Ватанни тинч қўйинг, ундан сиз тама қилмаган нима қолди, ўзи? – шоир Насрулло Эргаш истеъдод ва эътиқод ҳақида


Сақлаш
16:57 / 16.05.2022 1273 0

1

Одам бу ёруғ дунёда албатта нимагадир ишониб яшайди. Ана шу ишонч унинг ҳаётига маъно-мазмун бағишлайди. Агар инонч-эътимод бўлмаса, инсон умри бемаъниликка юз тутади.

 

Технологик тараққиёт инсонга аксар эҳтиёжларни тез ва соз қондириш имконини берди. Не тонгки, бизнинг асрда одам боласи нафсини чеклашдан эмас, уни қондиришдан кўпроқ лаззат олаётир. Бу эса уни Яратувчидан мислсиз даражада узоқлаштириб юбормоқда. Аммо ҳаёт давом этаверади. Хўш, ким ё нима туфайли? Ёдингизда бўлса, француз адиби Александр Дюма аббат Фариа тилидан “Бу дунёда ёвузлик устидан ғалаба қозониб бўлмайди, аммо у билан курашмоқнинг ўзи – ҳаётдир”, дейди. Ана шу эзгулик курашчилари, йиқилса ҳам курашга тўймайдиган, эътиқодига содиқ, толмас қаҳрамонлар туфайли она заминимиз ўз ўқи атрофида барқарор айланиб турибди.

 

2

Собиқ Иттифоқ даҳрийлар давлати ўлароқ чорак кам бир аср ҳукмронлик қилгач, таназзулга юз тутади. Қизил империянинг қулашига фақат худосизлик мафкурасигина сабаб бўлмаган. Зеро, шўро давлати самовий динлардан ташқари, инсоннинг эрки, муқаддас деб билган тутумлари, шахсий эътиқодига ҳам қарши боради. Биргина санъатни олайлик: сиёсий ҳокимият томонидан ижоднинг бош тамойили бўлмиш эркинлик сурбетларча тортиб олиниб, “Санъат – омма учун” қабилидаги сохта шиор саёзлик ва жўнликка даст берган. “Олтин қафас”га киришни истамаган аҳли ижод эса бирин-кетин маҳв этилади. Жорж Оруэлл, Александр Солжиницин каби адиблар шафқатсиз фош этган шўроча мислсиз қабоҳату разолат дунё афкор оммасини ҳали-ҳануз ларзага солмоқда...

 

Санъаткор аҳлига, жаҳолат унинг ватанида содир бўладими, хориждами – аҳамияти йўқ; у ҳеч қачон ёвузликка бефарқ бўлолмайди. Кундалигида “Мен, албатта, Ленин портретини яратаман. У қўлидаги чақалоққа даҳшат ила боқиб турган бўлади. Чақалоқ эса – мен бўламан”, деб ёзган Сальвадор Дали гўдак дея ўзини, яъни санъатни рамзлантиради. Чақалоқ асли келажак тимсоли, бироқ Ленин қўлидаги чақалоқ истиқболи – Морис Метерлинк “Сўқирлар”и қўлидаги гўдакники сингари – номаълум. Мусаввирнинг шу руҳдаги яна бир картинаси бор: унда роялга яқинлашолмай турган пианиночи тасвирланган; клавишлар ортидан Ленин даҳшатли нигоҳ ила санъаткорни таъқиб этаётир...

 

Ҳар қандай даврда ҳам эътиқодида собит тура билган шахс ўз номини абадиятга муҳрлайди. Масалан, Толстой ҳамда Достоевский умрининг сўнгига қадар тинмай ёзган. Мутахассислар “кумуш аср” атаган даврни, менга қолса, “рус шеъриятининг олтин асри” деган бўлур эдим. Чунки Владимир Маяковский, Сергей Есенин, Марина Цветаевалар нафақат жаҳонда уруш ва ёвузликка қарши курашади, айни чоқда,
эътиқод йўлида ўзини қурбон қилади. Улар ўт олдирган шеърият маёғини эса маслакдошлари Иосиф Бродский, Борис Пастернак, Николай Заболоцкий, Роберт Рождественский, Белла Ахмадулина, Андрей Вознесенский ҳамда Евгений Евтушенко мангу ёқиб кетдилар.

