйқаламига мансуб “Regejimas” асари. Нома эгаси очиқ хатда болалар, кундалик юмушлар ҳақидаги одатий сўзлар, тез орада кўришишга умид билдирилган жумлалар ва умумий танишларга саломдан сўнг матн маъносига умуман тўғри келмайдиган “Карточкада “визiя” бу – бизнинг давлат гербимиз, яъни ўлик уйқудан ҳаётга қайтган Литва!” деган жумлани қистириб ўтган”.
Номадаги жумбоқни топишга жидду жаҳд қилган синчков олим ватан рамзини улуғлаган инсон кимлиги билан қизиқади. Суриштирувларда мактуб муаллифи литвалик олим, шифокор ва жамоат арбоби Людас Вайнейкис (1869 – 1938) экани маълум бўлади. Л. Вайнейкис рафиқаси, ёзувчи-ёдноманавис Станислава Вайнейкене билан бирга 8 йил Туркистонда сургун ҳаётини ўтайди. Доктор ўз ватанида knygnesys – “китоб тарқатувчилар” ҳаракатига раҳбарлик қиларди. Бу ҳаракат миллий ўзликни ҳимоя қилиш учун оёққа турган, она тили ва ёзувини сақлаб қолиш учун жонини фидо этишга ҳам тайёр жасур ватанпарварлардан иборат эди. Стасе Вайнейкененинг “Палангалик қочқин аёл хотиралари” ўзбек зиёлилари учун ҳам бениҳоя қадрли китоблардан биридир. Зотан, туркистонликлар бошига тўппонча ўқталиб, от ўйнатиб келганларнинг таъна-иддаоларга тўла битикларидан зада ўзбек китобхони ғайридин мусофирнинг холис баҳосидан мамнун бўлиши шубҳасиз. Людас Вайнейкис ва Стасе Вайнейкене мазлумлар эди. Мустабидлик миллат, дин, мазҳаб танламагани каби, мазлумлар аҳвол-руҳияси ҳам бир-бирига яқин бўлади: қалбан англайди тақдирдошларини.
Миллатсеварлиги учун юртидан қувилган, бир муддат Туркистон ўлкасида яшаган бу оила кечмиши бизнинг ҳам аянчли тарихимиз десак муболаға эмас. Хўш, қочқин оила паноҳ топган Ўрта Осиёда аср бошидаги ижтимоий-сиёсий, маърифий ҳаёт манзараси қандай эди?
“Туркистон вилоятининг газети” 1913 йилда “Бухорода ҳаёт яхшиланмоқда” сарлавҳали мақола чоп этган. Унда бундай жумлалар бор: “Ҳазрат амир Бухорода қадимги ва эски тор кўчалардин аксарларини ислоҳ эта бошладилар. Узун, тўғри кўчаларға тош солдируб, баъзиларини мустовой қилдурибдурлар. Янги Бухорода электрик устунларини ултурғизиб тамом қилдилар. Тез вақтда ёқсалар керак. Эски Бухороға электрик киргизмоққа сўраган эканлар, уламолар рози бўлмабдурлар. Шул сабабдин эски Бухороға электрик киргизолмабдур. Почта, тилигроф, телефонға ўхшаш янгиликларга фатво топилган фиқҳ китобларидан электр ёруғи учун топилмоғида шубҳа йўқ”.
Мазкур мақола амир Абдулаҳадхон замонида Исмоил Ғаспирали ташаббуси билан очилган жадид мактабларини ёпиш ҳақидаги уламолар машваратини ёдга солади. Дарвоқе, электр энергияси эски Бухорога роппа-роса ўн йилдан сўнг – 1923 йилда келади.
Биринчи жаҳон уруши арафасида Туркистондаги вазият ҳақида гап кетганда, Бухоро амирлигида мустабидга мойдай ёқадиган можаролар – шиа ва суннийлар қирғини совимаган, жадид ва қадим баҳси хатарли тус олган паллани эслаш лозим.
Ўша давр матбуотида жадидлар ва қадимчилар бир-бирини ҳақоратлаб ёзган мақолалар кўпайганидан газетхонлар мушкул аҳволда қолаётгани, болалар эски мактабларда таълим олишни истамаётгани, жадид мактабларининг ёпилиши норозиликлар келтириб чиқараётгани ҳақидаги фикр-мулоҳазалар кўплаб учрайди. “Садои Туркистон” газетасининг 1914 йил 46-сонидаги “Уламоларимиз” мақоласидаги қуйидаги фикрларга диққат қилайлик: “Дунёда ҳеч бир миллат тараққий ва толеға юз тутмайди, магар уламосининг ташаббусоти ва ғайрати ила. Уламо ҳам ташаббусотда бўлинмайдилар, магар инсоф ва ҳаққонийлик кўзи ила қарамоқ ила. Зотан, уламолар шундай бир зотлардурки, азиз умрларини, мол ва жонларини ҳамиша миллат йўлиға сарф қилурлар. Шунинг учундирки, ҳазрат Пайғамбаримиз “Уламолар пайғамбарлар меросхўридир” демишдирлар. Бас, уламолар бани Исроил анбиёларининг яхши сифатлари ила муносиф бўлсалар, залолат биёбонида саргардон бўлиб қолғонларни тўғри йўлға солсалар, жоҳил ва авомларға ваъз ва насиҳатлар қилуб дин ва шариат буйруқларини ўргатсалар, албатта қандай улуғ ҳоди миллат ва қандай улуғ ходим дин ва шариат бўлур эдилар. Эмди Турон ва Туркистон уламоларига диққат ила қарасак налар кўрурмиз. Ажабо! Пайғамбаримиз ҳазратлари буюрган уламолар шуларму?!
