Уч марта жонига қасд қилган "фалончининг невараси", синфдошларининг масхараси сабаб ўзини кўприкдан ташлаган ўқувчи ва ишсиз муаллимни ўлимдан асраб қолган қизалоқ – суициднинг 5 сабаби


Сақлаш
23:22 / 23.05.2022 1453 0

Дунёда ҳар 40 сонияда битта суицид содир бўлади. Бир йилда 700-800 минг одам ўз жонига қасд қилишдан вафот этади. Бу рақам юзминглаб уринишларнинг “муваффақиятли” якунланган йигирмадан бир қисми, холос. Суицид оила ва жамият ҳаётига жиддий таъсир қиладиган, марҳумнинг яқинлари учун узоқ муддатли салбий оқибатларни етаклаб келадиган фожиадир. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълумотларига кўра, 2019 йили 15–19 ёш оралиғидаги ўлимларнинг ҳар тўртинчи сабаби ўзини ўлдириш бўлган.

 

Ўз жонига қасд қилиш ҳолати дунёнинг барча минтақаларига хос. Фақат юқори даромадли мамлакатларда эмас, балки ривожланаётган ва қашшоқ давлатларда ҳам кўп учрайди. 2019 йили суициднинг 77 фоиздан ортиғи аҳолисининг даромади паст ва ўрта бўлган ўлкаларга тўғри келган. Бу борада Гренландия (100 минг аҳоли сонига 82,3) энг юқори ўринни эгаллаган, минтақамиздан Россия 4-ўринда (26,5), Қозоғистон 8-ўринда (22,8) қайд этилган. Антирейтингда Ўзбекистон 114-ўринда тургани (7,4) юртимиздаги маънавий муҳитнинг ижобий кўрсаткичларидан саналади.

 

 

Ижтимоий муаммоларнинг акс садоси бўлиши мумкин

 

Статистик маълумотларга кўра, Ўзбекистонда суицид 2015 йили 100 минг аҳолига 7,64 нафар тўғри келган бўлса, 2020 йили 6,11 нафарга камайган. Бироқ кейинги пайтда ўз жонига қасд қилиш ҳолатларининг намойишкорона содир этилаётгани барчамизни хавотирга солиши, огоҳ бўлишга ундаши керак: метрополитенда юриб келаётган поезд остига ўзини ташлаган эркак, Халқаро ҳамкорлик маркази биносидан  “тушиб кетган” йигит, эрининг таҳқирларига чидолмай ўзини осган келин, ётоқхонанинг 4-қаватидан ўзини ташлаб юборган талаба қиз... Бундай фожиали якунланган тақдирлар юзасидан тергов қандай хулосага келишидан қатъи назар, жамият учун хавф қўнғироғи чалиниб бўлди.

 

Намойишкорона суицидлар бутун дунёда инсонларга, ижтимоий ҳаётга, жамиятда мавжуд мезонларга қарши ошкора норозилик ифодаси деб қабул қилинади... ва вазиятни ўнглаш мақсадида тезда чора-тадбирлар, қарорлар ишлаб чиқилади. Японияда 1998 йили суицидлар сони 32 мингдан ошиб кетади ва ўн йилдан ортиқ вақт давомида шу кўрсаткич сақланиб қолади. Мамлакат бу борада дунё етакчиларидан бирига айланади. Сабаб эса иқтисодий тизимда турғунлик кузатилгани, ишсизлик даражаси кескин ортгани, пулсизлик ва ҳатто қашшоқлик хавфи пайдо бўлгани эди.

 

Японияда “Ўз жонига қасд қилишга қарши курашиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қонун чиқарилиб, суицид бутун жамият учун муаммо деб эълон қилинди. Кенг кўламли чора-тадбирлар кўрилиб, руҳий саломатликни тарғиб этиш, кредит олиб, қарзга ботган кишиларга ёрдам бериш ва ўзини ўлдирганларнинг оила аъзоларига ёрдам кўрсатиш бошланди. Натижада 2012 йили салбий кўрсаткич 30 мингга етмади ва йилдан-йилга рақамлар пасайишда давом этди. Шу маънода ҳар бир суициднинг сабабларини рўй-рост ўрганиб, керакли хулосаларни чиқариш нафақат инсонлар ҳаётини асраб қолади, балки жамият ҳаёти яхшиланишига ҳам олиб келади.

