
Қисқа вақт ичида жаҳоннинг қудратли империяларидан бирига айланишига Турк хоқонлигининг ҳарбий жиҳатдан бошқа давлатларга қараганда анча илғор бўлгани сабаб бўлган. Oyina.uz хоқонликнинг ҳарбий ҳаёти ва тактикалари ҳақида махсус мақолани тақдим этади. (1-мақола)
Қўшин бошқаруви ҳамда ҳарбий унвон ва эпитетлар
Хоқон барча нарсадан олдин “мангу эл”[1] (империя) хотиржамлиги, фаровонлигининг кафолати бўлиб‚ “эл”нинг бор бўлишининг асосий шарти ўлароқ беклар ва “бутун халқ”нинг хоқонга садоқати талаб қилинарди. Хоқон, битиктошлар тили билан айтганда “турк эли” учун, “турк халқи” учун “тунлари ухламаслик ва кундузлари (ишсиз) ўтирмаслиги” шарт эди[2]. Уруш ва сулҳ‚ жанг ва битим – барчаси “турк эли”нинг тинчлиги учун хоқон иродаси билан ҳал қилинарди. Бир сўз билан айтганда, хоқоннинг ҳарбий ва дипломатик ҳуқуқлари бутунлай чексиз эди.
Турк хоқонлигининг Ғарбда қўшинининг иккала қанотида хоқонлик оила аъзолари – ябғу, шад, тегин унвонли шаҳзодалар турган[3]. Хоқонликнинг ушбу вакиллари қарам қабилаларни бошқариш, солиқлар йиғишни ташкил қилиш билан биргаликда, уларни ҳарбий ишларга тортиш, урушларга олиб бориш ва ҳарбий юришларда бошчилик қилиш ишларини ҳам бажарганлар. Хоқонликда шаҳзода – тегинлар ўз қўшинига эга бўлиб, бирор ўлкани бошқаришга тайинлангандагина, “шад” унвонини олган.
Қўшин бошқарувида турклар олтин бўри бошли байроқлардан, буйруқларни етказишда эса муҳрли олтин найзали ўқлардан фойдаланишган[4].
Қўшин бошқарувини турли даражадаги ҳарбий амалдорлар олиб боришган. Улар орасида энг юқорилари – жабғу (ябғу), тегин, элтабар бўлиб, ушбу барча мансаблар отадан ўғилга мерос бўлиб ўтар ва Ашина хонадони аъзоларидан тайинланар эди.
Хитой йилликлари ва турк битиктошларида хоқонликда бўлган мансаб ва унвонлар сақланиб қолган. Хоқонликнинг бошқарувида қарийб 40 га яқин унвон ва элликдан ортиқ эпитетлар бўлиб‚ улар қуйидаги гуруҳларга бўлинган:
1) расмий: а) маъмурий; б) ҳарбий;
2) ижтимоий: а) диний‚ б) рамзий/фахрий.
Туркларда хоқондан кейин биринчи ўринда ябғу турган. Илк чоғларда “ябғу” хоқоннинг ўринбосари саналиб, одатда хоқонларнинг укалари шу унвонга эга бўлар эдилар. Шунинг учун ҳам, ябғу хитой йилликларида хоқондан кейинги биринчи шахс ўлароқ кўрсатилади[5]. Ундан кейин эса тегин бўлиб, у хоқоннинг ўғиллари – шаҳзодаларга бериладиган унвон бўлган. Одатда тегинларга бошқариш учун бирор-бир ўлка берилиб, қўшинга ҳам эга бўлган. Ҳокимият акадан укага эмас, отадан ўғилга ўтадиган бўлгач, тегинлар тахт вориси саналиб, ябғуларга қараганда уларнинг мавқеи юқорироқ бўлишига олиб келади. Тегинлардан сўнг элтабарлар турган.
Ябғу‚ шад‚ тегин‚ элтабар‚ тудун‚ тутуқ‚ чўр‚ тархон‚ эркин‚ инанчу‚ буйруқ каби ўнлаб унвонлар ва уларнинг олдида келувчи апа‚ инал‚ кул‚ тун каби кўплаб эпитетлар расмий мазмунда бўлиб‚ улардан кўпчилиги маъмурий бўлса‚ бир қисми ҳарбий эди. Айниқса‚ улар орасида тутуқ‚ чўр‚ тархон‚ эркин каби унвонлар кўпроқ ҳарбий англамдаги унвонлар бўлиши билан бирга қарам қабилаларни бошқаришга воҳаларга ҳукмдорлик қилишга юборилган маъмурларнинг унвони ўлароқ ҳам учрайди.
