
Одам Атодан Эшқобил шоиргача
Инсоният тарихида биринчи шеър Одам Ато томонидан яратилгани айтилади. Ер юзидаги илк инсон ижод қилган бу асар фарзанди Ҳобил доғида куйланган марсия эди. Шундай қилиб, Одам Атонинг Қобилга эш келган Ҳобил вафотига бағишланган марсиясидан бошланган шеър йўли ўзбекнинг Эшқобил шоирига қадар самимий туйғуларни куйлаб келди ва шундай давом этажак. Эшқобил Шукурнинг илк китоби “Сочлари сумбул-сумбул...” мана бу шеър билан бошланади:
Кўнглимни тошга ёрдим
Тошлар синди-я чил-чил
Сув ичгали кўзимга
Қушлар қўнди-я бир-бир...
Тушимни сувга айтдим,
Сувлар ёнди-я лов-лов.
Чўғ тергали тилимга
Қишлар қўндия бирров.
Одамзод нега кўнгли тўлиб кетганда бировга айтгиси келади? Кўнгилда тураверса, бўлмайдими? У бир идишмидики, тўлиб қолса... Агар ўша биров топилмаса-чи? Шунда шеърга, қўшиққа, куйга суянади одам. У ё шоир бўлади, ё шоирнинг ўқувчиси...
Ижтимоий, лирик ёки интеллектуал. Бу уч жиҳат бир шоирда бўй кўрсатиши мумкинми? Мумкин, дейди кўпчилик. Лекин барибир қайсидир жиҳат устунлик қилиши ҳам аён. Ижтимоий ҳаётни ҳам, самимий лирикани ва фикр шеъриятини бирдай эплаб юрганлар кам. Эшқобил Шукурда қайси жиҳат устунлик қилиши ҳақида сўз келганда бир воқеа ёдга тушади.
Устозимиз Усмон Азим ўзаро гурунгда “Эшқобил телевидениега бормаганида зўр шоир бўларди”, деб қолди. “Эшқобил Шукур шуноғам зўр шоирку” дедим. Шунда улар: “Эҳ, сизлар билмайсизлар-да, Эшқобилнинг потенциали бундан неча баравар баландига етарди”, деди. Шу суҳбатдан кейин бир неча марта ўзимга савол бердим: “Хўп, нашриётга борганида нима бўларди? Газетада ишлаганида-чи?”
Менимча, энг тўғри йўл шу бўлган. У пайтлар телевидение ижодкорга бошқа жойларга нисбатан яхши пул тўлаганини биламиз. Бир замонлар битта китобнинг пулига машина оладиган даражада гонорар берадиган нашриётлар бу даврга келиб китобдан бошқа қалам ҳақи беролмай қолганди. Газеталарнинг иши ҳам унчалик зўр эмасди, лекин рўзғор тебратса бўларди. Шоир шоир бўлиб қолиши учун аввало маиший тирикчилик босимлардан бироз озод бўлиши керак. Эшқобил Шукурга бу имкониятни ўша пайтда телевидение берган, десак тўғри бўлади.
Энди “Шоир ким” деган саволимизнинг ёнига яна бир таъриф қўшилади: шоир оила, рўзғорнинг масъули ҳам. “Сен шоир бўлганинг учун боланг айбдормас, у оч қолиши мумкинмас”, деган гапни эшитганимизда, бошида бизгаям ёқмаган. Кўпчиликда шундай бўлгандир балки. Аммо кейинчалик тан олганмиз.
“Аҳай-аҳа-ҳай” – Сурхону Эллада куйлаган қўшиқ
Хўш, шеър қандай пайдо бўлган? Айтайлик, қадимги Юнон заминида қўй боқиб юрган кўзи ожиз чўпон одамлардан эшитган ривоятларни қўшиқ қилиб куйлай бошлайди. Ҳомер исмли бу чўпон оқшом чоғида тиниқ осмон, бепоён кенгликларга қараб нозик сўзлар билан нималардир дегандир. Табиат мўъжизалари олдида лол қолган инсон ўз таассуротларини нима биландир изҳор қилиши керак эди-да. Юнонзаминда ҳомерлар, Туронзаминда бахшилар бора-бора изҳорлар, ҳолатлар, дардлар назмда айтила бошланди. Мадҳиялар, қасидалар, марсиялар, достонларнинг асосий шакли назм бўлди. Ва у шакллана-шакллана, сайқаллана-сайқаллана бизгача етиб келди.