Инсоф қилмак керак! Усули савтия мактабининг ҳаромлигини қайси оятдан истихрож қилинадур? Муҳим ва эҳтимол миллийўнларча ислом болаларини ўқимоқдан ва динга кирганликларини ўрганмоқдан монеъ қилмоқ дурустми? Қайси виждонли киши миллати исломияга бундай улуғ жиноят қилмакни раво кўрур?..
Эй Турон ва туркистонли қариндошларимиз! Қачонғача ғафлат уйқусида ётамиз? Ўзимизнинг атфол ва ушоқларимизға қачонғача зулм ва ситамни раво кўрармиз? Уламоларимиз ишимизнинг истиқболиға қарамасалар ва ҳаракат қилмасалар, биз қачон тараққийға юзланамиз?”
Туркистондаги жадид-қадим можароси каби ички зиддиятлар, ижтимоий-маърифий ҳаракатлар Туркия, Афғонистон, Эрон cингари мусулмон мамлакатларига ҳам хос эди. Мусулмонлар ҳаётини ичдан кузатган адиба Стасе Вайнейкененинг хотиралари даври каби ранг-баранг. Эрини излаб ўлат тарқалган жойга боришга аҳд қилган аёлни доя кампир ва қирғиз фельдшер йўлдан қайтаролмайди. “Болаларим билан йўлга чиқдим. Ўз ватанига қайтиш умидидан маҳрум бўлиб, ёввойи одамлар орасида чўлда ёлғиз қолгандан кўра ўлган афзал, деган қарорга келган эдим”, дейди у.
Овруполик барибир овруполик-да! Кўҳна қитъа вакилларининг мусулмонлар ҳақидаги қарашлари баъзан бир-бирига уйғун келишидан ажабланмаслик керак. Британиялик журналист ва тарихчи Питер Ҳопкирк “Катта ўйин” асарида Туркистонда изғиган инглиз ва рус хуфияларининг “Бу ерда ўзаро келишмайдиган учта хон ва ярим ёввойи халқ бор” деб ёзганини келтиради.
Стасе хоним мустабид гарчи миллатдошлари бошига оғир кулфатлар солса-да, “ёввойилар” маконидаги рус чегарачилари ҳузурида (“Заставага келгандан сўнг рус тилидаги суҳбатни эшитиб хурсанд бўлиб кетдим”) ўзини бехавотир ҳис этади.
Хотираларда мусулмон туркийлар ҳаётига оврупоча назар баъзан янглиш хулосаларга олиб келгани сезилади. Овруполик меҳмон туркийларда ўтов тикиш, шунингдек, тандир, ўчоқ юмушлари қадимдан аёллар зиммасида бўлганини тушунмайди. Бундан ташқари, қирғиз аёлларининг эрнинг меҳмонларига хизмат қилишини чўрилик, эркаклар даврасида бирга ўтирмаслигини журъатсизлик деб билади, зиёфатдан қолган нарсаларни ейишини ҳазм қилолмайди. “Ўзбеклар ва қирғизларнинг тўнғизни кўришга тоқати йўқ эди. Чўчқа бор уйга бирорта мусулмон ҳатто оч бўлса ҳам қадамини босмас эди”, дея хотирлайди Стасе хоним.
Амударё ёқаси – Афғонистон билан чегарадош тоғли Пули Зиндон қишлоғини эшакда кезган литвалик қочқин очиқ юзли ўзбек аёлларининг меҳмондўстлигини эътироф этар экан, маҳаллий аҳоли русларни ёқтирмаслигини ҳам қистириб ўтади: “Ўрисияга қарам бўлиб қолган Бухоро аҳолиси унчалик ҳам ишончли эмасди ва вақти-вақти билан ўз васийларига қарши исён кўтарарди”.
Стасе хонимнинг умид ва қўрқув, шубҳа ва ишонч орасидаги ҳаётини тўғри тушунмоқ керак. Муҳими, битикларда ғайирлик йўқ. Аксинча, олийжаноблик, мардоналик уфуриб туради. Асар муаллифи нозиктаъб адиба, зукко руҳшунос, билимдон қадимшунос, синчков табиатшунос ва зийрак жамиятшунос сифатида намоён бўлади. Қочқин оила кўчиб юрган манзиллар харитаси тузилса, улар туз-намак бўлган шаҳру кентларга, овлоқ овуллару дара-чўлларга аркони давлат қадам ҳам босмаганига ишонч ҳосил қиласиз.
Асарда ўқувчи танг қоладиган ўринлар талайгина. Тасаввур қилинг: қувғиндаги оиланинг энг катта бойлиги – китоб. Мутолаа – беканинг доимий юмуши. Болаларига ҳам тинмай китоб ўқиб беради. Сафар қариб, ватанга қайтар чоқда рўзғор буюмлари ва китоблар сотувга қўйилади. Лаш-лушларнинг харидори топилади, аммо китобларга олувдор йўқ!..
