– Мустақилликнинг илк йилларидаги мактабларни эслайсизми? – дейди суҳбатдошим пахтагулли чойнак қопқоғини очиб, пиёладаги чойни қайтараркан. – Улар мактабдан кўра кўпроқ ташландиқ харобага ўхшарди. Дераза ромлари ҳеч қачон очилмас, мабодо амаллаб очгудек бўлсангиз, урди Худо. Занглаган ошиқ-мошиғи билан юлиниб, ҳар томонга сочилиб кетарди. Мен тахминан олти-еттинчи синфларда ўқирдим, тўлачадан келган, бўшангроқ бола эдим. Ҳар йили бўялавериб, тирқишларигача битиб кетган бу деразаларни минг уринсам ҳам очолмаслигимга кўзим етарди.
Мактаб “Г” шаклида қурилган бўлиб, “Г”нинг бошида бисоти бир туяга юк бўладиган камбағалгина кутубхона бор эди. Қолгани дарсхоналар. Мен бу кутубхонани ибодатхонага ўхшатардим. Ҳатто унга пойабзалим билан кирганим учун хижолат ҳам бўлардим. Бу кулгили туюлиши мумкин, бироқ гадойтопмас қишлоқларда кутубхона дегани қадамда учрайвермайди-да. Учта қишлоқ учун битта мактаб ва мактабнинг ичида жойлашган кўримсиз бир кутубхона.
Бу ернинг қанақадир ваҳимаси ҳам бор эди. Киришингиз билан сизни қоғозларнинг қадрдон ҳиди ҳамда ғалати нохушликми, намхушликми ўраб оларди. Юқорида айтганимдек, очиб бўлмайдиган ёпса-очилмас, очса-ёпилмас ноёб деразалардан бири шу хонага насиб қилган, ундан қуёш нури аниқ чизиқларигача билиниб тушарди. Ёруғлик тўғри бориб Мактаб амманинг столи ва стол устидаги китоблар номи қайд этилган журнални ёритади. Гарчи асл исми бошқа бўлса ҳам бу аёлни ҳамма Мактаб амма деб атарди. Мактаб амма ҳеч қачон ҳеч кимни кутмасди. Кутган тақдирида ҳам унинг ёнига ғийбатчи физика устозимиз ва амманинг синфдоши бўлган она тили ўқитувчиси – Марям муаллимдан бошқа кимса йўламасди. Менга келадиган бўлсак, мен Мактаб амма учун янгилик эмасдим. Каттароқ китоб олсам бир ҳафта кўзига кўринмасдим-у, юз-икки юз бетлик китоб қўлимга тушгудек бўлса, кўздан чиққан сўгалдек бир кун, узоғи билан икки кунда китобни кўтариб яна эшикда пайдо бўлардим.
Эсимда, ўша деразадан тушаётган нур амманинг оҳори ўчган рўмоли ва истарали юзини ёритиб турарди. Балки менга шундай туюлар, бироқ бу чеҳрада зоҳир бўлган ним табассумни кўрган киши борки, бу аёлга ёмон гап у ёқда турсин, айтилиши лозим бўлган шумхабарни ҳам айтолмай қолиши турган гап эди. Ишонмасангиз ўзингиз биласиз, лекин бир сафар Мактаб амманинг тинмас ўғли ёнғоқдан йиқилиб тушган – уларнинг уйи ёнидан ўтиб келардим мактабга – қарасам, уч-тўрт қўшни тўпланиб, жабрдийданинг бошида парвона бўлиб турибди. Ёнида бир сатил ёнғоқ ағдарилиб ётибди. Адашмасам, ўша кунларда кузнинг салқини тушиб, отам олиб берган ҳаворанг камзулни кийиб олгандим. Улар томон яқинлашишим билан бир киши, кимлигини аниқ эслолмайман, “тез бориб Мактаб аммангга айт, уйга югурсин, ўғлининг оёғи синган кўринади” деди. Ярадорнинг тиззасидан оқаётган қонни кўриб, кўнглим беҳузур бўлиб ортга қайрилдим ва хабарчи қушдек мактаб томон учдим.
