Сарлавҳани ўқиб ажабланманг, маломат қилишга ҳам шошилманг... Ахир Абдулла Қодирийнинг ўз таъбири билан айтганда ҳам “Мозийға қайтиб иш кўриш хайрлик, дейдилар”.
Маълумки, жаҳон адабиётида детектив асарлар дастлаб XIX асрда, аниқроғи 1840 йилларда ёзила бошланган. Америкалик ёзувчи ва адабий танқидчи Эдгар Аллан По (1809–1949) ушбу жанрнинг асосчиси сифатида эътироф этилади ва унинг “Морг кўчасидаги қотиллик” (1841), “Мария Роженинг сири” (1842), “Ўғирланган мактуб” (1844) каби ҳикоялари детективнинг илк намуналари ҳисобланади.
“Адабиётшунослик терминларининг русча-ўзбекча изоҳли луғати”да детектив лотинча detectio – фош қилиш, инглизча detect – очилиш, detective – жосус каби маъноларни англатади. Детектив – бирор жиноий иш билан боғлиқ бўлган яширин, сирли, мантиқий жиҳатдан мураккаб таҳлил орқали очишга бағишланган бадиий асарлар мажмуи. Детектив асар сюжет характерига кўра, маълум бир жумбоқли ҳодиса содир этилади ва фош этилиши лозим бўлган ҳодисанинг охирги нуқтасидан таҳлил бошланади.
XIX аср детектив адабиётининг улкан намояндалари сифатида франциялик Эмил Гобарио (1832–1873), англиялик Уилки Колинз (1824–1889) ҳамда Артур Конан Дойл (1859–1930) номини қайд этиш мумкин. Конан Дойл яратган изқувар Шерлок Холмс сиймоси детектив адабиётининг энг машҳур образи ҳисобланади. XX асрга келиб детектив адабиёти, асосан, АҚШ ва Англияда кенг тарқалди. Маълумотларга кўра, ушбу икки мамлакатда йилига беш юзга яқин детектив чоп этилади. Артур Конан Дойл, Гилберт Кит Честертон, Эмил Габарио, Агата Кристи, Рекс Стаут асарларида жиноятнинг очилиши мантиқий асосда тасвирланган бўлса, Жорж Сименон, Мацумато Сэйтё детектив адабиётида ижтимоий-руҳий мотивларни пайдо қилди. Кейинчалик Ремонд Чандлер, Дэшил Хэммет каби америкалик ёзувчилар қонун ҳимоячиларининг жиноят дунёси билан бевосита кураши тасвирланган турли-туман детектив асарларни яратди.
Детектив шу тарзда такомилга эришди ва дунё китобхонлари орасида севиб ўқиладиган жанрга айланди. Рус адабиётида детектив Мариэтта Шагиняннинг 1924 йилда яратилган “Месс Менд” роман-эртаги билан пайдо бўлди ва Николай Атаров, Роман Ким, Вадим Панов, Аркадий Адамов, Юлиан Семенов каби ёзувчилар ижодида тараққий этди. Рус детектив адабиётининг мавзу доираси ниҳоятда кенг бўлиб, нафақат жиноят олами, балки турли ихтиро ва кашфиётлар, тарихий ҳужжат ва қўлёзмаларни ўғирлаш билан боғлиқ воқеларни фош этиш ҳам етакчилик қилган.
Ўзбек адабиётида детектив 1960 йилларда Искандар Қаландаровнинг “Шохидамас, баргида...” қиссаси билан вужудга келгани айтилади. Асар жамиятнинг “қора гуруҳлари” қилмишларини фош этишга қаратилган бўлиб, унда ўғрилик, зўравонлик, қотиллик, қаллобликлар акс эттирилган. Таассуфки, муаллиф ўз даврида адабиётшунос Собир Мирвалиев томонидан “шўро воқелигига ёт асар” ёзгани, “ҳаётимиз учун типик бўлмаган нарсаларни умумлаштириш кетидан қувган”и, милиция ходимлари ва жамият кишиларини шундай жиноятлар содир бўлишига йўл қўйиб берган “меров, лапашанг” сифатида тасвирлагани учун айбланган. Аммо ўзбек адабиётида ҳам ушбу жанр тараққий этди. Ўлмас Умарбековнинг “Фотима ва Зуҳра” романи, “Ёз ёмғири” қиссаси, Файзулла Қиличевнинг “Занжир”, Саид Равшаннинг “Чордоқда отилган ўқ”, Омон Мухторнинг “Мўъжиза”, Ботир Носировнинг “Олтин қаср фожеаси” каби асарлари жанр такомилига хизмат қилди. Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Маликнинг 1992–2000 йиллар оралиғида яратилган 5 китобдан иборат “Шайтанат” асари эса ўзбек детективининг энг юксак намунаси сифатида эътироф этилади. Ҳатто Тоғай Мурод бу ҳақда тўхталиб, “Бугунги кунда улоқ Тоҳир Маликда кетди”, деган эди. “Шайтанат” шу қадар шуҳрат қозондики, энг кўп ўқиладиган ва энг кўп чоп этиладиган асарга айланди. Тадқиқотчилар уни америкалик ёзувчи Марио Пьюзонинг машҳур “Чўқинтирган ота” романи билан қиёсий ўрганиб, ўзбек детективининг жаҳоний имкониятларини кўрсатиб беришди.