Шарққа мафтун мазлума
“Мен шарқ бозорларининг мисли кўрилмаган ҳашаматидан ҳайратда эдим... Ҳар хил узум солинган катта саватлар, тоғдай уюлиб турган, пишганидан ёрилиб кетган анор доналари алвон ёқутдек товланади... Узун расталар туслари ол шафтолиларга тўла. Ўриклар тоғ-тоғ бўлиб уюлиб ётибди. Қаёққа қараманг Чоржўйнинг тилими тилни ёрадиган хушбўй, тилларанг қовунлари. Ҳар тусли ҳолваларнинг ҳиди кишини маст қилади. Ширинликларнинг кўплигидан расталарнинг бели букилиб қолган. Шираворлар устида арилар ғужғон. Кўмирда пишаётган кабоб иси анқийди, дошқозонларда палов дамланган, молини мақтаётган савдогарларнинг ғала-ғовури, эшакларнинг ҳанграши, туяларнинг бўкириши – буларнинг барчаси ўрганмаган одамни чўчитиб юборади”.
Қадимий шаҳарнинг тутзор кўчаларию бозорларини айланиб чиққан литвалик аёл бугунги бухороликлар учун ҳам янгилик бўладиган маълумотлар тақдим этади: “Бухорода дарахтлар эрта баҳор – мартда гуллай бошлайди. Атиргулларнинг хушбўй ифори шаҳар узра таралади. Ўзбеклар ясан-тусан қилиб, от ва эшакларини атиргуллар билан безайди. Бозордаги тоғ-тоғ атиргулларни атиргул мойи ишлаб чиқарувчи тадбиркорлар сотиб олади”.
Туркистонни кезган масиҳий аёл мусулмон маданияти ва ахлоқига тан беради. Қумга белбоғини ташлаганча хушуъ-ҳузуъ ила намоз ўқиётган (“илоҳий бир ҳаяжонда”) ўзбеклар ҳақида мароқ билан ҳикоя қилади. Амирободда мойчироқларнинг сирли милтиллашида эртакнамо манзара – келин ясантириш маросимида қатнашган Стасе хоним қават-қават кўйлак кийган, бўйни ва қўлларига ялтир-юлтирлар сепилган, қулоқлари ва манглайида тилла тақинчоқларнинг тошлари ярқираган келиннинг ғоза сурилган юзига ҳавас-ла тикилади. Хира ёритилган кенг ўтов, патнислар тўла турфа таом, ипак тўн кийган куёв, созандалар, аёлларнинг маҳзун қўшиғига жўр бўлган эркаклар даврасида ҳайратланиб ўтиради.
Китоб шаҳрининг яшил манзаралари, атиргул буталари, қуюқ баргли қайрағочлар, ёнғоқзорларини кўриб севинган хорижлик хоним бозорда савдо қилаётган кекса ўзбек чолнинг номаҳрамга кўзим тушмасин дея юзини кафти билан ёпиб тескари қараганидан ҳаяжонланади. Қушларга айрича меҳр қўйган миллатдошларимиз ҳақидаги фикрларини қуйидагича қоғозга туширган: “Ўзбеклар қуш уриштиришни хуш кўради. Махсус ўргатилган қушлар учун катта пул тикишади. Бозорлардаги чойхоналарда тез-тез қуш уриштириб туришади. Кўпчилик томоша қилади, одамлар баҳс бойлашади”.
Шаҳрисабзни томоша этган Стасе хоним Амир Темур ва у қурдирган масжид ҳақида ҳам маълумот беради. У ҳатто шаҳрисабзлик тадбиркорлар эшакларда тоғдан муз келтириб, хандон писта ва хушбўй ванил аралаштириб музқаймоқ тайёрлаши, гуноҳкорларга бозорда – халқнинг кўз ўнгида дарра урилиши, қариндошлари олиб келган егуликлар ва одамларнинг хайр-садақалари ҳисобига кун кўрувчи маҳбуслар сақланадиган зиндонлар бадбўйлигини ҳам назардан қочирмаган.
Бир ҳовлида қурилган ўрмакни кўриб, гилам тўқиш жараёнини кузатади ва қўлигул ўзбек аёлларига тасанно айтади: “Ўзбек аёллари қўлда тикилган ёки тўқилган буюмларни турли нақшлар билан безашни ёқтиради. Энг кўркам нақшлар эркакларнинг дўпписини безайди, жойнамозларни айтмайсизми – нақшлар хилма-хиллиги ва ранглар уйғунлиги кўзни қамаштиради! Бу оддий аёлларнинг меҳнати эканига ишониш қийин”.
Бир гал Қарши беги эр-хотин шифокорларни баланд ўймакор тош деворлар ила ўралган саройида меҳмон қилади. Қўноқларга атаб дошқозонда ош дамланади. Стасе хоним меҳмоннавозликни бундай хотирлайди: “Бизни оврупоча стол-стуллар ва ҳатто кўзгулар билан жиҳозланган хоналарга олиб киришди, турли-туман шарқона ширинликлар ва чой билан меҳмон қилишди. Эшиклар очилиб, бек мулозимлари билан кириб келди. Ўзбекча саломлашди ва қаршимиздан жой олди. Бекнинг эгнида кимхоб либос товланарди. У биз билан тилмоч орқали гаплашди, узоқ шимолий ўлкаларимиз билан қизиқди. Бек қора соқолини тез-тез силар экан, чиройли, узун бармоғидаги катта ёқут ярқирарди”.