Эшқобил Шукур шеърларида ўша қадим оҳанг бор:
Аҳай-аҳа-ҳай. Аҳай-аҳа-ҳай!
Мен қушларнинг тушларида кўринай,
Мен тушларнинг қушларида кўринай.
Аҳай-аҳа-ҳай. Аҳай-аҳа-ҳай!
Мен тилларнинг гулларида кўринай,
Мен гулларнинг тилларида кўринай.
Бу – шеър эмас, чин маънода қўшиқ. Ахир куйи ўзи билан туғилган шеърни қўшиқ десак бўлар? Шундай қўшиқки, қадим туйғуни достонлар-у айтимлар, мумтоз оҳанглар, замоннинг эврилишлари билан қўшиб бизнинг олдимизга тортиқ қилади. Бу қадим Элладада қўй ҳайдаб юрган чўпоннинг Сурхон воҳасидаги қўшиқдошидан мерос бўлиб келаётган оҳанглар эмасми:
Аҳай-аҳа-ҳай. Аҳай-аҳа-хай!
Мен кўзларнинг сўзларида кўринай.
Мен сўзларнинг кўзларида кўринай.
Ге Гевара қайтди, Робин Гуд қайтди...
Эшқобил Шукур – миллийликни, ўзликни бир умр қадрлаб келаётган шоир. Суҳбатларда адабиёт ҳақида баланд-баланд гаплар айтади. Тил масаласидаги куюнчаклигига ҳавас қиласиз. Адабиёт, шеър тўғрисида унинг тилидан унча-мунча олим айтолмайдиган фикрлар янграйди. Шундай бўлса-да, Эшқобил Шукур ижодидаги ижтимоийлик бўртиб кўринмайди – образларнинг, рамз ва истиораларнинг қат-қатида яшириниб турган бўлади.
Мустақилликнинг илк йилларида адабиёт аҳлининг, тўғрироғи, катта авлод вакилларининг жамият ҳаётидан бироз чекиниши бунга сабабмикан, деб ўйлайди киши. Шундай ўйлар билан юриб, дўстим Алибек Анварийдан сўрайман:
– Эшқобил ака урушга борганми?
– Йўқ.
– Унда мана бу шеър қаердан: “Қайтиб бормаяпман урушдан...”
– Ботиний бу. Эртаклар, достонлар, болагигида тўғри келган гурунглар бу.
Булутлар парчаси – кўк кўйлак яна
Омон чиқаётир қирқинчи қишдан.
Ҳолинг нима кечди, ҳолсизим, онам,
Қайтиб бормаяпман урушдан.
Қирқта қишдан омон чиққан (булутнинг парчаси каби) кўк кўйлакни, уни кийиб юрган зотнинг сабри, матонати, қувватини тасаввур қилинг. Қирқ йил – азоб-уқубатлар келса, тобланиб-тобланиб, куч шаклланадиган давр. Қирқинчи қишдан омон чиққан, метиндай бўлиб кетган “булут парчаси” (онага қиёс) шоирнинг “Қайтиб бормаяпман урушдан”, – деган сўзларидан барибир оғринади.
Кеча хўрсинади – куйиб кетар ой,
Кўнгил синиқларин ямайсан тушда.
Ҳолинг нима кечди, бир ҳолим, отам,
Қайтиб бормаяпман урушдан.
Кечанинг хўрсиниши... Ойнинг куйиб кетиши... Дарду ҳасратини бировга билдирмайдиган, ташқаридан қараганда кучли, матонатли ота фақатгина кеча бўлиб, тун бўлиб хўрсинади, кўксидаги ой – кўнгли куйиб кетади. Ана шу куйган кўнгилнинг синиқлари – алам ва изтиробларга эса тушгина малҳам бўла олади холос.
Иффат зарпардаси – Шарқнинг рўмоли
Суюқ гавҳарларга тўлар туйқусдан.
Ҳолинг нима кечди, жуфти ҳалолим,
Қайтиб бормаяпман урушдан.