Агар “мозийга қайтиб” иш кўрадиган ва детектив унсурларини жадид адабиётидан қидирадиган бўлсак, Абдулла Қодирийнинг 1935 йилда ёзилган “Шубҳа” ҳикоясини ўзбек адабиётидаги илк детектив асар дейиш мумкин. Бунга етарлича асос бор! Чунки адибнинг бу давргача бўлган ижодий фаолиятида бир неча ижодий тажрибалар амалга оширилган.
Биринчидан, Абдулла Қодирий Аллоҳ берган ноёб, беназир истеъдод соҳиби эди. У 1915 йилда ёзилган “Жувонбоз” номли илк ҳикояси Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, профессор Собир Мирвалиевнинг таъбири билан айтганда “нафақат адиб ижодида, балки Фитрат, Чўлпон ҳикоялари каби бутун бир XX аср ўзбек адабиётида реалистик насрий асарларнинг туғилишини бошлаб берган асарлардан бири сифатида ҳам аҳамиятли эди”. Энг қизиғи, адибнинг илк ҳикояси бўлган “Жувонбоз”да детектив унсурларини учратамиз. Саъдулла “рақиблари” бўлган Эшназар, Боқи саркор ва Кичикхўжа жўрабошини алдаб боғга чақиради ва зиёфатда май бериб, йиқитади... Орадан бир-икки кун ўтгач, уларнинг йўқолгани маълум бўлади. Полиция қидиришни бошлайди. Гумонланувчилар қатори Саъдулла билан Раҳимжон ҳам сўроқ қилинади, бироқ иккиси ҳам уларни танимасликларини айтишади, аммо “бахтга қарши, мазкур йўқолғонлар билан илгари гаплашиб ва самовар-чойхоналарда бирга чойхўрлик қилуб юрганларини бир неча йигитлар маълум қилғанликдан полиция фаҳмлаб, ҳар иккисининг уйларини тафтиш қилиб, иккисидан ҳам қонлик кўйлаклар топди. Полицияга бу катта нишона бўлди”, дейилади асарда. “Ва Раҳимжон бунга бир сабаб кўрсатиб беролмай йиғламоқға бошлади ва Саъдулланинг қочиб кетгани, ўлдурганликларига катта далил бўлурдай бўлуб қолғани учун полиция тўғри иккисини турмага ёпти” каби тасвирларни ўзбек адабиётидаги илк детектив учқунлари дейиш мумкин.
Иккинчидан, ёзувчи 1923 йилда “Туркистон” газетасининг 5 январь сонида эълон қилинган “Тилак” мақоласида “Киратурғанимиз 23 йилдан тилак” дея орзуланар экан, “аввало “Туркистон”ни бир яхши домладан уч кун ўқутиб олинсун, сониян (иккинчидан), “Туркистон”да бу кунгача бўлиб келган бўлимлар шу йўсин билан ўзгартилсун” дея тўрт тилакнинг бирида “Фельетўн ўрнига “Нот пинкартўн” ва “Шерлўк Хўлмс” ажиналаридан бир парча” берилишини айтади.
