
Улуғ ўзбек мутафаккири Абу Райҳон Беруний деярли барча фанлар бўйича етук илмларга эга бўлган. Хусусан, унинг «Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар» асарида турли илмлар билан бирга генетикага оид маълумотлар ҳам келтирилган.
Умуман, аллома яшаган даврда инсонлар, ҳайвонлар ва ўсимликлардаги ирцият масалалари, турли ирсий ўзгарувчанлик – тана аъзоларининг нуқсонли ёки ортиқча бўлиши, эгизакларнинг таналари қўшилган ҳолатда туғилиши, инсонларда умрнинг ирсиятга боғлиқлиги каби масалаларга ҳар хил фикрлар билдирилган, ўзгача қарашдаги илмий доиралар орасида тортишувлар кетган. Абу Райҳон Беруний ҳам ўша вақтдаги талабдан келиб чиқиб, баъзан маълум бир олим ёки жамоанинг фикрини ёқлайди, баъзан ўзининг шахсий қарашларини бериб, янгича ғояларни илгари суради.
Абу Райҳон Берунийнинг генетикага оид қарашларини уч гуруҳга бўлиш мумкин: ўсимликлар, ҳайвонлар ва инсонлардаги ирсий ўзгаришлар ҳамда шу каби ҳолатлар тўғрисидаги фикр-мулоҳазалар.
Абу Райҳон Беруний инсон, ҳайвонлар ва ўсимликларда юз берадиган ирсий ўзгарувчанликни тан олади, бу ҳодисалар тасодифий тарзда юз беришини таъкидлайди. У ирсий ўзгарувчанликларни «табиат янглишиши» деб атайди ва уни «модданинг мўътадил миқдордан сиртга чиқиши» деб аташни таклиф этади.
Олим фикрини қуйидагича далиллайди: «Масалан, ортиқча аъзоли ҳайвонлар учратилиши мана бундай бўлади: ҳайвонлар жинсларини ўз ҳолича сақлашга вакил қилинган табиат ортиқча модда учратган вақтда уни бекор қолдирмай, ундан бир сурат ясайди. Аъзоси нуқсонли бўлган ҳайвонларга келсак, табиат бир шахс суратини унинг ўз жинси шаклида тугал тайёрлашга модда топмаса, уни аъзо нуқсонлигига зарар етказмайдиган ва руҳ кучига яраша тинчланадиган суратда тайёрлайди».
Мазкур маълумотлар ҳозирги замон генетика фани қўлга киритган ютуқларга мос келади. Шуни ҳам унутмаслик керакки, бу ерда Абу Райҳон Беруний ирсий ўзгариш тўғрисида ўзининг назарий фикрларини ҳам келтирмоқда. Ирсий ўзгарувчанлик (мутатио) тирик нарсанинг у ёки бу белгиларининг ўзгаришига олиб келувчи ирсий ашёнинг тўсатдан табиий ёки сунъий ўзгариши саналар экан, мазкур ўзгарувчанлик ирсларнинг кимёвий ўзгариши ва хромосома тузилишининг ўзгариши натижасида вужудга келади.
Абу Райҳон Беруний ҳам бундай ўзгаришларнинг тасодифий юз бериши ва сифат ўзгаришидан иборатлилигини – «модданинг мўътадил миқдордан четга чиқиши»ни таъкидлайди. Ирсий ўзгарувчанлик тасодифан юзага келиши Хюго де Врис томонидан 1901-1903 йилларда Ўзгарувчанлик назарияси (Мутатионисм)да баён қилинган. Тўсатдан рўй берадиган ўзгаришларни ХVII-XVIII асрлардан Европада мутатио (мутация) деб атаганлар. Нидерландиялик олим бу атамани фанга қайта киритган. Абу Райҳон Беруний хулосасидан кўринадики, у Хюго де Врисдан 900 йил олдин ўзгарувчанлик назариясининг асосий қоидасини таърифлаб берган.
Улуғ олим назарий фикрларини далиллаш учун Сурра Ман Рао шаҳрида Собит ибн Синон томонидан кўрилган, янги тухумдан чиққан икки тумшуқли, учта кўзли ҳинд жўжаси, бир кўзли, юзи инсоннинг юзидек кулчасимон, жағлари ва тишлари ҳам инсонникига ўхшаш, пешонасида думга ўхшаш нарсаси бор ўлик эчки боласи мисолини келтиради.