 

 

Ўсмирлар ўлимининг энг кенг тарқалган сабаби

 

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти эксперти Валентина Балтагнинг таъкидлашича, ўсмирлар ўлими бошқа ёш гуруҳларига қараганда нисбатан кам учрайди, аммо шулардан ҳам аксариятининг олдини олиш мумкин. Доктор энг кенг тарқалган сабабларни санаб ўтган: “Биринчи ўринда депрессия ва суицид туради, кейин ОИВ, сўнг зўравонлик ва йўл-транспорт ҳодисасида қурбон бўлиш”. Унинг сўзларига кўра, руҳий касалликларнинг 80 фоизи ўсмирлик даврида бошланади ва шундан ярми 14 ёшга тўлмаган ўспиринларда кузатилади.

 

АҚШда суициднинг олдини олиш кўникмалари мактаб ўқув дастурига киритилган. Болалар билан бевосита иш олиб борилиб, қуйидаги тамойиллар ўргатилади:

-       тенгдошларнинг муаммоларига эътиборли бўлиш;

-       қийин аҳволдаги одамга ҳамдардлик кўрсатиш;

-       муаммо билан ёлғиз қолмаслик, балки бу ҳақда катталарга айтиш.

Ушбу тамойиллар “муаммони эрта аниқлаш” ва “эрта ёрдам сўраш”га хизмат қилади. Нафақат болалик даврида, балки суицидга ҳаракатлар энг кўп кузатиладиган ўсмирликда, шунингдек, бутун ҳаёт давомида руҳий саломатликни сақлашга ёрдам беради.

 

 

Болалар суицидига асосан ота-оналар айбдор

 

Мақолани ёзиш давомида Андижон вилоятида 2022 йилнинг дастлабки уч ойида 10 нафар вояга етмаган ёшлар ўз жонига қасд қилгани ҳақидаги хабар тарқалди. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ўзлари яшаётган вилоятда рақамлар бундан ҳам кўпроқ бўлиши мумкинлиги ҳақида изоҳ қолдира бошлади. Мавзу юзасидан ўтказилган сўровда эса 200 га яқин киши ҳаёти давомида бир марта бўлса ҳам суицидга уриниб кўргани ва бу ҳолат асосан ўсмирлик даврида, ўқувчилик йилларида юз берганини эслади.

 

Э.С.: Ҳаётим давомида бир эмас, бир неча марта ўз жонимга қасд қилганман. Энг даҳшати, бирортасиниям ҳеч ким сезмаган. Ҳаммаси ўсмирлик кризиси билан боғлиқ эди. Сабаби... Ота-онам зиёли, бутун уруғ-аймоғимиз ҳам. Не машаққатлар билан қўлга киритган ютуқларимни борича, худди шундай бўлиши керакдек қабул қилишган. Бувим мен билан фахрланиб, бировга мақтасалар ҳам, ҳамма “Фалончанинг невараси-да”, “Фалончанинг қизи-да”, дерди.

Мен эса меҳнатларим эвазига эришганларимни ўзимники сифатида эътироф этишларини болаларча хоҳлаганман. Бу дунёда борлигимни ҳис қилишларини истаганман. Гўёки ўлиб қолсам, исмим билан айтишади, фалончанинг фалончаси дейишмайди, деганман. Энг қизиғи, ҳар гал жонимга қасд қилганимда мен оламшумул ҳисоблаган жин ургур муаммолар ҳам ўз-ўзидан ҳал бўлиб кетаверган. Сал улғайганимда эса кучли афсус ҳиссини туйганман. Кейинчалик ёрим, фарзандларим билан бахтли яшаётганимда шу ичганларим энди таъсир қилмасайди, деб қўрққанман.

