
Дастурий даъво
Навоий Самарқандда ўқиган йиллари (1466 – 1469) устози Саййид Ҳасан Ардашерга ёзган шеърий мактубида гапни нега Ҳиротдан кетишга мажбур бўлганига қараб буради-да, шоир ўлароқ қадр топмагани, туркий тилда қалам сургувчиларнинг яккаю ягонаси эканини ҳеч кимса инобатга олмагани, бошини силамаганини биринчи сабаб қилиб кўрсатади. Турк тилида мендай шеър ёзадиган шоир чиққан эмас, фалак бу тахлит нодир, назм битишда Низомий каби қодир бир кишини кўргани йўқ, дейди. Ҳолбуки, Навоий у фурсатда ҳали “Хамса” ёзишни бошламаган, ҳатто девон ҳам тузмаган эди. Кейин яна Фирдавсий ўттиз йилда яратган “Шоҳнома”дек асарни ўттиз ойда қоғозга тушира оламан, ийҳомдек қийин бадиий санъат (ийҳом – шаклдош, яъни омоним сўзни бир марта ишлатиб, бир неча маънони юклаш) шарт қилинган тақдирда ҳам кунига юз байтни ҳолва егандек осонгина бита оламан, деб даъво қилади. Алқисса, шогирд устозига бор дардини тўкиб солади: лекин менга ҳеч ким юзланмади, мураббийлик қилмади, ёзишга ундамади, ҳаёт кечиришим ҳам оғир бўлди, бу мушкул аҳволга тушган киши қандай қилиб оворалик йўлини тутиб, бошини олиб бир тарафга кетмайди, ахир (қаранг: Алишер Навоий. Мукаммал асарлар тўплами. 20 томлик. 3-том. Тошкент, “Фан”, 1988. 516-518-бетлар)!
Йигирма беш-йигирма саккиз ёшлардаги шоир ўзининг туркий шеърият осмонидаги энг ёрқин юлдуз эканини тўлиқ ҳис этган, олдига она тилида Низомию Фирдавсийлар яратгандек буюкдан-буюк асарлар битишни дастурий мақсад сифатида аллақачон қўйиб улгурган эди. Бу шахсий орзугина эмас, балки бутун бир халқ олдида турган асрий буюк мақсад эди. Туркий адабиётни форсий шеъриятнинг юксакдан-юксак даражаларига кўтариш Юсуф Хос Ҳожибдан (XI аср) то Мавлоно Лутфийгача (XIV – XV асрлар) бўлган туркий шоирлар олдида миллий вазифа бўлиб келган эди. Ёш Навоий шу улкан вазифани охирига етказишни гарданига олганини устозидан яширмайди. Кейинчалик “Садди Искандарий” достонида ёзишича, Суруш (фаришта) гўёки шундай дейди:
Бу тил бирла то назм эрур халқ иши,
Яқин қилмамиш халқ сендек киши.
(Алишер Навоий. МАТ. 20 томлик. 11-том. Тошкент, “Фан”, 1993. 60-бет.)
“Фарҳод ва Ширин”ни тугатар чоғида эса “Олибмен тахти фармонимға осон // Черик чекмай Хитодин то Хуросон. // Хуросон демаким, Шерозу Табрез // Ки, қилмишдур найи килким шакаррез!” деб баралла айтади. Хитойдан Хуросонгача, ундан нари – Шерозу Табризгача бўлган ҳудудлар темурийлар салтанатининг тасарруфида бўлган, бу ерларда ўзбеклар ва уларнинг тилини тушунадиган қардош туркий халқлар яшар эди...
Миллий мафкура нима?
Муайян гуруҳ, ижтимоий қатлам, халқ ёки миллатнинг орзу-мақсадлари, интилишлари, қизиқишлари, манфаатларини ифодалаб, уларни ҳимоя қилишга қаратилган ғоялар тизими (мажмуаси, йиғиндиси) мафкура ҳисобланади. Бир мамлакат ё бир миллат манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган ғоялар тизими эса миллий мафкурадир.