Мактаб амманинг қаршисида не деримни билмай, гап тополмай турарканман, нафасим бўғзимга тиқилиб қолганини ҳам, типратикан сочларим орасигача терлаб кетганини ҳам сездим. Элчига ўлим йўқ, аммо амманинг юзидаги ўша ним табассум тилимни бойлади. Аввал ўйлаб кўрмаган эканман, бундай совуқ хабарни онага етказиш... кўп қийин иш бўлар экан. Мактаб амма қанақа китоб кераклигини сўради, мен эса тарашадек қотиб турардим. Камзулимнинг ўнг чўнтагидан онам бўздан қирқиб берган рўмолчани олиб, манглайимдаги терни артдим. Сўнг қайтиб чиқишга буриларканман, “Мактаб амма, уйга тез бораркансиз...” дедим-да ортимга қарамай чиқиб кетдим. Ёнғоқдан йиқилган ўғилга бало ҳам урмаган экан, бироқ мен кечгача ўзимни лоҳас сездим. Шунақа, Мактаб аммага ёмон хабар етказиш ўлимдан баттар эди.
* * *
Қиссагўйим узатган чойдан ҳўплашим билан бошимдаги оғриқ ёйилиб, қаергадир йўқолди. Қон босимим ошганми, икки ҳисса дамланган кўк чойдан кўзим очилди. Гурунг давомида мен ҳам худди қаҳрамонимиздек Мактаб амманинг қаршисида турган эканман. Чой ичиш баҳонасида ўзимга қайтиб олдим. Шундай пайтларда қўрқаман – бирдамас-бирда ўша эшитиб турган воқеамнинг ичида қолиб кетишдан ва ўша қаҳрамонларнинг орасида кўринмас шарпадек чиқиш эшигини тополмай санқишдан қўрқаман. Бошқа тарафдан эса ҳозир ҳам бошқаларнинг воқеаси ичида бўлишим мумкинлигини ўйласам, юрагим увишиб, пешонамдан совуқ тер чиқиб кетади. Майли, менга парво қилманг, қиссагўйни тинглаймиз.
* * *
Кутубхонанинг китоб жавонлари тақалган деворига ёруғлик яхши тушмасди. Мактаб амманинг столида доим қувватли фонар бўлар, у мактабимизда машҳур фонар эди. Амманинг китоб топишга қийналганини кўрган директоримиз кутубхонага шу фонарни совға қилган. Буни эрталабки йиғилишларда эшитавериб қулоғимиз ўрганиб кетган. Чиндан ҳам фонар ҳавас қилгулик эди, унча-мунча одам бунақасини сотиб ололмасди. Бу анзират матоҳнинг пулига нақ икки кило гўшт берарди. Фонарнинг катта калласи бўлиб, унинг ичида олтита микрочироқ жойлашган. Тағин бошини бурасангиз, ёруғлик кичрайиб-каттаради. Орқасидан эса токка тиқиладиган иккита мис таёқчаси чиқиб келади. Мўъжизанинг ўзгинаси. Уни ҳам қўя туринг, фонарнинг белига ўрнатилган чироғи қизиқ эди. Уни ёқиб қўйсангиз, хона ёришиб кетарди. Хуллас, менга бу машҳур чироқни бир марта ушлаб кўриш насиб қилган. Бу бошқа болаларга орзу эди. Мактабимизда бу фонарнинг таърифини билмаган ўқувчи ёки ўқитувчини топиб бўлмасди. Директоримиз эса кутубхонага кириб қолса, дарров фонарни қўлига оларди-да:
– Қандай ишлаяпти? – дерди овозига тантанаворлик қўшиб, – буни бунақа қаровсиз қолдирманг, ёш болалар ўйнаб бузиб қўймасин.
Шундай деб фонарни ёқарди-да, бу сирли матоҳнинг бошини у ёқ-бу ёққа бураб завқланарди. Мактаб амманинг юзида ўша ним табассум ўйнаб турарди...