 

З.Э.: Қўшнимизнинг 1982 йили туғилган жуда чиройли, одобли қизи бор эди. Мактабни тамомлаш арафасида эсдалик дафтар тутиб юрган. Шавкатхон ая исмли фарзанд кўрмаган, ёши катта ўқитувчимиз бўларди. Боласизлигига худдики ўқувчилар сабабдай доим қўпол муносабат қиларди. Анкета шу муаллимнинг қўлига тушиб қолиб, қизни директор хонасига олиб бориб, ҳамманинг олдида уялтирган. Отасини чақиртириб, “Қизингиз эрсираб юрибди”, деб қўлига анкетани тутқазган. Эркак эса уйига келиб, “Қизингга тарбия беролмадинг, мени шарманда қилди”, деб хотинини дўппослаган. Она эса қизини урган. Эртасига ота-она кўчага иш билан чиқишган. Фарзандини хафа қилиб қўйишганидан афсусланиб, совға-саломлар билан уйга қайтишса, уни жонсиз ҳолда топишган. Бир бўй қиз ота-онасининг қаттиққўллиги, ўқитувчисининг бераҳмлиги сабаб ўз жонига қасд қилган.

 

Т.А.: 1994–1995 йиллари колхоз раиси ерларни сотган, бошқа талон-торожликлар ҳам қилган, лекин иш очилганда ҳамма айб бригадир амакимнинг бўйнига тушган. Мол-ҳолни сотиб тўлайман деса, хотини қўймаган. Жигарлардан қарз ололмаган. Бегонадан ёрдам сўрашга ийманган. Сабаби, мустақилликнинг илк йиллари ҳеч кимга осон бўлмаган. Ахийри уйда ов милтиғи билан ўзини отиб қўйган... Дадам намозларида Аллоҳдан акасининг гуноҳларини кечиришни сўрардилар.

 

З.М.: Дугонамнинг опасига қайнонаси кун бермас, эри ҳам таҳқирлар экан. Ота-онасиникига қайтиб борса, “Нима бўлсанг ҳам, ўша уйда бўл”, деб қайтариб юбораверишган. “Менинг ҳеч кимга керагим йўқ”, деб, ҳамма нарсаларини тўплаб, ўт қўйган, ўзини эса шифтга осган.

 

Д.Т.: Бир қизнинг семизлиги учун синфдошлари доим устидан кулиб келган. Ўша қиз кўприкдан ўзини ташлаб ҳалок бўлган.

 

Б.М.: Аммамнинг ўғли 18 ёшида ўзини осиб қўйганди. Аммам эрининг хиёнати сабаб ажрашгач, вақт ўтиб, бошқага турмушга чиқиб, ҳомиладор бўлган. Ўғли буни билгач, одамлардан уялишини айтиб, фарзанд туғилишига қаршилик кўрсатган. Эртаси куни аммам Тошкентга келганида, ўғли ўз жонига қасд қилган.

 

М.Н.: Зиёли, меҳрибон ота-онам бор. Лекин ўсмирлик кризиси, ташқи таъсирлар, курсдошларим сабаб суицидга уринганман. Лекин кейин ўлмай қолиш ҳисси ва афсус қийнаган. Жуда ёмон эди: яранинг битиши, жисмоний оғриқлар, руҳий азоблар...

 

Ш.Ш.: Паспортимни йўқотиб қўйганимда шундай бўлган. Уйимдагиларга айтишга қўрқиб, кўп дори ичиб юборгандим.  Кейин кинолардагидай йигитим совға қилган гулни қўлимга ушлаб ётганман. Эртасига карахт бўлиб уйғонганман. Уйимдагилар “Буни жин чалган”, деб эшонга ўқитишган. “Қон чиқариб” ташлашган, кўп хўрозларнинг бошига етиб. Дадам жиннихонада ишлайдиган танишининг ёнигаям олиб борган...

 

Жавобларни ўқиркансиз, суицидга етаклайдиган асосий сабаблар ёлғизлик, яқинлари томонидан қабул қилинмаслик, бирор камчилиги туфайли доимий масхараланиш, ота-онаси билан яқин эмаслик ва ҳатто улардан қўрқиш... эканига гувоҳ бўласиз. Илмий адабиётларда ўсмирлар орасида ўз жонига қасд қилишга олиб борувчи бир неча омил алоҳида санаб кўрсатилади:

 

-       оиладаги келишмовчиликлар;

-       ота-она билан мулоқотнинг йўқлиги;

-       ота-онанинг ажрашиши;

-       жисмоний ёки жинсий зўравонлик;

-       камбағаллик ёки ўта бойлик, учинчи шахс билан солиштиришлар.