Хоқонликдаги унвонлар тизимида ҳарбий унвонлар ҳам ўзига хос ўрин эгаллаган. Дейлик‚ битиктошларда су¬боши‚ чабиш‚ бинг¬боши‚ бешюз-боши‚ юз¬боши‚ ўн¬боши каби унвонлар учрайди. Шунингдек‚ хитой йилликларида хоқонлик амалдорларининг унвони деб ча¬би¬ши / цзяби (чабиш) бир неча бор эслатилади[6]. Су¬боши луғавий томондан туркча су – “қўшин” ва баши – “бош, бошлиқ”‚ “қўшин бошлиғи‚ лашкарбоши” англамида эди. Чабиш (човуш) эса “қўшинда вазифадор шахс‚ лашкар бошлиқларидан бири” бўлиб‚ Маҳмуд Кошғарий уни “урушда сафларни тузатувчи‚ дам олиш вақтида аскарни зулм қилишдан сақловчи одам” кўринишида тушунтиради[7].
Хоқонликда ҳарбий унвонлардан бири бўлган бинг¬боши – “мингбоши”‚ бешюз¬боши‚ юз¬боши‚ ўн¬боши кабилар ҳам кўпроқ марказий ҳокимият ва қўшин қанотлари бошқарувида бўлиб‚ уларнинг бундай аталиши хоқонликнинг моҳиятан “ўнлик тизими”га эга ҳарбий империя бўлгани билан тушунтирилади.
Уруш сабаблари ва ҳарбий иттифоқлар
Бу кезларда минтақада қурилган давлат уюшмалари, дейлик, Турк хоқонлигининг ҳам стратегик нияти битта хоқон бошқаруви остида бирлашган ҳолда бутун дашт ва воҳалар бўйлаб ҳукмронлик қилиш, Буюк ипак йўлини ўз назоратига олиш ҳамда Ғарбий ва Шарқий Туркистондаги воҳа давлатларини ўлпончилик асосида ўз қўл остиларида тутиб туриш эди[8].
Маҳоратли турк жангчиларининг жанговарлик қобилияти ўша кезлар учун етарлича юқори бўлган. Улар деярли тинимсиз жангу жадаллар олиб борар, бутун атрофида душманлар ўраб олган бўлишларига қарамай, турли қабилаларнинг қаршиликларини қурол кучи билан йўқ қилиб, узоқ чақиримларга юришлар қилар эдилар[9]. Хитой йилликларида урғу берилишича, “турли давлатларнинг барчаси (унга – Турк хоқонлигига – М.Х.) бўйсунган. Ёйчилари 1 миллиондан ортиқроқ эди. Шимолий ажнабийлар (ханлик бўлмаганлар) ҳеч қачон бундай куч-қудратга эга бўлишмаган эди”[10].
Туркларнинг ғарбга юришида Муқан хоқон номигагина қатнашиб, барча урушлар унинг амакиси – Ғарбий Чегара вилоятларига қаровчи Истеми ябғу (юнонча Силзибул, Дизавул; арабча Синжибу; 575 йилда ўлган) томонидан олиб борилади. Турклар ғарбга жуан-жуанларни енггач – 554 йилдан юриш бошлаган бўлса[11], 555 йилиёқ турк қўшинлари Ғарбий денгизгача[12] – Шарқий ва Ғарбий Туркистоннинг бутун дашт теграларини, Сирдарёдан Орол бўйларигача бўлган ерларни қўлга киритган эдилар.