“Иффат зарпардаси – Шарқнинг рўмоли”даги аёлнинг кўзларига ёш келишини шоир “суюқ гавҳарларга тўлар” метафораси билан жуда гўзал ифода қилади.
Муҳаммад пайғамбар ғазотдан қайтди,
Суворов қайтади қайтгандай ишдан.
Че Гевара қайтди, Робин Гуд қайтди,
Эшқобил қайтмади ҳамон урушдан.
“Қайтиб бормаяпман” деган уруш нима эди ўзи? У қандай уруш эдики, Муҳаммад (с.а.в.) пайғамбаримиз ғазотдан қайтса ҳам, Суворов, Че Гевара, Робин Гуд қайтса ҳам, Эшқобил қайтмаса? Ёки жисм қайтганда ҳам, руҳ ҳамон курашларда, талотўпларда, мувозанатсизликларда бўлса... Демакки, бу – шоир эшитган Жаҳон уруши ёки ўзи кўзлари билан талотўпларини кўрган Афғон уруши ҳам эмас. Бу – ўзлигини қидираётган одамнинг кураши. Тўхтанг, балки бу нафс урушидир? Нафсга енгилган, курашда мағлублик белгисидир? Инсоннинг ичидаги уруш, деб олайлик. Унда нега Че Гевара? Нега Робин Гуд?
Набий алайҳиссаломни биламиз. У зот нафс кураши борасида ортиқча таърифга муҳтож эмас. Робин Гудни ҳам нафсга ишора қилса бўлади. Бойлардан олиб, камбағалларга берган қаҳрамон. Че Гевара инқилобчи. Эшқобил Шукур-чи, ўз урушини топдими? У қайтмаган уруш қайси эди ўзи?
Мазкур шеър шоирнинг “Ҳамал айвони” китобида “Урушдан кейинги уруш” туркумида берилади. Демакки, шоир ўз кўзи билан кўрган уруш аллақачон ўтиб кетган бўлса-да, унинг ичидаги, кўнглидаги, руҳидаги курашлар ҳали-ҳамон давом этяпти.
Энди ўйлаб кўрайлик, бозор, кўча, пошшо, ҳукумат, ичкилигу об-ҳаво ҳақида ёзаётган шоир ижтимоий, аммо юрагида урушлар давом этаётган шоир ижтимоий эмасми? Чунки бундай шеърни соф лирика деб аташ ҳам қийин-да!
Чанқовузни ким чалди?
Эшқобил Шукур мансуб авлод шеъриятида метафораларга, рамзлар ва тимсолларга солиб куйлаш одати яққол кўринади. Бир қарасанг лирик, муҳаббат ҳақида ёзилгандай таассурот қолдирадиган шеърнинг ичида катта бир ижтимоий юк яширинган бўлади.
Баъзи шеърларни тушуниш учун, аввало, ундаги ишоралардан хабардор бўлиш лозим. “Келиной” достонида қаҳрамонлардан бири Сўлтоқнинг чўпон олдига келиб: “Билсанг, айтгин, чанқовузни ким чалди?”, – деб сўроқлайдиган жойи бор. Эшқобил Шукур бир шеърда Қодир бахшини ёд этар экан, достоннинг мана шу ўрнига ишора қилади. Бундан ташқари, чанқовузнинг мунгли оҳанги дардни, айрилиқни, азобу ситамларни эсга солади:
– Оғам, айтгин,
Чанқовузни ким чалди?
– Чиммат тутиб куёв кутган келинлар чалди.
– Сарбон, айтгин,
Чанқовузни ким чалди?
– Қақшаб-қақшаб қумда қолган қулунлар чалди.
Болалиги уруш йилларида кечган бахши ҳақидаги шеърда “Чанқовузни ким чалди?” деган саволга жавоблар ҳам ўша суронларни эсга соладиган сўзлар билан ифода қилиниши тайин. Чанқовуз – нола. Ўғлонлари урушга кетиб, қайтиб келмаган элнинг “куёв кутган келинлар”и, қайтиб келиши номаълум бўлган эрларнинг садоқатли аёллари ноласи. Бу нола – “қумда қолган қулунлар” – урушга кетган оталарнинг ортида қолган гўдакларнинг ноласи.