Ўша йил қишнинг аччиқ совуғи бошланиб, овулнинг мўриларида тутун кўринганда фақирона кутубхонамиздаги ҳамма бадиий китобларни ўқиб тугатдим. Ўқиган китобимни қайта ўқишга эса сабрим чидамасди. Тўғри-да, ўқиган асарингни қайта-қайта ўқигандан нима маъни?
Хуллас, Мактаб амма менга китоб топиб беролмади. Бир ҳафтадан кейин кел деганди, бир ҳафтадан кейин ҳам ўша ҳол – янги китоб келмаган. Мактаб фондида пул кам экан. “Агар бу пулга китоб олсак, – дебди директор қўнғиз мўйловини учириб, деразаларга қопланадиган целлофанни болаларимнинг ризқидан оламанми? Ана борини қайта ўқийверишсин, қайтанга яхши бўлади, тушунмаган жойларини тушуниб олади”. Мен эса бу гаплардан қиш ўта зерикарли ўтишини тушундим.
Янги китоб йўқми, демак, печканинг олдига ёнбошлаб мутолаа қилиш ҳам йўқ. Биринчи қор ёққан куни болаларга қўшилиб, кўчадан бери келмадим. Катта-катта лайлакқор ёғди ўзиям. Осмонда кимдир оққушнинг патини юлаётгандек, лаппардек-лаппардек қор қўлимизга келиб қўнади-да, бир зумда эриб кетади. Ана-мана дегунча ер оқариб, қорда этик изи пайдо бўла бошлади. Биз ҳам мана сенга деб қорбобо ясашга киришиб кетдик. Қор қуруқ экан, ҳадеганда ёпишавермайди. Юмалатиб бораверасану, озгина бепарволик қилсанг уваланиб кетади. Биз ҳам даштнинг бир сўзли болалари эдик, барибир қоронғи тушаёзганда косов тутган қорбобони битирдик. Энг чиройлиси иккита кўзи эди, иккита қора тошни қўндиргандик, тош иссиқроқмикан, ҳайтовур озгина оқиб тушди-да, икки қорачиғи бурун бўлмиш сабзига қараб қолди. Уйга қайтишда телпак остидаги сочимнинг жиққа ҳўл эканини сездим. Уч уйдан ўтганимда ваража бошланди. Печканинг олдида бироз ўтирсам ўтиб кетади деб хомтама бўлибман. Эрталабга бир кўрпа касал бўлиб уйғондим. Гапираман десам овозим чиқмайди. Йўталсам, томоқ ачишади. Шунақа ачишадики, кўзимдан ўт чиқиб кетай дейди. Тағин бошимнинг оғриши-чи, мен ётган хонанинг эшиги очилиб-ёпилса ҳам кирган елвизак тўғри бошимга келади-да, ўткир тирноқларини аямай ботиради. Ана сенга лайлакқору мана сенга қорбобо деб кўрпани бошимга тортиб ётавердим. Отам ишга кетиши олдидан озроқ дакки берди, нима ҳам дердим, айб ўзимда.
Кечга бориб аҳволим оғирлашди, онам берган дори-ю қайнатмалар кор қилмади. Иссиғим баланд эди. Икки қават кўрпа остида ҳам совқотардим. Охири отамнинг “чарчоқбосди”сини бутун баданимга суртиб ташлашди. Мен индамай ётавердим. Тўғриси, учинчи куни ёмон зерикдим. Телевизор кўраман десам чироқ йўқ, укам ва синглим эрталабдан ҳавасимни келтириб мактабга равона бўлади. Кутубхонага эса янги китоб келмаган, чунки мактаб фондига целлофан олинган. Битта мени китоб ўқисин деб бир мактаб ўқувчи совқотиб ўтирмайди-ку. Қишлоқ ҳамшираси кетни куйдирворадиган уколларидан кунда икки маҳал санчиб кетади. Ҳар санчганда шу сафар игна бориб суягимга қадалди-ёв деб қўяман…
* * *
Иккаламизнинг ҳам ликопчамизда товуқнинг суяклари қолди. Воқеага қизиқиб кетиб, худди кимдир менга игна санчгандек юзим буришиб кетибди. Агар суҳбатдошинг бамаъни одам бўлса, бир соатлик учрашувдан бир дунё таассурот туясан киши. Ўша бамаъни одамларнинг бири ҳозир қаршимда ўтирибди.