Хотиралар муаллифи қадимий кентлар – Бухоро, Шаҳрисабз, Қаршидаги масжид ва мадрасалар пештоқи ва деворларига битилган Қуръон оятлари – нақшларнинг неча асрлар ўтса-да ярқираб туриши, улуғвор меъморчилик қаршисида лол бўлганини қайд этган.
Қочқин оила қизи Люда ичтерлама бўлиб қолади. Шифокорлар қизчанинг соғайишидан умид узган кунларнинг бирида касалхонада аравакаш бўлиб ишлайдиган кекса чол тумор келтириб беради. Мўъжизаларга ишонмайдиган овруполик хоним тўртбурчак қилиб тахланган оқ мато парчасини ҳушсиз ётган қизининг боши остига истамайгина қўяди. Атрофдаги кўпчилик, ҳатто шифокорларнинг аёллари бандаликни бажо келтираётган бир вақтда Оллоҳнинг қудрати билан қизча тирик қолади: “Люда тузалганидан кейин бобо келди ва иттифоқо туморни сўради. Чолнинг овозида мағрурлик ёки мақтанчоқликдан асар ҳам йўқ эди. Мен ундан туморни бир кўришга ижозат сўрадим. У матони очди ва бир неча қават қилиб букланган қоғозни кўрсатди. Унда қандайдир бир дуо битилган эди, холос”. Эҳтимол, дуонинг кучи Стасени Шарққа мафтун этгандир?
Китобда унутилган қадриятларимиздан бири – сардобалар “ҳордиқ чиқариш жойи ва умид воҳаси” дея тилга олинган. Сардобалар каби кўмилган мозий, қуюқ мирзатераклари сокин шитирлаган, сон-саноқсиз ариқларида сувлар жилдираган Тошкент кечмишини билишни истаган одам литвалик аёл хотираларини ўқисин. Муаллиф тошкентлик муслималар ҳақида ёзар экан, исломда аёлларнинг безаниши моҳиятини жуда нозик илғагани сезилади: “Аёллар юзларини қора от қилидан чачвон билан ёпади, узун кулранг либосга ўраниб, кўчалар бўйлаб арвоҳдай изғишади. Аслида эса, ўзбек аёллари жуда гўзал, безаниб юришади, аммо бегоналарнинг кўзи учунмас, фақат ўз оиласи учун”.
Юз йилда табиатда ҳам, жамиятда ҳам, одамларнинг онгу тафаккурида ҳам жиддий ўзгаришлар содир бўлди. Бундан бир аср бурун тоғларда қор эриши билан тошқинлар бўлиши, Амударёнинг шаҳру қишлоқларни вайрон қилиб, экин майдонларини ювиб кетиши одатий ҳол эди. Бугун на дарё тошади, на саратонда эрийдиган қору муз бор...
Муҳожир аёл инқилоб гирдобига тушган Когонни, қоронғи кечалардаги митингларни эслар экан, “Узоқ уйқудан уйғонган халқда жуда улкан ва муҳим бир кайфият ўсиб борарди”, дейди.
Стасе хоним шу ўринда андак адашган. Юрт пешволари нафақат аср боши, кейин ҳам уйғониш бемисл тарихий имконият эканини англамади. Жиллақурса, англаганларни тингламади. Пировардида, ўсиб келаётган “жуда улкан ва муҳим бир кайфият” уйқу билан ўрин алмашди...
Тузумлар, ҳукуматлар алмашинуви дўкайларнигина эмас, балки авомни ҳам ҳар томонлама синовдан ўтказар экан. Стасе хоним Керенский даврида инқилобчи-социалист бўлган, большевиклар келгач, бир думалаб “қизил”га айланган миллатдоши, саводсиз, аммо Бухорода маориф комиссари лавозимини эгаллаган Шпокас каби кимсаларни кўриб кўзи очилганини ёзади. Аммо бутун бошли бир халқ – кўринганни пир деб билган, ичи-таши бир бўлмаган, эл бўлмаган элбошиларга инонган эл улкан фожиалардан ҳам сабоқ чиқармагани жумбоқ...
Чоржўйга кўчиб ўтган оила кўпчилик сингари очарчилик ёқасида яшайди. Биринчи жаҳон уруши тугамаган, рус империяси қулаш арафасида. Узоқ давом этган уруш амирлик иқтисодини ҳам издан чиқарган: бозорлар ва омборлар шип-шийдам, нарх-наво баайни томдан-томга сакраган мушук, нон қулоққа ўлчаб берилаётган эди.
Бутун ўлкада очарчилик узоқ давом этганини 1923 йил 8 – 12 июнь кунлари Москвада бўлиб ўтган РКП (б) Марказий қўмитасининг тўртинчи кенгаши ҳам тасдиқлайди. Туркистон АССР раиси Турор Рисқулов “Биргина Фарғона областида 400 минг киши очлик ҳолатида. Оч қолган бу омма бир тўғрам нонга зор...” дейди.
Даҳрий большевикларнинг Авлиёотадаги қирғинлари гувоҳи бўлган Стасе хоним булутдай ёпирилган чигиртка балосини кўриб даҳшатга тушади ва далаю тузни, боғ-роғларни кунпаякун қилаётган бу ҳашарот очликдан силласи қуриган одамларнинг жонига ора кирганини ёзади: “Улар чигирткани хомлай, қовуриб ва қуритиб ейишарди”.