Қодирий назарда тутган “Нот пинкартўн” – Пинкертон бўлиб, детектив адабиёт қаҳрамонининг номи. Бу 1850 йилда Америка қидирув агентлигини ташкил этган изқувар Аллан Пинкертон номи билан боғлиқдир. Унинг номидаги детектив асарлар XX аср бошларида Америка ва Европада ниҳоятда оммалашган. “Шерлўк Хўлмс” эса машҳур Артур Конан Дойлнинг асарларининг бош қаҳрамони бўлган Шерлок Холмс. Ушбу мисоллар Абдулла Қодирийнинг Америка ва Европа детектив адабиётидан тўла хабардор бўлганидан далолат беради.
Учинчидан, Абдулла Қодирий “Қизил Ўзбекистон” газетасининг 1935 йил 14 март сонида ўз ижоди тўғрисида ёзар экан, “Ёзувчи бўлатурган ҳар бир киши адабиётдаги оқим ва мактабларни яхши билиб олиши керак. Энг яхши ёзувчиларнинг асарларини бир неча қайталаб ўқиш зарур”, дея таъкидлаган эди. Бу адибнинг юқоридаги фикрлари ва саъй-ҳаракатларига тўла мисол бўла олади.
Қодирий ижодига юксак эҳтиром билан энди “Шубҳа” ҳикоясига қайтамиз. Мазкур ҳикоя детектив асарларнинг уч асосий шартига қанчалик мос келишига эътиборимизни қаратамиз.
1-шарт. Ечимини кутаётган воқеанинг асос қилиб олиниши. “Шубҳа” ҳикоясида колхознинг 3 гектар ғўзаси сувга бостирилиб, 2000 боғ қуруқ бедасига ўт қўйилгани ва бу жиноят ким ёки кимлар томонидан содир этилганини аниқлаш воқеаси қаламга олинган.
2-шарт. Сюжет бошида ўртага ташланган жумбоқнинг асар охиригача ечилмаслиги, воқеалар тизимида ўқувчининг тўлиқ ҳаяжонда ушлаб турилиши, унга ўз ечимлари вариантларининг тақдим этилиши, ечим томон йўналган барча ҳолат ва босқичлардан қадам-бақадам олиб ўтилиши. Ҳикоя аввалида колхоз раиси Ғозиев “Колхозимиздан ва қишлоғимиздағи якка хўжаликлар орасида бунчалик жиноятга жасорат қилатурған душманлар топилар деб ўйлай олмайман”, дейди иккиланиб. Комиссия раиси эса Ғозиевнинг колхоз дамларига ишончини маъқуллаган киши бўлиб, “Қишлоғингизга шу ўн кун ичида четдан ҳеч ким келмаганмиди?” деган масалани ўртага қўяди. Колхоз хўжалик мудири Зуҳуров ўнғайсизланади. Чунки унинг уйида 8 кундан бери “Қизил шарқ” заводида қора ишчи бўлиб ишлайдиган дўсти Тўйчибоев меҳмонга келган бўлиб, меҳнат таътилига чиққан ва истироҳат учун дўстиникида эди. Шундан кейин Тўйчибоевдан шубҳа қилиш бошланади. Зуҳуров уйга келгач, дўстига воқеани гапириб беради ва “Ғаним сиз экансиз”, дейди киноя билан.
“– Комиссия жуда тўғри шубҳаланган, – деди Тўйчибоев товушини яна ҳам дўриллатиб, – модомики, сиз ўз ичингизда ғаним кўрсата олмагансизми, комиссия шу ўртада четдан келгучини сўраган, бунда комиссия жуда ҳақли, жуда!
Зуҳуров Тўйчибоевнинг мақсадига тушуниб етолмади, баҳарҳол яна унга савол назари билан қараб қолди”.
Ёзувчи колхоздаги содир этилган жиноят ва комиссия аъзоларининг савол-жавобларини эшитган меҳмоннинг ҳолатини шундай тасвирлайди: “Тўйчибоев чорданасини бузиб, ўчоқ қуриб олди ва икки қўли билан тиззаларини бағрига тортиб ушлади, ҳозир унинг кўзида муҳим бир сирни очишга тиришувчи терговчининг ҳолати бор эди”.
Ана шу жойда меҳмоннинг терговчилик, изқуварлик ҳолатига ўтилади. Тўйчибоев Зуҳуровдан колхоз раиси, муовини ва идора аъзоларини бирма-бир сўраб-суриштириб чиқади. “Идоранинг бешинчи аъзоси, ўрта деҳқон, фирқасиз Турсун Холиқовнинг баъзи жиҳатлари унга қизиқроқ туюлганга ўхшайди”.