Навоийнинг туркий тилда муаззам адабиёт яратиш мақсади Мовароуннаҳр ва Хуросонда ҳукмронлик қилаётган туркий давлат – темурийлар салтанати миллий мафкурасининг таркибий қисми; мутафаккир шоир яратган ўша адабиёт ичидаги давлату халқ манфаатларини ҳимоя қилишга йўналтирилган ғоялар мажмуаси эса, шак-шубҳасиз, миллий мафкура эди.
Сиёсат ва адабиёт
Биз – қадим ва гўзал тилга, шу тилда яратилган жуда бой, ҳатто дунёдаги манаман деган адабиётлар билан бемалол беллаша оладиган сўз санъатига эга халқмиз. Рост, тилсиз адабиёт бўлмайди, адабиётсиз эса тил ривожини тасаввур қилиш қийин. Ҳар қандай халқ учун шу иккисидан кўра миллийроқ, улардан-да азизроқ бойлик йўқ. Бироқ тилнинг ҳам, адабиётнинг ҳам чинакамига камол топиши учун ҳокимият халқнинг қўлида бўлиши, бу соҳалар тараққиётини ҳаммадан бурун ҳукмрон сиёсат кўпроқ исташи керак. Бу – Навоийнинг фикри. У адабиёт равнақини бевосита шоҳларга боғлайди. “Муҳокамат ул-луғатайн”нинг талай ўринларидаги Ҳусайн Бойқаро тўғрисида айтилган ўта илиқ сўзларни зинҳор-базинҳор шоирнинг шахсий хушомади деб тушунмаслик керак. Навоий бу замона ҳукмдорининг “ўзига сўз жиҳатидин азим эътибор ва сўзига ўз жиҳатидин бийик поя ва миқдор” (Алишер Навоий. МАТ. 20 томлик. 16-том. Тошкент, “Фан”, 2000. 30-бет) қилгани, унга қанча-қанча раҳнамоликлар кўрсатганини айтади.
Ахир, Навоийни Навоий қилган омиллардан бири ҳам ўша вақтдаги гуллаб-яшнаган салтанат – темурийлар давлати эмасмиди? Шоирнинг туркий эл шону шуҳратини тоабад оламга ёйган дурдона асарлари билан Ҳусайн Бойқаро умр бўйи фахрланмади ёхуд улуғ дўстини улкан, оламшумул ижодий ишларга рағбатлантирмадими?! Қайси подшоҳ мамлакатида она тили, она юрти ва она халқи шарафини то рўзи Маҳшар кўкларга кўтариб турадиган шоири бўлишини орзу қилмаган?! Хуллас, Темур Кўрагон бўлмаганида Ҳусайн Бойқарони, Ҳусайн Бойқаро бўлмаганида Навоийни ҳозиргидек юксакликда тасаввур этиш амримаҳол бўларди.
Туркий сўз равнақи йўлида
Аруз – арабий вазн. У форсий ва туркий шеъриятга мос эмас, аксинча, бу тилларда битилган назм унга мослаштирилган. Шунинг учун Шайх Аҳмад Тарозий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур аруз ҳақида ўзбек тилида битган рисолаларида назарий фикр исботи учун форсийдан ҳам, туркийдан ҳам мисол келтираверганлар. Лекин Навоийнинг “Мезон ул-авзон”и махсусан туркий аруз қоидаларига бағишланган ва фақат шу тилдаги шеърлардангина мисол олинган. Бу – миллий мафкура талаби эди. “Муҳокамат ул-луғатайн”да Навоий бу қатъиятини очиқ-ошкор баён этади ҳам: “...Ва ҳунарсиз туркнинг ситамзариф йигитлари осонлиққа бўлcа форсий алфоз била назм айтурға машғул бўлубтурлар... салоҳият ва таъбларин, ўз тиллари турғоч, ўзга тил била зоҳир қилмаса эрди ва ишга буюрмасалар эрди. Ва агар иккала тил била айтур қобилиятлари бўлса, ўз тиллари била кўпрак айтсалар эрди ва яна бир тил била озроқ айтсалар эрди. Ва агар муболаға қилсалар, иккала тил била тенг айтсалар эрди” (ўша манба, 19-20-бетлар).