– Синглим, сен айт,
Чанқовузни ким чалди?
– Далаларда куйиб кетган ойларим чалди.
– Она, сен айт,
Чанқовузни ким чалди?
– Болаларим ташлаб кетган куйларим чалди.
Бу ойлар – эркакларнинг ўрнига далага чиқиб кетмон чопган, сув тараган, трактор ҳайдаган, ғалла ўрган ойдай юзли аёллар, келинлар, қизлар. Бу ойлар – қуёшда эмас, кутиш ва умидсизликнинг ўртасида куйиб кетган умрнинг бўлаклари.
Шоир: “Она, сен айт”, – деб сўрайди. Она эса чанқовузни болалари ташлаб кетган куйлари чалганини айтади. Авваллари чанқовузни аёллар чалган. Эркаклар дардларини дўмбира чалиб, достону термалар айтиб аритган бўлишса, аёллар ана шу дардларни тилга чиқармасдан, куйламасдан, чанқовуз чалиб, чанқовузнинг нолаларига қўшиб юборишган. Она айтаётган “Болаларим ташлаб кетган куйлар” – бу айрилиқнинг, соғинч, изтиробнинг овозлари.
– Элим, сен айт,
Чанқовузни ким чалди?
– Томиримга қўниб ўтган бир булбул чалди.
– Бахшим, сен айт,
Чанқовузни ким чалди?
– Кўкрагида эрк чайқалган эна эл чалди.
Элнинг томири узун. Ана шу “томирга қўниб ўтган”, яъни элнинг урф-одатларию, анъаналари, минг асрлик илмларидан сув ичиб, куйлаб ўтган бир булбул бор. Бу – бахши, Шоир энди бахшидан сўрайди: Чанқовузни ким чалди? Бахши қийналгану ситам кўрган, соғингану айрилган, дард чеккану қанча йўқотишларни кўрган элни бир бутун кўради: эна эл. “Кўкрагида эрк чайқалган” – кўп дарду ситамларни бошидан ўтказган, аммо юрагида эркка, озодликка бўлган ишонч яшнаб турган эл.
Юқоридаги саволларга бир қадар жавоб топилгандай: шоир бефарқ эмас, нима демоқчи бўлса, шеърларида айтди. Ҳар ҳолда бир бахшининг хотираси куйланган шеърда элнинг шунча дард-аламларини ифода қилиш осон эмас...
Қисир қабрлар фарёди
Эшқобил Шукурда исён йўқмиди? Тўполон қилишга ҳадди йўқмиди? Ёки унда ҳаммаси жойидамиди? Балки, бу саволларга унинг ўзи жавоб бериб бўлгандир... Эшқобил Шукур – элнинг дардини, ҳасратларини, кўрган-кечирганларини образларга айлантириб куйлаган, куйлаётган шоир. Халқнинг ҳолини шу халқнинг ичида туриб ҳис қилади, бирга ёнади, бирга куяди, пайти келганда бахтини ҳам эл билан бўлишади.
Азалдан халқнинг аҳволи оғирлашса, жамиятда таназзул асоратлари сезилса, кишилар кайфиятида эртанги кунга ишонч, умид камайиб борса, ўша халқнинг қаҳрамонларга эҳтиёжи сезилади. Халқ эртаклар, достонлар, қўшиқлар кўринишида ана шу қаҳрамонларни яратади. “Гўрўғли” достони ҳам мазкур эҳтиёж ҳосиласи. “...Қаҳрамон туғилиши арафасида Така Ёвмит эли ўзбирлигини, куч-қудратини ўзаро ички урушларда йўқотган эди”, – дейди Шомирза Турдимов. Элга қаҳрамон керак эди!
Эшқобил Шукурнинг “Гўрўғли” шеъри 1993 йилда ёзилган. Юз йилдан ортиқ мустамлакада яшаган халқнинг кўкрагига истиқлол шамоли теккан, бироқ, узоқ йиллик босимлар таъсири кетмаган паллалар... Мустақилликка эришилган, аммо ҳали тўла ўзини тиклаб ололмаган давлатда халқнинг руҳияти ҳам шунга мос бўлган даврлар. “Гоҳо ботирларни туғар қабрлар”, – деганда шоир достондаги Гўрўғлининг туғилишини назарда тутдими ёки янги қаҳрамонлар дунёга келишиними, ҳар жиҳатдан ҳам аҳамиятли. Қаҳрамонга, Гўрўғлига эҳтиёж сезилган ҳар бир даврда бу шеърга ҳам эҳтиёж сезилади.
