
Қандай қилиб «беғубор контент» охир-оқибат мизогинияга етаклайди?
Сезаётган бўлсангиз интернет тармоқлари миллий сегментида аёлларга нисбатан зўравонлик акс этган контент кўпайди: биттаси «юрган қизи»ни ётқизиб тепкилаган, бошқаси хотинини бўғизлаган, яна кимлардир норасида қизни ҳайвондек хўрлаган ва ҳоказо.
Албатта булар — алоҳида ҳолатларни бўрттириб кўрсатиш, шов-шув ортидан «мурид» тўплаш ёки табиий психологик бузилиш натижаси бўлиши мумкин. Бироқ, тадқиқотчиларнинг фикрича, жамиятда радикаллашув кучайишида алгоритмларнинг «хизмати» ҳам кам эмас.
«Титаник»дан – эркаксентризмгача
2023 йилда Швеция ва Италия олимлари томонидан эълон қилинган тадқиқотда қандай қилиб оддий онлайн контент аёлларга нафрат ва агрессияга олиб келиши илмий жиҳатдан очиб берилган. Узундан-узун тадқиқот мазмуни оддий қилиб тушунтирганда бундай:
«Ҳали она сути оғзидан кетмаган Йигиталини севгани рад этади. Бола табиийки эзилади, бағрини захга бериб Ёутубедан «Титаник»ни қидиради, Instagramига дарз кетган юракча расмини қўяди ва ҳоказо. Ҳушёр алгоритмлар учун шу етарли. Дарров ишга киришади. Қизнинг жавобидан куйган йигитга «эркакнинг дилини оғритган аёл ўтинликка муносиб», «аёлни бўйсундириш йўллари» мазмунидаги кескинроқ материалларни таклиф этади, чунки улар, дейлик, «сабрли бўл, бўтам, ҳали ҳаммаси олдинда» деган панд-насиҳатдан кўра одамни ўзига кўпроқ жалб қиладида.
Натижада, ўсмирнинг бирёқлама фикрлашга мойиллиги ошади, ижтимоий тармоқларда ўзига ўхшаганлар йиғилган онлайн ҳамжамиятлар, дейлик маносфера (эркаксентризмни тарғиб этадиган, аёл зотига онгсиз мавжудотдек қарайдиган радикал-экстремистик онлайн гуруҳлар) таъсирига тушиб қолади, виртуал сафдошларининг «мард бўл, қизингга ўз жойини кўрсатиб қўй» мазмунидаги маслаҳатлари эса ундаги нафратни янада кучайтиради, ҳатто агрессияга ундайди.
Конвейер қандай ишлайди?
Йигитали тушиб қолган «радикаллаштирувчи конвейер» феноменини мутахассислар «радикал ғоялар қувури» (альт-ригҳт пипелине) ёки «қуён ини» деб ҳам атайди.
Конвейернинг мазмун-моҳияти шундан иборатки, ижтимоий онги шаклланиб улгурмаган инсонлар, айниқса ўсмир йигит-қизлар алгоритмлар томонидан автоматик равишда танланган контент гирдобига тушиб қолади, натижада ўз дунёқарашини сезиларли ўзгартиради. Тадқиқотларга кўра, бу айниқса, Cовид пандемияси даврида яққол кўзга ташланган – илк босқичлардаёқ антиваксинация тарафдорларининг онлайн аудиторияси сони 19 фоизга ошган. Мутахассислар конвейер ишлашини қуйидаги босқичларга бўлади:
1.Норозилик ва ўзига ишончсизлик – одамда ҳаётдан, тизимдан, ижтимоий адолатсизликдан норозилик ҳисси пайдо бўлади.
2. Мураккаб масалаларга оддий жавоб топиш истаги – кишилар қийин кўринган муаммоларга «ёмонлар»ни айблаш орқали содда «ечим» излайди.
3. Хайрихоҳ гуруҳларга қўшилиш – ўз фикрига ҳамоҳанг бўлган гуруҳларни интернетдан топади.
4. Қарашларнинг мустаҳкамланиши – онлайн гуруҳлар одамни ақидапарастликка, «биз ва улар» дихотомиясига тортади.
5. Фанатизм ёки зўравонликни оқлаш – энг охирги босқичда шахс зўравонликни адолат деб билади, унда иштирок этишга тайёр туради.