Турк мамлакатин “якқалам айламак”
Навоийни Худо халқ хизмати учун яратган эди. Унинг шахсий ғояси миллий ғояга, миллий ғоя эса унинг шахсий ғоясига айланиб кетган. Халқ – шоир ижодидаги энг асосий тимсоллардан биридир. Ҳисоблаб чиқилса, назму насрда ёзганларим юз минг байтдан ошади, деган эди унинг ўзи. 1991 йили мутафаккир ижодкор таваллудининг 550 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Миллий боғи баланд тепалигида бунёд этилган улуғвор ҳайкал пештоқига ўша юз минг байтдан битта энг муҳимини – миллий ғоямизнинг мағзини акс эттирадиганини топиб, ёзиб қўйиш керак эди. Топилди:
Олам аҳли, билингизким, иш эмас душманлиғ,
Ёр ўлунг бир-бирингизгаки, эрур ёрлиғ иш.
(Алишер Навоий. МАТ. 20 томлик. 3-том. 214-бет.)
Бу – шиор. Бўлганида ҳам, бутун башариятга қарата айтилган абадий буюк даъват. Инсоният бўлар, Ер юзида турли миллат ва элат вакиллари истиқомат қилар, дунё давлатларга бўлинар, бир мамлакат жамияти ҳар хил этник гуруҳлардан ташкил топар экан, душманлик эмас, ёрлик – яъни дўстлик байроғини баланд кўтаришимиз керак. Бундан оқилроқ йўл йўқ.
Эҳ-ҳе, Навоий меросида шиор бўладиган байт ва ҳикматлар шу қадар кўпки!..
“Лисон ут-тайр” достонида:
Турк назмида чу мен тортиб алам,
Айладим ул мамлакатни якқалам,
дея ифтихор қилади шоир. Бу “Турк назмида мен байроқ кўтариб, у мамлакатни (яъни турклар юртини) якқалам қилдим” дегани. “Якқалам” сўзининг иккита маъноси бор: 1) халқни бир буйруққа бўйсунадиган қилмоқ; 2) уни бир адабий тил атрофида бирлаштирмоқ.
Амир Темур, биламизки, “Соҳибқирон” бўлган. Бу сифат коинотда икки юлдуз туташган фурсатда туғилган буюкдан-буюк зотларга нисбатан ишлатилади. Навоий кўп бор Ҳусайн Мирзони ҳам шундай тавсифлаган. Қизиқки, Ҳусайн Мирзо ҳам “Рисола” асарида Навоийни “Соҳибқирон” дея улуғлайди. Ҳа, туркийларнинг юртларини якқалам айлаган шахсга бу сифат жуда-жуда ярашади.
Буюк мафкурачи
Навоий ўзбек адабиётидаги энг мафкуравий қалам соҳибидир. Кўплар бу фикрга қўшилмас, балки оғирроқ олар ҳам. Чунки шўро даврида мафкуралашган адабиётнинг бадиий жиҳатдан саёзлашиб кетганини кўп кўрганмиз-да. Йўқ, мафкура билан мафкуранинг ўртасида ер билан осмонча фарқ бор. Навоий бутун ижоди билан темурийлар давлатида яшаган халқларнинг миллий мафкурасини яратдиким, унинг уч асоси бор:
1. Навоий нимаики ёзган бўлса, ўз олдига “Комил инсон қандай бўлиши керак?” деган масалани кўндаланг қўйди; бунда бошдан-охир ислом дини ва унинг бағрида пайдо бўлиб, тараққий этган тасаввуф таълимотининг энг илғор ғояларига таянди.
2. Навоий нимаики ёзган бўлса, туркий эл, аниқроқ қилиб айтганда, ўзи мансуб бўлган ўзбек халқининг манфаатлари, бахту иқболини кўзлаб ёзди.
3. Навоий нимаики ёзган бўлса, темурийлар манфаатларини ҳимоя қилиб ёзди.
Булар унинг буюк мафкурачи бўлганидан далолат беради.
Юқорида келтирилган уч йўналишнинг ҳар бири ҳақида алоҳида-алоҳида монографиялар ёзиш мумкин.
