Лочира


Сақлаш
15:42 / 06.09.2021 1260 0

Бирор луғат ёки манбада бу сўзнинг келиб чиқиши ҳақидаги маълумотга дуч келмадим. Шу боис қуйида “лочира” сўзи этимологияси бўйича ўз нуқтаи назаримни билдирмоқчиман. “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да: “лочира – оширилмаган хамирдан юпқа қилиб ёйиб, тандирда сингга пиширилган нон”, дейилган (ЎТИЛ. I Т. М.: 1981. 435-бет). Шу каби оширилмаган хамирдан тайёрланадиган бошқа бир юпқа нон “лаваш” деб аталади. Лочира ҳақида гапиришдан олдин дастлаб лаваш хусусида тўхталишга тўғри келади.

Лаваш Озарбойжон, Арманистон, Туркия, Эрон ва кавказ халқлари ўртасида кўпроқ машҳур. Баъзи ўзбек шеваларида ҳам лочирага ўхшаш юпқа нон “лаваш” дейилади. Бу сўз этимологияси ўта баҳсли, шумерлардан тортиб араб, Яқин Шарқ тиллари, форс, арман, шунингдек, туркий этимологияга эга деган қарашлар мавжуд.

Туркшунос олим Д.Насилов “Этимологический словарь тюркских языков” луғати учун ёзган мақоласида “лаваш” қадимги туркий ёзма ёдгорликлар, хусусан, Турфон битиклари ва “Қутадғу билиг”да учрайдиган “liv aš” бирикмасидан ҳосил бўлган, деган фикрни илгари суради. “Древнетюркский словарь”да: “liv aš – емак, эҳсон оши” (“пища, жертвенная пища”), деб изоҳланган ва Турфон битикларидан ушбу мисол келтирилган: “liv ašї tuturqan tetir”, маъноси: “(унинг) хайр-эҳсон учун тортган таоми – гуруч (тутурқан)дир” (ДТС. М.: 1969. 333-бет).

“Қутадғу билиг”нинг 1971 йил “Фан” нашриётида чоп этилган нашрида “liv aš” – “лэвәш” тарзида қўшиб ёзилган, шу боис ҳозирги “лаваш”га шаклан жуда ўхшаб кетади (ҚБ. Т.: “Фан”, 1971. 413-бет):

 

“Қапуғда чықарса лэвәш тэргини”.

 

Ушбу сатрда: “қапуғ” – эшик, бег даргоҳи; “лэвәш” – емак-таом, ноз-неъмат; “тэрги” – дастурхон. Мисра мазмуни: “(қапуғбашлар, яъни бег даргоҳи бошқарувчиси) турли ноз-неъматлар, дастурхонларни чиқарганда...”

Яна бир мисра:

 

Лэвәш тэрги кирсә көрү ыðса көз”.

 

Мазмуни: НЕЪМАТЛАР ва дастурхон киритилганда (қапуғбашлар) кузатиб кўз югуртирса”.

“Қутадғу билиг”да бошқа ўринда “лэв” сўзининг ўзи алоҳида ҳам қўлланиб, “неъмат, неъмат тўла дастурхон” маъносини билдириб келган:

 

“Илиндә туғы, көр, төриндә лэви”.

 

Мазмуни: “(бегларнинг шуҳратини икки нарса кўтаради: даргоҳи) олдида тикилган туғи ва, кўргин, уйи тўрида тўшалган неъмат тўла дастурхони. Ушбу ўринда “лэв” деганда бегларнинг ўз тобелари, халқи учун ёзадиган неъмат тўла дастурхони, хайр-эҳсони кўзда тутилмоқда.   

Қадимги туркийда “л” товуши билан бошланувчи сўзлар, одатда, бошқа тиллардан ўзлашган ҳисобланади. Турфон битиклари ҳам, “Қутадғу билиг” ҳам Шарқий Туркистонга оид манбалар, бу боис англиялик туркшунос олим Жерард Клосон “лэв” хитойча “дон” маъносидаги “ли” сўзидан, деган фикрга келган. “Древнетюркский словарь”да “liv” сўзи  – “емак, овқат” деб алоҳида ҳам изоҳланиб, қавс ичида унинг манбаи сифатида арабча لَيْفُ келтирилган.

“Лаваш”нинг этимологиясини форсча деб ҳисобловчилар ҳам унинг икки сўз: “лаб” ва “аш” (“ош”)нинг бирикувидан ҳосил бўлганини таъкидлашади. Уларга кўра, форс тилида “лаб”нинг илгари “юпқа”, “текис” деган маънолари ҳам бўлган. Шунингдек, форс тилида “лаб” сўзи ортидан қўшимча қўшилганда баъзан “б” товуши “в”га айланиши мумкин.