Гоҳо ботирларни туғар қабрлар,
Марҳумлар дунёсин ижоди каби.
Ер устига чиқар аввал шоирлар,
Дард тутган қабрлар фарёди каби.
Гўрўғли – қаҳрамон. Гўрўғли – халққа ўрнак бўлгулик мукаммал шахс. Гўрўғли, шоир айтганидек, “марҳумлар дунёсининг ижоди” ўлароқ дунёга келган. Шоирлар эса ана шу қаҳрамон мисоли майдонга чиқади. Бу чиқиш бесамар кетмайди. “Дард тутган қабрлар”, яъни Гўрўғлини туққан қабрларнинг фарёдига ўхшайди. Бу фарёд эл учун улуғ бир қаҳрамонни бунёд қилади. Бу фарёд яхшиликка, эзгуликка бошлайди. Бу шеър шунчаки тарихга ёки достонларга маҳлиё бўлиб ёзилган асар эмас. Халқнинг эҳтиёжи, элнинг дардини айни ўша жараёнда, ўша воқеликнинг ичида туриб ёзилган ижтимоий шеър. Шоир Фахриёрнинг “Руҳнинг кўланкаси” туркумида бир мисрали қуйидаги шеъри ҳам мазмунан шунга яқин:
Гўрлар қисир – туғишдан қолган...
Бир замонлар элга Гўрўғлидай қаҳрамонларни берган гўрлар энди қисир. Бинобарин, қаҳрамонга эҳтиёж бор. “Руҳнинг кўланкаси” туркумининг 1980–1991 йилларда ёзилганини ҳисобга олсак, ушбу бир мисрали шеър ҳам халқнинг қаҳрамонга бўлган эҳтиёж даражасини кўрсатиб беради.
Шоирнинг мувозанати
Эшқобил Шукур шеъриятининг ўзига хослиги ундаги халқона оҳанг ва самимий лирикада. Уларда ғурур ҳам бор, изтироб ҳам. Соддагина сўз ва тушунчалар ортидаги кўзга кўринмас оламдан тортиб ҳаётнинг энг мукаммал нуқталаригача бўй кўрсатиб туради шеърларда.
Эшқобил Шукурнинг мен энг яхши кўрадиган бир шеъри бор: “Мувозанат”. Шоир ҳақида ёқлаган диссертациямизга шу шеър кирмади. Балки кучим етмагандир, балки ўзимни тайёр деб ҳисобламагандирман ё бу шеър таҳлилга муҳтож эмасдир. “Мувозанат” – мен учун Эшқобил Шукур шеърларининг биттаси эмас. У алоҳида мақомдаги баланд асар. Аммо барибир бу шеърдан ҳис қилганларимни айтишим керак экан ўйласам. Шеърнинг энг асосий жиҳати – унда шоирнинг руҳий ҳолатни визуал манзара орқали ифода қилиш маҳорати бўй кўрсатади:
Бу тор хона эмас, балки бу осмон,
Юлдузларни гулдай сочмоқда шамол.
Юрагимга етиб келдингми омон,
Эшикка суяниб жилмайган, аёл.
Тор хона – ёпиқлик, сиқиқлик. Осмон – кенглик, эркинлик, чексизлик. Лирик қаҳрамоннинг ички истаги ҳам кенглик, руҳан озодлик илинжи экани кўринади. Юлдузлар – туннинг жилвакор ва сирли ёғдулари, гуллар эса – гўзаллик рамзи. Шамол юлдузларни осмон узра сочиб, оламда ажиб бир гўзаллик яратмоқда. Осмон ва юлдузлар, сўнг эса чексизлик... “Юрагимга етиб келдингми омон” – драматизм ва ҳасратнинг уйғунлигини кўряпсизми? Қандай содда, қандай самимий...