Беруний ҳайвонларда учрайдиган жуда ғаройиб ўзгаришлар ҳақида ҳам ёзиб қолдирган. Хусусан, у Исфижоб ҳокими сомоний ҳукмдор Нуҳ ибн Мансурга иккита шохли бир от ва икки ёнида пат қанотлари бор, қанотларини йиғиб ёза оладиган бир тулки ҳадя қилгани ҳақида ёзади. Берунийга бу ҳақда Абулқосим Али ибн Аҳмад Тоҳирий исмли ишончли шахс ҳикоя қилиб берган.
«Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар»да бундай ажабтовур ҳолатлар тўғрисида кўп сўз юритилади. Масалан, илдизи билан юлиб олинган сочлар жазирама иссиқ пайтида сувга ёки нам жойга тушса, уч ҳафтада улардан илонлар пайдо бўлиши, анжир ва қора райҳондан чаён, мол гўштидан асалари, от гўштидан ари пайдо бўлиши ҳақдаги назарияларни Беруний инкор этмайди, уларга тасдиқ мазмунида фикр билдиради. Лекин бу ерда мутафаккирни нотўғри қарашда айбламаслик керак.
27 яшар ёш олим ўша вақтда баъзи жоҳиллар ва фан соҳасидаги ҳукмрон ғояларга қарши чиқолмай, шу фикрларни қўллаган бўлиши мумкин. Беруний кейинчалик ёзган асарларида нотўғри ва бемаъни фикрларга очиқчасига қарши турган.
Аслида сувга солиб қўйилган соч толаларига чивин ёки бирор ҳашарот тухум қўйган бўлиши ва тухумлар етилиб, чиққан қуртларни ўрта асрлардаги содда инсонлар илон деб ҳисоблаган бўлиши мумкин.
Абу Райҳон Беруний ҳайвон ва ўсимликлардаги бирор аъзонинг иккиланиши тўғрисида ҳам тўхталади. Бу ҳодисага Собит ибн Синон ҳикоя қилган икки бўйин, икки бошли, туғилибоқ ўлган бола, қоринлари билан бир бирига ёпишган икки арамий эгизак йигитни мисол келтиради. Бу йигитлар 25 ёшда бўлган, соқоллик, ейиш-ичиш, ҳожатга бориш вақтлари, қизиқишлари ҳар хил бўлган. Беруний бу ҳодисани шарҳлаб шундай ёзади:
«Шак-шубҳа йўқки, «қуввати табиия» илҳомлантирилган ва вакил қилинган вазифаси билан бирор моддага дуч келганда, уни бекор қолдирмайди. Агар у модда керагидан ортиқ бўлса, у қувват ўз ишини икки марта орттиради. Шу икки марта ишланган нарса гоҳо эгизаклар сингари бир-бирига яқин, лекин ажралган, гоҳо ҳалиги иккита арамийлар каби бир-бирига ёпишган ва гоҳо арамийлардан олдин айтилган нарсага ўхшаш бир-бирига киришган бўлади».
Бу ерда тушунтирилаётган ҳодиса хромосома бирор қисмининг иккига ортиши (дуплиcатио) ҳисобланади. Унинг оқибатида муайян ирс билан боғлиқ белги кучаяди. Дуплиcатио хромосоманинг кўп қисмларида такрорланса, тирик жон учун зарарли ҳисобланади ва ўлимга сабаб бўлади.
Абу Райҳон Беруний яна иккиланиш ҳодисасига мисол тариқасида бир бирига ёпишган қўшалоқ мевалар, битта пўчоқ ўраб турган қўшалоқ мағизларни тилга олади. Унга кўра, икки марта орттиришда кўпайиш ва бир-бирининг ичига кириб кетиш ҳам бўлади, ичида ўзи каби лимон мавжуд бўлган лимон бунга мисолдир.
Беруний, шунингдек, афсонавий Заҳҳок исмли подшонинг елкасидан ўсиб чиққан илонлар аслида илон эмас, балки оғриб турувчи ўсма яралигини, мия мағзи суртилса, оғриғ босилишини айтиб ўтади.
Олим ўз сўзини давом эттириб, «қуввати табиия тўлиқ икки ҳисса қилиш ишини тамомлай олмаганда, аъзоларни ортиқча бармоқлар сингари турган жойларига лойиқ тарзда орттириб қўяди», дейди ва бу ортиқчаликни «табиат янглиши» деб атайди. Асарда бунга бўйнига яқин жойидан ортиқча оёқ ўсиб чиққан сигир мисол келтирилади. Беруний бу борада ҳикоя қила туриб, ўз китобларидан бири мазкур масалаларга оидлигини айтиб ўтади. Бундан Беруний 27 ёшигача ҳам генетика масалаларига оид китоб ёзгани аёнлашсада, афсуски, аждодимиз бу асарнинг номини зикр қилган эмас. Ўз асарларига тузган рўйхатда ҳам бу асар учрамайди.