Икки дўст жиноятчини аниқлаш ҳақида суҳбатлашар экан, кутилмаганда Тўйчибоев бу ишларни ўзи қилганини айтади, аммо Зуҳуров унга ишонмайди. Тўйчибоев “Чунки сиз, қишлоқ халқи ошналикка қурбон бўлган халқсизлар, мен буни яхши биламан”, дейди. Ҳатто шериклари борлигини, истаса, улар билан таништиришини билдиради. Бу эса детективнинг “воқеалар тизимида ўқувчининг тўлиқ ҳаяжонда ушлаб турилиши, унга ўз ечимлари вариантларининг тақдим этилиши” талабига тўла мос келади.
Ҳикоянинг кейинги бобида Зуҳуров билан Тўйчибоевнинг милтиқ ва арқон олиб, қоронғи тунда Турсун Холиқовнинг ҳовлисига боргани тасвирланади. Мазкур бобда “Итлар беш дақиқа чамаси ҳуриб, сўнгра бирин-сирин қўрғондан узоқлаша бошладилар. Бир оздан сўнг қўрғон тевараги тинч ҳолга айланиб, ҳашарот товушлари эшитилди. Жўхориларнинг қўрғонга яқин жойи яна шалдираб кетди. Орадан икки кўлага чиқиб, секин-секин қўрғон девори остигача юриб келди. Шунда иккиси ҳам бироз тўхтаб, недир шивирлашгандан сўнг қўрғон ихотаси бўйинча юри бошладилар. Қўрғоннинг уч томонидан айланиб, бўғотнинг қадди ерга яқинроқ кўринган бир жойида олдинда борувчи кўлага тўхтаб, бўғотни кузатди”, ёки “Кўлага том бўйлаб эмаклаб кетди: қўрғон томи деворнинг шарқи билан жанубида бўлиб, шимол ва ғарб қуруқ пахсадан иборат эди. Эмакловчи шарқий томдан ўтиб, жанубий томнинг ўртасигача келди ва шунда бир оз тўхтаб олгандан сўнг ҳовли томонни бўғотига қараб сурила бошлади”, ёки “Қўрғондан қирқ-эллик одим йироқлашган эди, яқин орадан тўппонча товушини эшитди. Яна ўн қадам босмасдан иккинчи, учинчи мартаба ўқ отилиб, Зуҳуровнинг қулоқлари тиккайди ва тўхтади… Кўнглига қўрқув аралаш таажжуб жойлашган эди. Яна ўқ отилди…” каби изқуварлик тасвирлари замонавий детективлар бадиияти билан бўйлашади. Жараёнда Солиҳ, Ҳамробой ва Қулининг сири фош бўлади. Холиқов эса уйида ўғриларга жой бергани учун айбланади. Натижада, дастлаб гумонда бўлган Тўйчибоев асар охирида жиноятни фош этган қаҳрамонга айланади.
3-шарт. Сюжет қурилиши (жиноят – қидирув – фош этиш). “Шубҳа” ҳикояси сюжет қурилишига кўра, (жиноят – колхознинг 3 гектар ғўзаси сувга бостирилиб, 2000 боғ қуруқ бедасига ўт қўйилгани, қидирув – Зуҳуров билан Тўйчибоевнинг тундаги ҳаракатлари, фош этиш – жиноятчиларнинг фирқасиз Турсун Холиқов ҳовлисида қўлга олиниши) детектив асарларнинг формуласига тўла мос келади.
Дарвоқе, Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романининг иккинчи бўлимидаги Отабек Марғилонда “Рақиб изидан” тушиши, уларнинг қабиҳ режасидан огоҳ бўлиши ва “Душанба кун кечаси” бобидаги ҳовли ортида Ҳомид ва унинг гумашталари кирдикорларини фош этиши ёки “Меҳробдан чаён” романидаги “Дўстлиқ “каромати” ёки асар сўнгидаги “Қўрқинч бир жасорат” бобида қаламга олинган воқелар Абдулла Қодирийнинг детектив талабларидан тўла хабардорлиги ва унинг ҳадисини олганидан далолат беради.
Юқоридаги мисоллардан келиб чиқиб, Абдулла Қодрийни ўзбек детективи асосчиси, “Шубҳа” эса биринчи ўзбек детективи десак, асло муболаға бўлмайди.
Холиёр САФАРОВ,
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили
ва адабиёти университети тадқиқотчиси
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Жараён
Тил
Тарих
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