 

3

“Санъаткор ҳаёти шуниси билан фожиалики, у сиздан бутун борлиғингизни тортиб олади”, деганда Франц Кафка эътиқодни назарда тутган. Винсент ван Гогнинг “Мен Парвардигорсиз яшамоғим мумкин, аммо рангтасвирсиз яшаёлмайман” деган гапи бор. Мусаввир сўзларини зоҳиран тушуниб, уни даҳрийликда айблашга шошилмайлик. Рассом истеъдод унга Парвардигор томонидан инъом этилганини ҳеч қачон инкор қилмаган. “Бу норасо дунёга боқиб, Яратганга баҳо бериб бўлмайди” деган сўзлари эса унинг имонига шаҳодат беради.

 

Ван Гог ҳаёт деганда айнан санъатни англаган. У умрининг сўнгги саксон кунида саксонта картина яратади. Рассомдан укаси Теодорга саккиз юзта картина мерос қолган. Тео кейинчалик уларни сотиб, ўз даврининг бадавлат одамига айланади. Мусаввирнинг ўзи эса бутун умри мобайнида бор-йўғи битта картинасини сотишга эришган, холос. У ниҳоятда қашшоқ яшар, ҳатто уйланишга ҳам қурби етмаган экан. “Суюғоёқ” севгилисининг туғилган кунида унга совға қилмоққа ҳеч вақоси бўлмаган телба рассом қулоқларидан бирини шартта кесиб, қизга юборади. Хўш, уни бундай яшамоққа нима мажбур этган? Нега чизган расмлари чанг босиб ётса-да, ижоддан кўнгли совиб кетмаган?..

 

Ёки яна бир буюк мусаввир Поль Гогенни олайлик. Ўттиз етти ёшда қўлига илк бор мўйқалам олишга, ҳали тараққиёт қадами етмаган Таити оролига бориб, рангтасвир билан шуғулланиш учун маиший турмуш ботқоғига ботган оиласини ташлаб кетишга уни нима мажбур қилади? Санъатга эътиқод эмасми? Қай бир ижодкор инсоният нигоҳидан ниҳон мўъжизавий диёр табиати ва одамларини чорчўпга тортилган мато орқали абадиятга муҳрламоғи керак эди – шу вазифа Гогеннинг чекига тушган ва у буни савқи табиий ила англаган. У ҳатто ўша оролларда ўлиб кетишдан ҳам қўрқмайди. Сомерсет Моэм “Ой ва чақа” романида асар бош қаҳрамони Чарльз Стрикленд тимсолида Гоген тақдиридан ҳикоя қилган: шифокор Чарльзни давосиз дардга чалинганидан огоҳлантиради. У эса доктордан қанча умри қолганини сўрайди, холос. Чунки буюк мусаввир ўзига юкланган илоҳий вазифани охиригача ҳалол бажаришни истайди ва ўлимни қўлида мўйқалам билан мағрур қиёфада кутиб олади.

 

Тарихда бундай мисоллар бисёр. Алишер Навоийнинг уйланмагани боиси ҳам эътиқод туфайли деб биламан. Бир ёқда салтанат ва халқ дарди, иккинчи ёқда ижод оҳанрабоси! Мутафаккир шоир бири дея иккинчисидан воз кечмаган.

 

4

Эътиқоднинг туб моҳияти инсонийликда акс этади. Ўзлигини излаган ҳар бир киши – инсониятга хизмат қилишни асосий маслак деб билмоғи лозим. Шу эзгу ният зуҳур топмаса, эътиқодни комил ва шомил санаб бўлмайди.

 

Фаранг адиби Альбер Камю санъат ва ҳаётни икки бўлакдан иборат бирбутун деб билган. У ҳаёт деганда инсон умрини, санъат деганда эса уни акс эттирмоқни тушунган. Адибнинг дўсти ва ҳаммаслаги Жан-Поль Сартр эса инсон ҳаёти мазмунини кўпроқ санъатдан излаган. Уларнинг қарашлари айнан мана шу нуқтада фарқланади.

 

Баъзан Камю эътиқоди савол остига олинади, менга эса бу хил ёндашув – бегуноҳ инсонни Мерсо каби отувга ҳукм этмоқ билан баробар туюлади. Альбер Камю, шубҳасиз, улкан эътиқод эгаси. Бунга унинг қаламидан тўкилган адабиётдан ортиқ исбот топиш амримаҳол. Адиб – айнан инсонга бўлган ўлмас эътиқоди тараннум этилган ижоди учун Нобель мукофотини ҳалоллаб олган камсонли ёзувчилардан бири. У, таъбир жоиз бўлса, ўз қаҳрамонлари ва ғояларига “парчаланиб” кетган. Уларни бирлаштирсак, кўз ўнгимизда фидойи ва жасоратли мутафаккир ижодкор қиёфаси гавдаланади.

