1906 йил 27 июнь – биринчи миллий газетамиз “Тараққий”нинг илк сони чиққан сана. Шу юз йилнинг нари-берисида қанча даврий нашрлар очилиб, қанчаси ёпилиб кетди. Тараққиёт ва матбуот сўзларининг ёнма-ён келиши ёқимли. Аммо шуниси борки, тарихдаги энг дадил газеталар фаолияти тараққиёт душманлари томонидан тўхтатилган. Oyina.uz ана шундай нашрлардан айримларини ёдга олди.
Сирожиддин Аҳмад:
“Тараққий” – Туркистонга нажот йўлининг беркилиши
Ўзини енгилмас давлат деб билган чор Русияси японлар билан урушда қақшатқич зарбага учраб, Финландия, Польша, Болтиқ бўйи ва Туркистон халқлари олдида обрўсини бой берганини англагач, мамлакат ичкарисида ва чегара қисмларида авж олаётган сиёсий ҳаракатларни жиловлаш, империяни сақлаб қолиш учун айрим ислоҳотлар ўтказишга, мустамлака халқларига ҳуррият – сиёсий ва маърифий эркинлик ваъда этишга мажбур бўлди. 1905 йил 17 октябрда император эълон қилган манифест таъсири ўлароқ Татаристон, Бошқирдистон, Озарбойжонда миллий матбуот майдонга келди.
Туркистон халқини маърифий жиҳатдан ислоҳ қилишга интилган миллий зиёлилар ҳам ана шу тарихий имкониятдан фойдаланиб, газета-журнал очишга ҳаракат бошладилар. Татаристондан келган зиёли Исмоил Обидов муҳаррирлигида “Тараққий” газетасини нашр этиш учун Туркистон бош губернаторидан рухсат олинди. 1906 йил 14 (янги тақвим бўйича 27) июнда “илмий, адабий, сиёсий, фанний, тижорий ғазита”нинг биринчи сони ўқувчилар қўлига бориб етди. Шиори “Нажот: маслакда сабот; тўғриликни ижобат” эди.
Газета биринчи сонидан бошлаб адабий-сиёсий мақолалар, бадиий асарлардан намуналар чоп этиш билан бирга Қрим, Кавказ, Татаристон, хорижий нашрларда босилган ихчам хабарлар ва мақолаларни кўчириб босишни одатга айлантирди.
“Тараққий” илк қадамданоқ “Туркистонга нажот йўли”ни кўрсатиш учун ҳозирлигини исботлади. Бош мақолада умумимперия майдонида содир бўлаётган сиёсий ҳаракатлардан четда турган юртдошларни фаолиятсизликда танқид қила туриб ана шу фожианинг заминида ётган миллий зулмни ошкор қилди.
“Бизларға оламда нақадар бахтиёрсизлиқ! Йўқ эрса жабр ва зулм била эзилуб хорлиқға тушган бизнинг миллат эди. Чунончи, мусулмонча бир кичкина рисола бостирмоқчи бўлсак, сензурнинг қизил қалами била саҳифалар қизил бўлуб, ортиқли, тирноқли бузулуб қўлимизға қайтур эди. Шул тариқа бир ерда мактаб очуб болаларимизни ўқутмоқчи бўлсак “директор” ҳозир етуб бу иш ҳукуматға хилоф, муаллимлар бул тариқа экан деб муаллимларни ўчиртируб, мадрасаларимизни печатлатуб 2-3 тийн масжид-мадраса, вақфлардан ҳам айрилур эдик”.
Газетанинг оғир юкини елкасида тортган Мунаввар қори Абдурашидхон нашрнинг ошкор қилинмаган таҳририяти атрофига Орифхўжабой Азизхўжаев, Абдувалиҳожибой Абдумаликов каби бойларни, Фансуруллоҳбек Худоёрхонов, Раҳимхўжа Нурмуҳамадхўжаев, шоир Камий ва бошқа зиёлиларни тўплади. Тижорат аҳли, адиблар, мударрислар олами талаб ва эҳтиёжлари, таклифлари ўрганилиб, Туркистон муаммолари матбуот майдонига дадил олиб чиқилди.
