Адабиёт
1943 йил... Немис фашистларининг улкан ўлим печи (крематория) кечасию кундузи овозсиз “гурилларди”. Бу бадмаконга туташ бинолар – тириклигича ёқишга ҳукм қилинганлар омбори, уларга қамалган минглаб асирлар – эркагу аёл, ёшу қари, болалар очлик, касаллик, қўрқув сўзи билан ифодалаб бўлмас туйғулар исканжасида ёруғ дунёнинг жаҳаннамига ўтин бўлишларини кутиб тонгларни, йў-ўқ, оғиру узун лаҳзаларни қаршилардилар, кузатардилар.
Ақлини танигандан буён отаси диний уламо бўлгани сабабидан ҳаёти шўролар тазйиқидан қочиб юртнинг чекка-чекка қишлоқларида кечган оила фарзанди Нажмиддин Ҳамидов ҳам полки билан немисга асир тушиб, бу ерга ҳайдаб келтирилган. Йигирма беш ёшида ўлим исканжасини ҳис этиш қанчалар даҳшат, аммо атрофидаги сарғайган, қорайган, кўзлари ичига ботиб кетган, қоқ суякка айланган одамлар орасидаги ўз юртдошлари, миллатдошларига кўзи тушганда нажотдан умид узган бу абгору афгорларга “Қандай ёрдам беришим мумкин? Нима қилсам уларнинг ҳолати озгина бўлса-да, енгиллашади?” деган савол хаёлига ёпишиб олди. Ниҳоят, бир чора топгандек бўлди: қондош, диндошларнинг кўкрагига осилган рақамли тахтачанинг орқасига “Ла-а илаҳа иллаллоҳ” деб ёзиб бера бошлади. Ҳа, кимларнингдир юзига хотиржамлик, таскин туйғуси югургандек бўлди ва!.. кутилмаганда яккаю ёлғиз Қодир Аллоҳнинг марҳамати ўлимхонанинг тош-темир дарвозаларини очиб ташлади – немислар чекинаётганини овоза қилиб озодлик аскарлари кириб келишди.
Ғалабадан кейин она юртга – Қашқадарё вилоятининг Китоб тумани Сариосиё қишлоғидаги оиласи бағрига қайтган Нажмиддин Ҳамидовни кўп ўтмай яна ҳибсга олдилар, уни ўз ихтиёри билан душманга асирга тушган деб, ватан хоинлигида айбладилар. Тўққиз йиллик умри Қозоғистоннинг Жезқозғонидаги кўмир конида маҳкумликда ўтди. Инсонларни ҳам жисмонан, ҳам маънан синдиришга хизмат қилган ўша зулмхонада ҳам Нажмиддин адолатсиз тузумнинг ўзи каби қурбонлари – қамоқдошларининг кўнглини кўтаришга, ноумидликда қутқаришга тинмай ҳаракат қилди. Ёшлигидан севиб ёд олган Навоий ғазалларини, ўзининг Асирий тахаллуси билан ёзган шеърларини ўқиб берарди.
Ўксима, ғамгин юрак, ўлканг гулистон ўлғуси,
Очилиб ҳар ён чечаклар мисли бўстон ўлғуси.
Шонли куч, эркин ҳаёт бирдек шиоринг ярқираб,
Миллий байроғинг буюкликда намоён ўлғуси.
Шаҳру қишлоқ, кент аро очилиб дорилфунун,
Илм ўқиб, анда қари ёшлар билимдон ўлғуси.
Ҳақ насиб этса ривож олгай дини Исломимиз,
Ҳам шаҳидлар руҳига кўп хатми Қуръон ўлғуси.
Бу ҳама бошдан кечирган кулфату ранжу алам
Ёзилур зарҳал билан тарихда достон ўлғуси.
Тангри ёр ўлса кўрармиз, комил имоним менинг,
Эй Асирий, душманинг ер бирла яксон ўлғуси.
Нажмиддин Ҳамидов 1954 йилда озодликка чиқди, оила қуриб олти фарзандли бўлди, 1978 йилда боқий дунёга кетди. Нажмиддин бободан ёрқин хотиралар, хайрли ва ибратли ишлар, эрку озодликка соғинч – интизорлигу ишонч туйғуларига йўғрилган ғазаллар, элу юртнинг хизмату иззатида бўлган авлод қолди.
Тарих саҳифаларида “Фалон уруш, жангу жадалда фалончининг жасорати, қаттиққўллиги, ҳарбий (ёки музокара) маҳорати ғолиб бўлди” қабилидаги гапларни кўп ўқиганмиз. Назаримда, айни фикрни “...халқнинг, халқпарвар инсонларнинг Ҳаққа ишонч билан қилган эзгу ниятлари, тилаклари, интилишлари ҳам ғалабага пойдевор бўлди” деган ибора билан тўлдириш ўринли бўлади.
Аллоҳ ўтган азизларимизни раҳматларга ғарқ айласин.
Муҳтарама УЛУҒОВА
Адабиёт
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