Она тилимизда энг кўп қўлланиб келаётган сўзлардан бири – “йўналиш”дир. Бу сўзнинг туб ўзаги аслида “жўна” феъли бўлган “жўна, жўнамоқ”. “Жўна”га феълнинг вазифа шакллари, нисбат ва шахс-сон қўшимчалари қўшилганда сўз қуйидаги кўринишларда намоён бўлади: Жўнанг, жўнат, жўнаш, жўновчи, жўнар.
Қуйидаги гапларга эътибор берайлик:
1. Мен сиз билан юришни хоҳламайман, жўнанг, жўнанг! (Абдулла Қодирий “Меҳробдан чаён”)
2. Сен Жаҳонгирни қишлоққа жўнат, деб тайинлайди. (Ҳусния Пардаева “Тоғлар чорлови”)
3. Халқаро рейс учун йўловчиларни рўйхатдан ўтказиш жўнаш вақтидан 3 соат олдин бошланади. (Қанот Шарқ Airlines эълонидан)
4. Йўналиш бўйича Женевадан ҳар 10 дақиқада жўновчи 45 та поезд ҳаракатланади. (Kun.uz хабаридан)
5. Жўнар эканман, кўнглимдаги ният қатъий қарорга айланиб улгурган эди: мен “афсона кўчаси”дан албатта чиқиб оламан! (Хайриддин Султонов “Раъно гулининг суви”)
Булардан ташқари ўзбек тилида жўнамоқ феъли иштирок этган қуйидаги сўзларни ҳам учратиш мумкин:
1. Жўналиш келишиги қўшимчаси Қашқадарё шеваларида ўрин-пайт келишиги қўшимчаси билан алмашиб қолиш ҳодисаси кузатилади.
2. Жўнатмалар ўз вақтида етиб бориши учун почта ходимлари туну кун меҳнат қилишмоқда.
Энди савол туғилади: Жўналиш нега йўналиш бўлиб кетди?
Айни замонда ж ҳарфи билан бошланувчи баъзи сўзларни ишлатишга истиҳола қиламиз. Ҳозирги ўзбек адабий тилига фақат қарлуқ лаҳжасига доир сўзларни киритишни маъқул топамиз. Шу сабабли баъзан қипчоқ, баъзан ўғуз лаҳжаларидаги аслий номлар адабий тилга бироз ўзгариш билан киритилади.
Аввало, қипчоқ лаҳжаси элементларидан бири сифатида ж товушининг сўз бошида келиши айтилади. Шу боисдан, жилон, жил, жиламоқ, журмоқ каби сўзлар адабий тилга қарлуқ лаҳжасидаги вариантлардан олинган. Айримларида ж товуши й товушига алмашган бўлса, яна баъзиларида сўз бошидаги ж товуши тушириб қолдирилган. Аммо доим ҳам қипчоқ лаҳжасида ж орттирилмайди. Аксинча, сўзнинг асил шакли шундай кўринишда бўлади.
“Йўналиш”га баъзи мутахассислар асос “йўл” бўлган, унга феъл ясовчи -а қўшимчаси қўшилган дейишади. Уларнинг фикрича, йўловчи айнан жўновчидир. Лекин бу фикрга қўшилиб бўлмайди. Йўл+а+в+чи шаклида сўз ҳосил қилинган дейлик ва уни охиридан таҳлил қилиб келайлик. Йўловчи сўзи бирон манзилга бораётган кишини, йўлов эса бориш жараёнини билдиради. Бу ерда -а қўшимчаси в ундоши таъсирида о товушига ўзгарган десак, “йўла” сўзи ҳеч қаерда учрамайди. Демак, бу сўз йўл+ов+чи шаклида ҳосил қилинган. Ана шундагина ясама сўзларнинг маъноси англашилади.
Энди “Жўновчи”ни таҳлилга тортамиз. Асос ва қўшимчалар қуйидаги тартибда жойлашган: Жўна+в+чи. Жўновчи-борувчи, жўнов-борув, жўна-бор деган маъноларда келади. Бундан қипчоқ лаҳжасидаги “жўл” ва қарлуқ лаҳжасидаги “йўл” аслида битта сўзлигини таъкидлаган ҳолда, жўнамоқ эса мутлақо бошқа сўз деган хулосага келишимиз мумкин. Ана шунда “йўналиш” сўзи хато вариант экани, жумланинг асил шакли “жўналиш” бўлган деган хулосага келишимиз мумкин.
Навбатдаги тадқиқотларимизда эса “йўл” ва “жўл” сўзлари асос бўлган шахс ва жой номларини таҳлил қиламиз. Кўрамиз умумтуркий тилларда қайси бири кўпроқ экан?
Анвар ЭШНАЗАРОВ
Адабиёт
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Тарих
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