Мунаввар қори Абдурашидхоновнинг “Бизнинг жаҳл, жаҳли мураккаб”, Баҳромбек–Таржимон Давлатшоевнинг “Туш” туркум мақолалари, “Иршод” газетасидан кўчирилиб босилган рус, арман-озарбойжон уруши ҳақидаги фиқралар, маҳаллий халқ учун “Жамияти хайрия” очиш тўғрисидаги таклиф-мулоҳазалар Туркистон губернаторининг сиёсий қамчиси, “Туркистон вилоятининг газети” муҳаррири, миссионер Николай Остроумовнинг эсини тескари қилиб юборди.
“Тараққий” газетаси 20-сони тайёрланган бир пайтда зулмат иблисининг тавсияси билан бирор бир сиёсий айбловсиз, чор ҳукумати қонунларига хилоф равишда мусодара қилинди ва фаолияти тугатилди. Лекин миллат ходимлари ҳаракатдан тўхтаб қолгани йўқ: мустамлакачилар миллий матбуот нашрларининг бирини беркитишса, булар яна бирини, балки икки-учтасини очиб, истиқлол ва маърифат маслагида собитлик кўрсатдилар.
Абдуқаюм Йўлдошев:
Бугун кулгили туюлади, бироқ ўшанда жуда оғир бўлган
“Моҳият” ҳам эзгу истаклар натижасида дунё юзини кўрган: давлат ахборот агентлигига рақобатбардош нодавлат агентлик ташкил этилса, бу муассаса дунё миқёсида тобора қимматлашиб бораётган ахборотни сотиш билан бирга рус ва ўзбек тилида чоп этиладиган ўз нашрларига ҳам эга бўлса.
Ўтган асрнинг охирги йиллари денг... Кичкинагина жамоамиз. Ҳаммасини бошидан бошлаш керак. Бунинг устига, дастлаб “Моҳият” рус тилида чиқадиган газетага шунчаки илова сифатида чоп этиб турилса етади, молиявий масалаларни ўйламаёқ қўя қолсин, деган иддаолар бўлди. Одамга оғир ботади-да...
Хуллас, ишга киришдик. Талаб ҳам одатдагидай, фақат рамзий “планка” баландроқ эди: ҳар ким ўз ишини ҳалол бажарсин; мақтовпарастлар бизсиз ҳам ошиб-тошиб ётибди, келинглар, шу элнинг зиёлиси, қайсидир маънода – аслини олганда шундай-ку – виждони сифатида, қанча ишлашимиздан қатъи назар, ҳақиқатни ва фақат ҳақиқатни ёзайлик...
Яна денг, газетамизга муассис ташкилотнинг бошлиғи дунё кўрган, шоир ва санъаткор оиласида улғайган, демократ Зафар ака Рўзиевнинг ижодкорларга ишончи, меҳри баланд эди. Моҳир раҳбар, тадбиркор инсон қисқа муддат ичида агентликнинг маблағини деярли ўн баробарга кўпайтирди, босмахона очди.
Барибир одамлар газета ўқиркан (ўша пайтлари деб қўшиб қўйгим келади). Биз учун кутилмаганда “Моҳият”нинг рейтинги кўтарила бошлади. Тинимсиз хатлар, мурожаатлар... Деярли ҳар жума куни раҳматли Шукур ака (Холмирзаев), Норбой ака (Худойберганов) каби таниқли ижодкорлар таҳририятга кириб келишади, газетадан олишади, фикрларини билдиришади, “летучка”ларда қатнашишади...
Шов-шув бўлган мақолалар кўп, бирма-бир санаб ўтирмай. Аммо газетанинг ҳар сонини ўзимиз истагандай чиқариш осон кечмасди. Ҳар гал асаббузарлик... “Моҳият” адади ошди, фойда келтира бошлади. Бирдан айнан бизга реклама беришни истовчилар кўпайиб қолди. Халқаро ташкилотлардан таклифлар тўхтамайди денг.
Яна бир гап. У пайтлари катта-кичик идоралар матбуотдаги чиқишларга эътибор қаратар экан-да. Яна денг, бу ёқда телевизор “Газеталар шарҳи”ни гуриллатиб айтиб турибди. Дейлик, “Моҳият” жума куни эрталаб чиққан бўлса, тушдан кейин бир жиддий танқидий мақоламизга Самарқанддаги катта бир ташкилотдан расмий жавоб етиб келгани ёдимизда.
