Бобур яна кўчириладими? «Андижон тажрибаси»га муносабатлар


Сақлаш
11:19 / 20.11.2024 133 0

 

Куни кеча ижтимоий тармоқларда Андижон шаҳрида жойлашган Заҳириддин Бобур ҳайкали кўчирилиши режалаштирилаётгани, бунинг ҳисобига бўшайдиган майдонга турли бинолар, жумладан, савдо мажмуаси барпо этиш кўзда тутилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Турли расмий идоралар ва фаоллар бу хабарларга ўз муносабатини билдирди.

 

Воқеалар ривожи

 

Андижон ҳокимлиги вазирлик ва идораларга келишиш учун юборган «Андижон вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва тадбиркорлик муҳитини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор лойиҳасининг 16-бандида Андижон шаҳрида жойлашган Бобур ҳайкали кўчирилиб, унинг ўрнида бизнес маркази қуриш режа қилинаётгани кўрсатилган.

 

Ҳокимлик бу қарорни кўприк қурилиши сабаб майдон ёпиқ кўринишга келиб қолиши билан изоҳлаган. Лойиҳа Илмий кенгаш вакиллари ҳамда бобуршунослар билан келишилгани айтилган.

 

Андижон вилояти ҳокимлиги матбуот котиби Муслим Иброҳимов ҳолат юзасидан муносабат билдириб, Бобур ҳайкали жойлашган майдон ўрнида турар жойлар эмас, савдо маркази қурилишини тасдиқлади.

 

«Майдон ўрнида Савдо Малл мажмуаси, кўнгилочар марказлар, офислар ва хизмат кўрсатишга мўлжалланган бошқа турдаги замонавий бинолар барпо этиш лойиҳаси таклиф этилган. Ҳайкал эса Бобурнинг ўзи туғилиб ўсган эски шаҳар ҳудудидаги ўзбек тарихини ўзида акс эттирган Регистон майдонига кўчирилади», дейилган муносабатда.

 

Воқеалар бошланишидан бир кун аввал президент Қонунчилик палатасининг янги таркибдаги биринчи мажлисида «Адолат» социал-демократик партиясининг истироҳат боғлари, сайилгоҳ, хиёбонларни хусусийлаштиришни тақиқлаш бўйича позициясини маъқуллаганди.

 

Фаоллар, блогерлар ва бир неча давлат идоралари бу хабарларга ўз муносабатини билдирди.

 

«Навбат Самарқанддаги Регистон, Бухородаги Пойи Калон мажмуасига ҳам келади»

 

«Ҳали булар Самарқандда Регистон майдонини, Бухорода Калон ансамблини ҳам «кўчириб» (бузиб деб ўқинг), ўрнига ситими, савдо марказими, баломи, баттарми, нимадир қуради деб ёзганларимда, биринчидан, кўпроқ киноя қилгандим, оддий қилиб айтганда – ҳазиллашгандим. Ўзим ёзган ўша гапларга сал бўлсада ишонган вақтимда ҳам, бундай аянчли воқеаларни ўзим эмас, келгуси авлодлар кўриши мумкин, деб тахмин қилгандим.

 

Афтидан, бундай пасткашликлар, бундай жирканчликларга гувоҳи бўлиш «бахти» яқин истиқболдаёқ кутиб турибди, шекилли: Андижон шаҳри марказидаги Бобур ҳайкалини кўчириб, ўрнида 16 ва 20 қаватли «дом»лар қуриш ташаббуси давлат ташкилоти даражасида илгари сурилганини, давлат даражасида келишиш жараёнида эканини билиб, яна нима деб ўйлаш мумкин? Кўп ўтмай, «Андижон тажрибаси» сифатида, Самарқандда, Бухорода, Хивада, Тошкентда ҳам қўлланиши ҳеч гап эмас.

 

Тавба, тавба! Инсоф берсин! Тинчлик бўлсин!

 

ПС. Қайсидир бир йили қайсидир бир қирғиз оқини айтган «Сот, сот, сот, сот, со-о-от, Қўлтиғингдаги жунингни ҳам со-от!» деган қўшиқни эшитадиган кайфият», дея ёзган журналист Муҳрим Аъзамхўжаев ўз Telegram каналида.

 

​«Бобур ҳайкалини кўчириб ‘домʼ қуришни бобуршунослардан сўрашибди»

 

Бакиро канали муаллифи Отабек Бакиров янги лойиҳа бобуршунослар билан маслаҳатлашилганига эътибор қаратган.

 

«Андижон вилоят ҳокими сўзчининг маълум қилишича, Бобур ҳайкалини кўчириш ва майдонга «дом» қуриш таклифига Илмий кенгаш вакиллари, бобуршунослар ҳамда Андижон оқсоқоллари бошчилигида ушбу мавзу муҳокама этилиб, керакли хулоса олинган. Демакки, оқсоқолларни қўя турайлик, бобуршунослар (исмлари келтирилмаган) ҳам ҳокимга ва домқурар инвесторларга йўқ, бу хато, уят иш дея олишмаган. Балки майдон майдонлигича қолсин, дом қуришга не ҳожат, деган фикрни ҳам амалдор ва пулдор тўраларга етказа олишмаган.

 

Ҳоким сўзчиси Навоий боғининг 10,7 гектар қисми ўрнига сити қурилишига тўхталмаган. Балки вилоят экологларининг ўзлари боғни қийратиб сити қуришни сўраган бўлиши мумкиндир, балки навбатчи оқсоқоллар ўзи дуо қилиб беришган.