 

Эътиқод виждондан ўсиб чиқиб, ҳаётий маслакка айланса-да, унга нисбатан фаол. Эътиқодли инсон нораво воқелик қаршисида шунчаки виждони ўртаниб турмайди, балки эътиқодига тўғри келмаган неки бор   – тузатишга киришади, унга қарши исён қилади. Камю ва унинг қаҳрамонлари – ана шундай одамлар. У бежиз “Европа виждони” деб аталмаган, ахир.

 

“Вабо” романи асосий ғояси ҳам эътиқодга дахлдор. Асар бош қаҳрамони доктор Риенинг прототипи – ёзувчининг ўзи, вабо эса уруш рамзидир. Адибнинг “Олмон дўстимга мактублар” ва сўнгги эссеси – “Биринчи одам” ҳам фашизм ва французлар Жазоирда юритган ғайриинсоний сиёсатга қарши руҳда ёзилган. (Шу боис мен Камюнинг автомобиль ҳалокати туфайли тасодифан вафот этганига ишонмайман.) Камю урушни башариятга нисбатан энг ёвуз жиноят деб ҳисоблайди ва “Айни вазиятда инсон қандай йўл тутмоғи керак?” деган саволга жавоб излайди. Вабо, яъни уруш бошланиши билан кўпчилик ватанини тарк этади. Фақат баъзи инсонларгина ўз хоҳиши билан ватанда қолиб вабога, яъни фашизмга қарши курашни давом эттиради.

 

Романда ёзувчилик “касал”и билан оғриган қаҳрамон ҳам бор. У шифокор бўлмаса-да, хасталарни даволашда доктор Риега ёрдам беради. Оддий бир ташкилотнинг камсуқум хизматчиси кундузлари шаҳарда қаровсиз қолган ўликларни ташиб-кўмиб, кечалари ёзувчилик билан шуғулланади. Мана, сизга ҳақиқий эътиқод намунаси!

 

5

Катта авлод тенгдошларимга ҳавас қилади, мен эса танқидий назар билан боқаман. Чунки улар орасида ўзим ҳам борман. Биз айнан эътиқод масаласида оқсаётган, тобора майдалашиб бораётгандекмиз. Назаримда, салафлар эътиқодда анча собит бўлган, ўз олдига улкан вазифа қўя олган ва мақсад йўлида чекинмаган.

 

Яқинда бир устозим ёшлигида рўй берган воқеани сўзлаб берди. У киши уйланаётганда бўлажак келинга жиддий тарзда “сизга олдиндан айтиб қўяй, мен биринчи ўринда Ватанимни яхши кўраман ва ҳамиша шундай бўлиб қоламан” деган экан. Одамзод ўзидан тобора узоқлашиб бораётган бизнинг кунларда бу сўзлар жуда баландпарвоз, ҳатто кулгили туюлиши мумкин, аммо улар ўша чоқда астойдил айтилганига шубҳам йўқ. Менинг авлодим ҳам, афсуски, илдизларидан узоқлашаётган ўша одамзоднинг бир бўлаги.

 

Тенгдошларимнинг интернет тармоқларига қўйган ижод намуналарини ўқиб, ўйлаб қоламан: биз олқишга ҳар доимгидан ҳам кўпроқ ўч бўлиб қолмадикми? Албатта, интернетнинг афзал томонлари кўп: тезкор, фикр алмашиш осон... Бу – яхши. Лекин мени ўйлантираётгани – савия. Шеър, ҳикоя, сурат бўладими ва ёки бир оғиз сўзми – ҳатто фақат ўзи учун ёзганда ҳам – ижодкор барчасига бирдек жиддий ёндашмоғи лозим.

 

Тасаввур қилинг: ҳали маромига етмаган, шоша-пиша ёзилиб, таҳрир этмай тармоққа жойланган қоралама ёки машққа омма томонидан “Бундай асар дунёда йўқ, офарин!” қабилида санохонлик бошлаб юборилади. Ҳаш-паш дегунча анча-мунча “аъло баҳо” йиғиб олган содда қаламкаш “мен яхши ёзяпман”, деган хато хулосага келиб, энди фақат олқиш ҳамда қарсак учун қалам тебратади. Орадан йиллар ўтади. Болафақир эски “қўшиқ”ни хиргойи қилишдан чарчамайди. Кун келиб бу якранглик дидсиз омманинг ҳам жонига тегади; аста-секин қарсак ва олқиш тинади. Бир пайтлар пуфлаб шиширилган “даҳо” энди ҳеч кимга керак бўлмай қолади...

