Булдуруқми ёки булдуриқ? – Бир сўз имлоси изидан ёхуд адабий тилда ортограммаларнинг мутлақлашуви


Сақлаш
16:29 / 19.11.2024 58 0

“Тил ва адабиёт таълими” журнали ўзбек луғатшунослиги муаммоларига бағишланган мақолаларни беришда давом этади. Нашрнинг ўтган сонларида бирмунча умумий масалалар таҳлили билан танишган бўлсангиз, эндиликда муаллифлар сўз даражасигача тушиб, имло луғатларини солиштиради, ҳар хилликларни аниқлайди ва ечим беришга интилади. Журнал худди шундай мақолаларни мактабларда сабоқ бераётган юз минглаб ўқитувчилардан ҳам кутиб қолади. 

 

Ҳар қандай миллий тил илмий меъёрларининг оммалашуви ва ортологик тизимининг барқарорлашувида имло луғатларининг ўрни беқиёс. Адабий тил имло қоидаларининг издан чиқиши, тилда имлоси муаммоли сўзларнинг вужудга келиши кўп ҳолларда ўзлашма сўзлар, қўшма сўзлар, жуфт, такрорий сўзлар имлоси билан боғлиқ бўлиб, бу зиёли қатлам томонидан мунтазам баҳс ва мунозараларга мавзу бўлган. Албатта, адабий тилнинг ривожланиши, меъёрларнинг қатъийлашувида ушбу мунозаралар муҳим аҳамият касб этади. Сўнгги йилларда бу соҳада қатор ишлар амалга оширилган бўлишига қарамай, ҳали-ҳануз имло луғатларимизда талай муаммолар кўзга ташланади. Бугун биз қайси имло луғатини асосий манба сифатида қабул қиламиз?

 

Б.Баҳриддинова, Ш.Набиеванинг “Тил ва адабиёт таълими” журналида чоп этилган “Луғат қонунчилиги тушунчаси ва ўзбек меъёрий луғатчилиги муаммолари” деб номланган мақоласида келтирилган “Афсус билан айтиш керакки, сўнгги йилларда биз мутахассисларга берилаётган энг оғриқли, энг кўнгилни ғаш қиладиган саволлардан бири – “Қайси имло луғати тўғри?” Қизиқ, бу қандай савол бўлди? Наҳотки имло луғати бўлади-ю, унинг тўғри-нотўғриси бўлса!” [1: 10] деган мулоҳазалари ушбу мақолани ёзишга туртки бўлди.

 

Бугун китобхон қўлида имло луғатларининг бир қанча нашрлари бор. Луғатларнинг кўп бўлиши яхши, албатта, лекин уларда ҳар хилликлар кўзга ташланса, фойдаланувчилар учун талай муаммоларни келтириб чиқаради. Ҳозирги кунда кенг истеъмолда бўлган имло луғатларимизнинг кириш қисмида “Луғат ЎзР Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йил 24 августдаги 339-сонли “Ўзбек тилининг асосий имло қоидаларини тасдиқлаш ҳақида”ги қарори билан қабул қилинган “Ўзбек тилининг асосий имло қоидалари”га асосланган ҳолда яратилди” [2: 4] изоҳини учратамиз. Аммо имло қоидаларимиз ва имло луғатларимизнинг ўзидаёқ баъзи муаммоли сўзларга дуч келамиз.

 

“Ўзбек тилининг асосий имло қоидалари”нинг “Асос ва қўшимчалар имлоси” бандида қуйидаги қўшимча эслатма бор: “ундош билан тугаб, таркибида у унлиси бор феълга -уқ қўшилади: уз узуқ, ют ютуқ каби. Лекин увушиқ, бурушиқ, учуриқ (шунингдек, булдуриқ) каби сўзларнинг учинчи бўғинида и айтилади ва шундай ёзилади” [2: 12]. Худди шу имло луғатининг ўзидаёқ бу фикр инкор этилган ҳолда булдуриқ сўзи булдуруқ тарзида берилади. Айни бир имло китобимиз ўз-ўзини инкор этиши китобхон учун ачинарли ҳол эмасми?