Алгоритмлар фақат сизнинг хоҳиш-иродангиз инъикоси эмас
Кўпчилик ижтимоий тармоқлар тасмаси фойдаланувчи қизиқишлари – нимага лайк босиб, кимни ғийбат қилгани ёки қайси фото/видеога узоқроқ термилиб қолганидан келиб чиқиб шаклланади, деб ўйлайди. Умуман олганда, шундай. Аммо, сўнгги кузатувлар алгоритмлар сизнинг ҳаракатларингизсиз ҳам – табиатан ур-йиқит, провокация ва кескинликка ошуфта эканини кўрсатмоқда.
Масалан, шу йилнинг февралида Глобал wитнесс маркази ўтказган тадқиқот натижаларига кўра, Германиядаги федерал сайловлар арафасида Тикток ва Твиттер (х) фойдаланувчиларининг шахсий лентасида («тасодифий» контент тақдим этувчи «фор ёу»/ «сен учун» бўлимида) тавсия этилган сиёсий контентнинг 78 фоизида ультра ўнг миллатчи партия – «Муқобил германия» ғоялари акс эттирилган. Ваҳоланки, партиянинг реал қўлловчилари нисбати 20 фоизга ҳам етмаган.
Айтиш керакки, «Муқобил Германия» партияси нацизм ва ксенофобияни қўллаб-қувватловчи қарашлари учун шу йилнинг май ойида Конституцияни ҳимоя қилиш федерал бюроси томонидан «экстремистик ташкилот» деб топилган.
2024 йилда Техас университети олимлари эълон қилган мақолада айтилишича, «платформалар, айниқса Тикток тасмаси, фойдаланувчи дидини акс эттирувчи оддий пассив восита эмас. Аксинча, «конвейер» функцияси орқали ишловчи мукаммал тизим. Яъни, радикал ва ўта ўнг мазмундаги контентнинг вирусли хусусият касб этиши тасодиф ёки фойдаланувчилар кликлари ҳосиласидан кўра, алгоритмлар ишлашининг кутилган оқибатидир».
Юқоридагилардан хулоса шуки, алгоритмлар учун муҳими «мижоз»ни ушлаб қолиш, бунинг энг осон ва синалган усули эса оломонга «гладиаторлар томошаси» уюштириш. Қон ва зўравонликнинг инсон руҳиятига салбий таъсири эса улар учун – сариқ чақа.
Нима қилиш керак?
Ҳозирча «радикаллаштирувчи конвейер»ни тўхтатишга қодир бирон аниқ механизм, ҳаракатлар стратегияси ёки мўъжизавий таблетка ишлаб чиқилмаган. Тўғри, уринишлар бор. Масалан, Европа иттифоқининг 2024 йил февралда кучга кирган «Рақамли хизматлар тўғрисида»ги қонуни платформалардан ўз алгоритмларининг ишлаш принципини ошкор қилишни талаб этади.
Бироқ, аксарият мутахассислар фикрича, ҳолатни яхшилаш учун янада кескинроқ чоралар ва жамоавий ирода керак. Дейлик, платформалар рағбатлантирувчи омилларини ўзгартириши, тадқиқотчилар ишончли назорат ва аудит тизимларини ишлаб чиқиши, сиёсатчилар эса техногигантларни тартибга чақирадиган қатъий қоидаларни жорий этиши лозим.
Аммо, энг муҳими, бу – медиасаводхонлик. Агар ижтимоий тармоқ ва алгоритмларни йирик ошхоналар тармоғи, деб оладиган бўлсак, фойдаланувчилар у ерда таомлар қандай тайёрланишини яхши билиши, уларга таклиф қилинаётган ҳар қандай егуликни еб кетмаслиги ва албатта рақамли менюдан ўзларига керакли рационни танлай олиши зарур.
«Тушунчаларни алмаштириш» манипуляцион технологияси
Ёки «либерал» –«нудист» дегани эмас, худди «рижол» –«террорчи» бўлмаганидек.
2022 йилнинг сентябрида Қозоғистон мактабларининг 5-9 синф ўқув дастурига «глобал ҳуқуқлар» номли янги фан қўшилиши интернет тармоғининг маҳаллий сегментида катта баҳс-мунозараларга сабаб бўлди.
«Қозоғистон ота-оналар кенгаши» бу қарорни болалар онгига «ғайриахлоқий маданият»ни сингдиришга уриниш деб эълон қилди. Дарслик муаллифларини жавобгарликка тортишни сўраб, бош прокуратурага оммавий мурожаат йўллади.
