Халқ ўз қаҳрамонларини унутмайди. Эломон Отажонов хотираси


Сақлаш
17:12 / 07.05.2022 1567 1

Эломон Отажонов 1978 йил 17 сентябрь куни Сирдарё вилояти Сирдарё туманининг Тараққиёт маҳалласида, оддий деҳқон оиласида дунёга келган.

 

Ўзбекистон Қуролли Кучлари сафида шартнома асосида хизмат бурчини ўтаётган, катта сержант Эломон Отажонов 2000 йилнинг 11 август куни Сурхондарё вилояти Узун туманида бўлган жанговар ҳаракатларда душман ўқидан яраланиб, ҳалок бўлган.  “Жасорат” медали билан мукофотланган.

 

 

Эломоннинг отаси Холмурод ака Отажонов бир умр совхозда ишчи, механизатор, мустақилликдан сўнг фермер бўлиб ишлаб, нафақага чиқди.

 

Онаси Янглиш опа Отажонова совхозда аввал ишчи, сўнгра мактабгача таълим муассасасида тарбиячи бўлиб, 30 йилдан зиёд меҳнат қилди ва айни чоғда нафақада.

 

Отажоновлар Эломондан ташқари яна 2 ўғил, 2 қизни вояга етказиб, уйли-жойли қилди. Ҳозир 9 набиранинг бобо ва бувиси.

 

Эломон Отажонов 1996 йилда Сирдарё туманидаги 2-умумтаълим мактабини намунали хулқ, яхши ва аъло баҳоларга тамомлади.

 

– Эломон синфидаги энг тез фикрлай оладиган, энг суюкли ўқувчиларимдан эди, – дея хотирлайди устози, меҳнат фахрийси Анора опа Хўжақулова. – Барча фанларни жуда яхши ўзлаштирарди.

 

Эрталаб мактабга кела-келгунча барча ўртоқларига уйма-уй кириб, ҳаммасини йиғиб, биргаликда келишарди. Устозлари, синфдош ўртоқларига жуда меҳрибон эди. Ўқитувчиларимиздан ёки синфдош дўстларидан бирортаси бетоб бўлиб қолса, барча дўстларини йиғиб, албатта унинг ҳолидан хабар олгани етиб борарди.

 

Адабиёт фанини қизиқиш билан тинглаб, уй вазифасини гапириб бераётганда завқ билан ҳикоя қилар, китоб мутолаа қилишни, шеър ўқишни хуш кўрарди. У шеърни ҳис-ҳаяжон билан ўқир эдики, ҳамма Эломоннинг интонация билан ўқишига мафтун бўлиб қоларди.

 

– У айниқса, бошқа фанлардан ҳам жисмоний тарбияни айро яхши кўрарди, – дейди Эломоннинг жисмоний тарбия ўқитувчиси Ботир ака Турсунқулов. – Эломон дўсти Фарҳод иккиси синфдаги энг бўйчан болалар эди. Волейболни жуда яхши ўйнашарди. Эломон 9-синфдалигидаёқ мактаб терма жамоаси сафида ўйнаб 2-разрядни эгаллаганди. 11-синф бўлганида биринчи марта мактабимиз вилоятда 2-ўринни эгаллаганди. Қайси спорт туридан беллашувлар бўлмасин, мактаб терма жамоаси сафида Эломонни кўрардик. Усиз жамоани тасавввур қилиш қийин эди.

 

Барча устозларига ҳурмати жуда баланд эди. Мактабни тамомлагандан кейин ҳам, уйга келган чоғида албатта устозларидан хабар олиб, мактабга биров бўлса-да кириб кетарди.

 

Эломон ўрта мактабни тамомлаб, олий ўқув юртига имтиҳон топширди. Бироз балл етмай, қишлоғига қайтди. Механик ҳайдовчилар тайёрлаш курсига кириб, уни битирди ва бир ярим йил совхозда механизатор бўлиб ишлади. 1997 йил уйдагиларига билдирмай, туман мудофаа ишлари бўлимига бориб, Қуролли Кучлар сафига жўнатишини сўраб ариза ёзди.

 

Бундан Янглиш опанинг кўнгли хавотирга тушиб, бироз ранжиди. Турмуш ўртоғи Холмурод ака: “Хафа бўлма, онаси, ахир ҳар бир йигит Ватан олдидаги бурчини ўташи шарт. Бундан хафа эмас, хурсанд бўлишинг керак”, дея юпатди.

 

Эломон Отажонов миллий армиямиз сафида ўша даврдаги бир ярим йиллик хизматни ўтагач, Қуролли Кучлар сафида қолишга қарор қилди. Сержантлар тайёрлаш мактабини тугатиш арафасида Мудофаа вазирлигига қарашли махсус бўлинмага қабул учун танлов ўтказилди. Эломон бу танловда иштирок этиб, барча кўрсатгичлар бўйича аъло натижалар кўрсатди.