 

2013 йилда профессор Н.Маҳмудов таҳрири остида Э.Бегматов ва А.Мадвалиев муаллифлигида нашр этилган имло луғати асосида нашрга тайёрланган, 2023 йил профессор Н.Маҳмудов таҳрири остида А.Мадвалиев ва Й.Одилов муаллифлигида нашр этилган “Ўзбек тилининг катта имло луғати”да эса булдуриқ сўзи булдур-булдур (тақл.), булдуриқ, булдуриқдошлар, булдириқлар (зоол.), булдуриқгуллилар, булдуриқўт тарзида берилган [3: 106]. Бу икки имло луғати нашрлари орасида ўн йил фарқ бор. Биринчи нашрда булдуруқ шаклида келтирилган сўз иккинчи нашрда хатоликлар бартараф этилиб, имло қоидаларига риоя этган ҳолда булдуриқ шаклида берилганми?

 

2023 йил профессор Н.Маҳмудов таҳрири остида “Kafolat print company” нашриёти чиқарган, 27 000 дан ортиқ сўзни жамлаган “Ўзбек тилининг ўқув имло луғати”да ҳам бу сўз булдуриқ шаклида берилган [4: 80]. Аммо А.Эшонқулова, Л.Қўзибоева муаллифлигида 2020 йил “Илм-зиё-заковат” нашриёти томонидан чоп эттирилган, 19 000 дан ортиқ сўзни жамлаган “Ўзбек тилининг имло луғати”да эса булдуруқ шаклида берилган [5: 53].

 

Тил меъёри ўзгарувчан ва ривожланувчи ҳодиса. Тилнинг ижтимоийлиги натижасида янгидан янги муаммолар вужудга келиши мумкин. Бу эса тилшунослар олдига доим муҳим вазифаларни юклайди. Адабий тил меъёрларини белгилашда биз таянадиган нарса нима? Тил меъёрларини белгилашда умумхалқ томонидан қабул қилинган ва мустаҳкамланган қонун-қоидалар ҳамда турли луғатлар, шу тил эгалари томонидан муносиб кўрилган асарларга ҳам таянилади. Демак, тил меъёрлари маълум даврда тил соҳиблари амалда қўллаган шу тил имкониятларидан келиб чиқиб белгиланади. Имло луғатларимизда сўзларнинг берилиши ҳам шу асосларга таянган ҳолда келтирилади.

 

Хўш, энди имло қоидаларимизда булдуриқ шаклида берилган сўз аслида булдуруқми ёки булдуриқ?

 

“Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриётида 2006 йилда чоп этилган 5 жилдли “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да [6: 370] ҳам бу сўз омоним сўз сифатида булдуруқ шаклида берилган. Баъзи шеваларда бувулдуруқ шаклида ҳам ишлатилади.

 

2023 йил нашрдан чиққан, 80 мингдан ортиқ сўз ва сўз бирикмасини жамлаган 6-жилдли “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”нинг [7: 625]. А.Мадвалиев, Д.Худайберганова таҳрири остида нашр этилган 1-жилдида бу сўз қуйидагича берилган:

 

Булдуруқ I 1 Аёзли, совуқ кунлари ёки туман пайтларида нам ҳаво зарраларининг музлаши натижасида ҳосил бўладиган майда қаттиқ қор; қиров. Бир булдуруқ уч қорга татийди. Мақол. Тушдан кейин осмон юзини сарғиш туман қоплаб, майда булдуруқ ёға бошлади. (Мирмуҳсин, “Чиниқиш”). Кўприк устидаги қайрағоч новдаларини булдуруқ ўраб, танасигача оппоқ қилиб қўйган. (Саид Аҳмад, “Уфқ”). Эрталабки туман тарқалиб, дарахт шохларига ёпишган булдуруқ зарралари гавҳардай ялтирай бошлади. (Асқад Мухтор, “Чинор”).

