
Муҳаммад Ёқуббек Бадавлат (Оталиқ ғозий) 1820 йил ҳозирги Тошкент вилояти Пискент тумани ҳудудида таваллуд топган. Отаси Пирмуҳаммад Мирзо Қўқон хонлигидаги Қурама қишлоғи қозиси, онаси эса пискентлик шайх Низомиддиннинг синглиси бўлган. 1845 йил Ёқуббек Тошкентда аскарликка чақирилади. Тоғасининг Тошкент қозиси бўлиб тайинланиши ва синглисининг Тошкент ҳокимига турмушга чиқиши муносабати билан унинг мавқеи тез орада кўтарилиб, дастлаб хон ўрдасида ишлашни бошлайди. Кейинчалик элликбоши, юзбоши, понсод (бешюзбоши) бўлган. Шундан сўнг, Чиноз ва Авлиёота (1846)га, кейин эса Оқмачит (1847)га бек қилиб тайинланади.
Муҳаммад Ёқуббек Оқмачит қушбегиси кезида рус босқинчиларига қарши курашда жасорат кўрсатгани учун ҳам Тошкент ҳокими уни чақиртириб, ботурбоши этиб тайинлайди. Бироз вақт ўтгач, Қўқон хони Худоёрхон Муҳаммад Ёқуббекни Хўжанд беги қилиб тайинлайди.
1864 йилда Шарқий Туркистонда Манжур империясининг зулмига қарши мустақиллик учун кураш бошланиб, бешта хонлик юзага келади. Кошғар хони Содиқбек Қўқон хони Саид Султондан ёрдам сўрайди ва Жаҳонгир Хўжанинг ўғли Бузрукхўжани Кошғарни бошқаришга таклиф қилади. Бузрукхўжа диний арбоблиги сабабли сиёсат ва ҳокимиятдан бехабар эди. Шу сабабли ҳам Саид Султон Бузрукхўжа билан биргаликда Ёқуббекни эллик аскарга бош қилиб Кошғарга жўнатади.
Кошғарга етиб келгач Бузрукхўжа хон, Содиқбек эса бош қўмондон деб эълон қилинади. Аслида эса барча ислоҳотлар Ёқуббек бошчилигида амалга оширилган. Ёқуббек Содиқбекдан бош қўмондонлик мансабини олиш мақсадида Бузрукхўжа билан унинг ораларига низо солади. Натижада, Содиқбек бир гуруҳ аскарлари билан қочиб кетишга мажбур бўлади. Содиқбекдан бутунлай қутулиш мақсадида аскарларига пул бериб, уни ўлдиртирган Ёқуббек бош қўмондонга айланади. Ёқуббек аскарлар сонини кўпайтириб, ҳарбий тайёргарликни оширади.
Ёқуббек унга қўшни бўлган Хўтан ҳокими Ҳабибуллони ҳийла йўли билан ўлдиртириб, шаҳарнинг бор бойлигини Кошғарга жўнатади. Ёқуббек Бузрукхўжа ва бошқа хўжалар номидан иш юргизиб, Или султонлигидан ташқари (мазкур хонликни 1871 йил руслар босиб олган) 4 хонликни (Қашқар, Хўтан, Кучор, Урумчи хонликларини) бирлаштириб Еттишаҳар Уйғур давлатини тузган. Хўтанни босиб олганидан сўнг Ёқуббек Кошғарга қайтгач, ҳийла йўли билан Кучарни ҳам босиб олишга эришади. Шиддатли жангда Рашид ад-Дин қурбон бўлади. Тян-Шан тоғларининг жанубий ерларини тўлиқ бирлаштиргач, Ёқуббек якка сиёсий ҳукмронлик мақсадида Бузрукхўжани ҳажга бориб келинг деб, алдов йўли билан тўрт минг тилла пул бериб Маккага жўнатади. Ёқуббек Кошғар, Хўтан, Кучар хонликлари ва Тян-Шан жанубидаги шаҳарларни бирлаштириб Еттишаҳар давлатига асос солади. Ҳукмдор сифатида ўзини “Ёқуббек оталиқ ғози” деб эълон қилади.
У Еттишаҳар давлатига асос солганидан сўнг Кошғарда Қўқон хони Саид Султоннинг отаси Маллахон номидан (1873-йилгача шу ном билан) олтин, кумуш ва мис тангалар зарб қилдиради. Тилла тангаларнинг олд томонига араб ёзуви асосида “Саид Муҳаммад Маллахон баҳодир”, орқа томонига эса “зарб дар – ас салтанат Қўқон Латиф” деб ёзилган эди. Бу тангаларни ўз номидан эмас, Муллахон номидан зарб қилишига қатор сабаблар бор эди. Булар, мусулмон давлатларининг қонуни бўйича хон авлодидан бўлмаган киши ҳокимиятни эгалласа-да, ўзини хон деб эълон қилолмас ва ўз номидан танга зарб ҳам қилолмас эди.
1866 йилда Ёқуббек Хўтанда кумуш танга пуллар зарб қилдирди. Бу ҳақда Муса Сайрами: “Ёқуббек Хўтанда бир мисқол шаръи оқ танга зарб қилди. Ва бу танганинг бир томонига араб ёзувидан фойдаланиб “зарб Хўтан латиф” деб зарб қилдирди” деб ёзади. Бироқ, айрим тангашунослар бу пулларни Хўтан ҳокими Ҳабибулло томонидан зарб қилинган деб талқин қилишади. Буни Эрмитаж музейининг нумизматика бўлимида Ҳабибулло подшо номи остида сақланаётган тангалар исботлайди.
