
Опанинг айтишича, учоқдан тушиб азим Ўзбекистон тупроғига қадам қўяркан, ҳар гал бир энтикиб, бир хўрсинади. Қалбини адоқсиз соғинч, чексиз изтироб чулғайди...
***
Уловимиз бизни шаҳримизнинг ёруғ кўчалари сари бошлаб кетаркан, опа билан юз йилдан бери танишдек чақчақлашиб кетамиз. “Одамнинг туғилиб ўсган юрти барибир бошқачада, нима дедингиз?” дейди теваракка меҳр билан қараб бораркан секингина. “Албатта! Шунинг учун шаҳримизни яхши кўраманда!” дейман яқинда таъмирдан чиқарилган уйини меҳмонга кўз-кўзлаётган мезбондек ёйилиб. Зера опа яна сўзида давом этади. “Боя йўлдан ўтаётганимизда ёшларнинг гапларига эътибор қилдим. Ҳар бири ўз она тилида равон гаплашяпти. Ҳатто энди тили чиқаётган гўдак ҳам ўзбек тилида сўзлашга уриняпти. Бу халқ учун катта бахт. Ўз ўлкангда ўз тилингда эмин-эркин гапириш инсон учун – энг улуғ саодат”. Ғуссага қоришиқ бу сўзларни тасдиқлаш ёки билағонлик қилиб нимадир деб қўйиб, шу тобда ҳамроҳимнинг кўнглига ҳузун ташлаб қўйиш ҳадигида индамайман. Зера опа Ватани ҳақида гапираркан, унинг ҳар бир тоғ-у тоши, гул-гиёҳини меҳр билан таърифлайди. Айниқса, умри юрт соғинчига кўмилган Орзу исмли қиз ҳақидаги афсонани мириқиб тинглайман ва беихтиёр сочи тўпиғига теккан, тиниқ сарғиш юзига кўзёшлари томган соҳибжамол татар қизини хаёлан тасаввур қилиб кетаман...
Афсоналарга кўра, Қора денгиз атрофидаги Ялтага яқин қишлоқларнинг бирида Орзу исмли қиз яшаган бўлиб, у остона ҳатлаганда, жамолига Қримнинг азим тоғлари вазмин-вазмин боқар, булоқ шарқираб сув тилида ашъорлар тўқир, дов-дарахтлари беқарор шамолнинг сулув қиз ҳақдаги муаззам қўшиқларини тебрана-тебрана тинглашаркан. Кун келиб, Орзу қизни куёвга берадиган бўлишибди. Қўшни қишлоққа келин бўлаётган қиз узатар куни қадрдон булоғи билан хайрлашишга изн сўрабди. Бироқ уни ўша куни хоинлар тутиб олиб, Турк султони ҳарамига сотиб юборишибди. Дом-дараксиз кетган Орзудан кейин булоқ суви қуриб қолибди. Қиздан дарак топишганда эса энди Орзу султоннинг рафиқаси, бир ўғилчанинг онаси экан. Гарчи тўкис сарой ҳаётида яшаётган бўлсада, қиз Қримни жуда соғинар, деразадан Ватани томонга интизор термилавераркан. Ҳар гал султоннинг Қора денгиз томон йўли тушса уни ҳам олиб кетишини, узоқлардан бўлсада, юртининг жамолини кўришни сўраркан. Ва ҳар сафар Орзу Қора денгиздан ўтганда булоқ кўз очар, суви аввалгидек яна ўйноқлаб оқаркан. Шундан буён одамлар қачонки булоқдан сув чиқса, “Орзу Қора денгиздан ўтяпти” дейишаркан...
***
Зера опада ўзбекона самимият бор, Қрим татарларига хос дангаллик, ростгўйлик бор. Буёғини сўрасангиз, опа асли андижонлик. Водийнинг одамшиванда, меҳмондўст кишиларидан улгу олиб ўсиб-унгач, 1990 йилларда бутун миллатдошлари қатори қалбига Ўзбекистонни жойлаб, юрагидаги Қрим сари отланишади. Мана орадан кўп эмас, оз эмас ўттиз беш йил ўтиб туғилиб ўсган масканига зиёрат учун келган. Энди бунинг қанчалик ҳаяжонга, меҳр ва муҳаббатга тўла сафарлигини тасаввур қилиш қийин эмас.
– Ўшанда Андижонга юрагимни кўтариб учиб келдим, – дея эслайди Зера опа. – Ахир орадан шунча вақт ўтган, ҳам қувонч, ҳам қандайдир қўрқув қалбимда ҳукмрон. Уйимиз қишлоқнинг энг чеккасида эди. Маҳалламизга буриларканман тиниқ ариқлари, ўриклари шиғил пишган боғлари кўзимга оловдек кўринди. Уйимизнинг қаршисига бориб қараб туравердим, туравердим. Дилим ҳаяжонга, кўзим ёшга тўлиб борарди. Шу пайт дарвозадан бир келинчак чиқиб кўчага сув сепиб, супура бошлади. Ҳалиям қадриятларига содиғ-а, деган ёруғ ўй кечди бирдан. Қараб тураверибман шекилли зийрак келинчак ёнимга келиб салом берди-да, “Меҳмонмисиз, холажон? Кимникига келдингиз?”, деб сўради. Уйимизга ишора қилдим. Шунда жувоннинг порлаб турган нигоҳларига ҳайрат инди ва: “Вой, бизникига келдингизми?”, деди хурсанд бўлиб. “Шу уйда туғилганман”, дея олдим базўр. Келинчак ҳолатимни пайқаб, “Ҳозир”, деди ва шошиб уйига кириб кетди. Бир зум ўтмай уйнинг каттасини – қайнотасини бошлаб чиқди. Отахон билан салом-алик қилганимиздан сўнг:
- Хуш келибсиз, синглим. Қани уйга марҳамат, – деди хушмуомалалик билан. - Раҳмат. Мен зиёратга келгандим. - Кўрдим етади, – дедим. - Кимнинг қизи бўласиз? – сўради мезбон. - Отамни исми Баҳовуддин, онам Нажия эди, – дедим.