Очарчилик Туркистонни бутунлай қамраб олади. Бир кафт ун одамдан азиз бўлган йиллар! “Оч баччағардан қоч баччағар” деганлари рост келади. “Қизил байроқ” газетасининг 1922 йил 169-сонида босилган “Марғилонда очарчилик” мақоласида ўқиймиз: “Фарғонанинг қай ерига борсанг, 37-йилнинг (1837 йил назарда тутилган – О. Т.) иси келадир. Кундан-кунга Фарғона очлик даҳшати билан ўралиб борадир. Бозор, расталарда очликдан тиланиб юрган хотун-қиз, ёш болалар, мўйсафид чолларнинг ҳисоби йўқдир. Буларнинг ораларида очликдан шиша бошлағонлари ҳам кўп кўринадир”.
Ўша давр матбуотида ёзилишича, Марғилонда очларга кўмак ниятида ўтказилган сайилда ҳатто қимор ўйнашга ижозат берилади. Қимор бошланиши билан шаҳарда кўп тартибсизликлар кузатилади. Марғилонликлар қиморбозликни битиришни сўраб маҳкамаи шаърияга мурожаат этади.
Собиқ хонликлар ва амирлик ҳудудида безгак кирмаган хонадон қолмайди ҳисоб. Москвадаги йиғинда Фарғонадаги аҳволдан сўз очган давлат ва жамоат арбоби Иномжон Хидиралиев “Ўтган йили ёзда шаҳарларда безгакдан ўлганлар сони кунига 100-150 кишини ташкил қилган, қишлоқда ҳеч ким бунинг ҳисобини юритолмаган”, дейди.
Бухорода безгак туфайли қишлоқ ва овуллар, маҳаллалар ҳувиллаб қолади. Бухоро халқ шўро жумҳурияти раҳбари Файзулла Хўжаев қизил империя раҳбарларига ёш республикадаги ташвишли аҳволни қуйидагича баён этган: “Инқилобга қадар уч миллион аҳолига иккита доктор ва битта дорихона тўғри келар эди. Ҳозирги вақтда барча асосий шаҳарларда унча катта бўлмаган шифохоналар, йирик пунктларда фельдшерлик шохобчалари мавжуд. Аммо безгак бу – халқимиз бошига келган бало. Шу туфайли кўпчилик Бухорога боришдан бош тортади. Биз безгакка қарши катта кураш олиб боряпмиз. Германиядан 150 пуд хина сотиб олиб, уни Москва орқали Бухорога жўнатдик. Безгакка қарши бешта станция Москвадаги станциялар услубида жиҳозланди. Доктор Исаев бошчилигидаги рус врачлари гуруҳи жойга бориб, ботқоқликларни қуритиш, аҳолини даволаш билан шуғулланмоқда”.
Зеҳниятдаги ришта
Когон яқинидаги Амиробод қишлоғида яшаган Стасе хоним Бухоронинг бир-бирига уланиб кетган пахса уйли, мешкоблар сув сепиб ўтадиган торкўчаларини эринмай томоша қилади. Қимматбаҳо гилам ёпилган, кумуш ва феруза тошлар билан безатилган кўркам араб отларида гердайиб ўтаётган бек ва қозиларнинг қўлларини кўксига босганча салом бераётган авомга заррача қиё боқмаслигидан таажжубга тушади. Бухоронинг жинкўчалари, у ёқдан-бу ёққа ўтиб-қайтаётган паранжили аёллар сирли-тилсимли туюлади; кўҳна кент унинг кўзига Инжилга ишланган суратлардаги шаҳарга ўхшаб кўринади.
Муҳожир шифокорнинг рафиқаси мусулмон қиз-жувонлар ҳаётига қизиқиш билан қарайди. Бироз русча биладиган қизини амир ҳарамига уч юз тўртинчи ёки бешинчи танмаҳрамликка узатаётган отани кўриб ҳангу манг бўлиб қолади.
Палангалик аёлнинг Бухорода кўрганлари ҳам тарих ишқибозлари учун ғоятда ибратли: “Бозордаги чойхонада дам олиб ўтирган эдик, эшакларни етаклаб кетаётган ва улов минган одамларга кўзимиз тушди. Уларнинг айримлари яҳудийлар эди. Агар олдидан бирон бир ўзбек пиёда ўтиб кетаётган бўлса, яҳудийларга уловда юриш тақиқланган эди. Улар ўзбекларга ўхшаб кўркам ипак кийим киёлмасди. Камбағал яҳудийлар бўз чопонларини чиройли белбоғ билан эмас, балки чилвир билан боғларди...” Бухоро амирлигида яшовчи яҳудийлар жизя – жон солиғи тўлаган.
Қочқин аёл хотиралари юз йил бурун ҳам амирликда обиҳаёт тақчил бўлганини тасдиқлайди: “Сувнинг тўғри тақсимланишини амалдорлар – ариқоқсоқоллар назорат қилади. Яқингача сув ўғрилари қаттиқ жазоланган экан: биринчи марта – чап қўли, такрор ушланса – ўнг қўли кесилган, учинчи марта сув ўғирлаган кимса ўлимга буюрилган”.
Маҳмудхўжа Беҳбудий “Бухоро аморати” мақоласида (1915) “Икки миллион халқ учун бухоройи икки дўхтур эмас, биргина фельдшер-да йўқ” деб куюнган эди: “Бухоро рижоли ҳукумат ёлғуз ўз нафсини, ўз кайфини, ўз беш кунлигини кўрар. Табаъаға, миллатға, исломият ва мусулмонларға на бўлсун, шул бўлсун ва алар қайғусини чекмоқға фикри етмас ёинки истамас”.