 

Булдуруқ боғламоқ Булдуруқ зарралари билан қопланмоқ. Йўлакда булдуруқ боғлаган оппоқ акация тагида келишгангина бир қиз билан Акбарали турарди. (Асқад Мухтор, “Чинор”). ...қамишлар булдуруқ боғлаб, оппоқ бўлиб қолган экан. (Шукур Холмирзаев, “Сўнмас ўт”).

 

2 кўчма Сочнинг оқи; оқарган соч. Бир вақт юрагимни севгига маскан этган қора сочга қўнмиш булдуруқ. (Саида Зуннунова).

 

Булдуруқ II зоол. Каптарсимонлар оиласининг булдуруқлар туркумига мансуб бўлган чўл қуши; қорабовур. Азимхон... ёвшан тоғларидан учган булдуруқларни кўзи билан узоқларга қадар кузатиб қолар эди. (Асқад Мухтор, “Чинор”). Юртга куз келганин аста билдириб, Дарахтлар шохидан учар булдуруқ. (Х.Салоҳ, “Излар ва ҳислар”).

 

Булдуруқ III Балиқ тухуми, уруғи; увулдириқ, икра. Дастурхон кўнгил тусаган нарсаларга тўла. ...қора, қизил булдуруқлар, қовурилган бедана-ю ранг-баранг узум, олма... каржланган қовун-тарвузлар кўзни ўйнатади. (“Ёшлик”). ...бу қалдирғочлар ўзининг насибасини денгиз қирғоққа улоқтирган балиқларнинг лаҳм гўшти ва булдуруғидан кўради. (К.Маҳмудов, “Қизиқарли пазандалик”).

 

Булдуруқўт бот. Алисмадошлар оиласига ёки булдуруқдошларга мансуб, ботқоқлик ҳамда сувда ўсувчи кўп йиллик ўт.

 

Луғатда берилган бу сўзнинг амалда қўлланиши ўзбек адабиёти ва матбуотидан олинган мисоллар билан далилланган. Бу асарлар ўзбек адабий тили шаклланиши учун хизмат қилган манбалар қаторида туради. Изоҳли луғат эса биз энг кўп мурожаат этадиган луғатлар сирасига киради.

 

Изоҳли луғатнинг кириш қисмида луғатдаги сўзларнинг берилиши ҳақида қуйидаги жумла бор: “Луғатнинг меъёрийлиги шундан иборатки, унда адабий тилнинг имло, талаффуз, сўз ясаш ва уни ишлатиш меъёрлари тавсия этилади. Бунинг учун сўзлар луғатга, ўзларининг умуммиллий адабий тилга муносабати, унда тутган ўрни ва қўлланиш доирасига кўра танлаб киритилган. Луғатда ҳар бир сўзнинг мақбул ёзилиш шакли, (ўзлашма сўзларнинг) келиб чиқиши – этимологияси, зарур ҳолларда талаффузи кўрсатилган, маъноси (ёки маънолари) аниқланган ва изоҳланган, сўзларнинг аниқланган маънолари ва шу маъноларда тўғри қўлланиши ўзбек бадиий ва илмий адабиётидан, матбуотдан олинган мисоллар – иқтибослар билан далилланган” [7: 9]. Бундан кўринадики, изоҳли луғатда сўзнинг булдуруқ шаклида берилишида сўзнинг имло, талаффуз, этимологияси ва илмий, бадиий адабиётдаги шакллари ҳисобга олинган.

 

Ўзбекистон миллий энциклопедиясида ҳам бу омоним сўзлар булдуруқ шаклида берилгани эътиборни тортади.

 

Булдуруқ – атмосфера ёғинларининг бир хили. Аёзли совуқ кунларда ёки туман пайтларида нам ҳаво зарраларининг музлаши натижасида ҳосил бўлади. Б. юмшоқ муз кристали ёки доначалари шаклида ёғади. Изғирин пайтларида дарахт шохлари ва симларда ҳам пайдо бўлади.

 

Булдуруқлар (Bteroclitidae) – каптарсимонлар туркуми оиласи. Б. асл Б. ва сув булдуруқлари уруғларига бўлинади. Асл Б.нинг 14 тури, сув булдуруқларининг эса оқ бовур (Pterocles alchata) ва қора бовур (Pterocles orientalis) деган 2 тури бор.