 

Яна, интернетга ҳаддан ташқари боғланиб қолиш, суицидга ундовчи мақолаларни кўп ўқиш ёки видеолар томоша қилиш, ўзини ўлдириб “машҳур” бўлиб кетган тенгдошларига ўхшаш истаги (аслида эътибор хоҳлаш) сабаб ҳам шундай қалтис қадам ташланиши мумкин. Шу боис психологлар ота-оналарга фарзандлари билан доимий мулоқот қилиш, улар билан дўст тутинишни, атрофдагиларга бефарқ қарамасликни, муаммолари ҳақида гаплашадиган инсони бўлишни тавсия этишади.

 

 

Ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш мумкин(ми?)

 

Суицид барча динларда қораланади. Айниқса, шариатимизда инсоннинг ўз жонига қасд қилиши гуноҳи азим ҳисобланади. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилган: “Ўзларингизни ўлдирмангиз! Албатта, Аллоҳ сизларга раҳм-шафқатлидир” (Нисо сураси, 29-оят). Маълумотларга кўра, аҳолиси мусулмон давлатлар (Саудия Арабистони, БАА, Қувайт, Баҳрайн ва бошқалар), шунингдек, Жанубий Европа мамлакатлари (Италия, Испания, Греция)да суицид кам кузатилиши дин омили билан ҳам боғлиқлиги таъкидланади.

 

Суицидга қарор қилган кишилар бу ҳақида ким биландир суҳбатлашганидан сўнг қалтис ҳаракатдан тўхтаганини айтишади. 164 кишининг жонини қутқариб қолган Дон Ритчи Сидней яқинидаги Тасман денгизи соҳилида, “ҳаёт билан ҳисоб-китоб қилиш” бобида машҳур қоя ёнида яшайди. У саёҳатга келганлар орасида ўзини ўлдирмоқчи бўлган инсонларни дарров пайқаган. Уларни бир пиёла чойга таклиф этиб, дилдан суҳбатлашган. Кўнгил ёришига, юрагини бўшатиб олишига имкон берган. Шу тариқа кўплаб кишилар ҳаётини сақлаб қолган.

 

“Яхшигина ишлаб турган жойимдан бир кунда ҳайдашди. Раҳбарнинг танишига ўрним керак бўлган экан. Ёшим элликдан ошган. Бу ёшда ҳадеганда иш топилавермайди. Айниқса, ўқув йили ўртасида мактабларда янги ўқитувчига эҳтиёж бўлмайди. Турмуш ўртоғим вафотидан кейин фарзандларим билан ҳам узоқлашиб кетгандик. Пулим тугаган, қарзга ботгандим, қизларимга айтгим келмасди аҳволимни. Хуллас, ҳеч кимга керак эмасдим, – дея эслайди исми сир қолишини истаган суҳбатдошимиз. – Шундай вазиятда негадир ўзимни ўлдириш хаёли пайдо бўлди. Қанча уринмай, ундан қутула олмадим. Бир дунё дорини олиб, ичишга чоғланиб турарканман, эшик қўнғироғи жиринглаб қолди. Очсам, қўлида коса кўтарган нотаниш қизалоқ. Янги кўчиб келган қўшнимиз овқат чиқарган экан. Идишни бўшатиб бергунимча тинмасдан вижир-вижир қиларди. Болаларча ширинзабон саволларига жавоб қайтариш асносида ичимда нимадир ўзгара бошлаганини ҳис қилдим. Қизалоқ чиқиб кетганида эса кўнглим анча ёришган, суицид хаёли буткул тарк этган эди.

 

Ҳақиқатан ҳам, ҳаётда яккаланиб қолиш, шахсий муаммолар гирдобидан чиқолмаслик, камбағаллик ва ижтимоий тенгсизлик кучайиб кетиши жамиятда суицид хавфини ошириб юборади. Мамлакатдаги ислоҳотлар равишида, ижтимоий жараёнларда айни шу ҳолатни ҳам ҳисобга олиш зарур бўлади. Шунингдек, ҳар биримиз ён-атрофдаги ёрдам сўраётган – асабийлашаётган, бақираётган, одатдагидан фарқли қайсарлик қилаётган ёки жим бўлиб қолган, биздан сабабсиз узоқлашаётган, қарзга ботган, ишсиз ва кўмаксиз қолган инсонларнинг “фарёд”ини эшита билишимиз ва унга жиддий муносабатда бўлишимиз зарур.

 

Феруза ХАЙРУЛЛАЕВА

oyina.uz

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10342
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//