
“Авесто”нинг илк нусхалари асосида сосонийлар (милоддан аввалги VI–III аср) даврида 21 китоб ҳолида йиғилган, бизгача уларнинг чорак қисми етиб келган. Тикланган матнга “Занд” номи билан шарҳлар битилган. “Авесто” тўрт қисмдан иборат: Ясна (“Диний маросимлар”), Яшт (маъно жиҳатдан Яснага яқин), Виспарад (“Барча Илоҳлар ҳақидаги китоб”), Вендидод (“Ёвуз руҳларга қарши қонунлар мажмуаси”). Қадимги Турон аҳолисининг табиатга бўлган муносабати “Авесто”да ўз аксини топган. Унда инсонни бутун умри давомида табиатни (сув, тупроқ, олов, ҳаво ва ҳ.) тоза ва бус-бутун асрашга чақиради. Агар инсон деҳқончилик ва суғориш ишларини юракдан бажарса, у Худонинг иноятига сазовор бўлади. Ер ҳайдаб дон эккан киши иймонни озиқлантирган бўлади, деб ёзилган. Шу билан бирга, инсонни яхшиликни ёмонликдан ажратишга, ҳалол, пок бўлишга чақиради. Меҳнат қилиш эса мўл-кўлчиликка олиб келади. Бу ўз навбатида ёвузликни ҳайдайди, инсон ҳаётини кўркам ва обод қилади, деб уқтиради [Авесто: 36]. Демак, бундан камида 2700 йил аввал инсоннинг тозалик, табиатга муносабати ва ундан тўғри, ҳалол фойдаланиш умуминсоний қонуният даражасига кўтарилган.
Китобнинг барча қисмларида, хусусан, “Вендидод”да табиблар тайёрлаш, уларнинг бурч ҳамда вазифалари, табобат амалиёти, касалликлар таснифи, уларнинг пайдо бўлиш сабаб ва омиллари, беморларни даволаш усуллари, муолажанинг энг оммавий, фаол усуллари, доривор ўсимликлар, уларнинг таснифи, ноёб доривор гиёҳлар ҳақида бир мунча қимматли маълумотлар мавжуд. Бундан ташқари уй-манзил, жамоат жойларини, атроф-муҳитни, табиатни муҳофаза қилиш, тоза тутиш, шахсий озодаликнинг турли жиҳатлари ҳақида ҳамон ўз қимматини йўқотмаган маслаҳатлар, тавсиялар кўп.
“Авесто” матнида замин, хона, бадан, кийим-кечак, озиқ-овқатларни тоза тутиш ва сақлаш қоида – низомига алоҳида эътибор берилган. Унда қабристонларни шаҳар ва қишлоқлардан йироқда, баландликда жойлаштириш, уни махсус девор ёки чўп панжаралари билан ўраб қўйиш, мурдашўй (гўрков ёки ювгич)ларнинг махсус тозаликка риоя қилиши уқтирилган. “Одам ёки ит мурдаси теккан ерда бир йилгача экин экиш мумкин эмас” дейилади. “Вендидод”да мурда теккан либос, ерларни қатрон қилиш, ўликни дафнгача махсус жойда асраш, унинг либосларини махсус панада сақлаш, уни бараҳна (яланғоч) ҳолда қўйиш ва бошқа омиллар хусусида фойдали маслаҳатлар мавжуд. Бир ҳайвон ёки парранда ўлигини ўз вақтида халқ назаридан олиб, ерни чуқур ковлаб, кўмиб қўйиш йўли билан юртда микроб ёки касал тарқалишининг олди олинган. Зардушт дейди: “Ростини айтсам, қуёшу ой ҳамда юлдузлар ҳам нопоклардан азият чекади. Мурда чиққан хонани пок этмоқ учун танани уч маротаба ювиб, кийимларни ҳам уч маротаба ювиб, қатрон қилмоқ лозим. Албатта, ўша лаҳзаларда гоҳларни ўқиб турмоқ шарт. Шундан сўнггина бу хонага бошқаларнинг кириши мумкин”. Худди шу ўринда сувни, оташни, умуман, барча ҳаёт манбаларини булғаган, уни нобуд этган “одамлар дўзаҳийдирлар” деб қайта-қайта уқтирилади [Авесто: 8].