Асарда кўтарилган кейинги масала инсон умрининг наслга алоқадорлигидир. Абу Райҳон Беруний инсоннинг умри унинг насл-насабига боғлиқ эканини тасдиқлайди. Бунинг тасдиғи сифатида Абу Маъшар Балхий билан Ёқуб ибн Лайснинг яқин кишиси Абу Исмат ўртасида содир бўлган воқеани келтиради: «...ас-Саффорнинг яқин кишиси Абу Исмат ўзининг туғилган вақтидаги хавфли аломатлар ҳақида унга (Абу Маъшарга) савол берган. Шунда Абу Маъшар: Биласанми, отанг қанча ёшга бориб ўлган? – деб сўраган.
– Ҳа, биламан, – деди Абу Исмат.
– Ўша ёшга етдингми? – сўради Абу Маъшар.
– Ундан ўтдим, – деди.
– Онанг қанча ёшда ўлган, биласанми?
– Ҳа, биламан, ундан ҳам ўтдим.
– Биласанми, отангнинг отаси қанча яшаган? – деди Абу Маъшар.
– Ҳа, биламан, ҳали у ёшга етганим йўқ, – деди Абу Исмат.
– Қарачи, туғилган вақтинг далолат қилинган бу мухолафат бобонг умрига мувофиқми?
Абу Исмат: Ҳа, унга мувофиқ, – деган эди, Абу Маъшар: Қўрқишга ҳақли экансан! – дедида, кейин у: Табиат ғолиброқдир. Киши отаси ё онаси, ёки отасининг отаси – бобоси умрича яшаганда, ўзига келадиган ҳар бир бахтсизликдан кучли далиллар бўлмаса, ўтиб кетолмайди. Бу дарахтлар ва экинларда кўриниб туради, чунки уларнинг бир нави узоқ вақт яшаш билан танилган бўлса, бошқаси тез офат етиш ва қисқа муддат яшаш билан машҳурдир – дейди».
Ҳозирда инсон умри, умуман, инсон ирциятини ўрганишда аждодлар шажарасини тузиш кенг қўлланилиб, унда маълум бир маромдаги ёки касалликка боғлиқ белгиларнинг бир қанча авлодлар давомида наслдан-наслга ўтиши кузатилади. Шажара йўсинини замонавий фанга Франсиз Галтўн киритган. Бироқ ундан минг йил илгари туркистонлик олимлар инсоннинг умри унинг насл-насабига боғлиқ эканлигини билган ва бу усулдан фойдаланган. Абу Райҳон Беруний ҳам бу қарашни ёқлаган.
Беруний, шунингдек, асарларида инсоннинг умрини осмон жисмларининг ҳаракатига асосан ҳисоблаб айтувчиларни кескин танқид қилади. Хусусан, у ўз замондоши Абу Абдуллоҳ Ҳусайн Нотилий инсон умри 140 қуёш йилидан ортиқ бўлиши мумкин эмас, деган фикрига раддиялар беради, бу фикрга далиллар йўқлигини ўқувчига уқтиради. Олимнинг бу қарашида ўша вақтдаги маълум бир олим ёки жамоанинг фикрини баъзан ёқламаслиги, ўзининг шахсий мулоҳазаларини бериб, янгича фикрларни илгари суриши ўз ифодасини топган. Абу Райҳон Беруний астрологияга нисбатан «Геодезия»да ҳам, «Қонуни Масъудий»да ҳам танқидий қарашини очиқ билдирган ва ҳақиқий ақлирасо олим сифатида уни қоралаган.
Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, Абу Райҳон Беруний ирцият ва унга алоқадор масалаларга ёшлик давриданоқ жуда қизиққан, бу борада ўзининг мустақил шахсий фикрига эга бўлган. 27 ёшигача бу масалаларга оид китоб ҳам ёзган. Энг муҳими, буюк аждодимиз генетика фанидаги ХИХ – ХХ асрларда кашф этилган баъзи назария ва қарашлар тўғрисида Х – ХІ асрлардаёқ фикр юритган. Бундан ташқари, у ўз даврида баъзи олимлар томонидан илгари сурилган нотўғри ва асоссиз ғоялар ҳамда қарашларни танқид қилган, баъзиларнинг фикрини қўллаб-қувватлаган.
Умуман олганда эса, Абу Райҳон Берунийнинг генетика фани доирасидаги қарашлари бугун ҳам ўз қийматини йўқотмаган бўлиб, уларни махсус ўрганиш лозим.
Ислом Бўриев
Тарих институти кичик илмий ходими
Адабиёт
Тарих
Адабиёт
Мафкура
Адабиёт
Тарих
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