 

Булдуруқўт (Alisma plantago-aquatica L.) – алисмадошлар ёки булдуруқдошларга мансуб кўп йиллик бегона ўт. Пояси 40–150 см, баргсиз, тик ўсади [8: 243].

 

Табиийки, Ўзбекистон миллий энциклопедиясининг тузилишида ҳам кенг миқёсдаги олимлар гуруҳи иштирок этган. Луғатда бериладиган сўзликлар маълум бир адабий манбаларга таянган.

 

Зоологик термин сифатида берилган булдуруқлар йўқолиб бораётган паррандалар сафидан жой олган. Ўзбекистон Қизил китобига киритилган қушлар рўйхатида Булдуруқлар оиласи – Семейство Рябковые – Фамилй Птероcледидае 172-рақамда берилган [9: 388].

 

Тил эгалари тез-тез мурожаат этадиган оммавий ахборот воситаларида эълон қилинадиган мақолаларда, халқ жонли тили талаффузида ҳам бу сўзни қуйидагича учратамиз:

 

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг билдиришича, бу ҳодисада туни билан ҳамма ёқда қор ёғиб чиққандай кўринади. Аслида, табиатнинг бу ҳодисаси булдуруқ дейилади [10].

 

Булдуруқ нима? Унинг қишлоқ хўжалигида қандай аҳамияти бор? Булдуруқ янги атама эмас. Халқимизда олдиндан “Бир булдуруқ уч қорга татийди”, деган нақл юради [11].

 

Булдуруқ – аёзли, совуқ кунларда ёки туман пайтларида нам ҳаво зарраларининг музлаши натижасида ҳосил бўладиган майда қаттиқ қор; қиров [12].

 

Тилда маълум бир ортологик меъёрларнинг юзага келиши, унинг вазифаси ҳам нутқ учун хизмат қилади. Тил меъёрларининг ўзи ҳам нутқий унсурлар, шу тилга сўзлашувчи тил соҳиблари ишлатадиган узуслардан келиб чиқади. Адабий тил меъёрлари миллий тил хусусиятларидан келиб чиқиб белгиланишини ҳисобга олсак, имло қоидаларимизда булдуриқ ёзилиши норма деб топилган сўз. Шу тилда нашр этилган барча луғатларда, жумладан, электрон луғатлар, дарслик китоблар, оммавий ахборот воситалари, ҳатто меъёр учун асос қилиб олинган имло луғатларимизнинг бир нечтасида ҳам булдуруқ шаклида берилганини қандай баҳолаймиз?

 

Меъёрнинг амалиётга асосланишини инобатга олсак, булдуруқ сўзи узус вазифасини бажарган. Бизнингча, бу сўзни булдуруқ шаклида ёзишимиз тўғри.

 

Жамият ривожланар экан, унинг тили, адабий тил меъёрлари, қонун-қоидалари, лексикографияси шу амалиёт билан боғлиқ ҳолда ривожланишда давом этади. Шу ўринда тилшунос олим Э.Бегматов ва А.Маматовнинг асосли бир фикрини эслатиб ўтмоқчимиз: “Тил тизимидаги, нутқий амалиётдаги ҳар қандай ўзгариш, баъзи восита ва қоидаларнинг эскириши, истеъмолдан чиқиши, тилдаги бирдан ортиқ имкониятлардан бирининг танланиши ва шунга ўхшаш кўпгина ҳодисалар маълум объектив зарурат, нутқий талаб туфайли юз беради. Шу сабабли адабий тил нормалари ҳаётига онгли аралашганда, уни нормалашга киришганда, нормативларни баҳолаганда мана шу зарурийлик қоидаси, тамойилига амал қилиш ниҳоятда муҳимдир” [13: 73]. Бугун биз фойдаланадиган жорий имло қоидаларимиз, имло луғатларимизда бир талай муаммоли сўзларнинг мавжудлигига айни шу нутқий амалиётдан узилиб қолганимиз сабаб эмасми? Адабий меъёр, ортологик меъёрларнинг шаклланишида узусдан узилиб қолиш, амалиётдан четлашиш имло қоидалари ва имло луғатлари ўртасида номувофиқликни юзага келтирмоқда.