Арман тилчилари эса “лаваш” сўзи этимологияси мутлақо арманча, лаваш арман халқининг миллий таоми деб даъво қилишади. 2014 йили ЮНЕСКОнинг Парижда бўлиб ўтган йиғилишида лаваш арман халқи миллий таоми сифатида рўйхатга олинади. Ташкилотнинг 2016 йили Аддис-Абебада бўлиб ўтган йиғилишида эса Озарбойжон, Эрон, Туркия, Қозоғистон ва Қирғизистон талаби билан лаваш фақат арманларга оид эмас, балки минтақавий, бошқа халқларга ҳам тегишли қадрият экани қайд этилиб, лаваш билан бирга қатирма, жупқа, юфқа (яъни, биздаги “юпқа”) ҳам рўйхатга киритилади.

Арман тилчилари “лаваш” сўзи ўрта асрларга оид арманча матнларда ҳам учрашини ёзади. Уларга кўра, “лаваш” қадимги арман тилидаги “ясси” маъносидаги “law” сўзидан ясалган. Эронда лаваш “нони арманий” деб аталишини яна бир далил ўлароқ келтирадилар. Аммо бу даъвони кучсизроқ ҳисобловчи бошқа арман тилчилари “лаваш” сўзи этимологиясини бироз чуқурроқдан, ўрта форс тили, қадимги ҳинд-оврўпо тилларидан қидиради.   

“Этимологический словарь русского языка” луғати муаллифи Макс Фасмер рус тилидаги “леваш”нинг манбаи туркий сўз деб эътироф этган. Осетин ва бошқа кавказ халқлари луғатларида ҳам “лаваш” сўзи туркийдан ўзлашгани қайд қилинган.

Форс тилида “лаваш” сўзи XIII аср мутафаккир шоирлари: Жалолиддин Румий, Низорий Биржандий ва Яҳё Коший асарларида “лавош” (لواش), “қурси лавош” (قرصِ لواش) тарзида учрайди (ЭСТЯ. VII. М.: 1974. 6-бет).

“Лаваш” сўзи аслида ўзбек тили учун ҳам бегона эмас, “Ўзбек халқ шевалари луғати”да Хоразмда қўлланилиши айтилиб, “лаваш – чуррак нон” деб изоҳланган (ЎХШЛ. Т.: 1971. 167-бет). Аммо Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида лаваш каби оширилмаган хамирдан юпқа қилиб тандирда пишириладиган нон “лочира” дейилади. Тўғри, ҳозир шу номдаги нон жойларда шаклан ўзгариб кетган, аммо лочира аслида лаваш сингари юпқа нондир. Лочира  бу – лавашнинг деярли муқобили, лекин негадир шу пайтгача “лаваш” сўзини тадқиқ этишда “лочира” жалб этилмаган.

Гувоҳи бўлдикки, “лаваш” юқорида келтирилган барча талқинларда икки қисм: “лав” (liv, لَيْفُ, لو, лаб, law) ва “-аш” (-ош, -š) дан иборат сўз бирикмаси сифатида тадқиқ этилган. Уларнинг энг қадимийси – “liv aš” эса қадимги туркий обидалар: Турфон битиклари ва “Қутадғу билиг”да учрайди. Бизнингча, “лочира” ҳам “лаваш” сингари “ло” (“лав”,  لو) ва “чурак” сўзларидан ясалган. Агар кимдадир нега унда “лав-чурак” эмас, “ло-чира” деган савол туғилса, буни ўзбек тилининг туркий тиллар ичида ягона “о”ловчи тил экани билан тушунтириш мумкин (лав+чурак ло+чурай лочира).

“Чўрак” сўзи “Девону луғотит-турк”да икки ўринда учрайди, бир ўринда: “чўрäк – кулча”, деб (ДЛТ. I Т. “Фан”, 1960. 369-бет); бошқа ўринда “чўрäкläдi” феълига: “ол унуғ чўрäкläдiу унни чураклади, яъни у хамирдан чурак кулча (лочира) ясади”, деб изоҳ берилган (ДЛТ. III Т. “Фан”, 1963. 353-бет). Баъзи шеваларда “чурак” сўзи талаффузида ёки эгалик қўшимчаси олганда: “чурай”, “чурайи” шаклида “к” товуши “й”га айланади. Афсуски, ҳозирда “чурак” сўзи ўзбек тилида истеъмолдан чиқиб кетмоқда, озарбойжон қардошларимиз эса “çörək”ни русча “булочка” маъносида қўллашади.

“Лав+аш” ва “ло+чира” сўзлари бошидаги “лав-” (“ло-”), бизнингча, форсий этимологияга эга “юпқа” маъносидаги сўз бўлиши эҳтимоли юқори. Шунда бу номлар “юпқа емак” (“лав-аш”), “юпқа нон” (“лав-чурак”) каби мантиқий маъноларга эга бўлади. Лочира арманларнинг даъвосини ҳам пучга чиқариши мумкин, чунки арманча сўзнинг бизгача етиб келишидан кўра асрлар давомида форс ва турк тиллари таъсирида бўлган арман тилига бу сўзнинг биздан ўтган бўлиши ҳақиқатга яқинроқ.

Абдувоҳид ҲАЙИТ

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

16:11 / 22.11.2024 0 46
Мактаб амма





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10434
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//