Маълум бўлишича, ўқув дастурининг «ҳалоллик ва этика» бўлимида гендер тушунчаси ва давлатнинг айни йўналишдаги стратегияси ҳақида ҳам икки оғиз сўз борган. Яъни, шу биргина термин виртуал жамоатчилик, жумладан «Ота-оналар кенгаши»ни жунбушга келтирган.
Factcheck.kz нашри бош муҳаррири Медет Есимханов «гендер» сўзига оломоннинг кутилмаган қаршилигини казнетда айрим гуруҳлар томонидан бу терминнинг доимий демонизация (бирор нарсадан «душман» образи яратиш) қилиниши, дейлик уни «анаънавий оилавий қадриятларни парчаловчи куч» сифатида талқин қилиниши билан изоҳлаган.
Мутахассиснинг фикрича мазкур кейсда «тушунчаларни алмаштириш» манипуляцион технологияси бўй кўрсатган. Бу шундай усулки, одамларнинг бирор ҳодисага нисбатан муносабатини ўзгартириш ва уларни манипулятор истаган йўналишга буриш мақсадида бир сўз ёки тушунчанинг асл маъноси бошқа, кўпинча эмоционал жиҳатдан кучли ёки салбий маънога эга сўз билан алмаштирилади.
Бу қандай ишлайди?
1. Асосий тушунча танланади. Жамиятда муҳим аҳамиятга эга ва омма онгига ўрнашган, айни пайтда одамлар ҳис-туйғуси ва қарашларига таъсир қиладиган атама ёки ғоя танланади. Масалан, либерал ёки либерализм тушунчаси.
2. Асл маъно ўзгартирилади. Тушунчанинг ҳақиқий маъноси махсус контекстда бошқа, манипулятор манфаатига хизмат қиладиган мазмун билан алмаштирилади. Дейлик, либерализм — эркинлик эмас, ахлоқсизлик эканига урғу берилади.
3. Оммавий демонизация. Медиада «умумбашарий» қоралов кампанияси старт олади, ким ўзини либерал ёки либерал ғоялар тарафдори деса иккиланмасдан «бесоқол», «нудист» ёки «америкапараст»га чиқарилади ва ҳоказо.
4. Оқибат. Оммавий такрор ва негатив контекст таъсирида кўпчилик янги (нотўғри) маънони ҳақиқат деб қабул қила бошлайди. «Либерал қадриятлар = беҳаёлик» деган хулосага келинади, либерализмга қарши кайфият – эркин фикр ва ислоҳотларга қаршилик кучаяди.
Бошқа мисол. Қайсидир психопат-касал дейлик рўмол ўрамагани учун аёлига қўл кўтаргани ёки ҳали оқ-қорани танимайдиган, дунёқараши шаклланмаган ўсмир адашиб тақиқланган маъруза тарқатгани ҳақида хабар чиқса ижтимоий тармоқлардаги айрим гуруҳлар ёки норасмий ахборот тарқатувчи каналларда ўша жиноятчини «рижол«, «рижолвачча« деб таъриф бериш-таништириш кўп кузатиляпти.
Бу эса омма онгида аслида саҳиҳ ҳадислар йиғиш-айтиш билан шуғулланувчи кишиларга нисбат бериладиган бу сўз «экстремист» ёки «террорчи» сўзлари билан бир хил фиксация қилинишига олиб келиши мумкин.
Қандай оқибатлари бор?
«Тушунчаларни алмаштириш» манипуляцияси жамиятнинг энг муҳим институтлари ва қадриятларига путур етказади, одамларнинг реалликни тўғри идрок этиш қобилиятини сусайтиради.
Бундан ташқари, ёлғон маълумотлар ва нафрат тили «оддий ҳол»га айланади, жамиятда соғлом баҳс-мунозараларга ўрин қолмайди, инсонларни мураккаб мавзулар ҳақида тўғри қарор қабул қилишдан чалғитади.
Шунинг учун танқидий фикрлаш қобилиятини ривожлантириш ва ахборотнинг асл моҳиятини англашга ҳаракат қилиш жуда муҳим.