Тўғри, баъзан одамни ранжитадиган натижалар ҳам бўларди. Бир сўконғич туман ҳокимини биринчи саҳифада уриб чиққандик, тез орада вилоят ҳокимининг ўринбосари бўлиб кўтарилиб кетди. “Ишончли кадр” бўлгандир-да...
Цензура расман ман этилганидан кейин бир-икки йил роса яйраб ишладик. Эҳ, ўшал кунлар романтикаси... “Нимадир иш қиляпмиз-ку”, деган қониқишга ўхшаш туйғу... Германиянинг Тошкентдаги Конрад Аденауэр фонди вакили бир тадбирда бизни “жадидлар” деб атаганида-ку (яхши гап эшитиб ўрганмаганимиз учунми), бошимиз осмонга етган...
Тан олайлик, элдошларимизга хос бир иллат бор: газетани кўпчилик минбар деб эмас, фалончидан ўч олиш, кимнидир амалдан тушириш воситаси деб билишади. “Моҳият”нинг номи чиққандан сўнг бундай ғирром ёзғувчилар ҳам таҳририят атрофида ўралашиб қолишди...
Кутилмаганда муассис ташкилотнинг раҳбари алмашди. Янги бошлиқ ишни газетанинг макет ҳолидаги ҳар бир саҳифасини синчиклаб ўқиб чиқишдан бошлади. Ҳозир эсласам кулгим келади, аммо ўшанда газетада чиқмаган, бироқ макет-саҳифага қўйилган бир танқидий материал учун... тушунтириш хати ёзиб беришимни талаб қилишган.
...Баъзи мақолалар, мисол учун, Карим Баҳриев мақоласи (“Айтсам ўлдирурлар, айтмасам ўлам”) ҳам қўлма-қўл ўқилган, ксеро қилиб тарқатилган. Аммо чуқурлашмайлик. Билган ўзи билади. Биз ўзимиздан қаҳрамон ясамайлик. Шусиз ҳам, энди ўқиб кўрсам, анча мақтаниб қўйибман. Ғазал, судлашиш... воқеасини эслагим ҳам келмайди. Бугун кулгили туюлади, бироқ ўшанда жуда оғир бўлган. Мен ундай гапларни унутишга ҳаракат қиламан, фақат сабоқларини ёдда сақлайман.
Хуллас, жамоамиз бир бўлиб ўз ихтиёримизга кўра ишдан бўшашга ариза ёздик. Кетдик... Исфандиёр деган ёзувчи бизга “Моҳият”нинг болалари” деган газета очиб бермоқчи ҳам бўлди, бироқ энди ишлашга аввалги ҳафсала, иштиёқ қолмаганди...
Икки йилча “Моҳият”ни олиб юрдим. Сўнг қоғозга ачиндим... Кейинроқ орқаворатдан газета ора-сира чиқиб турганини, оғир иқтисодий аҳволда қолганини эшитдим. Ниҳоят... беш-олти йил бўлиб қолди-ёв, “Моҳият” ёпилди, дейишди. Худди яқин кишинг вақтидан бурун... Ачинади-да одам... Аммо нима ҳам қилардик, буни ҳаёт дейдилар.
Газета барибир қоғоз шаклида, ҳеч бўлмаса кутубхоналар тахламларида, архивларда қолади. Шу боис унга нисбатан “марҳум” сўзини ишлатиш ноўрин. Айниқса, ўзингга қадрдон бўлиб кетган, умрингнинг тўрт-беш йиллик қайноқ даври ўтган газета ҳақида гап кетса...
Ҳабибулло Олимжонов:
Танқид – ватаннинг дўсти, журналистнинг душмани
2003 йили ташкил этилган биринчи хусусий “Мустақил газета” нега ёпилди, ахир талабалар ксеронусхалаб тарқатарди, газетхонлар қўлма-қўл олиб ўқишарди, деган савол мухлислар орасида учраб туради. Бунга бир оғиз, оддийгина қилиб, коррупцияни фош қилгани учун коррупция томонидан тўхтатилди, деб жавоб бериш тўғри бўлади.
Расмий сабаб нашрнинг биринчи саҳифасида берилган Эркин Воҳидовнинг ўн икки сатрли “Бу замон ғазали” бўлди гўё (Тиллашибдир бўри бирла тозилар, Бирлашибдир ўғри бирла қозилар...). Аслида эса “Тест имтиҳонлари остонасида” мақоласини асосий сабаб деб биламан. Чунки унда биров англаб, биров англамайдиган тарзда “долларли шаршара”ни бўғишга уриниш руҳи бор эди.