Навоий яратган миллий мафкуранинг мужмал нуқталари йўқ. Бир мисол: “Муншаот”нинг 11-мактубидаги рубоийда аввал Ҳақ амрию наҳйини, кейин Пайғамбар (с.а.в.) шариатини, сўнг эса подшоҳ амрини бажо келтиришга даъват қилинади. 95-хатда эса Оллоҳга шукр – Тангри таоло тарафидан буюрилган ишларни бажариб, ман этилган ишлардан тийилиш экани уқтирилади. Беш фарзи айн, яъни имон, намоз, рўза, закот ва ҳаж эслатилади. Намоз ҳеч баҳона билан банда гарданидан халос этилмаслиги таъкидланади, намоздан озод этадиган бирор асос бўлса, келтиринг, дейди у: “Тенгри учун ё Тенгрининг буйруғини бажо келтурунг, ё бир оят, ё ҳадис, ё машойих нақли, ё ривояте, ё масала топилғон бўлсаким, бу амрни тарк қилмоқ керак, топилғон бўлса бу бандаға ирсол қилингизким, заъфим ғолибдур ва бу таклиф бағоят куллий” (Алишер Навоий. МАТ. 20 томлик. 14-том. Тошкент, “Фан”, 1998. 227-бет). Мактуб мазмунидан маълум бўладики, у ҳукмдор шахсга йўлланган, у шахс ва аъёнлари эса намозни тарк этган экан... Шоирнинг ислом ақидаларига амал қилишни бу даражада талаб этиши нима? Мафкурадан бошқа нарса эмас, албатта!
Навоий ‒ давлатшунос
Илму фанимизда буюк шоир ва мутафаккир ижодининг кўп қирралари қисман ўрганилган. Аммо “Навоий ‒ давлатшунос” деган масалага кам эътибор берилган. Аввало, шўро сиёсати бундай мавзуни борича ёритиш имконини бермас эди. Ўрганилганда ҳам, давлат ҳақидаги феодал қарашлар сифатида баҳоланиб, зарарли ғоялар тарзида талқин этилиши мумкин эди. Қолаверса, шоир мероси шу қадар кенг ва чуқурки, ҳали навоийшунослигимиз бу дақиқ мавзуларга етиб борганича ҳам йўқ.
Навоийнинг давлатшунослигини, аввало, амир оиласида туғилиб ўсганидан излаш керак. Отаси Ғиёсиддин Кичкина темурийлар салтанатининг содиқ мулозимларидан бири; онаси темурийлар хонадони хизматидаги аёллардан эди – у амирзода шайх Абу Саид Чангийнинг қизи бўлган. Тоғалари Мир Саид Кобулий, Муҳаммад Али Ғарибийлар ҳам салтанат мулозимларидан эди.
Навоийнинг ўзи ҳам давлат хизматчиси бўлгани маълум. 1469 йил бошида Султон Ҳусайн уни муҳрдор қилиб тайинлайди. Кўп ўтмай шоир бадиий ижод билан шуғулланиш мақсадида истеъфога чиқади. 1472 йили султон уни, норозилигига ҳам қарамай, вазирликка тайинлаб, “амири кабир” (катта амир) унвонини беради. Амир Музаффар барлосгина Навоийдан юқорига муҳр босиши мумкин эди. Демак, шоир салтанатнинг учинчи ўринда турадиган мансабдорига айланган. 1476 йили Навоий бу мансабдан ҳам расман истеъфога чиқади. Бироқ “амири кабир” унвони умрининг охиригача сақланиб қолади. 1487 йил қишида Ҳусайн Мирзо Навоийни узоқ Астрободга ҳоким қилиб жўнатади. Стратегик жиҳатдан Астробод Хуросон давлатининг ғарбий чегарасидаги энг муҳим манзил ҳисобланар, серсув, кўкаламзор, обод, ипакчилик ривожланган, савдо-сотиқ учун ниҳоятда қулай бўлга эди. 1488 йили Навоий ўз ўрнига Амир Бурҳониддинни қолдириб, ҳокимликни топшириш нияти билан Ҳиротга келади. Бироқ Султон Ҳусайн уни қайтариб юборади. Бир неча ойдан кейин шоир барибир Ҳиротга қайтади. Махсус давлат хизмати топширилмаган бўлса ҳам, Ҳусайн Бойқаро унга “муқарраби ҳазрати султоний”, яъни “ҳазрат султоннинг энг яқин кишиси” деган унвон беради. Бу унвон соҳибининг бир ваколати – муайян масала юзасидан ҳукмдорга тўққиз мартагача мурожаат қилиши мумкин эди. Демак, Навоий жами 13 йилча давлат хизматида бўлган-у, бироқ умрининг охиригача давлат ва жамият ташвишидан ортмаган. “Ҳайрат ул-аброр”да ўзи қайд этганидек, унинг бош қашишга ҳам вақти бўлмаган:
Ким бор эди бошима кўп меҳнатим,
Йўқ эди бош қошиғали фурсатим.