* * *
– Отамнинг айтишича, – дейди у мой теккан бармоқларини намлаттага артаркан, – Мактаб амма нега мактабга бормай қўйганимни сўрабди. Отам бетоблигимни айтгач, ўзини айбдор билиб, мактаб кутубхонасидаги аҳволдан гап очибди. Отам аввалига ҳаммасини тушунишини билдириб, сўнг “Мактаб амма бўлганингиздан кейин топиб беринг-да” деб ҳазиллашибди.
Мен бу гапни эшитиб, роса роҳатландим. Бола бўлсам-да, ҳали ичимдан ўтаётган гапларни тушунтириб беролмасам-да, мана одамнинг иззати деган ҳисни туярдим. Энг қизиғи эса орадан икки кун ўтгач рўй берди.
Ўша куни аҳволим бироз яхшиланганди-ю, бироқ ўрнимдан турсам бошим лўқиллаб оғрирди. Бош чаноғимга кимдир тош солиб қўйгандай уни қимирлатиб юбормаслик учун тиришиб, ҳожатхонага бориб келардим. Дорбоздай ҳамма жойим қимирларди-ю, фақат бошим қимирламасди. Тасаввур қилинг, роса кулгили бу, худо кўрсатмасин, бир умр шундай яшашга маҳкум бўлсанг борми, нақ туғилганингга пушаймон ейсан.
Эрталаб ҳаво очиқ бўлди, ҳовлимиздаги яланғоч ўрикнинг шохида чумчуқлар тизилиб сайрай бошлади. Тақвимга қарамаган одам баҳор келаяптими деб ўйлаши тайин эди. Аммо бу қишнинг бошланиши, аёзли кечалар ҳали олдинда эди. Ўтган йили эшакни ўлдирадиган совуқ бўлган. Мамат чўпоннинг эшаги музлаб қолган. Ёдидан кўтарилиб, ташқарида қолиб кетган экан. Ёдидан кўтарилмаслиги мумкин эди-ю, ўша куни Мамат чўпон қўшни қишлоқда ароққа тўйган экан, келиб эшакни уйнинг ёнига, бостирманинг тагига боғлаганда, кириб уйқуни урган. Эрталаб эшагига сомон солса емасмиш. “Ҳа, ҳайвон, кўнгиллари беда тусаб қолдими?” деб бир туртган экан, девордек гурс этиб қулабди. Хотини “ичсангиз сиз ичгансиз, эшак ичмаган-ку, бечора ҳайвон музлаб қолади-да, бирга ичмабсиз-да” деб шанғиллади. Шундан сўнг бошқа кўнгилсиз ҳодиса юз бермади. Бироқ бу қиш ўтган йилгидан анча совуқ келадиган кўринади. Чунки қор ёғиб, ортидан очилиб кетган осмон яхшилик аломатимас.
Нонуштадан сўнг уйда бир ўзим қолдим. Отам ишга, онам қўшни қишлоқдаги тоғамларникига – қанақадир тадбирга, укам билан синглим эса мактабга кетган. Жа зўр бўлди-а, дедим ичимда уларни кузата туриб, тап-тайёр текин қоровул. Молларга амаллаб емиш солиб турсам бўлди-да, а, ҳеч ким илҳақ бўлмайди.
Шу ишларни битириб, ўрнимга кириб ётгандим, кучугимизнинг жағи очилиб қолди. Яхшилаб қулоқ солгандим, кимдир онамнинг исмини айтиб чақирди. Дорбозлик маҳоратимни кўрсатиш учун тағин ўрнимдан турдим. Эшикдан чиқишим билан олапар итимни тинчлантирдим. Ўзиям эшакдай келадиган ит, аммо одамни тишламайди. Ўзи итимнинг важоҳатини кўрган одамнинг эсхонаси чиқиб кетади. Қариб “мохов” бўлиб қолди. Шумлиги тутадими, билмайман, чиқиб йўлнинг ўртасига ётиб олади. Кейин ҳар бир ўткинчи “ҳов, тоға!” деб бўкиргани бўкирган.