Тез орада Сосонийлар сулоласи ва турклар ўртасида эфталларга қарши иттифоқ тузилади. Муқан хоқон 554 ёки 557 йилда форсларга элчи юбориб, икки томонлама борди-келди ва ишончни мустаҳкамлаш учун амакиси Истеми ябғунинг қизи Асна (арабча Асна ёки Факим, арманча Кайэн)ни Сосонийлар шаҳаншоҳи Хусрав I Анушервон (531–579)га турмушга беради[13]. Бу иттифоқдан хавотирга тушган эфтал шоҳи Гатфар туркларнинг Суғд орқали ўтаётган элчиларини ўлдиртириб юборади. Ҳар иккала томон ўртасидаги уруш бўлиши аниқ бўлиб қолганда, Хусрав Анушервоннинг Балх яқинида 562 (563) йили эфталларга зарба бериши билан бошланиб кетади. Шу йилиёқ турклар ҳам эфталларнинг ерларига бостириб киради ва ўртадаги хал қилувчи уруш 565 йилда Нахшаб яқинида бўлиб ўтади. 8 кунлик қаттиқ тўқнашув туркларнинг тўла ғалабаси билан тугайди[14].
Хусрав Анушервон ва Истеми ябғу ўртасида эфталларнинг меросини бўлиб олиш учун бошланган келишмовчилик, ҳар иккала салтанатнинг турли хил иқтисодий қизиқишлари билан боғлиқ омиллар туфайли очиқ келишмовчиликларга олиб келади. Суғдлик Маниах бошчилигида савдо-сотиқни йўлга қўйиш учун Сосонийлар саройига юборилган элчилар келтирган ипак матолар уларнинг кўз ўнгларида ёқиб юборилиши Истеми ябғунинг муносабатларни ойдинлаштириш учун иккинчи бор форсларга турклардан иборат элчиликни юборишига сабаб бўлади. Бироқ бу элчилар ҳам қандайдир касаллик туфайли ўлиб, Форс салтанатидан бор-йўғи уч-тўрт кишигина тирик қайтиб келади[15].
Бир сўз билан айтганда, Истеми ябғу Сосонийлар шаҳаншоҳини элчиларини атайлаб заҳарлаб ўлдирганликда айблаб, унга қарши уруш бошлайди. Шу билан бир вақтда ябғу форсларга қарши Византия билан иттифоқчилик (567–568)ни йўлга қўяди. Улар ўртасидаги илк тўқнашув турк қўшинларининг Амударёни кечиб ўтиб, Журжон (Гургон)даги бир қанча бой шаҳарларни эгаллаши билан бошланади, бироқ 569 йили улар яна Суғдга қайтиб келадилар[16].
Ғарбий Турк хоқонлигининг энг юксалган кезлари ҳам Тарду хоқоннинг неваралари Шэгуй хоқон (610–618) ва Тўн ябғу-хоқон (хитойча Тун-шэху; 618–630) отлари билан боғлиқ. Шегуй хоқон сосонийларнинг қўлига ўтиб қолган Амударёнинг юқори ҳавзаларидаги ўлкаларни қайтадан ўзига бўйсундиради ва Форснинг шимоли-шарқий теграларига ҳужум уюштириб, Исфахон, Рай каби шаҳарларни қўлга киритади[17].
Шегуй хоқон бошқаруви чоғларидан кучая бошлаган Ғарбий хоқонлик 618 йилда ҳокимиятга келган укаси Тўн ябғу-хоқон даврида ўзининг энг юксак чўққисига чиқади. Хитой тарихчилари бу хоқонга сиёсий ва ҳарбий арбоб ўлароқ юқори баҳо беришган: “Тўн ябғу хоқон мард, ўйлаб иш кўрадиган, ақлли эди. Унинг ҳар бир жанги ғалаба билан тугар, шунинг учун ҳам телэларни ўзига бўйсундирди...”[18].
Тўн ябғу-хоқон 618–619 йилларда Форсга Ҳиндукуш, Гургон ва Шарқий Кавказбўйи йўналишлари бўйлаб ҳужум уюштириб, унинг Гургон, Рай ва Исфахон каби шаҳарларини эгаллайди. Ушбу ўлкаларни бошқариш учун эса элтабар ва тудунлар юборади[19].
626 йилда Тбилиси яқинида Византия императори Ираклий (610–641) ва Тўн ябғу-хоқон (юнонча Зиебил) билан бўлган учрашув византия манбаларида қуйидагича тилга олинади: “Зиебел ва ёнидагилар императорнинг олдида эгилиб, таъзим қилишди, император эса тожини ўз бошидан олиб, Зиебилнинг бошига қўйди. Ва қизи малика Евдокияни унга беришга ваъда беради”[20].