Тарих фанлари доктори айтади: “Тест имтиҳонида ўзимнинг йўналишимда берилган 36 та саволнинг 25-26 тасига тўғри жавоб топа оламан, холос”. Ана энди ўйланг: уч фан олими 25-26 тадан тестни тўғри ечса, улар биргалашиб тўплаган балл юридик институтга контрактга кириш учун ҳам етмайди (2002 йили 187 балл бўлган). Хўш, бу олий таълим даргоҳига 200–210 балл билан ўқишга кираётганлар бошқа ривожланган давлатларда ўқиганми ёки ўзга сайёрадан келганми?
Бу – факт. Долларли шаршара остида роҳатланаётганлар учун қўрқинчли факт. “Мустақил газета”нинг бошқа сонида “Юридический”га кириш учун 42 миллион сўм” сарлавҳали, суд ҳукми асосида ёзилган мақоланинг чоп этилгани ҳам факт! Қуруқ фикр-мулоҳаза эмас, факт.
2003 йили Давлат тест маркази раҳбари ўзгарган, янги тайинланган Баҳром Исмоилов билан мухбир суҳбати асносида юқоридаги мақола эълон қилинган эди. Кейин илгаридан таниш юридик институт ректори билан гурунгда “Мана кўрасиз, бу йил кириш бали 150 дан паст бўлади”, дедим. “Не-ет, где-то сто семьдесять, вот так будет”, деди у.
2003 йили кириш балли 150 бўлди. Мен буни нега майдалаб гапиряпман? Матбуотнинг жамиятдаги ўрнини, таъсирини айтмоқчиман. Бунда, албатта, ДТМнинг янги раҳбари роли салмоқли экани шубҳасиз, айни пайтда газетанинг ёпилишига сабаб бўлган мақоланинг, аввалроқ 13-сонда эълон қилинган ДТМнинг собиқ раҳбари ҳақидаги “Тадбиркор олим” мақоласининг ҳам ҳиссаси кам эмас.
Ҳа, матбуот – давлат тиргаги, танқид – тараққиёт таянчи. Айни пайтда, минг афсуски, тўғри гап туққанингга ёқмас, деган пурҳикмат ҳақиқат ҳам бор. Танқид ёзиб бировнинг ошига тушган пашша бўлиб турсанг, иштаҳани бўғасан, кимга ҳам ёқасан. Ёқасан, фақат халққа. Лекин керак пайтда “халқ” деган тушунча аниқ масала бўйича сени келиб ҳимоя қилолмайди, қилмайди.
Танқид эса касб эмас, қалб чақириғи. Адолатсизликка, ёвузликка, давлатни ўғирлашларига, халқни қақшатишларига, ноқонунийликка қарши муросасизлик. Атрофингда шундай найрангбозликларни кўриб туриб, кўз юмиб кетиш қўлингдан келмаслиги... Бу ҳақиқатгўйлик эҳтиёжи қаердан куч олишини Хуршид Дўстмуҳаммаднинг “Виждонли журналист жасоратли бўлади”, Альбер Камюнинг “Мен ватанимни танқид қиламан, чунки бошқаларга нисбатан кўпроқ яхши кўраман” деган сўзларидан сўнг англагандай бўламан.
“Мустақил газета”нинг ёпилиш сабабини юқорида ёздим, қандай ташкил этилганига келсак, бу ҳам бевосита Ватанни севиш билан боғлиқ. Бир куни Миракмал Миролимов Олий Мажлисдаги хонасига таклиф қилиб, ўзи ёзган мақолани ўқиб берди. Таги журналист-да, расмий идоранинг иши бошидан ошиб ётганига қарамай, қўли қалам истаб қалтираб қолади. Мавзу – чет эллик сармоядорлар нега дод дейишмоқда, инвестор бу давлатда кимлар учун керагу кимларга керакмас?
“Мақола даҳшат! – дедим астойдил. – Лекин қайси газетада берасиз буни, қайси нашр чоп этади?!” У афтимга тикилди: “Ўзим ҳам шуни ўйлаяпман-да”, деди сокин... Орадан икки йил ўтиб, 2003 йил 22 февраль куни “Мустақил газета”нинг 1-сонида ушбу мақола имзосиз нашр этилди. Сарлавҳаси: “Амалдор инвесторни хуш кўрадими?”