Ит лўкиллаб келиб эшикнинг тагига чўзилди. Сўнг кўча тарафдаги деворнинг очиқ жойидан ким кўринди, биласизми? Ҳа, Мактаб амма кўринди! Худди ўзи, юзида ним табассум ўйнаб турарди. Даштнинг кенгликларида қаҳратон қиш бўлишига қарамасдан амманинг юзида баҳор эди. Дардим эсимдан чиқиб, у кишига қараб югуриб кетишимга бир бахя қолди. Бироқ энди қимирлайман дегандим, бошим “шошма, болакай, мен ҳали тузалмадим” деди. Сўнг “келаверинг, Мактаб амма, уйда бир ўзим эдим. Озгина тобим йўқ” деб ичкарига ишора қилдим. Амманинг доим кириб юрган эшиги, тортинмасдан кириб ўтирди. Тўғриси, ўтиролмадим, “бошим оғрияпти, ётсам майлими?” дегандим, Мактаб амма оналарча меҳрибонлик билан “бехижолат, болам” деди.
“Ўзимизнинг Мактаб амма яхши-да барибир” дедим ичимда. Ортиқча мулозамат кутмайди. Мана, ўзидан билиб хонтахта устидаги дастурхонни очиб, онам дамлаб кетган чойни иккита пиёлага қуйди-да, “ўзинг яхшимисан, болам, чой ичиб ол. Рангингни анча олдириб қўйибсан. Отангдан эшитгандим…” ва шунга ўхшаш илиқ гаплар билан ҳамдардлик билдирди. Менинг икки кўзим амма кўтариб келган китобда эди. Кўзим билан номини ўқишга уринардим. Аксига олиб уй бироз қоронғироқ. Қишда шунақа бўлади ўзи, деразага тортилган целлофандан қуёш нури яхши ўтмайди. Чироқ эса кечқурун икки соат ёнади. Чироқ ўчмай қолишидан Xудо асрасин, кимдир бандаликни бажо келтирган бўлади...
Мактаб амма кўп ўтирмади. Ишга бориши керак экан. Комиссия келаётганмиш. Комиссия дегани бўйинбоғ таққан, димоғидан қурт ёғадиган иккита амаки. Бир сафар бизнинг синфга ҳам кирган. Болалардан “нимани ўргандинг?” деб сўраш ўрнига, чет тили устозимизнинг маъруза дафтарини, кейин журнални юритганми-йўқми, текшириб, ора-сира танбеҳ бериб турди. Тишимни тишимга қўйиб ўтирдим. Устозимиз қирқ ёшлардаги аёл киши эди. Елкасини қисиб, ўқувчилар олдида шунақа изза бўлдики, ер ёрилмади, ерга кириб кетмади. Менинг борган сари ғазабим қайнарди, ўша иккита турқисовуқнинг башарасига боплаб туширгим, мактабдан қувиб солгим келди. Ҳеч тушунмасдим, бошимизга қулаб тушай деб турган мактабнинг нимасини текширади? Ахир бундай шароитда билим бериш ҳам, билим олиш ҳам жасоратнинг ўзгинаси-ку. Ёмон иш бўлса ҳам ичимда дуо қилардим, бирор кун шу комиссиячилар полнинг чириган жойига оёқ қўйса-да, пол ўпирилиб кетиб, шармандаси чиқса деб. Бунақаси ўқувчилар билан кўп бўларди, чунки бу полларнинг қачон қоқилганини отам ҳам эслолмас экан.