Стасе хоним хотиралари муфтий ҳазратнинг фикрларини тўлиқ тасдиқлайди. Чор маъмурлари яшаган шаҳарда эса темирйўлчилар учун шифохоналар очилган ва у ерда овруполик докторлар ишлаган. Абдурауф Фитратнинг “Нажот йўли” асаридаги қуйидаги жумлаларни ҳам изтиробсиз ўқиб бўлмайди: “Барчага маълумки, ёзнинг уч ойида шаҳримиздаги кўпчилик одамлар касал бўладилар. Бу бечораларнинг кўпчилигига йигирма-ўттизта ришта чиқиб, бошдан оёқларигача қон ва йирингга ғарқ бўлиб юрадилар. Ҳар бир хонадонда тўрт-бешта одам ўттиз-қирқ кунлаб иситмалаб ётадилар”.
Табобатнинг йўқлигидан миллат зое бўлаётганига ачинган Фитратнинг бонги кошки ўз замонасигагина тааллуқли бўлса: “Муҳаммаднинг юзлаб умматлари жароҳатларига малҳам бўладиган дори орзусидадирлар, уларнинг чеккан нолаи оҳларидан малоикалар қалбига ҳам изтироб тушади”. Фитратга замондош литвалик аёлнинг қуйидаги хотиралари эътирофдек кўринса-да, аслида, аянчли ҳаёт манзарасидир: “Кўчада ғаройиб табибларни учратиш мумкин, улар шу ернинг ўзида оғриган тишингизни олиб ташлайди ёки нозик хивич билан мушаклар орасидаги қуртни ипдай суғуриб олади. Бундай қуртлар туриб қолган ёки нотоза сувни ичадиган кишиларда бўларкан. Европада врачлар буни қандай даволашни билмайди дейишади, фақат ўзбекларгина бу қуртларни хивичлар ёрдамида чиқариб оларкан ва бу жуда кўп вақтни талаб қиларкан”.
Бундан юз йил бурун моҳир табиблар риштани тери остидан минг бир машаққат билан бўлса-да суғуриб олган. Ҳақ-рост, вужуддаги дард эртами-кеч тузалади, албатта. Аммо онгу тафаккурдаги, руҳиятдаги иллатларга қайдан даво излаймиз? Табиблар чорасиз қолган, чўпга илинмаган ришталар миллий зеҳниятимизни эгаллагандек. Унга “ҳалоллик вакцинаси” кор қилармикан?! Қаёққа қараманг, ришта қуллари, риштасеварлар... Ислоҳотпарварлик нафспарварликка айланиб кетгандай, назаримизда. Бир кўнглимиз “Кўринмас ришталарнинг барҳаётлиги шундан” деса, яна бир кўнглимиз “Табибнинг ўзи бемор бўлса-чи” дейди.
Китоб яқинида, Самарқанд тоғларида жойлашган моховлар қишлоғи ғайридин шифокорни даҳшатга солади. Моховга ҳам марҳаматли бўлган ўзбекка қойил қолган муҳожир аёл ҳикояси барибир кўнгилни хира қилади. Тарихий манбаларда ушбу бедаво дардга йўлиққанлар Бухоро шаҳрида – Гузарипесёнда жамоа бўлиб яшагани ҳақида маълумотлар учрайди. Шаҳарликлар танаси оқариб кетганларни моховлардан ҳам бадтар ёмон кўрган. Уларнинг ақидасига кўра, Оллоҳ моховни банданинг гуноҳи учун берган, пес эса бутун бир авлоднинг гуноҳлари оқибатидир.
Гузарипесёндагилар хайр-садақа эвазига кун кўрган. Бундан ташқари, ўзларига тегишли боғ-роғ ва ер ижарасидан тушган даромад оилалар ўртасида тенг тақсимланган. Гузарнинг ўз масжиди, ҳаммоми, бозори ва мактаби бўлган. Гузар аҳли ораларидаги илмлиларни қози, мулла ва оқсоқол этиб сайлаган.
“Тақдирга ишонувчи ўзбеклар хавфдан қўрқмайди, касал бўлишса, даво излашмайди, улар тақдирдан қочиб қутулиб бўлмайди, дейишади. Пешонада борини итоаткорлик билан қабул қилишади, нолишмайди”, дея хотирлайди муаллиф. Одамни хотиралар ёмон эзади. Қаддимиз тарихнинг маломат ва таъналаридан букилган. Эвоҳ!.. Ўтмиш хатолари олдида Алпинбийдан қолган ўн тўрт ботмон биринчдан бўлган парли ёй қушнинг қанотидай гап!
Мозий бамисоли камон
Стасе хоним Каркида ҳам Пули Зиндонда бўлгани каби рус гарнизони борлигини ёзади. Деярли бутун бир мавзени эгаллаган улкан бозорда дунёнинг турли бурчаклари – Амриқо, Англиё, Фарангистон, Олмония, Ҳиндистон, Эрон, Афғонистон, Чин юртидан келган савдогарларни учратади. Каркида олисларни кўзлаб йўлга чиққан карвонлар, сайёҳ қадами етмаган элларнинг той-той гиламлари, қоракўл, қимматбаҳо мўйналарини, қоп-қоп гуруч, буғдой, арпа, жўхори, майиз, кишмиш, чигит, пиллани, кокилдек эшилган уюм-уюм қовунқоқиларни, турли мамлакатларнинг олтин ва кумуш пулларини тоғ қилиб тахлаганча қўли-қўлига тегмай айирбошлаётган ҳинд саррофларни кўради.