Маълумки, зардуштийлик дини тарқалган илк пайтларда ўликни куйдириш ёки ўлимтикхўрларга едириш удуми бўлган. Масалан, мурда тоғ ёки баланд тепаликда ясалган махсус супага қўйилган. Ҳайвон ёки қушлар еб кетгач, суяклари йиғиштириб олиниб, кўмилган ё бўлмаса махсус жойда, идишда сақланган. Марҳумнинг суякларидан бирини ёки калла чаноғини сақлайдиган бундай хум ёки суякдонлар илм-фанда “остадон”, “оссуарий” деб юритилади. Бундай остадон намуналари Хоразм, Фарғона, Тошкент воҳаларида археологлар томонидан кўплаб топилган. Ҳаёт ривожланиб, илм-фан, маънавият юксалгач, бу одат ҳавони булғаши, мурдани еган ҳайвон ёки қушлар сув ҳавазаларига теккач, турли касалликларнинг тарқалишига сабаб бўлаётганини сезиб, ўликни ювиб, махсус кафанга олиб, муайян чуқурликка кўмиш, захкаш минтақаларда эса сағаналарда сақлашга қарор қилинган. Ўликни куйдириш одати ҳам атроф-муҳитнинг покизалигини асраш мақсадида, ўтин танқислигининг олдини олиш учун ман этилган.
“Авесто”да инсонлар ҳамиша ювиниб, тараниб юриши, инсу жинсларнинг нафаси тегмаслиги, ҳаводаги қўланса нарсалар ўтириб қолмаслиги учун қалпоқ кийиб, ёпинчиқ ўраб юриш тавсия этилади. Бир кунда юз-қўлни бир неча марта ювиш, тиш, бурун, қулоқларни тозалаб юриш алоҳида уқтирилган. Масалан, сочиқ, тиш ювиш воситаларини махсус жойда асраш, олинган соч ва тирноқларни одам яшайдиган жойдан нарига, эллик қадам узоқликка, мушук, итлар кавлаб чиқара олмайдиган даражадаги чуқурликка кўмиб қўйиш тавсия этилган. Чунки зардуштийларда танадан жудо бўлган ҳар бир нарса мурдор (нопок) ҳисобланган. Уй, ҳовли эшиги олди, кўчага чиқинди тўплаб қўйган уй бекаси 25 дарра калтаклаш билан жазоланган. Ҳовуз, чашма ва ариқ бўйига мевали дарахт ўтқазилмаган. Чунки бир дона мева сувга тушиб чириса, “юз минг микроб” тарқатиши мумкин деб ҳисобланган.
“Кимда-ким мурдор ерни пок этувчини хушнуд этса, у оташга хушнудлик бахш этади, сувни, ерни, дарахтларни, эътиқоди бут аёлу эркакларни хушнуд этади”, “Гўристон ери эллик йилдан сўнггина ўзининг олдинги пок ҳолатига келади” сингари фикрлар ёдгорликнинг турли қисмларида кўп учрайди. “Авесто”да ана шундан кейингина бундай заминга мевали дарахтлар ўтқазиш ёки у ерда экин экиш билан шуғулланиш мумкинлиги уқтирилган. Шунингдек, унда хонаки ҳайвонлар: қўй, эчки, сигир, хачир, эшак, от, туя ва бошқаларни сақлаш ва парвариш қилиш озодалиги хусусида ҳам фойдали маслаҳатлар мавжуд. Ўз итини ўлдириб, унинг мурдасини чириб, микроб тарқалишига сабаб бўлган киши бир аскарга от, дубулға, совут, қалқон, этик, каманд (сиртмоқли арқон), камон, найза, гурзи, палахмон олиб беришдек жарима тўлашга мажбур қилинган.
Инсон ёки ҳайвон ўлиги тушган сой, ариқ, ҳовуз, қудуқларни бир неча марта қатрон қилиш (сувга тўлдириб бўшатиш, ёмғир суви билан ювиб) таъкидланади. “Аҳурамазда жавоб беради: ўт-ўланлар ҳамда мевали дарахтлар экилган, сувлари ҳамиша равон бўлган замин энг яхши ердир. Аёл ва фарзандлари сарсон ва саргардон юрадиган ер энг ёмон заминдир”. Атроф-муҳитни, кўча-кўйни, бутазорлару ўтлоқларни, ерни ифлос қилган ва уни асраш қоидаларини бузган шахслар “400 қамчи уриш жазосига” гирифтор қилинган.
Инсон яшаётган хонадаги обрез (уйнинг бурчагидаги сув тўкадиган жой)да, алоҳида ясалган хонада ювиниш ёки чўмилиш қатъий ман этилган. Чунки ювиниш жараёнида инсон аъзоларидан чиққан кир ва қўланса ҳид яна буғланиб, нафас йўли орқали баданга кириб, оғир касалликларни пайдо қилиши мумкин.
“Авесто”даги муҳит тозалигини сақлаш ва касалликларнинг олдини олиш воситаларини қуйидаги гуруҳларга бўлиш мумкин:
1. Чиқиндиларни беркитиш, ифлосланган жойларни тупроқ, тош, қум билан кўмиб ташлаш. Шу йўл билан микроблар ўлдирилган ёки камайган.