Бу пайтда Миракмал Миролимов матбуот қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаётган, “Мустақил газета” унинг ташаббуси билан ташкил этилиб, давлат рўйхатидан ўтказилган эди. Мен бош муҳаррирликка таклиф қилиндим, “тепа” рухсат бермади, шекилли (танқид ёзганим учун хушламайдилар кўп эди идораларда), бош муҳаррир ўрнига “таҳририят” деб чоп этавердик.
Ҳали мобил алоқа урф бўлиб улгурмаганди. Хонада телефон жиринглади. Гўшакни кўтардим – Озод Шарафиддинов экан. “Мустақил газета”нинг битта сони қўлимга тушди, кейин ҳаммасини қолдирмай ўқияпман. Бош муҳаррири ҳам йўқ, таҳрир кенгаши ҳам йўқ...”. Домла қисқа сукут сақлаб савол бердилар: “Ҳечким ҳеч нарса демаяптими?”. “Ҳозирча йўқ”, дедим мамнун бўлиб.
Газетанинг 13-сонида жиддий танқидий мақолалар берилган эди. Ўшандан кейин “тўхташ” хавфи ўрмалади. Тушдан сўнг Миракмал “Кейинги ҳафтаникини тайёрлайверинглар”, деди. Рухсат тегибди. Cал ўпкани босиб олдик. Озод домла газетанинг навбатдаги сони ҳақида “Полвонга ҳам дам керак-ку, дегандек бўлибди”, деди. Ўхшатишнинг образлилигидан кулиб юбордим...
Бугун матбуот теварагида яна бир баҳс: газета керакми-йўқми, интернет бор-ку, қулай-ку!.. Биздан юз йил олға кетган, компьютерлашган мамлакатларда ҳам газета интернет билан ёнма-ён яшаб келаётганининг ўзи бу баҳсга ўрин қолдирмаса керак. Нокамтарликка йўйманг-у, бугун газета керак эмас дейдиганлар, “Мустақил газета” тахламларини бир варақлаб кўринг.
Нодира ИБРОҲИМОВА
оyina.uz
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
1 Изоҳ
Абдунаби Абдиев
12:01 / 01.01.1970
Бугун босма нашр керакми, йукми деган саволнинг кундаланг туришининг узи фожиа. Тараккий этган мамлакатларда айрим газеталарнинг бир кунда икки-уч сони миллионлаб нусхаларда нашр этилаётгани хакида интернет сахифаларида хабарлар укиганимда бизда босма ОАВнинг ахволини уйлаб ташвишга тушаман. Ахир, хеч кандай электрон нашр босмахона хиди анкиб турган газета урнини босолмаслиги исбот талаб килмайдиган аксиома-ку. Айрим туман, хатто вилоят газеталарининг бармок букиб санайдиган даражадаги ададда нашр этилаётгани кулгулик. Улар бир амаллаб махаллий бюджет маблаглари хисобига кун кураяпти. Маколаларининг тафти йук. Уша, юкорида тилга олинган 'Мохият", "Мустакил газета", тагин Карим Бахриев мухаррирлигида чоп этилган "Хуррият"нинг илк етти-саккиз сони даврида кулма-кул булиб кетганлиги хеч кимга сир эмас. Нега бугун шундай нашрлар йук? Одамлар хак сузга ташнадир-ки, вактида шу газеталарнинг хар бир сонини интик булиб кутишарди. Рости, босма нашрларнинг бугунги ахволида биз - журналистларнинг айбимиз катта. Аксаримиз уз тинчимизни бузгумиз келмайди. Жамиятдаги, ижтимоий хаётдаги муаммоларни куриб, курмасликка оламиз узимизни. Интернет нашрлар етарли тахлилларсиз булсада айтаётган хак сузни босма нашрлар кутариб чиколмаяпти. Айбни узгадан эмас, узимиздан кидирсак яхширок буларди. Мамлакатимиз Президенти уз чикишларида Янги Узбекистон тамал тошини куйишда журналистларнинг урни ва роли бекиёс булиши кераклигини кайта-кайта эътироф этиб келаяпти. Бундан орткча рагбат булиши мумкинми?