Византия императори Ираклий (610–641)нинг иттифоқчиси ўлароқ Тўн ябғу-хоқоннинг ўғли бошчилигидаги турк қўшинлари ва уларга бўйсунувчи хазарлар Озарбайжон ва Грузияда форслар қўшинини енгиб, Дарбанд, Тбилиси, Партавни эгаллаган бўлсалар[21], Хуросонда эса Тўн ябғу-хоқон Сосонийлар шаҳаншоҳи Хусрав Парвизни тор-мор этади. Изланувчилар ушбу воқеаларни Сосонийлар салтанатининг қулашини бошлаб берган сабаблардан бири деб қарайдилар. Турк хоқони эндиликда Сосонийларнинг ички ишларига тўла аралашиб, ҳатто, шаҳаншоҳни тахтга ўтказишга ҳам эришадилар[22].
Стратегия: разведка ва жанг тактикаси
Турклар удумига кўра, хоқонлар қўшин жанговарлигини ошириш учун бир қатор тадбирларни бажарганлар. Бунга VII юзйилликнинг ярмига тегишли хитой йилликларида ёзилган, хоқонлар “доимий жанг қилиш, қиличбозлик ва ўқ-ёй отиш машқларини амалга оширар, овга чиқардилар” деган билгилар яхши ўрнак бўлади.
Турк хоқонлигининг ҳарбий санъати учун Туркистон чорвадорлари анъанаси каби от билан жанг қилиш усули хос эди. Ҳужумни олдин ёйдан бирор чақиримдан туриб ўқ узиш билан бошлаб беришган. Бу вазифани кўпроқ ўқ-ёй билан қуролланган енгил отлиқ гуруҳлар бажаришган. Жангнинг ҳал қилувчи чоғида эса урушга оғир қуролли отлиқлар кирган. Улар душманга зич сафга тизилган ҳолда найзалар билан хужум қилишган. Шу тариқа улар душманни яқин чақримда туриб уруш қилишга мажбур қилишган. Бундай ҳужум эса фойда бериб, душман чидай олмай, кўп ўтмай чекинган. Зирҳли отлиқлар эса ҳужумда давом этиб, душманни бутунлай қириб ташлаш билан жангни тугатишган. Шу ерда Турк хоқонлиги қўшинлари душманни энг охиригача таъқиб қилиб бориб, уни бутунлай тор-мор қилмагунларича тинчишмаслигини айтиб ўтиш керак. Ўрнак учун, жуан-жуанларни улар то Европагача қувиб боришган[23].
Ёрдамчи пиёда гуруҳларнинг жангдаги қатнашуви эса аралаш жанг усули қўлланилганида ёрдам берган. Душманнинг ҳужумини ўқ-ёй билан қарши олишда улар қўл келган[24]. Вазият тақозо этганида айрим турк отрядлари душманга турли тарафдан ҳужум қилган ҳолда мустақил ҳаракат қилишган.
Византиялик ҳарбий мутахассис Маврикий (VII юзйиллик биринчи ярми) ўзининг “Стратегикон” деган битигида туркларнинг тактик усулларини шундай тасвирлайди: “энди турклар ва аварлар ҳам жанговар тартибда тизилишади... Улар жанговар қўшинни румликлар (византияликлар кўзда тутилмоқда) ва форсларга ўхшаб бир чизиқ бўйлаб жойлаштиришмайди”[25].
Хоқонликда хабарлашув – ўзаро алоқа боғлаш ҳам йўлга қўйилган бўлиб, душманга қарши режалаштирилган ҳарбий фаолият ўзаро хат-хабарлашувлар орқали амалга оширилган. Шундай мазмундаги ёзишмалар суғд ва бақтр тилли ҳужжатлар орасида сақланиб қолган[26]. Хатлар Суғд, Тўхористон ёки Кобулистон ҳукмдорларига тегишли бўлиб, уларнинг айримларида хоқон томонидан “топшириқ келгани” ёки “ёрлиқ юборилгани”, ё бўлмаса, ушбу ҳукмдорликларнинг арабларга қарши ҳарбий ёрдам сўраб, хоқонга хат орқали юзланишганини кўрсатади.