 

Фақат истеъдод билан узоққа бориб бўлмаслиги – кундек равшан; ижодкор тинмай ўқиб-изланиш, муттасил меҳнат билан камолга етади. Аммо бу ҳам ҳали ҳаммаси эмас. Унинг ёнида яна бир таянч – эътиқод турмоғи керак. Шу уч устундан бири омонат бўлса, истеъдод биноси қулайди.

 

6

Бугун яна бир ҳол – бутун бир авлодни назар-писанд қилмаслик, уни эътибордан атай четда қолдириб, ёлғизлатиб қўйиш кузатилмоқда. Бу – янада зарарлироқ. Оқибатда қишлоғидан не-не орзулар билан келган истеъдод тош шаҳардан ўзига тиргак тополмай, чор-ночор ортига қайтиб кетмоқда. Қиш­лоғида эса уни кетмони ва қўраси ёки, нари борса, ўқитувчилик касби кутяпти. У шунинг билан адабий орзуларини тарк этади. Чунки муҳит йўқ жойда истеъдоднинг тириклайин тупроққа кўмилиши – аччиқ ҳақиқат.

 

Мен баъзан катта авлод вакилларидан “бизнинг давримизда фалончи ижодкор бир ёш шоирга уй олиб беришга кўмаклашган эди” қабилидаги гапларни эшитиб, қулоқларимга ишонмай қоламан. Наҳотки, дейман ўзимга-ўзим. Ахир, ҳозир вазият бутунлай бошқача-ку. Айрим “устоз”лар бошпанали бўлишга ёрдам бериш у ёқда турсин, “бу бола амалкурсимни тортиб олмасин” деган хавотирда ёшларнинг тезроқ тагига сув қуйиш пайида бўлса. Хўш, бунинг эътиқодга қанчалик алоқаси бор? Гап шундаки, эътиқодли инсон бошқаларга ҳам одил муносабат кўрсатади. Каттами-кичикми, қўлидан келганича ёрдам беради. Ҳамқавми кўмакка муҳтож бўлиб турганда бемалол даврини суриб юравермайди.

 

Ҳозир яна бир иллат – хушомад айниқса томир отган. Бу чин ижодкорга ҳақорат! Чунки у бунинг учун туғилмаган! Шу боис “Саройнинг сўнгги шоири” новелласини ёзган Николай Гумилёв хато қилган кўринади. Чунки улар ҳамон тирик...

 

Негадир, ҳар икки ҳодиса бизга азалий “мерос”дек туюлади. Чунки бир пайтлар Усмон Носирни ажал комидан қайтариб олиш имкони бўлатуриб, қалам аҳли шоирга ёрдам қўлини чўзмаган экан. Бу воқеа аёл боши билан Иосиф Бродскийни қамоқ ва сургундан олиб қолган Анна Ахматова жасоратини ёдга солади...

 

7

Замонавий шеъриятимизнинг салмоқли қисмини ватан мавзусидаги шеърлар ташкил этади. Уларни ўқирканман, “Ватанни тинч қўйинг, ундан сиз тама қилмаган нима қолди, ўзи?” дегим келади. “Юртим, сени фақат бойликларинг-чун / Севган фарзанд бўлса, кечирма, асло!” дейман пичирлаб. Севган одам тама қилиши мумкинми, ахир? Жалолиддин Мангуберди онаси, аёли ва ўғилларини Амударёга чўктираётганда бу ҳақда ўйлаганмикан? Навоий ёки Бобурнинг хаёлига келганмикан бу? Мадаминбек бўғзига пичоқ тиралганда, Чўлпон, Қодирий ва Фитрат отилаётганда, Усмон Носир ақлдан озганда нималарни ўйлаган экан? Рауф Парфи-чи?!.

 

8

Алқисса, мен инсонда Худога бўлган ишончдан бошқа яна бир эътиқод бўлмоғи зарур, деб ҳисоблайман. Унинг негизида санъат ёки оддий касб-кор; Ватан, оила ё севимли инсон туриши мумкин. Не бўлса-да, ўша эътиқод тирикликка маъно бағишлайди. “Мен дунёга нима учун келдим?” деган саволнинг жавоби ҳам ўша. Тамасиз фидойиликка чорлаб, Ер юзидаги ҳаётни мунаввар айлагувчи жасорат...

 

Илоҳим, эътиқодимизга ҳамиша содиқ бўлайлик!

 

Насрулло ЭРГАШ

 

Tafakkurжурнали, 2019 йил 3-сон.

“Авлод ва эътиқод” мақоласи

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

16:11 / 22.11.2024 0 44
Мактаб амма





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10407
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//