Бозор ўз оти билан бозор-да! Турфа тиллар шовқини тинмайдиган улкан издиҳом... Афғон тужжорларининг туя карвонига, юзлаб қўнғироқлардан таралаётган мусиқа – сокин ва майин товушга мос қадам ташлаётган саҳро кемаларига мафтун Стасе хоним учун ҳар қадамда учрайдиган чойхоналарда кабобхўрлигу ошхўрлик қилаётган, тоғ-тоғ уюлган ҳолва ва турли ширинликлар савдосини қизитаётган, “Ла илаҳа иллаллоҳ!” дея бақириб юрган дарвешларга хайр-садақа улашаётган мусулмонларни кузатиш завқ бағишлайди, албатта. Қочқин шифокорни нозиктаъб заргарлар ясаган тилла буюмлар, Искандар Мақдуний тасвири туширилган қадимий кумуш тангалар, яшил тусга кирган дубулғалар ва совутлар ҳам ҳайратлантиради: “Билгувчи кишилар уларга шубҳа билан қарайди. Сотиб олаётганда эҳтиёт бўлган маъқул. Чунки ўзбеклар антиқа буюмларни қалбакилаштиришда устаси фаранг”.
Каркида салкам бир йил истиқомат қилган Стасе Вайнейкене миллатдошларимизнинг Рамазонга атаб янги уст-бош тикиши, уй-жойларини тартибга келтириши ва ифторлик учун бозор-ўчар қилишини қизиқсиниб кузатади. Оллоҳ фарз қилган рўза моҳиятини ўрганган масиҳий аёл “Қуёш ботиши биланоқ ўзбеклар бизда Пасха байрамидаги каби жонланишади, еб-ичишади. Тун бўйи кўнгилочарлик қилишади, қўшиқ айтиб дам олишади”, деб ёзади.
Сиғинди аёл Рамазон ҳайитини кўркам либосларда шоду хуррамлик билан кутиб олаётган мусулмонларга қўшилиб байрам қилади: “Кун ботганда масжидда ўқилган сўнгги тантанали намоздан сўнг оломон дарё бўйида, маҳаллий бекнинг қасри рўпарасида жойлашган, эртакдагидай фонуслар билан безатилган катта майдон томон юради. Узоқдан ҳаммани байрамга чорлаётган карнайларнинг ғаройиб товушлари эшитилади”.
Стасе хоним қизлардек ясанган ўғил болалар – баччалар рақси ва туркман йигитларнинг кўпкари чопишини томоша қилар экан, “Тонггача карнай садолари остида художўй ўзбеклар кўнгилхушлик қилиб ақлдан озадилар” демоқдан ўзини тия олмайди.
Бир ёқда тасбеҳни қўлдан қўймайдиган тақво аҳли, иккинчи ёқда эса муқаддас мозорлар атрофидаги дарахт шохларига гулдор мато қийқимлари илишни тарк этмайдиган ширк аҳли... Мозий урфдан қолган қора чироқ эмас. У бамисоли камон. Биз ана ўша кўҳна камондан отилиб чиққан ўқмиз. Садоқда пайконлар бисёр. Ҳар бир авлод учиб бораётган пайкон эканини билса, камонни ёддан чиқармайди.
Қонга ботирилган Бухоро
Тарихга “Колесов воқеаси” деган ном билан кирган машъум қирғинбарот гувоҳи бўлган муҳожир аёл муаррихлар назаридан четда қолган хунрезликлар ҳақида ҳикоя қилади. Аввалроқ Туркистон мухториятини қонга ботирган, Қўқоннинг кулини кўкка совурган жаллод – Фёдор Колесов қўмондонлигидаги қизил армия Бухорога юриш қилади. Бухоро ҳукмдори Олимхон эса, ўша давр матбуотида ёзилганидек “ҳеч вақтда совет ҳукумати билан урушмоқни истамас ва истамоққа кучи ҳам йўқ бўлиб, совет ҳукумати ила иттифоқ ва дўст бўлмоқ хаёли ва фикрида эди”.
Стасе хонимнинг Бухорода большевикларга “ёш ўзбеклар” қўшилгани ҳақидаги фикри жиндай тасҳеҳ – тузатишга муҳтож. “Жабрда нодир, зулмда моҳир” Колесов билан ҳамкорлик қилган сиёсий ҳаракат “Ёш бухороликлар” эди. Колесовчиларнинг мамлакатни “Ёш бухороликлар”га топшириш талабига кўнмаган амир халқни муқаддас уруш – ғазовотга отлантиради. Стасе хоним ғозийларни бундай тасвирлайди: “Одамлар кетмон ва пичоқлар билан қуролланиб, Оллоҳ номи билан, Колесовнинг большевикларини ўлдиришга борган”.
Минг-минглаб шаҳид, хунолуд Бухоро...