Мезбоннинг юзи бирдан ёришиб кетди. Худди қариндоши остонада туриб қолгандек:
- Ия, сиз Нажия опанинг қизимисиз? Қани, ичкарига киринг. Онаси қаранглар, –деб қўярда қўймай ичкарига олиб кириб кетишди.
Дарвозадан ҳатларканман, қани ҳовлига қадам боса олсам. Уйнинг ҳолати албатта ўзгарган, лекин менга ҳамма нарса болалигимни эслатарди. Худди биз олти опа-сингил ҳовлида қувлашмачоқ ўйнаб юргандек, онам тандир бошида нон ёпаётгандек... Бўғзимга соғинчми, аламми, армонми нимадир тиқилди... Ўша куни қўшнилар ҳам меҳмон келди деб, йўқлаб чиқишди. Ўтган-кетганларни, маҳаллада яшаган қримлик дўстларни алқаб эслашди. “Нажия холам ёпган нонларининг иси маҳалланинг бошига борарди-я, мазаси ҳали оғзимизда”, дейишди аёллар. Уларни жилмайиб эшитаман, соғиниб тинглайман. Водийча шевани, қадрли гўша одамларини кўриш, суҳбатлашиш қанчалик ёқимли. Мен ҳам хотираларимни бўлишаман.
Бу катта уйда икки оила яшаганмиз. Яъни деворнинг нариги тарафида қўшнимиз, буёғида биз. Энг қизиғи, ўртадаги девордан кирди-чиқдига битта эшик очилган, унга сира қулф урилмайди. Доим очиқ туради. Онам нон ёпса, қўшни хола нимадир пиширса бир-бировига илинишади. Айниқса, холанинг устига помидор қоқи, пиёз салати солиб чиқарилган ошининг мазаси ҳалиям эсимда. Қўшни аёл косада ош узатаркан, “Шу бугун ошим қисир бўлибди-да айланай, айбга буюрмайсиз” деса биз болалар тушунмасдик. Энди билсак, гўштсиз таомга шундай айтилар, аммо бу “қисирлик” ошга маҳтал бўлиб турган биз болаларга умуман билинмасди. Ана шундай гўзал кунларни кечиргандик.
Ўша куни маҳалла аёллари “ўзингизни ёлғиз юбормаймиз” деб қабристонга ҳам ҳамроҳлик қилишди. Раҳматли укамнинг, бувимнинг мозорини зиёрат қилдим. Қабристоннинг озодалиги, ҳатто бизникидек йўқловчиси йўқ қабрларнинг ҳам қамровли эканини кўриб дилим равшан тортди. Мана одамгарчилик, мана марҳумларга ҳурмат...
***
Зера опа билан тиғиз вақтимизни самарали кечирдик. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида, “Саодат” журнали таҳририятида, Алишер Навоий номидаги Ўзбек тили ва адабиёти университетида бўлдик. Ҳар бир даргоҳ опани чуқур ҳурмат ва эҳтиром билан қаршилади. Ҳатто аср билан тенглашаётган “Саодат” журнали жамоаси опани юбилей тадбирига таклиф этди. Ўз навбатида Зера опа ҳам муҳаррирлиги остида Қримда нашр этиладиган “NеnkeCan” журналида “Саодат” учун махсус сон ҳозирлашни, икки эл хотин-қизларини бир-бирига шундай нашрлар орқали яқинлаштиришни келишиб олишди.
***
Йўл бўйи опа халқининг сургунлик йиллари, бир кечада миллат ойдинларининг сўзсиз, сабабсиз йўқ қилингани, юртдошларининг бугунги орзу ва армонлари ҳақида сўзлади.
- Менинг Ватаним иккита. Ва ҳар бирида оға-инимдек, опам ва синглимдек азизларим бор. Ўзбекистон деганда бутун андижонликларни, сургун йиллари келиб, бугун шу ерда тинч ва тотув яшаётган татар дўстларимни, ардоқли ёзувчилар – Хайриддин Султон, Баҳодир Карим, Ғайрат Мажид, Мунавварахоним Усмонова, Қутлибека Раҳимбоева ва сиз каби жуда кўп ижодкорларни эслайман ва соғинаман. Ўзбекистон менга бугун бошқача қиёфада пешвоз чиқди. Ўзгаришлар билан, янги иморатлар, равон ва кенг кўчалар билан, айниқса, инсонлардаги миллий ғурурнинг ўсганини сезиб, хурсанд бўлдим. Бу миллат учун жуда муҳим. Фақат ўзбекларда бир нарса ўзгармабди.
- Нима экан? – ҳайрон бўлиб сўрадим.
- Ўзбекча оқибат ўша-ўша...
- Хотиржам бўлдим. Буни меҳмондан эшитиш ҳузурли ахир.
Кузатар чоғи нигоҳида самимият балққан Зера опа билан қадрдонлардек хайрлашдик. Назаримда, опанинг кўзлари дунёда сўзга, меҳрга, дўстликка эҳтиёж бор экан, шундай дилкўприклар бўлаверади, деётгандек эди…
Наргиза АСАДОВА
Санъат
Тарих
Тарих
Ватандош
Тарих
Тарих
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Ватандош
//
Изоҳ йўқ