“Хамса” – бир қарашда, соф бадиий асар. Бироқ унда темурийлар салтанати тақдирини ўйлаш, ҳукмдорларни улуғлаш баҳонасида мирзоларга насиҳат қилиш тамойили, ул буюк салтанатнинг келажагини ёруғ кўриш умиди барқ уриб турибди. Айни жиҳати билан бу эпопея замонасининг миллий мафкура концепцияси илгари сурилган буюк сиёсатномаси ҳам эди. Бугунги тушунчалар билан ёндашсак, бешлик ўз даврининг кучли мафкуравий-публицистик асари вазифасини ҳам ўтаган. “Фарҳод ва Ширин”даги “Эрурсен шоҳ, агар огоҳсен сен, // Агар огоҳсен сен, шоҳсен сен!” ёки “Садди Искандарий”даги “Навосиз улуснинг навобахши бўл, // Навоий ямон бўлса, сен яхши бўл!” байтларининг ўзиданоқ шоирнинг қанчалар давлатшунос бўлгани ойдинлашади.
“Хамса”да анъанавий ҳамд, наът, “хамса”навислар, икки пир – Баҳоуддин Нақшбанд ва Хожа Аҳрорга бағишланган боблардан ташқари, достонларнинг ҳар бирида Султон Ҳусайн ва ё унинг хонадони вакилларига махсус боблар бағишланган. “Ҳайрат ул-аброр”нинг 20-мақолати Султон Бадиуззамонга насиҳат тарзида битилган. “Фарҳод ва Ширин”да Султон Бадиуззамон, шаҳзода Шоҳғариб Баҳодир; “Лайли ва Мажнун”да Султон Бадиуззамон, шаҳзода Султон Увайс; “Сабъайи сайёр”да Султон Ҳусайн, унинг суюкли хотини Хадичабегим; “Садди Искандарий”да Султон Ҳусайн, Султон Бадиуззамон, Навоийнинг Балхда ҳокимлик қилган укаси Дарвешалига боблар бағишланган. Шунингдек, “Садди Искандарий”нинг 84-бобида Султон Ҳусайн Мирзо, унинг ўғил ва неваралари, хусусан, Музаффар Мирзо мадҳ этилади. “Хамса” бадиий асар бўлса, унда сарой аҳлига боблар ажратишдан кўзланган мақсад нима эди? Албаттаки, насиҳат! Бу насиҳатлар замирида эса миллий мафкура ётади.
Туркий қавмлараро иттифоқ
Темурийлар барча туркий қавм ва уруғларни бир кўз билан кўришга ҳаракат қилган. Бу уларга улуғ боболари Соҳибқирон Амир Темурдан мерос бўлиб келаётган эди. Буни “Вақфия”даги мана бу қайддан ҳам англаш мумкин: “Чун замоннинг азим уш-шон содот ва фузалоси ва давроннинг карим ул-хулқ қузот ва уламоси ва темурийнажод шаҳзодалар ва барлосий ниҳод озодалар ва арлотий исмлик садрнишинлар ва тархоний расмлик айшгузинлар ва қиёт насаблик мутааййинлар ва қўнғирот ҳасаблик мутамаккинлар ва уйғурий сифот бахшилар ва уйғурчаргалик яхшилар ва чўлилик биёбонида жонсипорлик қилғон жондорлар ва бойрилик айёмида хизматкорлик қилғон жонсипорлар ва жалойир ғавғоси ва қавчин алолоси мавжуд эрди ва ҳар мавжудқа бир мақсуд ва подшоҳона иноят ва ҳар қайсиға бир муносиб мансаб билан сарбаланд ва хусравона тарбият, ҳар бирисини мувофиқ амал шуғлиға пайванд қилдилар” (ўша манба, 249-бет). Бу парчада Хуросон давлатида етарли обрў-эътибор ва мартабага эга бўлган асосий туркий уруғлар (барлос, арлот, тархон, қиёт, қўнғирот, уйғур, чўли, бойри, жалойир, қавчин) бир-бир саналади, уларга Султон Ҳусайн тарафидан кўрсатилган иноятлар қайд этилади. Эл-улус орасида адолат ўрнатиш, ўзаро тенглик, бағрикенгликни сақлаш учун давлатга бу ишлар жуда-жуда керак эди. Бу ўша замонда ҳокимиятни қавмлар орасида адолатли тақсимлаш, коалициявий қатъиятларга амал қилиш вазифасини ўтаган. Мантиқан олиб қараганда, ушбу туркий уруғлар беклари ва жангчилари Ҳусайн Бойқароннинг ҳокимият тепасига келишига муносиб ҳисса қўшган бўлиши керак.