Энди бир мақтанай, Мактаб аммага келтирган китоби учун қайта-қайта миннатдорлик билдириб кузатдим. Уйга кириб китобни қўлимга олдим, ҳидини ҳидладим. Ҳатто китобнинг ҳиди ҳам “мен сенга зўр воқеалар айтиб бераман, мен айтадиган тақдирлар етти ухлаб тушингга ҳам кирмаган” деб турарди. Биласизми, одам ҳаддан ташқари севинса, нафаси бўғзига тиқилиб қолади, айни пайтда мен шу аҳволда эдим. Кўп ичингизни қиздирмай, китобнинг номини айтақолай-а. Қўлларимда кенжа укадек ардоқда турган бу китоб “Том тоғанинг кулбаси” эди. Ёдингизга тушдими, Евани эсладингизми? Мен дунёга келиб, биринчи марта аза очган қаҳрамоним айнан Ева бўлади. Ундан кейин кўпларни жаннатга кузатдим. Аммо ҳар бирига одамлар эшитмайдиган, одамлар англамайдиган бир лаҳжада “Евага салом айтинглар” дердим. Менинг синглим, менинг оппоқ синглим, менинг фаришта синглим Ева эди. Шунақа, яхшилар эрта ўлиб кетади. Мана юрибмиз бир дунё ёмонлар, яхшилик ҳақида эртак тўқиб…
* * *
Танишганимизга тўрт йил бўлибдики, суҳбатдошимни бу аҳволда кўрмаган эдим. Унинг кўзларида ёш қалқиди. Қаршимдаги дунёни кулгуга тўлдириб яшаётган одам бир зумда энг яқин кишисининг қабри бошида ўтирган чолдек букчайиб, кичрайиб қолди. Бу ҳолни кўришингизни тавсия қилмайман, йўқса дунёда ҳали ҳам тоза кўнгиллар яшаётганини, улар орамизда юрганини, метрода ўтиргани, автобусдан тушаётгани, театрга кетаётганини кўриб ичингиз куйиб кетади. Ўзингизнинг қанчалар бадбахт, тошбағир бўлиб яшаётганингизни ҳис қилишдан кўра оғирроқ жазо борми?
* * *
Орада мактабни ҳам битирдим, пойтахтга ўқишга кирдиму ошиғим олчи бўлиб қолди. Кўп китоб ўқиганим тезда университетнинг аълочи талабалари сафида бўлишимга йўл очди. Кўп ўтмай ишли бўлиб, чўнтагим пул кўрди. Бундай қарасам, дунёда яшаш, айниқса, яхши яшаш роҳатнинг ўзгинаси экан. Бир йилдаёқ чанг-тўзонли даштларимни унутиб юбордим...
Ана шундай хурсанду хушвақт кунларимнинг бирида нохуш хабар келди. Рости қулоқларимга ишонгим келмасди. Дарсни йиғиштириб, қишлоққа йўл олдим. Биринчи юрадиган поезд пешиндан сўнг тўртда жўнади. Поезднинг бир хил тарақа-туқ деб кетиши мени анча йиллар ортга олиб кетди...
“Том тоғанинг кулбаси” менга қандай етиб келганини эсладим. Буни мендан ташқари ҳам кўпчилик биларди, буни ўша китобни бериб юборган қўшни мактаб кутубхоначиси айтиб берган…
* * *
Тўрт овул нарида қўшни мактаб бор эди. Бу мактабнинг баъзи болаларини танирдик. Улар бизга спорт ўйинлари ўтказишга келарди. Баъзан биз уларнинг мактабига борардик. Хуллас, бўйи шипдай иккитаси бор эди, волейбол ўйнаётганда рақсга тушаётгандек бўларди. Тўғрисини айтганда, ўшалар майдонга тушиши билан ўзимизникилар қолиб, уларга мухлислик қилардим. Лоф-қофи билан шунқорлар уч ҳатлаб майдоннинг у бошидан бу бошига етиб борарди-да.
Тўрт овул наридаги мактаб кутубхонаси бизнинг кутубхонадан бойроқ экан. Мактаб амма туман марказида уларнинг “мактаб амма”сини кўриб қолади-да, мен учун ўша хотинга илтимос қилади. Карнайчидан бир пуф деганларидай, оппа-осон кўна қолибди. “Хоҳлаган вақтингиз борсангиз, икки-учта китоб бериб юбораман” дебди. Мана энди ўша қишнинг изғиринида тўрт овул йўл юришни айтинг.