2. Оташ, иссиқлик ва совуқлик таъсири билан йўқотиш. “Авесто”да оташ покловчи ва офатни кетказувчи восита ҳисобланади. У билан ҳатто кийим-кечакларни турли микроблардан тозалаб, зарарсизлантириш мумкин.
3. Кимёвий йўл: кул, сирка, шароб, турли гиёҳлар (исфанд-исириқ, михик, фиф, садаф, пиёз, алое, сандал) тутатиш йўли билан. Буларнинг кўпи ҳозир ҳам микроб йўқ қилувчидир. “Вендидод”нинг 6-бобида шамол, ҳайвон, парранда, пашша орқали турли касалликлар тарқалиши таъкидланиб, унинг олдини олиш йўллари кўрсатилган.
Касаллик тарқатадиган ҳайвон ва ҳашаротларни йўқотишга даъват этилган ҳолда, “Авесто”да уй жониворларини эҳтиёт қилишга чақириқ кучлидир. “Вендидод”да бир уй итини ўлдирган киши ўн минг барсум, ўн минг руҳиятни тетиклаштирадиган ўсимлик барги жарима бериши лозим бўлган. Шунингдек, у мингта эчкиэмар, мингта сув қўнғизи, касал тарқатуви пашшани ўлдириб, гуноҳини ювиши лозим”. Уй ҳайвонларидан мушук ва итларни боқиш қоидасига риоя қилиш, парранда ва ҳайвонларга беҳуда озор бермаслик, уларнинг бемаҳал ўлимига сабаб бўлмаслик уқтирилган. Ов тозиси, чўпон кучуги, хонаки итларни эҳтиётлашга даъват ёдгорликда анча кучли.
“Вендидод”нинг 5 ва 11-бобларида доимий бадантарбия билан шуғулланиш, кунда юз-қўлни бир неча марта ювиш, сочни тоза тутиб, тирноқларни тез-тез олиб, тозалаб туриш тавсия этилади. Инсон меъёри билан доим тўқ юриши, гўшт истеъмол қилиши лозимлиги таъкидланган.
“Авесто”да иссиқлик, совуқ ҳаво, очлик, пурхурлик, руҳий изтироб, бузилган таом ейиш, тозаликка риоя қилмаслик, Аҳриман юборган қурт, пашша ва бошқа ҳашаротлар, ёмон ҳаво касалликларнинг асосий манбайи дейилади. Унда 9999 касалликни Аҳриман пайдо қилган, дейилади.
Бундан ташқари ёдгорликда фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш, яйловлар, бутазорларни пайҳон қилишга йўл қўймаслик: экинзорлару боғ-роғларга, мевали дарахтларга зарар етказмаслик, атроф-муҳитнинг покизалигини асраш, чашма, қудуқ, ариқ, ҳовузларнинг тозалигига эътибор бериш хусусида ҳам ибратомуз фикрлар мавжуд. Масалан, ҳовуз лаби ёки ариқ бўйида мол боққан ёки ўша ерга отини боғлаган ҳар қандай шахс 25 қамчи калтакланиш билан жазоланган.
“Авесто”да келтирилишича, Зардушт энг муҳим тадбирлардан бири сифатида аҳолини тоза, яхши сифатли ичимлик суви билан таъминлашни кўрсатган. Аҳоли истеъмол қиладиган озиқ-овқат маҳсулотлари етарли ва яхши сифатли бўлиши кераклигини таъкидлаган. Зардушт тўғри овқатланиш масаласига алоҳида аҳамият берган. Етарли овқатланмайдиган халқ камқувват бўлади, болалари яхши ўсмайди, деб қайғурган [ Авесто: 58]. Китобда қон тўкиб қурбонлик қилиш ҳақида ҳам ёзилган. Аммо илоҳага фақат битта жонлиқ бағишланган – Зардушт оммавий қурбонлик қилишни инкор этган, чунки унинг фикрича, қурбонликлар, жасадлар касаллик ва нопокликни олиб келган.
Юқоридагилардан хулоса қилиш мумкинки, қадимги Турон халқлари диний, мафкуравий, кундалик турмуш тарзларида озодалик асосий ўринни эгаллаган. Шунингдек, “Авесто” матнларини таҳлил қилиш давомида тиббий қарашлар ҳамда табиатга бўлган муносабатнинг диний қоидалар асосида тартибга солинганини кўриш мумкин. Бу қоидалар ва шартлар аждодларимизнинг кейинги диний қарашларига, урф-одатларига, маросимларига, фольклорига ҳамда эстетик ва этик қарашларига ўз таъсирини ўтказган.
Аҳроржон АБДУҒАНИЕВ,
ЎзФА Тарих интиути кичик илмий ходими
Фото: Абдуманнон Муҳаммад
Фойдаланилган адабиётлар:
1. Авесто “Видевдот” китоби. Т. 2017.
Тил
Адабиёт
Тарих
Тарих
Таълим-тарбия
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