Ҳарбий истеҳком – қўрғонлар
Евроосиёда ҳарбий мудофаа иншоотларини қуриш удуми узоқ мингйилликларга бориб тақалиб, чегара чизиқларида мустаҳкамланган манзилгоҳлар ва яшириниш учун қўрғонлар, қасрлар ва ҳукмдорларнинг қароргоҳлари қурилгани бунга яхши ўрнак бўлади. Чорвадорлар жамиятида давлатларнинг юзага келиши билан ҳарбий иншоотларнинг аҳамияти янада ортди[27]. Чорвадорлар империясининг сув ёки қуруқлик йўллари бўйлаб унча катта бўлмаган истеҳкомлари қад кўтаради. Бироқ бундай истеҳкомларнинг ҳеч бирида аҳоли доимий яшаган эмас, улар фақат жанг вақтларида захира омбори ва мудофаа ерлари вазифасини ўтаган[28].
Хоқонлик воҳа давлатларини бошқариш учун уларнинг ҳудудида ҳарбий гарнизонлар қурган. Ана шундай гарнизонлардан бири, Бешбалиқ шаҳри бўлган. Ёзма битикларда келтирилишича, Ғарбий турк ҳукмдорларидан бири хоқонликка хирож ва солиқ етказиб турган Гаочанни қўриқлаш учун Бешбалиқда гарнизон қурдирган. Гаочандан 125 км шимолдаги бу гарнизон ўз ўрнашувига кўра, ташқи хавфлардан ҳимоялаш учун стратегик томондан қулай бўлган[29].
Хоқонлик қўшинларига мўлжалланган махсус қароргоҳ шаҳар-қўрғонлар бўлган. Ана шундай қароргоҳ ва гарнизонлардан яна бири – Жабғукат (Оқота шаҳар харобаси) шаҳри эди. Жабғукат Бинкатдан шимол томонга олиб борадиган ўрта аср савдо йўлида бўлган илк шаҳарлардан бири бўлиб, “чиройли бу шаҳар қадимда Чочнинг ҳарбий лагери – лашкаргоҳи эди”[30], “ички мудофаа деворига эга ҳарбий лашкаргоҳ”[31] бўлган. Истахрий Чочдан Илоққа олиб борувчи йўлдан шарқда, Турк дарёси (Чирчиқ) водийсида ўрнашган бўлиб, Чоч воҳаси Турк хоқонлигига кирган чоғда илк турк ҳукмдорлари қароргоҳи ўлароқ тикланган[32].
Жабғукатнинг қачон ва ким томонидан қурилгани аниқ эмас. Олдинига В.В. Бартолд собиқ Ниёзбек қалъаси ўрнида бўлган ушбу шаҳар отини туркча ябғу (жабғу) унвони билан боғлаган ва “Жабғу шаҳри”ни англатади, деб чамалаган эди[33]. Ю.Ф. Буряков ҳам хон қароргоҳи ўрнидан қад кўтарган туркча аталган шаҳарлардан бири бўлган, деб қараган[34].
555 йили эфталлар ва турклар орасидаги чегара Сирдарё ҳавзалари ва Тошкент воҳаси саналиб, билгиларга кўра, VI юзйилликнинг 60-йилларида Истеми эфталларга қарашли ўлкалардан энг биринчи Чочни қўлга киритган эди[35]. Худди шу воқеалар билан боғлиқ ҳолда Жабғукат олдинига ҳарбий мақсадлар (қўшин сақлаш, қўшиннинг ҳарбий тайёргарлиги каби) учун мўлжаллаб қурилган бўлиши керак. Эҳтимол, Истеми бошчилигидаги туркларнинг эфталларга қарши кейинги юришларида Жабғукат ҳарбий база – қўрғон вазифасини ўтагандир.
Бу каби ҳарбий қароргоҳ-қўрғонлар биргина ҳарбий мақсадлар учун эмас, балки вазият талаб қилганида бирор вақт олий ҳукмдорларнинг ҳам яшаш ерлари бўлган. Шунингдек, урушлар чоғида унинг атрофидаги чорвадор аҳолига яшириниш имконини берган[36].