Бунақа беминнат хизматни фақат Мактаб аммадан кутиш мумкин эди. Эртаси куниёқ йўлга тушибди бечора. Қўлида бир тўрва ёнғоқ, олдида уфққа қадар чўзилган дашт. Қуруқ қўл билан бормай деганда бечора. Даштликларнинг “ҳайла”си ҳам одамнинг тинкасини қуритади. У овулдан бу овулга боргунча жонинг оғзингга келади. Баҳор бўлса бошқа гап – табиатга маҳлиё бўлиб, қанча йўл юрганини билмай қолади одам. Аммо қор ёғиб турганда йўл юришнинг машаққати оғир! Мактаб аммани бунга нима мажбур қилганини ҳалигача тушунмайман. Қўшни мактабга етиб боргунча йўлида на эшак-арава, на машина учраган бу изғиринда. Бир инжиқ чурвақа ўқигиси келса келибди-да, менга нима деса шунча қийналмас эди-ку? Буни эслаганимда юрагим увишиб кетади, одамнинг худбинлиги ўзига билинмайди, бошқаларни азоблайди. Мактаб амма мен учун жонини жабборга берди, бироқ мен темир қанотларим ўрнида парвозга ярайдиган чағалайларни ҳис қилишим билан пойтахтга қараб учмадимми? Ўша овул учун ёки Мактаб амма учун нима қилдим? Ҳеч нарса!
Ўзимча эришаётган ютуқларим билан уларнинг мақтанишини энг катта хизматим деб билардим. Кимдир юзимга айтмайдики, “Ҳў пўрим, ҳу аммамнинг бузоғи, бунча ўзингга маҳлиё бўласан, бунча кибр қиласан? Бу дунёнинг ҳисоби билан у дунёнинг ҳисоби тўғри келмайди. Ҳали олдинда ҳақиқий ҳисоб-китоб бор!”. Ҳа, бор! У ҳисобда Мактаб амманинг юзидан нур ёғилиб туришига кўзим етади.
Ҳа, азизим. Мактаб амма китоб олиб келди. Қўшни мактабнинг кутубхоначисининг “сизга нима зарил?” деган гапларига парво қилмади. Одамларнинг оғзига элак тутиб бўлармиди? Бу воқеани эшитган борки, олдида мақтаб, орқасидан кулиб юрди. Мен бундай гапларни орқаворатдан эшитиб, озгина хижолат чекардим-у, бироқ худбинлигимдан “Мактаб амма бўлгандан кейин китоб топиб берсин-да” деб виждонимнинг юкини енгиллатардим.
Менинг дардим тузалиб, Мактаб амманинг дарди бошланди. Мактаб амма қўлини боғлаб юрадиган бўлди. Бунинг сабабини ҳам кейинроқ билдим, у киши ўша куни бир тўрва ёнғоқни кўтариб қўшни мактабга бораман деб, қўли банд бўлганиданми, музғалоқ йўлда тойиб йиқилган. Буни эса ўзи ҳеч қачон айтмади. Мактабни битиргунимча Мактаб аммани кун ора йўқлардим. У кутубхонада шунчалар гўзал кўринардики, худди ибодат пайтида кириб қолгандек ўзимни озгина орқага ташлаб, кейин салом берардим. Мактаб амманинг талаби битта эди, “Зинҳор ва зинҳор қўлингга тушган китобни ўқима. Саралаб ўқи” дерди баъзи китобларни кўздан панароққа қўйиб. Бу иккаламизнинг – амма ва менинг орамиздаги сирли келишув эди. Буни сира бузиб бўлмасди.
* * *
Мактаб аммани қабрга олиб кетарканмиз, қовжираб қолган бепоён даштга табассум қилгандек кузги осмондан ёмғир ёға бошлади. Қаттиқ эмас, севалаб, юмшоқ, илиқ ёмғир. Худди соғинчли кўзёшдай... Тобутни ҳўл қилмасмикин деган ўй бир хаёлимга келди-ю, ёмғирнинг равишидан бундай бўлмаслигини ҳис қилдим.
Хаёлан Мактаб аммадан ҳам қадрдон синглим, оппоғим, фариштам – Евага салом айтдим. Ич-ичимдан уларнинг жаннатда учрашишига амин эдим!
Бек АЛИ
“Маънавий ҳаёт” журнали, 2024 йил 3-сон.
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