“Юрагимга етиб келдингми” – ҳис-туйғулар ҳали тирик, орзу ҳали ҳам уйғоқ, умид ҳамон ўлмаган... Омон сўзининг ўзида озгина орзу, озгина дуо борга ўхшайди. Эҳтимол, озгина нолиш ҳам бордир... Севикли одам етиб келдимикин? У ҳали ҳам соғ-омонмикин?
Эшикка суяниб жилмайган, аёл.
Шоирнинг кўз олдида ёки ёдида ё хаёлотида аёл пайдо бўлади. Эшик эса – ё кириш, ё чиқиш, ё интизорлик, ё ёпиқлик, ё очиқлик рамзи. Аёлнинг жилмайиши ҳам ўта сирли туюлади. “Мувозанат” – ҳам ҳажм, ҳам руҳий қамров жиҳатдан катта шеър. Битта бандда шунча гўзаллик, шунча изтироб. Бошқа бир бандга мурожаат қиламиз:
Менинг дунёларим қанча бетартиб,
Сенинг дунёларинг шунча саришта.
Нега бетартиб? У ўзини, туйғуларини, ҳисларини бошқара олмаётгандир балки? Туйғулар итоатдан чиққандир? Ўзига ўзи эгалик қила олмаганликдан туйғулар остин-устун бўлиб кетиши аён. Тартибсизлик – шоир кечинмаларининг жараёндаги сурати.
Шоир ўз ички оламини тан оляпти: унинг “дунёлари”, яъни ҳиссиётлари, хаёллари, эҳтимол, орзулари ёки моддий-маиший ҳолатлари – бетартиб. Ана шу бетартиб дунёлар севикли инсоннинг “саришта” дунёлари билан солиштиради ва шу билан идеал образ яратилади.
Бекасиз самога бергали тартиб
Ортингдан келмоқда қирқ минг фаришта.
Бекасиз само қандай бўлади? Самонинг бекаси бўладими ўзи? Бўлади, фақат шоирнинг осмонида. Фақтгина у осмон – муҳаббатнинг эгаси йўқ, назаримизда. Бекасиз само – муҳаббатсиз ҳаёт, тартибсиз ҳислар, беқарор ҳолатлар ифодаси. Севикли инсоннинг саришта олами бутун беқарор осмонга ҳам тартиб беришга қодир. Аёл келиши билан ҳатто осмонга ҳам тартиб кирмоқда. Шу ерда яна бир кучли бадиий образ бор: севикли инсоннинг ортидан “қирқ минг фаришта” келмоқда. Қирқ сони ҳам бежиз эмаслиги табиий. Бу қадар юксаклик, илоҳий гўзалликка менгзаш ҳолати ҳамма шоир ижодида ҳам учрайвермайди.
Шеърнинг сўнгги банди:
Пастда зулмат, бўшлиқ макон қурибди,
Бу ерда ҳаёту, у ёқда завол.
Пастда – зулмат, моддий ёки маънавий бўшлиқ. “Макон қурибди” – демак, у бўшлиқ ўз-ўзидан пайдо бўлмаган, вазиятлар шакллантирган, “қурилган”. Кейин эса икки олам таққосланади: Бир томонда ҳаёт – ёруғлик, умид, иккинчи томонда эса – завол, йўқотиш... Шоир умид ва йўқотишнинг нозик чегарасида турибди.
Икки жаҳонимни суяб турибди,
Эшикка суяниб жилмайган, аёл.
Шеърда куйланаётган бу аёл – шунчаки бир гўзал ҳилқат ёки севикли ёргина эмас. Навоий ёдга тушади: “Бўлмаса ишқ,икки жаҳон бўлмасун...” У шоирнинг икки оламини – умидлари ва йўқотишларини, ҳаёт ва заволини суяб турибди. У – кўприк, у – таянч нуқта... Эшик эса – интизорлик остонаси. Аёл эшикда жилмайиб турибди – у шоир учун таянч нуқтадаги умид, поклик, ёруғлик тимсолига айланган. Шоир қанча ҳикматларни бир ипга тизиб чиққандай гўё... Аёл ким? Севган аёлми? Онами, сингилми? Бу ҳам жумбоқ.