Қизил қўшин мағлубиятини кўрган Колесов 1918 йил 7 март куни Самарқанд томон чекинади. Қўмондон ўзи билан бирга барча овруполикларни поездларга босиб (“Ўн иккита эшелонга етти минг киши лиқ тўлди”) Тошкентга чекингани “Палангалик қочқин аёл хотиралари”да батафсил тасвирланган. Муаллиф қаттол зобитнинг қавмдошларини чўлда оғир аҳволда қолдириб қочишга урингани, аскарларнинг талончилигию ашаддий хунхўрлигини очиқ ёзади: “Йўловчилар ўғирланган кийим-кечакларни кия бошлади, энди ипак кийимларга ўраниб, вагон томида ўзбек кўрпаларини ёпиниб ётган одамларни кўпроқ кўриш мумкин эди”.
Орзудаги ватанни излаб
Муҳожиротда кўп ва хўб қийналган аёл ҳатто тушларида ҳам ватанини кўради. Адоқсиз ғам-ғусса, азоб-уқубат билан кечган ҳаётга мазмун бахш этиб турган нур – Ватан! Қочқин одам минг зўр бўлсин, бегона юртда барибир тили қисиқ, қўли калта бўлади. Денгиз ҳавосида улғайган Стасе хоним Туркистон қуёшига тоб беролмай қолган чоқлари она юртининг оқиш, ёмғирли осмони бўйлаб сузиб юрувчи чексиз булутларини соғинади. Халқимизда “Сайил ҳам сайил, саргардон ҳам сайил” деган пурмаъно мақол бор. Стасе хонимнинг хотиралари саргардон сайлидир.
Тошкентдан поездга ўтирган литвалик оила ватанга қайтаётганига беҳад қувонади. Қозоғистон чўлларидан ўтган эшелон Урал тоғларига етгач, очарчилик нафақат Туркистонни, Ўрусияни ҳам забтига олгани аён бўлади. Стасе хоним ҳаммаёқда даҳшатли азоб исканжасидаги сон-саноқсиз оч одамлар чумолидай ғимирлаб юрганини қайд этади. Рус ёзувчиси Александр Неверов худди ўша йиллар Волгабўйидаги оммавий очарчилик ҳақида “Тошкент – нон шаҳри” деган қисса битган. Атоқли режиссёр Шуҳрат Аббосов салкам олтмиш йил бурун суратга олган шу номдаги фильмни кўрмаган, ўзи муҳтож бўлса-да, очликдан силласи қуриган шимолликларга нон берган халқимизнинг олийжаноблигидан фахр туймаган юртдошимиз кам бўлса керак.
Алқисса, узоқ айрилиқдан сўнг ватанга қайтаётган бу оила ит азобида Москвага етиб боради. Уларни Литва ваколатхонасига жойлашиб олган олибсотар амалдорлар қарши олади. Стасе хоним аламдан “Литванинг бу ердаги гумашталари шунчалик пасткашликка борган экан, унда биз орзу қилган Литва қаерда қолди?!” дея ҳайқиради.
Не тонгки, она юртда сургундан қайтган оилага ётлардек қарашади. Ҳаёт қийинчиликларидан қўрқмайдиган, иродаси метин, миллатсевар аёл хотиралари изтиробли якун топган: “Кичкинамнинг қорни очиб, инжиқлик қиларди. Мен шишачани олиб, қўлимда бир ярим марка билан сут излаб кетдим. Ўтган-кетганлардан қаерда сут сотиб олиш мумкинлигини сўрардим. Узоқдаги бир кулбани кўрсатишди. Уйга кирдим, сигир соғилмагани учун кутишим керак эди. Уй бекаси шишачага сут солиб берди, аммо пул олмади. Бир бўлак нон ва дудланган гўштдан кесиб қўлимга тутқазди. Ғира-шира ошхонадан қандай чиққанимни билмайман. Кўксим аччиқ кўзёшлардан титрарди: мен йиғлаб борардим. Сут учун пул олмади, демак, менга садақа берибди. Мен шунчалик соғинган она юртимга қайтганимда ана шундай аҳволда эдим! Юрагим эзилиб кетди. Ҳатто энг қийин дамларда ҳам садақа сўрашимга тўғри келмаган. Она ерга қадам қўйишим билан садақага “сазовор бўлдим”.
Хотиралар ҳар кимда ҳар хил таассурот қолдиради, албатта. Кимдир унга озодлик учун кураш тарихи сифатида қараса, бошқа биров “Туркистон таназзули ҳақида экан” дер. “Стасе хоним садоқати покдомон момоларимизни ёдга солади” дейдиганлар ҳам ҳақ. “Йўқ, бу – миллатга васиятнома!..” дегучиларга ҳам эътироз билдирмаймиз. Яхши асар афкор оммада баҳс қўзғаши билан қадрли. “Бир кун туз еган жойга қирқ кун таъзим” мақолига амал қилиб хотиралар битган Стасе хоним билан Туркистонда бир ярим асрдан бери яшаса-да, ўзбекона ҳаётга заррача қизиқмаган, ўзбекнинг дини, тили, урф-одат ва қадриятларига ҳурмат бажо келтиришни камситилиш деб биладиган, отдан тушса ҳам эгардан тушмайдиганларни таққосласангиз...
Ўҳ-ҳў-ў!..
Улар самимий, беғараз битиклар битган диндоши бошидан сув ўгириб ичсин.
“Палангалик қочқин аёл хотиралари” – бағрикенг ўзбек халқига эҳтиром рамзи.
Олим ТОШБОЕВ
“Tafakkur” jurnali, 3-son
“Mazlumaning ko‘zyoshlari” maqolasi
Адабиёт
Тарих
Адабиёт
Мафкура
Адабиёт
Тарих
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