«Йарим чин, ярим ёлғон» ва «анекдотал далил»
Яқинда таниқли фикр лидерларидан бири ўз саҳифасига шундай ёзди: «Ҳусни Муборак Германияга даволаниш учун борганида бир немис шифокори шеригига бу одам Мисрни 30 йилдан бери бошқараётганини айтади, шунда ҳамкасби – демак у қаллоб президент экан, 30 йил ичида ўз давлатида тузукроқ касалхона қурмабди, дейди».
Мана шу тўрт қаторли постда бир нечта манипуляцион технология ишлатилган.
Ярим чин, ярим ёлғон (ҳалф-трутҳс / партиал трутҳс) технологияси. Муборакнинг Германияга бориб даволангани рост. Лекин, икки шифокор ўртасидаги диалог ҳақиқатда юз бергани ҳақида ҳеч қандай далил йўқ. «Путиннинг тушига Каримов кириб, унга урушни тўхтатишни буюрибди» каби тўқима гап.
Бундай усул фойдаланувчини чалғитади, чунки у маълумотнинг бир қисмига ишонса, қолган қисмини ҳам ҳақиқат деб қабул қилиш эҳтимоли ошади.
«Анекдотал далил» (анеcдотал эвиденcэ) усули – илмий ёки тизимли тадқиқотларга асосланган фактлар ўрнига, айрим ҳодисалар ёки гувоҳлар асосида бутун тизимга хулоса беришга уриниш. Бу ўринда, исми ҳам номаълум биргина шифокорнинг «гувоҳлиги» бутун бир давлатнинг соғлиқни сақлаш тизими «расво» деган хулосага етаклаяпти.
Катта эҳтимол, муаллиф бу пости орқали «ўзимизда ҳам тиббиёт расво» эканини айтишни мақсад қилган. Агар шундай бўлса, ундан кўра, реал муаммоларни олиб чиқиш, конструктив танқид қилиш давлат учун ҳам, жамият учун ҳам фойдалироқ.
Ақл эмас, ҳиссиётни қўзғатадиган ярим чин ёки латифанамо «далиллар» муаммонинг ечимидан кўра умумий негатив инфомуҳит ва умидсизлик шаклланишига хизмат қилади.
Counterspeech
Агар қайсидир хайпсевар ёки омма эътиборига тушишнинг муносиб йўлини тополмаган одам интернетда «вилоятликлар кўпайиб кетди, прописка тизимига қайтиш керак» деса, дарров жанжаллашиб, ҳақоратга ўтманг. Бу умуман фойдасиз, қолаверса ўзингизга 1-2 «минималка» орттириб олишингиз ҳеч гап эмас.
Аксинча, изоҳларда «cоунтерспеэч», яъни қарши сўз (ақлли мулоқот орқали жавоб бериш) усулидан фойдаланинг. Дейлик, «ҳой, барака топгур, ўзингни вилоятликлар ўрнига қўйиб кўр. Ўшанда гапларинг қанчалик оғриқли эканини англайсан» деб ёзиш самаралироқ.
Сизга кулгили туюляпти, аммо швейцариялик тадқиқотчилар айни хулосага келишган. 2025 йилнинг 1 июлида Nature нашрида эълон қилинган илмий мақолада қайд этилишича, олимлар 2100 дан ортиқ ксенофобик (нафрат тўла) твит эгаларига турли қарши сўз (cоунтерспеэч) стратегияларини жўнатиш орқали тажриба ўтказган.
Биринчи гуруҳга – анъанавий ёки аналогик эмпатия замирига қурилган мулоҳазали, ўша хейтспич ишлатган фойдаланувчига «ўзини бошқалар ўрнига қўйиб кўриш» мазмунидаги қарши сўз, бошқаларга эса – оддий танбеҳ, ҳақорат ( «ўчириб ташла», «ўзингни бил», «тасқара» ва ҳ.к.) юборилган.
Натижада, биринчи гуруҳнинг 14 фоизи твитини ўчирган, ўша постга лайклар/дислайклар босиш ва улашиш 13 фоизга камайган. Шунчаки танбеҳ берилганда ёки ҳақоратга ўтилганда – ҳеч нарса ўзгармаган.
Тадқиқот муаллифларининг фикрича, онлайн-платформалар контент модерациясига эътибор бермаётган ёки умуман уни қисқартириш йўлига ўтган бир пайтда тармоқни нафрат ва хейтспичдан тозалашнинг энг яхши чораларидан бири шу.
Адабиёт
Адабиёт
Тарих
Жараён
Тарих
Тарих
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