 

Дарвоқе, сўзчининг эътирозига кўра Бобур ҳайкали ўрнига тушадиган «дом» эмас, замонавий бино экан».

 

Бобуршунослар ҳам бехабар

 

Кейинроқ «Дарё» нашри Бобур ҳайкали кўчирилиши масаласи муҳокамасида иштирок этгани айтилаётган андижонлик бобуршуносларнинг бир нечтаси билан боғлангани, улар бу ҳақда тармоқлардан эшитгани, муҳокама ўтказилганидан бехабарлиги маълум бўлди.

 

Жумладан, Бобур номидаги халқаро жамоат фонди раисининг ўринбосари Рустамжон Мамасолиевнинг маълум қилишича, қарор лойиҳаси ва муҳокамадан фонд ва бошқа бобуршуносларнинг хабари бўлмаган.

 

«Дастлаб ушбу муносабатни ўқиб, Telegramʼдаги бобуршунослар гуруҳига юбориб, бирортасининг хабари бор ёки йўқлигини сўрадик. Бироқ ҳеч кимдан тасдиқловчи хабар олмадик. Агар хабарлари бўлганида, биринчи маълумот улардан чиққан бўларди.

 

Фонд раиси билан бу ҳақда ҳали гаплашмадик. Лекин бу бўйича гаплашамиз, балки муносабат ҳам билдирармиз.

 

Балки Бобур ҳайкалини янада муносиброқ жойга кўчириш вақти келгандир. Албатта, буни масалага жиддийроқ ёндашиб, соҳа мутахассислари билан ўзаро маслаҳатлашиб амалга оширган маъқул», дейди Рустамжон Мамасолиев.

 

Истироҳат боғлари, майдонлар аслида халқ мулкидир

 

Собиқ депутат, жамият фаоли Расул Кушербаев Бобур ҳайкали атрофидаги воқеаларга муносабат билдириб, «Қийин танлов: халқ манфаати устунми ё бизнес гуруҳлар манфаатими?» дея савол қўйган.

 

«Андижонда халқ мулки бўлган Бобур ҳайкали жойлашган майдон йўқ қилиниб ўрнидаги 1,2 гектар ер участкасида 2 та 20 ва 16 қаватли турар-жой мажмуаси барпо этилишини режалаштирилибди.

 

Шунингдек, Алишер Навоий номидаги истироҳат боғининг 10,7 гектар қисмида Андижон cитй ишбилармонлик маркази, 19 та 18 қаватли ва 7 та 28 қаватдан юқори турар-жой ва хизмат кўрсатиш мажмуалари барпо этилиши кўзда тутилган.

 

Истироҳат боғлари, майдонлар аслида халқ мулкидир.

 

Оддий айтганда ушбу икки ҳолат халқдан ерлар тортиб олиниб, бизнес учун тикилаётганини кўрсатмоқда. «Соққа» турганда халққа тупурилган.

 

Йўқ бу ишлар халқ учун дейилса марҳамат: унда ҳокимлик бинолари ўрнида кўп қаватли уйлар қурилиб, «сити пити»лар қуришсин. Шунда ишонса бўлади.

 

Айни вақтда Андижон мисолида қийин танлов турибди: халқ манфаати устунми ё бизнес гуруҳлар манфаатими?

 

Кейин бу ишлар учун боғ ва майдонлар эгаси бўлган Андижон халқидан бир оғиз сўралдими?», деб ёзган фаол.

 

Давлат идораси муносабати

 

Маданий мерос агентлиги Бобур ҳайкали Андижон шаҳар А.Фитрат кўчасида жойлашган «Жоме меъморий мажмуаси» архитектура ёдгорлиги ҳудудига кўчирилиши ҳақидаги мурожаат муассасага шу йилнинг 8 ноябрида келиб тушганини хабар қилган. Ушбу мурожаат Давлат кадастрлари палатаси Андижон вилояти бошқармаси томонидан Андижон вилояти Маданий мерос бошқармасига юборилган.

 

Агентликнинг баёнотидан кўпроқ ҳайкал кўчирилиши бўйича қонун-қоидаларни ўқиш мумкин. Шунингдек, агентлик ҳайкал кўчирилишига розилик бермагани, масала юзасидан тегишли ташкилотларга Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги Илмий-эксперт кенгашидан хулоса олиш учун тушунчалар берганини билиш мумкин.

 

Бу Бобур ҳайкалнинг биринчи марта кўчирилиши эмас

 

Ҳозирда Андижон шаҳрининг Боғишамол маданият ва истироҳат боғига ўрнатилган Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳайкали ҳам дастлаб 1983 йилда вилоят кутубхонаси олдига ўрнатилиб, коммунистлар томонидан олиб ташланиб, омборда сақланган.

 

Мустақилликдан сўнг Вазирлар Маҳкамасининг «Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 510 йиллигига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш ҳақида»ги қарорига мувофиқ 1993 йилда Андижон вилояти ҳокимлиги атрофидаги майдонга ўрнатилган. 2005 йилда юз берган май воқеалари ортидан ҳокимлик атрофини янада кенгайтириш мақсадида ёдгорлик ҳозирги ўрнига жойлаштирилган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

12:12 / 03.12.2024 0 21
Буюкларнинг “майдалик”лари





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10768
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//