Xулосалар
Навоий – турк дунёсининг оташин тарғиботчиси. Унинг бутун ҳаёти, фаолияти ва ижоди туркий халқлар манфаатларини ҳимоя қилишга бағишланган. Бунинг замирида ўзи мансуб эл-улусни бахтли кўриш умиди мужассам эди. Унгача ҳам, ундан кейин ҳам ҳеч ким туркий тилда бу қадар кўп ва хўб асарлар битгани йўқ. Ижоди туркий тилли адабиётни жаҳон сўз санъатининг энг юксак даражасига кўтарди. Шоир туркий тил шунга қодир эканини ҳам назарий, ҳам амалий жиҳатдан тўлиқ исботлашни мақсад қилди.
Навоий ижодига туркий халқларнинг XV асргача бўлган бой маънавий мероси, орзу-мақсадлари, интилишлари, манфаатлари акс этган миллий мафкура сифатида қараш учун ҳамма асослар мавжуд.
Туркий халқлар таърифи, туркий қавмлар, туркий тиллар таснифи борасидаги қарашлари қимматли тарихий илмий маълумотлар ҳисобланади. Туркий аруз қонун-қоидаларини баён қилиш учун “Мезон ул-авзон”га яккаш туркий шеъриятдан мисоллар олди.
Туркий адабиётни фақат форсий сўз санъати даражасига кўтаришнигина эмас, балки ундан ҳам юқорига олиб чиқишни қатъий мақсад қилиб қалам тебратди ва ниятига етди. Буни Мавлоно Абдураҳмон Жомийнинг ушбу эътирофи ҳам тўлиқ исботлаб турибди: “У форсий тил эгалари, форсча назм дурларини тизгувчиларга раҳм қилди. У ҳам шу форсий тилда ёзганида, бошқаларга сўз айтишга мажол қолмасди. Бу мўъжизакор назм тарозиси қаршисида Низомий киму Хусрав ким бўлди?!”
Навоий ва турк дунёси – жуда катта, кенг қамровли, бир неча тадқиқотлар яратишни талаб этадиган серқирра мавзу. Бугунги кунда Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) Евроосиёдаги нуфузли халқаро бирлик сифатида дадил бўй кўрсатмоқда. Бироқ туркий халқлар бирлигини таъминлашга асқатиб, мафкуравий асос сифатида қўл келадиган Навоий меросидан бошқа тап-тайёр таълимот йўқ. Шу боис буюк ўзбек шоири ва мутафаккирига туркий халқлар бирлиги ғоясининг байроқдори сифатида суянишга тўла ҳақлимиз. Бугун туркий халқлар бирлиги ғоясини оқилона ва бекаму кўст амалга оширишимиз учун кимнинг мероси бизга асқатади, олдимизга қўйган эзгу мақсадларимизга эш бўлади, ТДТнинг мафкуравий суянчи ва таянчи вазифасини ўтайди? Жавоб шундай: буюк ўзбек шоири ва мутафаккири Алишер Навоий ижоди! Бу фикрга ҳеч бир туркий халқ эътироз қилмаса керак.
Султонмурод ОЛИМ,
Навоийшунос, филология фанлари номзоди
“Тафаккур” журнали, 3-сон
“Туркий бирлик тимсоли” мақоласи
Тарих
Тарих
Адабиёт
Мафкура
Адабиёт
Тарих
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