Кошғарда тилла, кумуш ва мис тангалар зарб қилинган. Фақатгина кумуш пуллар Кошғардан ташқари Хўтанда ҳам (олд томони Кошғарда зарб қилинган тангаларга ўхшаш, орқа томонига араб ёзувида “зарб Хўтан латиф” деб ёзилган эди) зарб қилинган. Мис чақа пуллар Кошғарда зарб қилиниб, олд томонига Абд ал-Азизхон ва чақа пуллар зарб қилинган йиллар берилган. Танганинг орқа томонига эса зарб Кошғар деб ёзилган. Абд ал-Азизхон номидан тангалар токи унинг ўлими (1876 йил)га қадар зарб этилган. Вафотидан сўнг эса бир неча ой давомида султон Муродхон номидан зарб этилади.
Еттишаҳарда мустақил уйғурлар ҳукмронлик қилган даврда зарб қилинган олтин ва кумуш пуллар нафақат Шарқий Туркистон ҳудудидаги савдо-иқтисодиётда, балки унга қўшни бўлган ҳудудлар ва давлатларда, халқаро савдо-сотиқ муносабатларида ҳам тўсиқларсиз муомалада бўлган. Ушбу халқаро иқтисодий ва савдо омиллар сабабли қўшни давлатларда зарб қилинган пуллар ҳам Шарқий Туркистон ҳудудида муомалада бўлган.
Ёқуббек томонидан асос солинган Еттишаҳар давлатининг байроғи.
Ёқуббекнинг Қўқонлик ҳарбийлардан тузилган “Андижонликлар” деб номланувчи махсус гвардия қўшинлари.
Муҳаммад Ёқуббек ҳукмронлиги даврида Туркистондаги ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий вазият бутунлай ўзгарган эди. Сабаби, Чор Россияси аввало Қўқон, сўнгра Бухоро ва Хива хонликлари асосий ерларини босиб олган эди. Шу гоғда асли тошкентлик бўлган, Маккадан Кошғарга келган Эшон Саидхон қози тўра Ёқуббек билан кўришади ва уни Туркистондаги вазиятлардан бохабар қилади. Суҳбат сўнгида Саидхон қози тўра Ёқуббекка Туркия султони Абд ал-Азизхонга кўплаб совғалар билан элчи жўнатишни маслаҳат беради. Муҳаммад Ёқуббек ушбу маслаҳатга амал қилади. Саид қози тўра бошчилигидаги элчиларни султоннинг ўзи кутиб олиб, қимматбаҳо буюмлар, олмосу ёқут билан безатилган олтин тож ва шунингдек милтиқ-қиличларни совға қилиб ўз жавобини Ёқуббекка юборади.
Жавоб совғаларидан хурсанд бўлган Ёқуббек халифа Абд ал-Азизхон номига хутба ўқитиб, 1873 йилдан совға эгаси номидан олд томонига “Султон Абд ал-Азизхон” (тангалар зарб қилинган ҳижрий йиллар ҳам ёзилган), орқасига эса “зарб дар-ас-салтанат Кошғар” деб ёзилган олтин, кумуш ва мис пулларни чиқара бошлайди.
Еттишаҳар давлатида зарб қилинган пуллар бошқа номлар билан аталган бўлса-да, улар Туркистон хонликларидаги тангалар билан (айниқса, тангаларнинг шакли, қисман номлари ҳам) жуда ўхшаш эди. Мазкур даврда Еттишаҳар давлатида бўлган рус тарихчиси А.Н.Куропаткин ўз асарида “Еттишаҳар давлати ҳудудида Бухоро ва Қўқон тангалари ҳам бемалол юритилар эди” деб ёзади. Айнан шу мазмундаги маълумотни такидлаган хитойлик нумизматик Пен Син Вей Еттишаҳарда зарб қилинган тангаларда ҳеч қандай хитойча ёзув йўқ дейди.
1877 йил баҳорнинг илк кунлариданоқ Сзо сзун тан ва Лю сзун тан қўшинлари Ёқуббекка қарши Еттишаҳар давлатига юриш бошлайди. Амалдорлардан бири Ниёзбек хоинлик қилиб, 1877 йил 30 майда Мағлубиятга учраётган Ёқуббекка заҳар бериб уни ўлдиради. Ёқуббекнинг вафотидан сўнг унинг катта ўғли Бекқулибек томонидан ўз укаси Ҳаққулибекнинг ўлдирилиши, меросхўрлар билан амалдорлар ўртасидаги низолар, Оқсув ва Хўтан ҳокимларининг Бекқулибек билан давом этган жангу жадаллари манжур қўшинларига бу давлатни босиб олишларига имкон яратиб беради. Бундан ташқари, Кучар ҳокими Камолхон тўра қўшинлари билан қаршилик кўрсатиш ўрнига, Фарғонага қочиб кетиши ва Ёқуббек даврида қўрққанидан исломни қабул қилган Кошғардаги хитойлар томонидан шаҳар дарвозаларининг очиб берилиши, шаҳарни манжур-хитой аскарларига топшириши вазиятни янада оғирлаштирди. Натижада, 1877 йил 17 декабрда манжурлар Кошғарни эгаллайди. Шу тариқа Шарқий Туркистонда Муҳаммад Ёқуббек томонидан асос солинган Еттишаҳар давлати унинг вафотидан сўнг Хитойдаги манжурлар сулоласи томонидан қайтадан босиб олинади.
Завқибек МАҲМУДОВ,
Абдулла Авлоний номидаги педагогик маҳорат миллий институти в.б. доценти
Адабиёт
Тил
Тарих
Санъат
Таълим-тарбия
Маънавият
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Ватандош
//
Изоҳ йўқ