Тўхтам
Туркларнинг ҳарбий иши минтақадаги бошқа давлатларнинг ҳарбий иш ривожига сезиларли таъсир кўрсатган. Византиялик ҳарбий мутахассис Маврикий юнон қўмондонларига доимо авар ва туркларнинг тажрибасини қўллаш кераклигини уқдирган. Ушбу насиҳатлар, энг олдин, қурол-яроғларга тегишли бўлиб, дейлик: “Жангчининг кийими худди аварларникидек, кенг, узун ва чиройли бўлиши керак” ёки “...отларнинг тумшуғи ва кўкраги худди аварларники сингари қуроқ бўлаклари билан бўлса-да, қопланган бўлиши керак, улар, айниқса, жанг вақтида олдинда бўлувчи отлиқларнинг отларини бўйин ва кўксини ҳимоялаб турсин. Эгар устида иккита темир узанги, арқон ва озиқ-овқат учун қопчиқ бўлиши керак. Отнинг белида тўртта, бошида ва иягида биттадан попуги бўлиши керак”. Шунингдек, “чодирлар аварлар ва туркларникига ўхшаб яхшилаб тикилиши керакки, чунки шундай чодирлар ҳам чиройли, ҳам қулайдир”[37] деб уқтирилган.
Юқорида кўриб ўтилганидек, Турк хоқонлиги ўз даврида ҳарбий томондан илғор бўлган. Ўнлик тизимга таянилган доимий қўшин – кўпроқ ҳар бири 10 мингдан жангчи етказиб берувчи “Ўн Ўқ” тузилмаси доимий ҳозир бўлган 100 минглик қўшин бўлган. Хоқонликнинг кўп сонли, интизомли ва тезкор отлиқ қўшинга эга бўлгани ҳам ўша чоғларнинг қудратли салтанатларидан бирига айланишига йўл очиб берган.
Шунинг учун, Турк хоқонлиги Сосонийлар, Византия ва Суй ва Тан салтанатлари устидан устунлик қилиш ва доимий ўз чегараларини кенгайтириб боришга эришган. Турк хоқонлигининг бутун ўтмиши ҳарбий юришлар ва қабилалараро урушлар билан тўла бўлишига қарамай, Жунғориядан то Қора денгизгача бўлган улкан теграда турк қабилаларининг ўзаро уюшишига ва бир қанча турк тилли халқлар этно-маданий муҳитининг шаклланишига негиз яратди[38]. Хоқонликнинг кучли ҳарбий ташкилоти эса Хитойнинг Тан ва Форс салтанатларининг тажовузкорона ниятларига тўсқинлик қила олди, кейинроқ Араб халифалиги босқинига ҳам бирмунча қарши тура олди.
Мунира ҲОТАМОВА,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори
________________________________________
[1] Мангу эл – битиктошларда асосан бäнгу эл шаклида учраб, луғавий жиҳатдан “мангу (абадий) давлат” маъносини билдирган.
[2] Абдураҳмонов Ғ., Рустамов А. Қадимги туркий тил. Т., 1982. – Б. 90-91, 107.
[3] Бичурин Н.Я. Собрание сведений о народах ... Т. 1. – С. 292.
[4] Худяков Ю.С. Вооружение средневековых кочевников... – С. 166.
[5] Бичурин Н.Я. Собрание сведений о народах ... Т. 1. – С. 229.
[6] Бичурин Н.Я. Собрание сведений о народах ... Т. 1. – С. 250.
[7] Кошғарий, Маҳмуд. Туркий сўзлар девони (Девону-лугат ит-турк) / Таржимон ва нашрга тайёрловчи С.М.Муталлибов. 1 жилд. Т.: Фан, 1960. – Б. 349.
[8] Худяков Ю.С. Вооружение средневековых кочевников... – С. 136-137, 169.
[9] Худяков Ю.С. Вооружение средневековых кочевников.... – С. 168.
[10] Кюнер Н. В. Китайские известия о народах Южной Си¬бири, Центральной Азии и Дальнего Востока. М., 1961. – С. 327.
[11] Гумилев Л.Н. Древние тюрки. М., 1967. – С. 34.
[12] Ғарбий денгиз – бу ерда Орол ёки Каспий денгизларидан бири кўзда тутилмоқда. Л.Н.Гумилев Фирдавсийнинг Истами ябғунинг чегараси: “Чин (Хитой)дан Жайхун (Амударё) қирғоқларигача ва Чочнинг у томонидаги Гулзариун (Сирдарё)гача” деб кўрсатиб ўтганлигини хисобга олиб, бу ерда Орол денгизини тушиниш керак деб ҳисоблайди. Гумилев Л.Н. Древние тюрки. М., 1967. – С. 35.