Шеърдаги аёл образини суфиёна ёки экзистенциал маънода, инсон руҳининг йўқотишлар ва умид ўртасидаги нур, йўл кўрсатувчиси сифатида талқин қилиш ҳам мумкин. Аммо бу алоҳида илмий тадқиқотни талаб қилади. Шоир биргина ана шу “Мувозанат”и билан Шарқ классикаси, туркий халқона оҳанг ҳамда Ғарб модернизмини бирлаштиради. Шеърда изтиробдан кўра ҳайрат ва муҳаббат устунлиги кўриниб турибди. Инсоннинг бутун вужуди, руҳи, ҳиссиёти бир нуқтада туташади – шу туташувни “Мувозанат” деб атайди шоир.
Лекин барибир шеър ўз сирини тўлиқ очмайди. Баъзи шеърларни таҳлил қилиб ҳам бўлмайди. Шунчаки ўқишнинг ўзи кифоя. Ундаги образлар, бадиий санъатларни айтса, балки, санаса ҳам бўлади. Аммо шеър қаршингда бор сирлари билан ястаниб тураверади.
Дарё бўйидаги иқрор
Эшқобил Шукур – миллатнинг руҳи, халқона оҳанглар ва замонавий тафаккур уйғунлигини кўрсата олган шоир. Ўтмиш оғриқлари, ёруғ кунлар соғинчи, умумбахтсизликларни елкасида кўтариб кетаётган катта одам. Элнинг шодлигига шерик, дардига ҳамнафас. Ич-ичидаги урушлардан, изтироблардан, орзу-умидлардан қоғозга тўкилган шоир. У – шоир, У – бахши, У – жангчи, У – шахс.
Эшқобил Шукур – инсоний туйғулар ва ижтимоий воқеликни бир куч билан бирлаштира оладиган, рамзлар ва тимсоллар орқали халқ хотираси ва руҳини уйғотадиган сўз файласуфи. Унинг шеърлари шунчаки шеър эмас. Улар – қўшиқ, куй, чанқовузу дўмбиралар ноласи, элнинг фарёди ва ботиндаги мувозанатсизликлар ифодаси.
Унинг шеърларида шовқин йўқ, лекин унсиз бир фарёд бор. Унинг ёзганларида тўполонлар йўқдек гўё, лекин охири йўқ саволлар бор.
Сукунат ичидаги бу шоир кўп гапирмайди, лекин ҳис қилдира олади. Замонлар оша йўқолиб бораётган оҳангларни эшитиб, ўтмиш сабоқларини маржондек териб, бугунги кун нафаси билан тортиқ қилади.
Эшқобил Шукурнинг телевидениедаги чиқишларида ҳам, “Маънавий ҳаёт” журналидаги фаолиятида ҳам, “Бобосўз изидан” туркумидаги изланишларида ҳам сўзга эгалик, сўзга дахлдорлик, сўзга... қоровуллик ҳисси бор. Ўлиб кетаётган сўзларни асраб қолиш, уларни тирилтириш ва яна эл тилига қайтариш иштиёқи бор. У бундай вазиятда муросаю мадорани унутади. Тўғри деб билган йўлидан қайтмайди. Бироқ асло эҳтиёт шарти билан ўйламайди. Эҳтиёткорлик қилавермайди. Агар шундай бўлганида у мансаб пиллапояларидан тез-тез кўтарилиб кетган бўларди. Аллақачон халқ шоири бўлган бўларди.
Бу элнинг бағридан Эшқобил Шукур деган бир дарё оқиб ўтиб кетаётганини ҳали кўпчилик сезиб улгургани йўқ. Биз шу дарё соҳилида туриб, уни ҳис қилишга уриндик. Бу жараёнда тадқиқдан кўра мухлислик иқрорлари кўпроқ тош босган бўлса, дарёнинг маҳобати ва сокинлиги бунга боис бўлди, деб ҳисобланг. Ҳал бу мавзуга кўп қайтилади. Такрор-такрор сўралади: “Эшқобил Шукур қандай шоир?”
Дадахон МУҲАММАДИЕВ,
Филология фанлари бўйича фалсафа доктори
Мафкура
Адабиёт
Тарих
Жараён
Тарих
Тарих
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