 

– Хизмати Чирчиқ шаҳрида пайти 2000 йилнинг 22 июлида 2 кунга уйга келди, – дея эслайди Эломоннинг онаси Янглиш опа. – Отаси билан олдимизга ўтирғизиб: “Қачонгача бўйдоқ юрасан, энди уйлантираман. Дўстларинг аллақачон фарзандли бўлди. Танлаганинг бўлса айт, совчиликка бориб битирай. Бўлмаса кўз остимга олиб қўйганларим бор. Шуларни пишитай”, дедим. “Онажон, бизни бошқа жойга хизмат сафарига жўнатишмоқда. Ўша ердан қайтай, бу масалага кейин қайтамиз, хўпми?”, деб бизни кўндирди. Ўшанда у сўнгги бор уйга келганини, ўғлим Эломонжонни сўнгги бор кўраётганимни билмаган эдим...

 

– Махсус гуруҳимизга Сурхондарёнинг Узун тумани ҳудудидаги Киштут тоғ ораларида яшириниб олган қуролланган душманни топиб, бартараф этиш топшириғи юкланди, – дея хотирлайди Эломоннинг хизматдоши, кичик сержант Рашид Шомуродов. – Қўшинларимиз томонидан мамлакатимиз ҳудудига яширин йўллар билан кириб жойлашиб олган террорчилар қароргоҳи вайрон қилингач, улар тоғдаги турли арчаю буталар орасига яшириниб олишган эди. Биз тоғ тепасидан Ҳамидарча қишлоғигача бўлган ҳудуддан мустақиллигимизга таҳдид солмоқчи бўлган душманларни топиб, ҳудудни улардан тозалашимиз керак эди.

 

Гуруҳ комондири капитан Абдували Ҳамроев, уч киши – сержант Эломон Отажонов, мен ва сержант Дониёр Тожибоевларга асосий гуруҳдан 15–20 метр олдинда бориб, душман яширинган жойини аниқлаш ва асосий гуруҳга ишора орқали хабар бериш топшириғини буюрди…

 

Олдинда Эломон, ўртада Рашид, охирида Дониёр борарди. Улар тиззаларини буккан ҳолда, ерга юзлари теккудек энгашиб, навбатма-навбат жуда тез ҳаракат қилишар, олдинда бораётгани шерикларига, ортдагиси асосий гуруҳдагиларга қўл имо-ишораси билан ўзлари ҳам асосий гуруҳ ҳам ҳаракатланарди.

 

Бирдан “пақ” этиб янграган ўқ товушидан қушлар “пир” этиб осмонга кўтарилди, тоғдан ўқнинг акс садоси янгради. Эломон “гурс” этиб тиззаси билан ерга тушди-да, олд томонига йиқила туриб, чап тарафдаги бута орасига қарата автоматидан ўқ узди ва юзтубан ерга қулади. Орадан бир-икки сония ўтар-ўтмай бошқа томондан отилган душман ўқидан Дониёр ҳам йиқилди.

 

Учоловидан 10–15 метрлар ортда, асосий гуруҳнинг бошида келаётган гуруҳ гранатомётчиси Юнус Охунов Эломоннинг ўқ узган жойидаги душманни аниқлаб у томонга қарата ўт очди. Шу пайтнинг ўзида учинчи томондан отилган душман ўқи Юнусни ҳам юзтубан ерга йиқитди.

 

– Гуруҳда энг ёш бўлганим учунми, ўша пайтда отишни ҳам, кимга ёрдам кўрсатишни ҳам билмай бироз эсанкириб қолдим, – дея ҳикоя қилади 2000 йилнинг 11 август кунини хотирлаб кичик сержант Рашид Шомуродов. – Гуруҳ командири капитан Абдували Ҳамроевнинг “Ерга ёт!” деган буйруғи қулоғимга ҳам кирмабди. Кўзим Эломон акада эди. У чап қўли билан юрагини чангаллаб олган, панжалари орасидан қон сизиб оқаётгани ҳамон кўз ўнгимдан кетмайди. Эломон ака менга қараб автомат тутган қўли билан “Тез ерга ёт!” ишорасини қилди. Ўзи эса ярадор бўлса-да пастга қараб судрала бошлади. Буни кўрган командиримиз: “Катта сержант Отажонов, буюраман жойингдан қимирлама-а!” дея бор овози билан бақирди. Лекин Эломон ака ҳаракатни давом эттирарди. Эшитмаяпти шекилли, деб мен ҳам “Қимирламанг, Эломон ака, ҳозир ёрдамга бораман, жойингизда ётинг, бу командирнинг буйруғи!” дея бақирардим. Лекин у гўё ҳеч нарсани эшитмагандек, судралишда давом этарди. У оғир ярадор ҳолича тўхтамай ҳаракатланаётганидан ҳайрон эдим. Ҳадеганда Эломон акага душманлар бошқа ўқ узишмасди. Кейин билсак у душманлар жойини аниқлаш учун шундай йўл тутган экан. У мендан бироз олислагач, сув солинган идишни тепага кўтарди. Эломон ака кўтарган нишон уч томондан ўққа тутилди. Мен Эломон акани отган малъунни аниқ кўрдим ва ўша томонга қарата ўқ уздим. Бир пасда тасир-тусур бошланиб кетди. Душманни мен отдимми ёки снайперчимиз Шерали Эсонов отдими, билмадим.