 

2013 йилда профессор Н.Маҳмудов таҳрири остида Э.А.Бегматов ва А.П.Мадвалиев муаллифлигида нашр этилган имло луғатининг сўзбошисида луғатнинг бошқа имло луғатларидан фарқли хусусиятлари қаторида қуйидаги бандлар саналган: “д) нашр этилган ва этилаётган бошқа тип луғатлар (изоҳли, энциклопедик, терминологик ва б.)нинг ижобий имловий тажрибаларини ҳисобга олганлиги; э) кейинги ўттиз йил давомида ўзбек тили имлоси амалиётида юз берган, кўпчилик томонидан маъқул деб топилаётган ижобий имловий ўзгаришларга эътибор берганлиги” [2: 3].

 

Орадан 10 йил муддат ўтиб, 2023 йилда юқоридаги нашр асосида ишлаб чиқилган “Ўзбек тилининг катта имло луғати”, “Ўзбек тилининг ўқув имло луғати”да ҳам айнан шу жумлалар такрорланган. Аммо бунинг амалиётда бирор исботи кўзга ташланмайди. Чунки имло қоидаларимизда булдуриқ сифатида берилган сўз изоҳли, энwиклопедик, терминологик луғатларда булдуруқ шаклида келгани, амалиётда ҳам кўпчилик томонидан шу ҳолида қабул қилингани қоидаларнинг фақат қоғозда қолаётганини кўрсатади. Буни юқорида бир сўз мисолида кўриб чиқдик. Ўзбек тилида имло амалиётидан узоқлашган сўзлар талайгина. Кейинги ишларимизда уларга ечим топишга ҳаракат қиламиз.

 

Мунира НАБИЕВА,

Қарши давлат университети доценти,

филология фанлари бўйича фалсафа доктори

 

“Тил ва адабиёт таʼлими” журнали 2024 йил 10-сон.

 

Фойдаланилган адабиётлар

1. Баҳриддинова Б., Набиева Ш. Луғат қонунчилиги тушунчаси ва ўзбек меъёрий луғатчилиги муаммолари // Тил ва адабиёт талими, 2024 йил, 8-сон. – Б. 10–13.

2. Бегматов Э., Мадвалиев А. Ўзбек тилининг имло луғати (85 000 сўз) / Профессор Н.Маҳмудов таҳрири остида. – Тошкент: Академнашр, 2013. – 528-б.

3. Мадвалиев А., Одилов Й. Ўзбек тилининг катта имло луғати – Тошкент: Kafolat print company, 2023. – 648-б.

4. Мадвалиев А., Одилов Й., Саиднўмонов А. Ўзбек тилининг ўқув имло луғати. – Тошкент: Kafolat print company, 2023. – 412-б.

5. Эшонқулова А., Қўзибоева Л. Ўзбек тилининг имло луғати. – Тошкент: Илм-зиё-заковат, 2020.

6. Ўзбек тилининг изоҳли луғати. 1-жилд. – Тошкент: “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти, 2006. – 370-б.

7. Ўзбек тилининг изоҳли луғати. 1-жилд. – Тошкент: Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи, 2023. – 628-б.

8. Ўзбекистон миллий энциклопедияси. 1-жилд. – Тошкент: “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти, 2000. – 686-б.

9. Красная книга Республики Узбекистан. Том 2. – Ташкент, 2009. – C. 396.

10. https://daryo.uz/2021/01/05/foto-bulduruqistonga-aylangan-ozbekiston

11. https://zarnews.uz/uz/post/bulduruq-nima-uning-qishloq-xojaligida-qanday-ahamiyati-bor

12. https://t.me/s/oriftolib/2592

13. Бегматов Э., Маматов А. Адабий норма назарияси. 3-қисм. – Тошкент, 1999. – 139-б.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10332
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//