[13] Кляшторный С.Г. Хунны и тюрки // Восточный Туркестан в древности и раннем средневековье. М., 1992. – С. 134.
[14] Кляшторный С.Г. Хунны… – С. 134; Peter B. Golden. An Introduction... Р. 127.
[15] Пигулевская Н.В. Византия на путях в Индию. М-Л., 1951. С. 203-204.
[16] Кляшторный С.Г. Хунны… – С. 134-135.
[17] Бобоёров Ғ.Б. Марказий Осиёда VI-VIII асрларнинг 2-ярмидаги сиёсий-этник жараёнлар (Ўрхун-Энасой ёзувидаги манбалар асосида). Тарих фанлари номзоди даражасини олиш учун ёзилган дисс-я. Т., 2003. – Б. 33.
[18] Бичурин Н.Я. Собрание сведений ... Т. 1. – С. 283.
[19] Бобоёров Ғ.Б. Марказий Осиёда... 2003. – Б. 34.
[20] Brook K.A. Hazar – Bizans ilişkileri // Türkler, 2002. – S. 473.
[21] Golden P.B. An Introduction... 1992. – Р. 135.
[22] Бобоёров Ғ.Б. Марказий Осиёда... – Б. 35.
[23] Худяков Ю.С. Вооружение средневековых кочевников... – С. 168.
[24] Худяков Ю.С., Табалдиев К.Ш. Древние тюрки ... – С. 121.
[25] Маврикий. Тактика и стратегия. Перев. капитана Цыбышева. СПб., 1903. – С. 34. Иқтибос В.И.Распоповага кўра: Распопова В.И. Согдийский город и кочевая степь... С. 88.
[26] Согдийские документы с горы Муг. Чтение, Перевод. Комментарий. Вып. II. Юридические документы и письма / Чтение, перевод и комментарии В.А. Лившица. М., 1962. – С. 80-82; Sims-Williams N. Bactrian Documents from Northern Afghanistan. Oxford, 2000. – Р. 106-112.
[27] Худяков Ю.С. Древние и средневековые фортификационные сооружения в Южной Сибири и Центральной Азии // Военное дело и средневековая археология Центральной Азии. Кемерово, 1995. – С. 67.
[28] Худяков Ю.С. Древние и средневековые фортификационные сооружения… С. 67.
[29] Skaff K.J. VI – VIII. Asırlarda Türkistan Vahalarında Batı Türk Hakimiyeti // TÜRKLER, 2. cilt, Yeni Türkiye, Ankara, 2002. — S. 100.
[30] Hudud al-ʼAlam. The regions of the world. Translated by R.V. Minorsky. London, 1970. – Р. 117, 357.
[31] Буряков Ю.Ф. Историческая топография Ташкентского оазиса. Т., 1975. – С. 73.
[32] Бобоёров Ғ.Б. Марказий ... – Б. 113.
[33] Бартольд В.В. История культурной жизни в Туркестане // Соч., т. 2, ч. 1. М., 1963. – С. 230.
[34] Буряков Ю.Ф. Историческая топография ... С.
[35] Буряков Ю.Ф. Генезис и этапы развития городской културы Ташкентского оазиса. Т., 1982. – С. 122.
[36] Кызласов Л.Р. История Южной Сибири в средние века. М.: Высшая школа, 1984. – С. 145-147; Байпаков К.М. Городище типа «торткуль» // Археологические памятники Казахстана. А.-А.: 1978. – С. 89.
[37] Маврикий. Тактика и стратегия. Пер. капитана Цыбышева. СПб., 1903. – С. 17-18. Ихтибос В.И. Распоповага кўра: Распопова В.И. Согдийский город и кочевая степь... – С. 88.
[38] Кляшторный С.Г. Древнетюркская письменность и культура народов Центральной Азии // Тюркологический сборник 1972. М., 1973. – С. 254.
Адабиёт
Тил
Тарих
Санъат
Таълим-тарбия
Маънавият
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Ватандош
//
Изоҳ йўқ