 

Жанг тугагунча, биз яраланган уч нафар сафдошимизни вертолёт томон кўтардик. Чиқариш қийин кечаётганини кўриб, учувчи тепамизга учиб келиб пастлади.

 

Эломон акани вертолётга ортишимиз олдидан, бизга ўнг қўли билан “Тўхтанглар!” ишорасини қилди. Ўшанда айтган сўнги сўзлари ҳамон қулоқларим остидан кетгани йўқ.

 

“Сизлардан сўнгги илтимосим, ота-онам, ука-сингилларимдан тез-тез хабар олиб туринглар!” дея кўзларини юмди. Оғир яраланган Эломон ака жуда кўп қон йўқотганидан вертолёт кабинасига ҳам етмай жони узилди.

 

– Ўша куни ғўзани чилпиш учун ҳашарчиларни чақиртирган эдим, – дея хотирлайди Холмурод ака Отажонов. – Ўша пайтдаги маҳалла раиси Икром ака ҳамда ҳамқишлоғим Абдураҳим олдимга келиб, “Холмурод, уйингга юр, сенда зарур ишимиз бор!” дея қўярда қўймай уйга олиб келишди. Уйга кирар-кирмасимиздан икки нафар ҳарбий ортимиздан кириб келди. Офицерларнинг бири Сурхондарёдан Эломоннинг олдидан келибди, иккинчиси туман мудофаа ишлари бўлимидан экан. “Ўғлингиз, катта сержант Эломон Отажонов яраланиб, Термиздаги госпиталга тушиб қолди. Биз сизни унинг олдига олиб кетгани келдик”, деди у.

 

 

Маҳалла раиси Икром Алиматов “Буларни умидвор қилиб нима қиласизлар. Бор гапни айтаверинглар!”, деди қатъий оҳангда. Икки офицер ҳам индамай ерга қаради.

 

Икром ака “Холмурод бардам бўл! Эломондан айрилиб қолдик”, дегани қулоғимга кирди. Кейин нима бўлганини умуман эслай олмайман, – дея Ходмурод ака йиғлаганча, хонадан чиқиб кетди...

 

Эл осойишталиги, юрт тинчлиги, мамлакат мустақиллиги учун жон фидо қилган, гўшангага қадам қўймай, куёвлик гаштини сурмай, олам-олам орзуларини ўзи билан олиб кетган, навниҳоллигида умри поёнига етган ўғлингиз Эломон учун кўз ёш тўкаётган бўлсангиз, бу кўз ёшларингизни биздан яширманг, Холмурод ака. Бунинг ҳеч ҳам уяти йўқ. Сиз йиғлашга ҳақлисиз.

 

Сиз ва Янглиш опа Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юртини битирган, акаси Эломоннинг изидан бориб, ҳарбийликни касб қилган иккинчи ўғлингиз майор Юсуф Отажоновдек, ота йўлидан бориб, сиздан қабул қилган фермер хўжалигини бекам-кўст бошқараётган кенжа ўғлингиз Алишердек, иккиси икки оилани бахтли қилиб ўтирган қизларингиз Санобару Кларадек фарзандларни камолга етказган инсонлар сифатида бошингизни тик тутинг. Чунки бирингиз халқ қаҳрамонига лойиқ, эли тинчу омонлиги, юрти мустақиллиги учун жонини фидо қилган Эломон Отажоновнинг падари бузруквори, иккинчингиз волидаи муҳтарамасисиз. Халқ эса ўз қаҳрамонларини ҳеч қачон унутмайди.

 

Абдужалол ҚАЮМОВ,

ЎзА мухбири 

2018 йил.

 

 

“Ватан омон бўлсин!” китобидан олинди

1 Изоҳ

салимжон

12:01 / 01.01.1970

Эламон мени энг якин куролдош дустим эди нима хам дейман охиратлари обод булсин вафот этган вактида олдида булганман

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10357
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//